Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 40 / Янги қонун моҳияти

Биржалар фаолияти халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда

Иқтисодиётнинг ўзига хос барометри ҳисобланган биржа савдоларида тадбиркорлик субъектлари фаол иштирок этаётир. Масалан, кичик тадбиркорлик субъектларининг жорий йил биринчи ярмида биржа савдолари орқали сотган маҳсулотлари ҳажми 1,9 баробар ошди. Кичик бизнес субъектларидан электрон савдо орқали амалга оширилган давлат харидлари ҳажми 189,9 миллиард сўмни ёки давлат харидлари умумий ҳажмининг 97 фоизини ташкил этди.  

 

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар ривожидан келиб чиқиб биржа фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчиликка ўзгартишлар киритилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2014 йил 12 сентябрда имзолаган «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан янги таҳрирдаги «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун тасдиқланди. Ушбу қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Қонунга мувофиқ биржа – олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс ҳисобланади. Биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади. Биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси турида амалга оширади.

Биржанинг фирма номида «биржа» сўзи бўлиши шарт. Аксинча, шу сўздан ҳосил бўлган сўз бирикмаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шундай асосда биржани ташкил этган юридик шахс белгиланган тартибда лицензия олганидан кейин биржа фаолиятини бошлаши мумкин.

Биржаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари замон талабидан келиб чиқиб, янги тушунчалар билан бойитилгани қонундаги муҳим янгиликлардандир. Жумладан, унга котировкалаш, арбитраж, листинг, назорат комиссиялари каби тушунчалар киритилди. Хусусан, эндиликда биржалар котировкалаш, арбитраж, листинг, назорат ва бошқа биржа комиссияларини ташкил этиши мумкин. Танлов, кимошди, кўргазма-ярмарка савдолари, давлат харидлари ва корпоратив харидлар ҳам биржада ўтказилади. Биржа товарларининг котировкалари белгиланган чегаравий миқдордан ўзгариб кетса, савдоларни тўхтатишга ҳақли.

Биржа томонидан биржа савдолари ўтказиш жойи ҳамда вақти тўғрисида биржа аъзолари ўз вақтида хабардор қилинади. Биржалар мунтазам равишда ўз расмий веб-сайтида товарларнинг котировкасини жойлаштириши, шунингдек, биржа аъзоларини ҳар бир биржа савдосининг якунлари тўғрисида хабардор қилиб бориши шарт.

Биржа фаолиятининг асосий принципларида ҳам биржа савдоларини ўтказишнинг ошкоралиги, савдоларда нархлар шаклланишининг эркинлиги, биржа битимларини тузишнинг ихтиёрийлиги, биржанинг барча аъзолари учун биржа савдоларида иштирок этишда шарт-шароитнинг тенглиги, тузилган битимлар бажарилишининг таъминланиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, ҳозирги пайтда биржа савдолари фақат электрон режимда ўтказилмоқда. Шундан келиб чиқиб, қонунда биржалар эндиликда марказлаштирилган тарзда электрон шаклда ўтказилиши белгиланди. Фақат бунда биржа аъзоларининг барчасига ушбу савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконияти яратилган бўлиши зарур.

Қонуннинг биржа аъзолари ҳақидаги меъёрлари айнан халқаро амалиётнинг мамлакатимиз биржаларида ҳам татбиқ этилиши учун янги ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. 

Қонунда олдинги қонунда мавжуд бўлмаган, халқаро тажрибада синалган биржа битимлари ва уларнинг турлари ҳақидаги нормалар ҳам ўз ифодасини топган. 16-моддада белгиланганидек, биржа товарларини кечиктирмасдан етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари – спот, биржа товарларини кечиктириб етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари – форвардлар дейилади. Биржа товарини етказиб беришни ёки биржа товарини етказиб бермаган ҳолда битим тарафлари ўртасида пул ҳисоб-китоблари амалга оширилишини назарда тутадиган, келгусида бажариш мажбурияти билан тузиладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) олди-сотди битимлари фьючерслардир.

 

ЎзА материали
асосида тайёрланди.

Прочитано: 2226 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика