Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 39 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

БИРЖАЛАР ЯНГИ ҚОНУН БЎЙИЧА ИШЛАЙДИ

12.09.2014 йилдаги ЎРҚ-375-сон Қонун билан «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.

Қонун янги таҳририда аввалги таҳрирда қўлланилган тушунчалар аниқлаштирилди, шунингдек биржа фаолиятига тааллуқли бўлган янги таърифлар киритилди. Хусусан, «биржа активи» ва «биржа товари», шунингдек халқаро стандартларга мувофиқ «биржа фаолияти», «биржа листинги», «котировка» ва бошқа атамалар аниқлаштирилмоқда.

Янги ҳужжат билан белгиланишича, биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади ва биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси турида амалга оширади. Шуни эслатиб ўтамизки, илгари биржалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилиши мумкин эди.

Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз фирма номида «биржа» сўзидан, ундан ҳосил бўлган сўзлардан ва сўз бирикмаларидан фойдаланишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Биржа фаолиятининг асосий принциплари рўйхати кенгайтирилди: Қонунга тузилган биржа битимлари бажарилишининг таъминланиши принципи қўшилди.

Шунингдек биржа уставига доир талаблар янгиланди, биржа битимлари турлари кенгайтирилди. Биржа мажбуриятлари қуйидагиларни назарда тутувчи меъёрлар билан тўлдирилди:

биржа савдоларини ўтказиш жойи ҳамда вақти тўғрисида биржа аъзоларини ўз вақтида хабардор қилиш;

тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

биржа аъзолари ва улар мижозларининг, шунингдек улар ўртасидаги ўзаро мажбуриятларни белгилаш, аниқлаштириш ҳамда ҳисобга олиш (клиринг).

Энди биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда дилерлар, маркет-мейкерлар ва брокерлар сифатида биржа битимларини тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар биржа аъзолари деб эътироф этилади. Илгари биржа томонидан белгиланган тартибда ушбу биржада брокерлик ўрнини сотиб олган ёки олган юридик шахслар биржа аъзолари деб ҳисобланар эди.

Қонун шунингдек биржа савдоларини ўтказиш, биржа битимларини рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш, биржа битимларининг бажарилишига оид масалаларни тартибга солади.

Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 13.09.2014 йилдаги 178 (6108)-сонида расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

 

ДИПЛОМАТИК ПАСПОРТ БЎЛСА, ВИЗА КЕРАК ЭМАС

Президентнинг 16.09.2014 йилдаги ПҚ-2236-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик паспортга эга шахсларнинг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисида Битим (Тошкент, 28.05.2014 йил) тасдиқланди.

Ҳужжат билан қуйидагиларга:

Ташқи ишлар вазирлигига – Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомиллари бажарилгани тўғрисида тегишли билдиришнома йўллаш;

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига – ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминлаш топширилди.

 

ИСТИСНО ТАРИҚАСИДА

Вазирлар Маҳкамасининг 12.09.2014 йилдаги 261-сон Қарори билан Давлат божхона қўмитасига истисно тариқасида «Ангрен шакар» МЧЖ ХК томонидан олиб кириладиган товарларни экспорт божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этмаган ҳолда божхона тўловлари бўйича имтиёзни қўллаб, божхона расмийлаштирувини амалга оширишга рухсат берилди.

Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий шакар ишлаб чиқаришни кенгайтириш тўғрисида»ги Қарорига (8.06.2012 йилдаги 167-сон) мувофиқ қабул қилинди.

 

МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШГА ДОИР ЯНГИ ҚОИДАЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2014 йилдаги 263-сон Қарори билан ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур соҳага оид қуйидаги иккита янги низом тасдиқланди:

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификати бериш тартиби тўғрисидаги низом.

Қарорда манфаатдор вазирликлар ва идоралар учун қатор вазифалар келтирилган.

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом мазкур кўрсаткичлар бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилотларга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Аттестация фуқароларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига жавоб берадиган соғлиғи ва меҳнатнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида иш ўринларидаги меҳнат шароитларини баҳолаш ҳамда ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш учун ўтказилади.

Ҳужжатда аттестация натижаларидан фойдаланиш мақсадлари белгиланган. Улар қаторидан, масалан, қуйидагилар ўрин олган:

оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда ва меҳнатнинг бошқа алоҳида шарт-шароитларида банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш;

касбий хавфни баҳолаш;

касб касаллигига шубҳа туғилганда касалликнинг касб билан боғлиқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш, шунингдек касб касаллиги ташхисини аниқлаш;

ходимларнинг айрим тоифалари учун меҳнатни чеклашларни асослаш, ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларни имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берувчиларга тегишли деб топиш учун асос ҳисобланиши;

ва бошқалар.

Аттестацияни ўтказиш даврийлигини корхонанинг ўзи белгилайди, бироқ у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилади.

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификати бериш тартиби тўғрисидаги низом тегишли мутахассис малака сертификатини бериш, унинг муддатини узайтириш, уни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини тўхтатиш ва уни бекор қилиш тартибини белгилайди.

Малака сертификати эгасининг фотосурати ёпиштирилган ҳолда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида юридик кучга эга бўлади.

Малака сертификати 5 йил муддатга берилади.

 

ИЛМИЙ ХОДИМЛАР УЧУН ЯНГИ МАОШЛАР

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси (ФТРМҚ), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 15.09.2014 йилда 2616-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорларига (ВМнинг 18.08.2009 йилдаги 233-сон Қарори билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди.

Масалан, институт директори (профессор)нинг лавозим маоши 1 485 580 сўмдан 1 663 850 сўмга, кичик илмий ходим (фан номзоди)нинг маоши 1 047 208 сўмдан 1 172 873 сўмга, тажриба орттирувчи тадқиқотчининг маоши 826 623 сўмдан 925 818 сўмга оширилди.

Бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига 2014 йил 1 сентябрдан илмий ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорлари ўзгарганлигини ҳисобга олиб иш ҳақларини қайта ҳисоблаб тўланишини таъминлаш топширилди.

Ушбу ҳужжат Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони (31.07.2014 йилдаги ПФ–4639-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорини (18.08.2009 йилдаги 233-сон) бажариш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши муносабати билан ФТРМҚнинг илгари амал қилган қарори (АВ томонидан 8.01.2014 йилда 2553-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 22.09.2014 йилдаги 38 (642)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

САНАЦИЯ: МОЛИЯВИЙ СОҒЛОМЛАШТИРИШ РЕЖАСИНИ КИМ ТАСДИҚЛАЙДИ?

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қарори (АВ томонидан 17.09.2014 йилда 485-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан корхоналарни молиявий соғломлаштириш жараёни устидан назоратни такомиллаштириш мақсадида Корхоналарнинг санацияси жараёнини мониторинг қилиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ санация мониторинги бўйича асосий дастурий ҳужжат – корхонани молиявий соғломлаштириш режасини Давлат рақобат қўмитаси билан келишган ҳолда санация қилинаётган корхонанинг мулкдори, иштирокчиси, акциядорлар ва кредиторлар умумий йиғилиши тасдиқлайди. Шуни эслатиб ўтамизки, илгари мазкур ҳужжатни тасдиқлаш вазифаси юқорида айтиб ўтилган Қўмита билан келишилган ҳолда таркибига хўжалик юритувчи субъектлар киритилган уюшмалар, вазирликлар, идоралар ва ҳоказолар томонидан тасдиқланар эди.

Давлат рақобат қўмитаси томонидан корхона тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш натижалари бўйича хулосалар тузиладиган, унинг санацияси ҳақида жамланма маълумотлар тайёрланадиган ва санацияни тақдим этган органга хулоса юбориладиган муддат ўзгартирилди. Энди ушбу таомил ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасига тугалланиши лозим (илгари муддат бир ойни ташкил қилар эди).

Ҳужжат билан бошқа бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 22.09.2014 йилдаги 38 (642)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 2297 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика