Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 39 / Божхона

Нодир буюмларни чегара орқали қонуний тарзда олиб чиқса бўладими?

Мен Россияга кўчиб кетмоқдаман. Ўзим билан оилавий мерос бўлган, оиламизга авлоддан авлодга ўтиб келган қадимий Инжилни олиб чиқиб кетмоқчиман. Лекин унинг учун менда ҳеч қандай ҳужжат ва рухсатномалар йўқ. Бу китобни олиб чиқиб кетиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштиришим керак?

***

Оиламизда ўтган асрнинг 70-йилларида сотиб олинган, ГДРда ишлаб чиқарилган чинни чой сервиси, ота-боболаримдан қолган иккита оилавий Қуръон бор. Улардан бирида ҳадя қилинганлик хусусида дастхат ҳам мавжуд. Россияга доимий яшаш учун кўчиб кетаётиб, уларни ўзимиз билан олиб кетишимиз мумкинми?

 

– «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 678-I-сон, бундан кейинҚонун) 8-моддасига мувофиқ 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистондан олиб чиқилиши мумкин эмас. Бунда Қонуннинг 3-моддасида маданий бойликлар – моддий дунёнинг миллий, тарихий, бадиий, илмий-маърифий, маънавий-ахлоқий ва бошқа маданий аҳамиятга молик кўчар ашёлари эканлиги белгиланган.

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон Қарорига 1-илова, бундан кейинНизом) билан маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифаси белгиланган. Уларга, хусусан, алоҳида ёки коллекциядаги қадимий китоблар, шунингдек, тарихий, илмий-бадиий, адабий аҳамиятга эга бўлган босма асарлар киритилган.

Қадимий Инжилнинг ёки аждодлардан ўтиб келаётган оилавий Қу­ръон­нинг «ёши» аллақачон 50 дан ошганлиги шубҳасиз, лекин бу осори атиқаларнинг қимматлилик даражасини ва уларни мамлакат ташқарисига олиб чиқиб кетиш имкониятини фақатгина бадиий экспертиза жараёнида аниқлаш мумкин. Пойтахтимизда ушбу хизматни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Бадиий экспертиза бошқармаси (маданий қимматликларни олиб чиқиш ва олиб кириш бўйича)* кўрсатади. Шу ернинг ўзида маданий қимматликларни олиб чиқишга ҳуқуқ берувчи сертификат берилади.

 

Диққат! Низомнинг 7-иловасига мувофиқ бадиий экспертизадан ўтказганлик ва ҳужжатларни расмийлаштирганлик учун махсус йиғим ундирилади. Мисол учун, 1 китобни экспертизадан ўтказишда унинг миқдори, уни олиб чиқишнинг имконияти бор-йўқлигидан қатъи назар, энг кам иш ҳақининг 2%дан 5%гачасини ташкил этади. Маслаҳатлар ўтказганлик учун йиғим миқдори ЭКИҲнинг 5%ини ташкил этади. Олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат қиймати ҳам худди шундай.

 

МАДАНИЙ БОЙЛИКЛАР ЭКСПЕРТИЗАСИ

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тасдиқланган ваколатли санъатшунос экспертлар ёки штатдан ташқари экспертлар (музей, архив, кутубхоналар ва бошқа соҳалар мутахассислари) томонидан амалга оширилади. Унинг хулосаси маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос ҳисобланади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда махсус сертификат берилади.

Экспертизани ўтказишга ариза ва ҳужжатлар. Олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат олиш учун олдиндан Низомга 2-иловада кўрсатилган шаклда ёзма ариза, олиб чиқиб кетиладиган ашёларнинг рўйхати ва уларнинг ҳар бирига 2 тадан фотосурат тақдим этилади. Бунда ашёларнинг ўзини ҳам тақдим этиш шарт.

 

Диққат! Зарур ҳолларда мазкур ашёни олдинги эгасидан бегоналаштиришнинг қонун билан белгиланган шаклини тасдиқловчи, шунингдек, уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар (чеклар, квитанциялар ва бошқалар) тақдим этилади.

 

Экспертизадан ўтказиш муддати. 10 кундан ошмаслиги керак ва у олиб чиқиладиган ашёлар сонига, уларнинг ҳолатига ва экспертизадан ўтказишнинг мураккаблиги даражасига боғлиқ бўлади.

Эксперт хулосаси. Ашёларни кўриб чиқиш ва уларни олиб чиқиш имконияти тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлаш ашёнинг эгаси ҳозир бўлмаган ҳолда амалга оширилади, бироқ у пайдо бўлган масалаларни аниқлаш учун чақирилиши мумкин. Экспертларнинг хулосаси тавсия тусига эга бўлади ва маданий бойликларнинг олиб чиқилиши учун сертификатлар бериш бўйича узил-кесил қарор қабул қилишда ҳисобга олинади.

 

Диққат! Зарурият бўлганда ашёлар экспертизаси улар турган жойда ўтказилиши мумкин.

 

ОЛИБ ЧИҚИЛИШИ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ СЕРТИФИКАТ

Ҳужжат Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ваколатли ходими томонидан имзоланади ва берилган кундан бошлаб 3 ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

Олиб чиқишни расмийлаштиришда сертификат бланкида, олиб чиқишга рухсат берилган маданий бойликлар рўйхатининг ҳар бир варағида ва уларнинг фотосуратларининг орқа томонига сертификат тартиб рақами, у берилган сана кўрсатилган ҳолда сертификатни берган ваколатли шахснинг имзоси қўйилган белгиланган намунадаги штамп босилади. Олиб чиқишга рухсат берилган тасвирий санъат асарларининг орқа томонига ҳам штамп босилади. Мусиқа асбоблари ва гиламдўзлик буюмлари пломбаланади.

Рўйхатнинг биринчи туркуми фотосуратлар билан биргаликда Маданият ва спорт ишлари вазирлигида сақланади, иккинчи туркуми сертификат билан биргаликда божхона органларига тақдим этиш учун эгасига берилади.

 

Диққат! Низомнинг 23-бандида кейинги 50 йил давомида яратилган, олиб чиқилиш ҳуқуқини берувчи сертификат талаб этилмайдиган маданий бойликлар кўрсатилган. Улар сирасида фабрикада оммавий тарзда ишлаб чиқарилган керамика, чинни, биллур, шиша, ёғоч, металлдан ясалган буюмлар мавжуд (чет элда ишлаб чиқарилган ашёлар бундан мустасно).

 

Ўтган асрнинг 70-йилларида хорижда ишлаб чиқарилган чинни чой сервизи Қонун қоидалари татбиқ этиладиган объектга киришини ва унинг қимматлилик даражасини ҳам фақат мутахассис эксперт аниқлаши мумкин. Шу туфайли мамлакатимиздан мазкур предметни олиб чиқишда ўзингизни хавф-хатардан муҳофаза қилиш учун уни экспертизага тақдим этиш ва тегишли сертификатни олишни тавсия қиламиз.

 

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ НАЗОРАТИ ОСТИДА

Ваколатли орган олиб чиқишга рухсат беришни рад этиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолда нодир буюм унинг эгаси мулкида қолади, буюм мамлакат ичкарисида сотишга қарор қилинганда, эгаси бу бойликнинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши мумкин эмаслиги тўғрисида харидорни ёзма равишда огоҳлантириши шарт. Маданий бойликларни кимошди савдосига (аукционга) қўйиш Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишувга кўра амалга оширилади (Қонуннинг 17-моддаси).

Жисмоний шахсларга олиб чиқишга рухсатномаси бўлмаган ҳолда маданий бойликлар тоифасига кирувчи предметни яширинча олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилмасликни, балки Қонун қоидалари амал қилиши таъсирига тушиши эҳтимоли бўлган товарни зудлик билан йўловчи божхона декларациясининг (ДБҚнинг АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган Йўриқномага илова) 6-бандида кўрсатишни тавсия қиламиз. Шубҳали ҳолатларда божхоначилар тегишли далолатнома тузган ҳолда товарни экспертизага жўнатадилар. Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг бадиий экспертиза бўлинмаси товарнинг қимматлилигидан келиб чиқиб, уни ташқарига олиб чиқиб кетиш имконияти йўқлиги ҳақида хулоса берган тақдирда, предмет эгасига ёки унинг қариндошларига қайтарилади. Предмет декларацияда қайд этилмаган, лекин унинг тарихий ёки маданий қимматга эга эканлиги аниқланган бошқа ҳолатда эса у мусодара қилинади. Бу ҳолда контрабанда хатти-ҳаракати учун маъмурий жарима ёхуд жазонинг янада жиддий чоралари қўлланилиши мумкин.

 

Диққат! Агар предмет (то­вар)ни маданий қимматликлар тоифасига киритиш эҳтимоли мавжуд бўлса, экспертизани ўтказиш мажбурийдир. Агар предмет эгаси уни экспертизага тақдим этишдан бош тортса, уни қонуний йўл билан олиб чиқишнинг энди имконияти қолмайди, чунки маданий қимматликларни олиб чиқиш тўғрисида илтимоснома берган шахснинг олиб чиқишга мўлжалланган предметларни экспертизага тақдим этишдан бош тортиши аризачининг уларни олиб чиқишдан бош тортиши деб қаралади.

 

ҚОНУН ИЖОДКОРЛАРИНИНГ ЭЪТИБОРИГА

Қонунга мувофиқ, мамлакатимизда 50 йилдан олдинроқ, яъни айни пайтда 1964 йилгача яратилган ҳар қандай маданий бойликларни олиб чиқиш тақиқланган. Бу ўринда ушбу предметларнинг сифати ва маданиятимиз учун аҳамияти бўйича фарқланишлар қилинмайди. Тақиқ ялпи хусусиятга эга – у серияли ишлаб чиқарилган хорижий чинни сервиздан ёки Москва вилоятининг Клин шаҳридаги арчанинг шиша ўйинчоқларидан тортиб, археологик қазилмалар объектларигача қўйилиши мумкин. Кўпгина предметлар аниқ санага эга бўлмаганлиги ёки айнан бир хиллиги боис қадимий ва санъатга тааллуқли бўлгани учунгина уларнинг ҳаммасига ҳужжат расмийлаштириш зарурати юзага келади. Бунда мантиқ оддийгина – олиб чиқилаётган предметлар орасида тақиқланганлари учраб қолса-чи. Натижада сувенир ва бадиий хусусиятга эга буюмларнинг «маданий» эмаслигини тасдиқлашга бир талай вақт ва меҳнат-машаққат сарф этилади. Шу муносабат билан маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш зарурати етди деб ўйлаймиз. Мисол учун, нимани олиб чиқиш мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқ-лўнда танлаш принципини қўллаш керак. Хусусан, 50 йилдан олдинроқ хорижда серияли тарзда оммавий ишлаб чиқарилган предметларни (идиш-товоқ, тикув машинаси, соатлар ва ҳ.к.) маданий бойликларга киритиш мақсадга мувофиқлигини белгилаш керак. Зеро, фуқаролар чегарада уларнинг олиб ўтилиши муаммосига кўп дуч келишади.

 

*Лашкарбеги кўчаси, 19-уй. Тел. (+998 71) 237-07-38. Қўшимча телефонлар: бошқарма бошлиғи ўринбосари – 237-14-75, экспертиза бўлими – 237-07-38, назорат бўлими – 237-11-42. Мўлжал: «Ҳамид Олимжон» метро бекати, Латвия Республикаси элчихонаси қаршисида.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2264 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика