Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 39 / 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Майор Юлдашеванинг мураббийлик маҳорати

Халқимизнинг «устоз ота каби улуғ» деган мақолига муносиб устоз-мураббий бўлиш учун киши ўз касбини ҳам, шогирдларини ҳам севиши керак. Олий ҳарбий божхона институтининг иқтисодий фанлар кафедраси бошлиғи Умида Саъдуллаевна ЮЛДАШЕВА божхона органларининг кўплаб ёш ходимлари учун ана шундай устозлардан ҳисобланади. Ҳар йили ажойиб байрамлардан бўлмиш Ўқитувчи ва мураббийлар кунида шогирдларидан унинг шаънига кўплаб ташаккур ва миннатдорчиликлар ёғилади.

 

Ўз фаолияти давомида у 800 нафардан зиёд курсант ва тингловчиларга таълим берди. Касбига меҳр қўйгани ва ишини севгани учун у ўз педагоглик маҳорати уфқларини доимо ошириб боришга интилади. Мураббийлик маҳоратини такомиллаштириб боришида божхона хизмати майори доимо иштирок этиб турадиган малака ошириш курслари, шунингдек халқаро таълим тренингларининг ўрни беқиёс. Масалан, 1996 йилда у Москва шаҳрида бўлиб ўтган бозор иқтисодиётига ўтаётган МДҲ мамлакатлари олийгоҳлари ўқитувчилари учун мўлжалланган ўқувда иштирок этган. 1997 йили Тошкентда Жаҳон банки дастури бўйича ТАСИС лойиҳаси доирасида ўқиди. 2002 йилда «Устоз» фондининг гранти бўйича Германия ва Австрияда ўқиди. 2007 йилда иқтисодий муассасалар раҳбарларининг малакасини ошириш бўйича курсларда иштирок этди (ХХР).

Мураббийлик фаолиятига масъулиятли ёндашув, танлаган касбига меҳр-муҳаббат унга ота-онасидан ўтган бўлса ажаб эмас. Онаси Латипа Ҳакимовна Юлдашева Тошкентдаги 118-ўрта мактабда 35 йилдан зиёд математика ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Бугунги кунда пенсияга чиққан бўлишига қарамай, кекса мураббий ўз ўқувчиларининг муваффақияти билан алоҳида қизиқади, мураббийларнинг ёш авлодига ўгитларини бериб боради. ТошДУ шарқшунослик факультети битирувчилари машҳур шарқшунос олим, марҳум Саъдулла Абдуллаевич Юлдашевни алоҳида меҳр ва миннатдорчилик туйғулари билан эсга олишади. Ўз сўзи ва амалига содиқ инсонлардан бўлган отаси унинг учун юксак профессионаллик ва ўз ишига ҳалолликнинг ёрқин тимсоли бўлиб қолган.

Мураббийлик фаолиятининг катта тажрибасига эга бўлишига қарамай, Юлдашева доимо ўз устида ишлаш, педагоглик маҳоратини мунтазам мукаммаллаштириб бориш, билим доирасини кенгайтиришдан чарчамайди. У муаммоли вазиятларни таҳлил этиш, ўқув конференциялари, семинар-мунозаралар, давра суҳбатлари, «мияни чархлаш» сингари таълим услубиятларининг бир қатор «арсенали»га эга.

Иқтисодиёт – мураккаб соҳа. Биргина божхона қийматини белгилаш масаласи қанчалик катта аҳамиятга эгалигини эслатиш кифоя! Шунинг учун ОҲБИ иқтисодий фанлар кафедраси бошлиғи ўқитувчилар таркибини сифатли жамлаш ва улар малакасини оширишга алоҳида аҳамият бериб келади. Унинг фикрича, ўқитувчи амалиётга йўналтирилган асосда маърузалар курсини шакллантириш, тингловчиларга профессионал жиҳатдан мустаҳкам касбни эгаллашга ёрдам бериш, ўқув адабиётидан тўғри ва самарали фойдаланишни таъминлаш билан кифояланиб қолмаслиги керак. Балки ўрганилаётган курснинг турли масалалари бўйича якка тартибда маслаҳатлар берган ҳолда гуруҳли амалиёт ҳамда коммуникатив машғулотларни ўтказиб, таълим жараёнини мувофиқлаштириб бориши лозимдир.

Ҳамкасабалари Умида Юлдашевани инсоний фазилатлари – хушмуомалалиги, куйинчаклиги ва виждонлилигини ҳам ниҳоятда қадрлашади. Уни 10 йилдан ортиқ давр мобайнида ОҲБИ хотин-қизлар кенгашининг раиси этиб сайлашлари ҳам бежиз эмас. Профессионал ва жамоат ишлари билан «кўмилиб кетган»лигига қарамай, божхона хизмати майори оила-рўзғор ишларини ҳам эплаб келмоқда. Саид Қаюмович Одилов ўз турмуш ўртоғини саришта уй бекаси, эътиборли аёл ва меҳрибон она деб ҳисоблайди. Уларнинг қизи Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети қошидаги академик лицейнинг 3-курсида ўқийди, ўғиллари – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг 2-курс талабаси.

ОҲБИ иқтисодий фанлар кафедраси бошлиғининг тажриба ва билими, ишониб топширилган вазифага масъулият билан ёндашиши муносиб эътироф этилди. 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан Президентимизнинг Фармонига мувофиқ Умида Саъдуллаевна Юлдашева «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

 

ДБҚ Матбуот хизмати.

Прочитано: 2201 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика