Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 41 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Контрагент билан муносабат самимий бўлса...

Бухгалтерларнинг контрагентлар билан мулоқоти жараёни аксарият ҳолларда кўп вақтни олади, баъзан номатлуб, кўнгилсиз оқибатларга олиб келади ҳам. Бу борада ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва айни бир пайтда вақтни тежаш учун нималар қилиш лозим? Давлат қурилиш экспертизасининг Хоразм ҳудудий бошқармаси бош бухгалтери Ирина ИВАНОВА мухбиримизнинг ана шу ва бошқа саволларига жавоб беради.

 

– Контрагентлар ҳам ҳар хил. Яхши хислат ва фазилатлилари ҳам кўп. Уларга ўхшамайдиганлари ҳам топилади. Шуларнинг қайсилари билан кўпроқ иш олиб боришингизга тўғри келган?

– Ўз фаолиятим мобайнида кўплаб контрагентлар билан ишладим. Бу тоифага мансуб мутахассис ҳақида сўз борганда, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг тарафларидан бири эҳтимол юридик шахс эканлигини бир онга бўлса-да унутиш керак. Мен учун улар энг аввало барча қатори, фазилат ва нуқсонлардан холи бўлмаган одамлардир. Бу профессионал нуқтаи назардан айтилган гап. Кундалик ҳаётда виждонли, ҳалол, билимдон, ишга масъулият билан қарайдиганлари қатори уқувсиз, эътиборсизлари ҳам, ҳужжатларни йўқотиб қўядиганлари ҳам учрайди. Ҳар қандай бухгалтерга ғирт дахмаза бўладиганлари ҳам борки, улар тутуриқсиз, сўзининг устидан чиқмаслиги устига кўпинча зарур ҳужжатларни вақтида тақдим этишни унутиб қўядилар. Баъзилари вақт ўтиши билан бундай камчилик ва нуқсонлардан бутунлай халос бўлади. Бунақа хулқ-атвор сурункали иллатга айланиб қолганлар ҳам йўқ эмас: бундайларни ўз ишига совуққонлик билан қаровчилар деб тавсифлаган бўлар эдим. Тўғри, одам омилининг ҳамон мавқеи баланд. Аммо қадрини билган, етук мутахассис узрли сабабларсиз ҳеч қачон бундай камчилик ва нуқсонларга йўл қўймайди.

– Бундай ҳолларда нималар узрли сабаб бўлиши мумкин?

– Шундай вазиятлар бўладики, ҳужжат хира чиққанлиги сабабли ўзгартириб беришни сўрайдилар. Чунки вақтлар ўтиши билан хира, кўз аранг илғайдиган ёзувлар янада туссизланиб ўқишга яроқсиз бўлиб қолади. Табиийки, бундай ҳужжат такрорланмоғи, дубликат қилинмоғи лозим. Ёки амалиётимда учраган қизиқ бир воқеани олайлик. Мендан шартномадан нусха кўчиртириб беришни сўрадилар. Маълум бўлишича, раҳбарнинг асл нусхадаги имзоси унинг ғазначиликда сақланаётган имзосига номувофиқ экан. Молиялаштирилиши ғазначилик орқали амалга ошириладиган ташкилотлар билан иш олиб бориш ҳамиша ҳам осон бўлавермайди. Мен айтган вазиятда вилоятимиз йироқроқда эканлиги инобатга олинса, пойтахтда рўйхатдан ўтказиладиган у ёки бу ҳужжатни расмийлаштиришда баъзан кечикиш ҳоллари содир бўлади. Ҳамма бу жиҳатни тушунгани сабабли, қонун ҳужжатлари доирасида бирон муроса йўлини топишга ҳаракат қилади, албатта.

– Бундай ҳолатлар бўлмаслиги, совуққонликда айбламасликлари учун контрагент нима қила олади?

– Энг аввало, ўз устида ишлаш, билим ва тажрибаси савиясини ошириши, бу борада муваффақиятга эришган мутахассисларнинг тажрибасини ўрганиши ва амалиётга жорий этиши лозим. Кўпинча бундай ҳолларда ҳужжат айланишини автоматлаштириш жонга оро киради. Ҳужжат ишларини бошқаришда электрон воситалардан фойдаланиш эндиликда янгилик саналмайди. Вақт ва пулни тежаб беришини айтмайсизми?! Устуворликларни ўз ўрнига қўйишга ҳам кўмаклашади у. Таъсир доирасини аниқ белгилаб фарқлаб олишдек муҳим иш билан бухгалтернинг ўзи шуғуллангани яхши. Акс ҳолда барча мавжуд контрагентларнинг битта рўйхатга тушиб қолиш хавфи бор.

– Сизнингча, қайси контрагентлар жуда «хавфли»?

– Ғирром, ноинсоф контрагентларни шундайлар сирасига киритиш мумкин. Улар у ёки бу йўл билан қонунга чап беришга, айтайлик ўз даромадларини яширишга ҳаракат қиладилар. Бундайлар билан иш олиб боришда одам панд еб қолиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, масалан, шартномани имзолашдан аввал контрагентдан фаолият юритиш ҳуқуқини берадиган лицензия талаб қилиш, лицензиянинг рўйхатга олинган манзилини текшириб кўриш, маълумотномалар йиғиш лозим. Фаолияти капалак мисол бир кун-ярим кунга борадиган, юлдуз кўрмай жон берадиган фирмалар менга йўлиқмаган, аммо бу ана шундай фирмалар йўқ деган маънони англатмайди.

– Бухгалтер контрагентлар билан яхши муносабатни йўлга қўйиши жоизми? Ёки ҳужжатларни расмийлаштириш, уларни тақдим этиш муддатлари хусусида ўз талабларини ишлаб чиқиши кифоя қилармикан?

– Бухгалтерия учун қабул соатлари, ҳужжат айланиши жадваллари, қабул қилиб олиш-топшириш тартиби қатъий кўрсатиб ўтиладиган махсус тартибга солувчи ҳужжатларни расмийлаштириб қўйса бўлади. Бундай усул хусусан кичик бизнес соҳасида кўп учрамайди. Биз, давлат тузилмаларига боғланган контрагентлар билан ишлашда ҳам ушбу усул мақсадга мувофиқ саналмайди. Зотан уларга ўз шартларингни тиқиштиришга ҳаракат қилишдан маъни йўқ. Ҳар иккала ҳолларда ўзаро хайрихоҳ фойдали мулоқотларни йўлга қўйиш муҳимдир. Аммо бу муносабат ҳеч қачон ошна-оғайнигарчилик ўзанига ўтиб олмаслиги зарур. Ошна-оғайнигарчилик, андиша қилишлик охир-оқибат керакли ҳужжат кечикиб топширилишига олиб келади. Зотан ораларидан қил ўтмайдиган «ошнолар» муддатни кечиктиришни, у ёки бу масалада ён беришни сўраш йўлига ўтиб оладилар. Мен бу жиҳатни ички ҳисоб олиб бориш тизимида бошқарилишини, тартибга солиб борилишини маслаҳат берган бўлур эдим. Чунончи, кечикиб келган ёки умуман келмаган ҳужжатларни бухгалтер ҳужжат тайёрланиши жадвалларига риоя этилиши тўғрисидаги ҳисобот ёрдамида назорат этиб туриши мумкин.

– Солиқ текшируви фурсати келиб қолди, сизда эса қандайдир далолатнома ёки ҳисобварақ-фактура етишмаяпти дейлик. Контрагентингиз ҳужжатни етказиб беришни чўзмоқда, вақт эса зиқ. Бундай вазиятда одам азбаройи сиқилганидан юрак хуружи орттириб олмаслиги учун нималар қилмоқ керак?

– Асабийлашаётганимни сезганим ҳамони, ишимни шартта тўхтатиб, эътиборни тамомила бошқа машғулотга қаратаман. Таъбир жоиз бўлса, чойхўрлик ёки қаҳвахўрлик қилишга 5 дақиқа фурсат топиш мумкин. Бу орада муаммо кўп ҳолларда ўз аҳамиятини йўқотади. Бу вазият чигал, одамни стресс ҳолатига қўядиган бошқа вазиятларда ҳам ёрдам беради. Баъзан баланс 2 сўмга тафовут қилади ва уни кеча-кундуз (суткалаб) қидиришга мажбур бўласан киши. Бундай ҳолларда асабийлашмасликнинг сира иложи йўқ. Ҳаммасини бир озгина четга суриб туриб, маълум вақтдан кейин масалага хотиржам ҳолда қайтсам, керакли натижага эришаман. Бухгалтерия аниқ фанларнинг «отахони»дир. Унда энг мураккаб вазифалар ҳам албатта ечим топади. Энг муҳими, бунга вақт ва имконият бериш керак.

Муваффақиятли амалиёт сирлари билан

мухбиримиз Наталья СПИРИДОНОВА ошнолашди.

 

Контрагентлар билан муваффақиятли тарзда ҳамкорлик қилишга қуйидагилар ёрдам бериши мумкин:

жараённи автоматлаштириш имконини берадиган махсус электрон дастурлар мавжудлиги;

ҳужжат айланишини олиб бориш тўғрисидаги, расамадга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

мижозлар билан олиб бориладиган ишда устуворликларни белгилаб олиш;

ҳужжат айланиши жараёнини ички ҳисоб воситасида бошқариб тартибга солиб бориш;

профессионал даражадаги мулоқот доирасидаги амалий ва ижобий коммуникация;

келиб чиқиш эҳтимоли бўлган салбий оқибатлардан ҳоли бўлиш мақсадида янги, унча маълум бўлмаган контрагентларга алоҳида эътибор қилиш.

Прочитано: 2985 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика