Norma.uz

Сўмда ҳам, долларда ҳам...

1. Хорижий капитал иштирокидаги МЧЖнинг устав фонди 120 минг АҚШ долларини ташкил этади. Унинг муассислари орасида чет эллик фуқаролар ҳам, Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Мамлакатимиз фуқаросининг устав фондидаги улуши – 25%. Таъсис ҳужжатларида барча улушлар долларда қайд этилган. Ўзбекистон фуқаролари томонидан устав фонди тўлдирилишини қандай қилиб тўғри акс эттириш керак? Уларнинг улушни хорижий валютада киритишлари қонунийми? Агар қонуний бўлмаса, нима учун таъсис ҳужжатларида ҳамма улушлар хорижий валютада кўрсатилади? Менинг билишимча, Ўзбекистон фуқаролари устав фондини хорижий валютада тўлдириш ҳуқуқига эга эмаслар.

2. Чет эллик фуқаролар устав фондини Ўзбекистон миллий валютасида тўлдиришлари мумкинми ёки улар буни фақат хорижий валютада қилишлари керакми?

Биринчи ва иккинчи ҳолларга доир шу сингари вазиятларга бир нечта мисоллар келтирсангиз.

 

 

– 1.

Ўзбекистон фуқаролари МЧЖ устав фондини хорижий валютада шакллантириш ҳуқуқига эгалар.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 15-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларидан келиб чиқилганидек, МЧЖнинг устав фондига нафақат пул (миллий ва хорижий валютани), балки фуқаролик ҳуқуқларининг бошқа объектларини ҳам ҳисса сифатида киритиш мумкин.

Юридик шахсларнинг устав фондига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда валюта бойликларини, демак хорижий валютани ҳам киритишга йўл қўйилади («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун1 18-моддасининг иккинчи қисми еттинчи хатбошиси). Худди шундай меъёр Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартибининг2 2.3-банди «д» кичик банди ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш тартиби тўғрисида низом3 1-бандининг «ж» кичик бандида келтирилган.

 

 

2.

Чет давлат фуқаролари, агар улар Ўзбекистонда доимий равишда яшаш жойига эга бўлсалар, резидент, шунингдек норезидент бўла оладилар. Айтайлик, норезидентлар сизнинг МЧЖ устав фондида улушли иштирок этадилар. Ушбу ҳолда улар «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонун (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) 4-моддаси бешинчи хатбошиси ва 5-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси мазмунига кўра чет эллик инвесторлар ҳисобланадилар. Бу ҳолда уларга бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган кафолатлар қўлланади. Чунончи, «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонун 9-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланишича, чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари учун адолатли ва тенг ҳуқуқли режим таъминланади, у Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларида белгилаб қўйилган режимга қараганда ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас. Чет эл инвестициялари учун ҳуқуқий режим республиканинг юридик ва жисмоний шахслари томонидан амалга оширилаётган инвестицияларнинг тегишли режимига қараганда ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас.

«Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонун (30.04.1998 йилдаги 611-I-сон) 3-моддасининг иккинчи қисмида шундай деб мустаҳкамлаб қўйилган: «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг амалга оширилиши таъминланишини ҳисобга олган ҳолда фуқаролиги, яшаш жойи, диний эътиқоди, иқтисодий фаолияти қаерда амалга оширилаётганлигига, шунингдек инвесторлар ёки инвестицияларнинг қайси мамлакатга мансублигига қараб чет эллик инвесторларнинг камситилишига йўл қўйилмайди».

Демак, юқорида тилга олинган инвесторларда устав фондини миллий валюта билан шакллантириш масаласида муаммолар бўлмаслиги керак. Уларнинг валютани харид қилиш (олиш), демак уни устав фондига ҳисса сифатида киритиш имконияти, хусусан, қуйидагилардан келиб чиқади:

«Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонун 10-моддасининг олтинчи хатбошисидан, унинг маъносига кўра инвесторлар инвестиция фаолияти натижасида олинган даромадни, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин, мустақил ва эркин тасарруф этишга ҳақлилар (шу жумладан ушбу даромадлар (одатда дивидендлар) билан резидент юридик шахснинг устав фондини тўлдириб, уни репатриация қилмаган ҳолда);

«Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонун 6-моддасининг биринчи қисмидан, унга кўра чет эллик инвесторнинг Ўзбекистонда олган даромадлари чет эллик инвесторнинг хоҳишига кўра, мазкур ҳудудда реинвестиция қилиниши ёки бошқа ҳар қандай усулда ишлатилиши мумкинлиги кафолатланади;

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонун (25.04.1996 йилдаги 216-I-сон) 4-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисидан, унга кўра банклар чет эл валютасини нақд пул ва нақд бўлмаган шаклларда юридик ҳамда жисмоний шахслардан сотиб олишлари ва уларга сотишлари мумкин;

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун 17-моддасининг биринчи қисмидан, яъни унда Ўзбекистонда вақтинча турган норезидент жисмоний шахслар мамлакатимиз ҳудудидаги ваколатли банкларда миллий валюта ва чет эл валютасидаги ҳисобварақларни очиш ва улардан фойдаланиши назарда тутилган;

Хорижий валютани жисмоний шахслардан сотиб олиш ва уларга сотиш тартиби ҳамда айирбошлаш шохобчалари тўғрисидаги низомнинг4 12-бандидан, унга мувофиқ резидент ва норезидент бўлган жисмоний шахслардан чет эл валютасини нақд шаклда сотиб олиш ваколатли банклар томонидан чекланмаган миқдорларда амалга оширилади.

Бинобарин, қонуний тарзда олинган миллий валютадан кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра фойдаланишлари, шу жумладан МЧЖ (резидент)нинг устав фондига ҳисса сифатида киритишлари мумкин.  Бундай тўлдиришни улар хорижий валютада ҳам амалга ошира оладилар, албатта.

МЧЖ таъсис ҳужжатларида устав фондининг миқдори ва иштирокчиларнинг улушларини хорижий валютада кўрсатиш мумкин (Фуқаролик кодекси 245-моддасининг маъносидан). Бу қуйидагича кўринишга эга бўлади:

«Жамиятнинг устав фонди 120 000 (бир юз йигирма минг) АҚШ долларини ташкил этади.

Жамият иштирокчиларининг жамиятнинг устав фондидаги улушлари миқдори ва уларнинг номинал қиймати:

Б.Шарофиддинов5 – 25% ёки 30 000 (ўттиз минг) АҚШ доллари;

О.Белозоглу – 37,5% ёки 45 000 (қирқ беш минг) АҚШ доллари;

А.Паркер – 37,5% ёки 45 000 (қирқ беш минг) АҚШ доллари.

Жамият ҳар бир иштирокчисининг ҳиссаси кўрсатилган валютада пул шаклида киритилади».

Устав фондига ҳиссаларни киритишда бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилиш лозим. Чунончи, 22-сон БҲМС «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби»6 23 ва 24-бандлари ҳамда Чет эл валютасидаги операцияларнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомнинг7 28 ва 29-бандларидан келиб чиқадики, устав капитали миқдори чет эл валютасида ўрнатилган ҳолларда ва иштирокчиларнинг барчаси ёки баъзилари томонидан устав капиталига ҳиссалар киритиш миллий валютада ёки бошқа мулк шаклида амалга оширилганда ҳам, ҳиссаларни киритиш Марказий банкнинг киритиш санасидаги курси бўйича амалга оширилади.

Таъсис ҳужжатларининг устав капиталига киритилаётган ҳиссага тааллуқли бўлимлари МЧЖ муассислари қабул қиладиган қарорлардан келиб чиқиб, турлича баён этилиши мумкин. Айтайлик, ҳисса худди ўша пул шаклида, бироқ қисман чет эл валютасида (муайян %да), қисман миллий валютада (муайян %да) ёки тўлиқ миллий валютада ёки бошқа мулк (ёки мулкий ҳуқуқлар) шаклида ёхуд ушбу шаклларнинг баъзилари ёки барчасида киритилади. Масалан:

«Жамият ҳар бир (ёки муайян бир) иштирокчисининг ҳиссаси 100% пул шаклида киритилади, шундан 60%и АҚШ долларида ва 40%и сўмда», ёки

«Жамият ҳар бир (ёки муайян бир) иштирокчисининг ҳиссаси Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўмда тўлиқ пул маблағларида киритилади», ёхуд

«Жамият ҳар бир (ёки муайян бир) иштирокчисининг ҳиссаси қуйидаги миқдорда киритилади:

уларнинг (ёки унинг) улуши номинал қийматининг 50%и – пул маблағларида, шундан 3/5 қисми (ёки 60%и) АҚШ долларида ва 2/5 қисми (ёки 40%и) сўмда;

уларнинг (ёки унинг) улуши номинал қийматининг 50%и – товар-моддий захиралар (автомобиль эҳтиёт қисмлари ассортиментида) тарзидаги мол-мулкда».

Агар МЧЖ иштирокчилари томонидан устав фондини миллий валютадаги қўшимча ҳиссалар 160 млн сўм суммасига (40 + 60 + 60) кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилинадиган вазиятни кўрсак, бунда таъсис ҳужжатлари ушбу бобда қуйидаги таҳрирда тақдим этилиши мумкин:

«Жамият устав фонди 120 000 (бир юз йигирма минг) АҚШ доллари ва 160 000 000 (бир юз олтмиш миллион) сўмни ташкил этади.

Жамият иштирокчиларининг жамиятнинг устав фондидаги улушлари миқдорлари ва уларнинг номинал қиймати:

Б.Шарофиддинов – 25% ёки 30 000 (ўттиз минг) АҚШ доллари ва 40 000 000 (қирқ миллион) сўм;

О.Белозоглу – 37,5% ёки 45 000 (қирқ беш минг) АҚШ доллари ва 60 000 000 (олтмиш миллион) сўм;

А.Паркер – 37,5% ёки 45 000 (қирқ беш минг) АҚШ доллари ва 60 000 000 (олтмиш миллион) сўм.

Жамият ҳар бир иштирокчисининг ҳиссаси кўрсатилган валютада пул шаклида киритилади».

Ёки бошқа вариант: МЧЖ иштирокчилари устав фондига 60 000 АҚШ доллари суммасида (пировардида 180 000 АҚШ долларига етди), бироқ миллий валютада қўшимча ҳиссалар киритишга қарор қилишди. Тахминий баён:

«Жамият устав фонди 180 000 (бир юз саксон минг) АҚШ долларини ташкил этади.

Жамият иштирокчиларининг жамиятнинг устав фондидаги улушлари миқдорлари ва уларнинг номинал қиймати:

Б.Шарофиддинов – 25% ёки 45 000 (қирқ беш минг) АҚШ доллари;

О.Белозоглу – 37,5% ёки 67 500 (олтмиш етти минг беш юз) АҚШ доллари;

А.Паркер – 37,5% ёки 67 500 (олтмиш етти минг беш юз) АҚШ доллари.

Жамият ҳар бир иштирокчисининг ҳиссаси тўлиқ пул маблағлари билан киритилади, шундан 2/3 қисми АҚШ долларида ва 1/3 қисми сўмда бўлади».

Охирги мисолда Чет эл валютасидаги операцияларнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомнинг 32-бандини эътиборда тутиш лозим, унда назарда тутилишича, чет эл валютасида акс эттирилган устав капитали оширилганда (камайтирилганда) бухгалтерия ҳисоби мақсадида устав капиталининг фақат оширилган (камайтирилган) қисми таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган санадаги Марказий банк курси бўйича миллий валютага қайта ҳисобланади.

 

17.05.1993 йилдаги 841-XII-сон, 11.12.2003 йилдаги 556-II-сон Қонун таҳририда.

2МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3МБ бошқаруви, МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 12.08.2002 йилда 1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4Президентнинг 30.01.2013 йилдаги ПҚ-1914-сон қарори билан тасдиқланган.

5Исм ва фамилиялар ўйлаб топилган.

6МВнинг АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

7МВ, ИВ, ДСҚ, МБ бошқаруви ва Давлат статистика қўмитасининг АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.


Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

  

 

Прочитано: 3040 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика