Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 37 / Бизнинг маслаҳатлар

Ижро йиғимини ундириш қоидаларига доир

Суд ижрочиси қарздор юридик шахсга нисбатан ижро иши юритишни қўзғатиш ва ижро йиғимини ундириш ҳақидаги қарорларни чиқарган ва қарздорнинг банкдаги ҳисобварағига банд солиб, инкассо топшириқномасини қўйган. Аммо қарздорнинг мол-мулкини хатловга олмаган ва уларни соттириш чораларини кўрмаган.

Қарздор юридик шахс, айтайлик, солиқ қарзини солиқ органи билан ўзаро тузилган схема орқали суд ижрочисининг аралашувисиз сўндирган ёки ушбу қарзни тўлаш муддати ҳукумат комиссиясининг тегишли баённомаси билан маълум бир муддатга қадар кечиктирилган. Бундай ҳолда суд ижрочиси қарздордан ижро йиғимини ундиришга ҳақлими?

С.Ҳикматов,

«Техник таъминлаш ва бутлаш»

унитар шуъба корхонаси директори.

 

– «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 47-моддасида белгиланганидек, ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва мажбурий реализация қилишдан иборатдир.

Ижро ҳужжатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан ундирув биринчи навбатда қарздорнинг сўмдаги ва чет эл валютасидаги пул маблағларига ҳамда бошқа қимматликларига, шу жумладан, банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги пул маблағларига ҳамда ўзга қимматликларига қаратилади.

Қарздорнинг ундирувчи талабларини қаноатлантириш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, суд ижрочиси ўз қарори билан қарздор ҳисобварақларининг харажатлар қисмини қарз тўлиқ узилгунига қадар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатлайди. Айни бир вақтда ундирув (яъни мулкни хатлаш ва уни мажбурий реализация қилиш) қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкка қаратилади (Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно).

Агар суд ижрочиси қарздор юридик шахснинг банк ҳисобварақларида сақланаётган пул маблағларини хатлаш ва инкассо топшириқномасини қўйиш чоралари билан чегараланиб, унинг бошқа мол-мулкини хатламаган ва уларни реализация қилиш чораларини кўрмаган бўлса, ижро ишини юритишдаги тарафлардан бошқа бири, яъни ундирувчи суд ижрочисига шу каби чораларни кўриш ҳақида ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эгадир. Бундан ташқари, ундирувчи бир қатор бошқа ҳуқуқларга, шу жумладан суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят беришга ва уни рад қилишга ҳам эга.

Қарздор юридик шахс, хатингизда баён этилганидек, солиқ қарзини солиқ органи билан ўзаро (суд ижрочисининг аралашувисиз) тузилган схема орқали сўндирган ёки ҳукумат комиссияси томонидан тўлаш муддати маълум бир муддатга кечиктирилишига эришган бўлса-да, суд ижрочиси бундай қарздордан ижро йиғимини ундиришга ҳақли бўлади.

Суд ижрочисининг ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарори Қонуннинг 7-моддаси биринчи қисми 10-бандига биноан ижро ҳужжати ҳисобланади.

Қонун мазмунига кўра, ижро ҳужжатини ижро этиш юзасидан ижро ҳаракатларини амалга оширишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:

ижро ҳужжати ижросини кечиктириш (Қонун 32-моддасининг иккинчи қисми);

ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш (Қонун 33-моддаси);

ижро иши юритишни тўхтатиб туриш (Қонун 38-моддасининг еттинчи қисми).

Ижро ҳужжати бўлиб-бўлиб ижро этилган тақдирда, ижро ҳужжати уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги қарорда белгиланган қисм ва муддатлар бўйича ижро этилади (Қонун 32-моддасининг тўртинчи қисми).

Ижро иши юритиш тугатилган тақдирда, ижро йиғими ижро ҳужжатининг фақат мажбурий тартибда ижро этилган қисми бўйича ундирилади. Бунда ижро иши юритиш Қонун 37-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган асослар* бўйича тугатилган тақдирда, ижро йиғими суд ижрочиси томонидан амалга оширилган мажбурий ижро этиш чораларидан қатъи назар, тўлиқ ҳажмда қайтарилади (Қонун 39-моддасининг учинчи қисми).

 

*Яъни ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд Қонунга кўра ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 4238 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика