Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 46 / Бевосита мулоқот

Жисмоний шахс ускунани ижарага берганда

Бизнинг корхонамизда қисман бузилган, ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган ишлаб чиқариш ускунаси мавжуд. Агар муассислар уни менга ҳадя этишга қарор қилишса, мен уни тиклаш учун маблағ сарфлаб, кейинчалик эса уни жисмоний шахс сифатида ижарага бера оламанми?

Жисмоний шахс томонидан ускунани ижарага беришда ижара муносабатлари қайси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади? Мазкур ҳолатда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

Д.Иванов,

менежер.

 

– Жисмоний шахслар билан, улар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъи назар, ижара шартномалари тузилиши мумкин.

Ускунани ижарага беришда ижара муносабатлари Фуқаролик кодексининг «Мулк ижараси» деб номланган 34-боби ҳамда «Ижара тўғрисида»ги Қонун (19.11.1991 йилдаги 427-XII-сон) билан тартибга солинади.

Ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ ускунанинг мулкий ёллаш (ижара) шартномасига биноан бир тараф (ижарачи) бошқа шахснинг (ижарага берувчи) мулкида бўлган ускунани келишилган вақт ичида вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланишга ҳақ эвазига олади. Агар ижара шартномаси 1 йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса (ҳеч бўлмаганда тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса муддатидан қатъи назар) шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт.

Ускунани ижарага бериш бўйича битим нотариал тасдиқланиши шарт эмас. Бироқ тарафлардан бирининг талаби билан тасдиқланиши ҳам мумкин. Шартномада унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мулкни ёллаш муддати, тўловлар миқдори, шакли, тўлаш муддати аниқ ёзилган бўлиши шарт. Келгусида ўзаро даъволарни юзага келтирмаслик мақсадида таъмирлашни (жорий, ўрта ва капитал) амалга ошириш бўйича тарафларнинг мажбуриятларини тўлиқ шакллантиринг.

Сизнинг ҳолатингизда ижара шартномаси амалда ускунани қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича бериш орқали амалга оширилади, далолатномада ускунанинг хусусиятлари, илова ҳужжатларининг мавжудлиги, яроқлилиги ва техник ҳолати акс эттирилиши лозим. Шартнома бўйича хизматлар кўрсатилганлигини тарафлар имзолаган хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатнома тасдиқлайди.

Солиқ кодексининг (СК) 176-моддасига мувофиқ хусусий мулкини ижарага беришдан олинган ижарага берувчи жисмоний шахснинг даромадлари мулкий даромадлари таркибига киритилади ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади. Агар сиз даромад (ижара тўлови) тўловчи юридик шахс билан ижара шартномасини тузган бўлсангиз, солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда тўлов манбаида солиқ солинади. Ҳисоблаб ёзилган ЖШДС суммаси даромадлар ҳақиқатда тўланганда ушлаб қолинади (СКнинг 184-моддаси). Жисмоний шахсларнинг мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига энг кам ставка бўйича ЖШДС солинади – 2014 йилда у 7,5%ни ташкил қилади (СКнинг 181-моддаси). Бу солиқнинг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик даромад тўлаётган ижарага олувчи ташкилотнинг зиммасида бўлади (СКнинг 185-моддаси). Мазкур ҳолатда солиқни сиз ижара шартномасини тузган юридик шахснинг бухгалтерияси, ҳақиқатда сизга ижара ҳақи тўланиши билан бир вақтда ушлаб қолади ва бюджетга ҳисоблаб ўтказади.

Агар сиз жисмоний шахс билан ижара шартномасини тузган бўлсангиз, мазкур даромад декларация асосида солиқ солинадиган мулкий даромадларга киритилади (СКнинг 189-моддаси). Мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун бунда олинган даромадларни декларациялашнинг алоҳида тартиби белгиланган: дастлабки ва якуний декларациялар бўйича.

Эътиборингизни шунга қаратмоқчимизки, ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин 5 кунлик муддатда дастлабки тарздаги декларация, якуний декларация эса ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелига қадар тақдим этилади. Уларни тўлдириш қоидалари ва тақдим этиш тартиби СКнинг 192-моддасида келтирилган.

Сиз даромад солиғини дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 5-кунигача тўлашингиз лозим. Йил тугагач, ЖШДСнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 1 июнидан кечиктирмай солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтарилиши керак (СКнинг 193-моддаси).


Елена ГУСЕВА, 

экспертимиз.

Прочитано: 2565 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика