Norma.uz

Нотариал тасдиқлашда тежашди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

МЧЖ (Ижарага берувчи) ва АЖ (Ижарачи) 2014 йил январида умумий суммаси 100 млн сўм бўлган, эгарли шатакчи ва тиркама-трайлерни бошқариш ва ундан техник фойдаланиш (экипажи билан бирга) бўйича хизматларни тақдим этадиган ижара шартномасини тузишди. Шартнома шартларига кўра Ижарага берувчи 10 ой мобайнида экипажи билан иккита транспорт воситасини ижарага бериш, Ижарачи эса ижара ҳақини тўлаш ва кўрсатилган воситаларни шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин қайтариб бериш мажбуриятини олади. Ижарачи тақдим этилаётган хизматларга ўз вақтида ҳақ тўламаганлиги сабабли МЧЖ 2014 йил июнда хўжалик судига 20 млн сўм (асосий қарз), 2 млн сўм (ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня), 110 минг сўм (давлат божи1) ва 7 200 сўм (почта харажатлари) миқдорида қарз суммасини ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.

Судда ишни кўриш давомида жавобгар (Ижарачи) илгари тузилган экипажи билан бирга транспорт воситаларини ижарага бериш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарши даъво тақдим этди.

Биринчи инстанция хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан жавобгарнинг қарши даъвоси қондирилди ҳамда эгарли шатакчи ва тиркама-трайлерни бошқариш ва улардан техник фойдаланиш бўйича хизматлар тақдим этиладиган ижара шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига қўшилмаган даъвогар (МЧЖ) апелляция шикоятини берди. Ўзининг қарори билан апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз, апелляция шикоятини эса қониқтирмасдан қолдирди. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига ва апелляция инстанцияси судининг қарорига қўшилмаган даъвогар кассация шикоятини берди. Кассация инстанциясининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори ҳам ўзгартиришларсиз, кассация шикояти эса қониқтирилмасдан қолдирилди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Ижара шартномасига мувофиқ МЧЖ транспорт воситаларини ижарага берди. Бироқ Ижарачи ижара ҳақини ўз вақтида тўламади ва 20 млн сўм қарз бўлиб қолди. АЖ номига юборилган, қарзни сўндириш талаби баён этилган даъво натижа бермади. Шу сабабли МЧЖ судга қарз суммаси, шунингдек ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня ва суд харажатларини ундириш талаби билан мурожаат қилди.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Эгарли шатакчи ва тиркама-трайлер, қонун ҳужжатларига кўра, автотранспорт воситалари ҳисобланади. Автотранспорт воситалари билан боғлиқ барча битимлар эса Фуқаролик кодексига (бундан кейин – ФК) мувофиқ нотариал тасдиқланиши керак. Бироқ мазкур шартнома нотариал тасдиқланмаган, бу эса битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик ҳисобланади. Шу сабабли АЖ қарши даъво киритди ва мазкур шартномани ФКнинг 115-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топишни сўрайди.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг асос-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, шунингдек жавобгарнинг қарши даъвосини кўриб чиқиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидагиларни аниқлади:

«Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 674-I-сон) 2 ва 6-моддаларига мувофиқ йўловчилар, багаж, юклар ташишга ҳамда махсус ишларни бажаришга мўлжалланган юк автомобиллари, шатакчи автомобиллар, тиркама ва ярим тиркамалар юк ташувчи автотранспорт воситалари деб эътироф этилади. Қонуннинг кўрсатилган қоидалари эгарли шатакчи ва тиркама-трайлер автотранспорт воситалари ҳисобланишидан гувоҳлик беради;

ФКнинг 354-моддаси тўртинчи қисмига кўра тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин. Бироқ ушбу модданинг бешинчи қисмида белгиланишича, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Бу эса ижара шартномасининг тарафлари фуқаролик қонун ҳужжатлари автотранспорт воситалари ижараси шартларига қўядиган шартларга риоя этиши зарурлигини англатади;

ФКнинг 565-моддаси иккинчи қисмига асосан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Бундан ташқари, Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини расмийлаштириш нотариал тасдиқланиши керак;

бироқ ижара шартномаси нотариал тасдиқланмаган, бу эса ФКнинг 565-моддаси ва кўрсатилган Низомнинг талабларини бузиш ҳисобланади. Қонун талаб этган битим шаклига риоя этилмаганлиги сабабли шартнома ҳақиқий эмас деб топилиши керак (ФКнинг 112 ва 115-моддалари).

Бундай ҳолатларда хўжалик суди АЖнинг қарши даъво аризасини тўлиқ ҳажмда қондириш керак деб қарор қилди.

Биринчи инстанция судининг асос-далилларини ҳисобга олиб, апелляция ва кассация инстанциялари судлари унинг қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

ШАРҲ

«Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг 2 ва 6-моддаларига мувофиқ шатакчи автомобиллар, тиркама юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳисобланади.

ФКнинг 565-моддаси иккинчи қисмига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Кўрилаётган мисолда кўрсатилган автотранспортнинг ижара шартномаси нотариал тасдиқланмаган, яъни ФКнинг 565-моддаси талаблари бузилган. Шу муносабат билан у ҳақиқий эмас деб топилган. Қонун талаб этадиган битим шаклига риоя этилмаган – бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ФКнинг 112, 115 ва 116-моддалари).

Хўжалик суди ижара шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқараётганда, битим (ижара шартномаси) ҳақиқий эмас деб топилганлиги боис, Ижарачи (АЖ)дан қарзни ундира олмаган. Битимнинг ҳақиқий эмаслиги эса юридик оқибатларга олиб келмайди, бу ФКнинг 114-моддасида тўғридан-тўғри назарда тутилган.

Шу билан бирга, агар Ижарага берувчи (МЧЖ) кўрсатилган хизматлар далолатномалари ва ҳисобварақ-фактуралар билан Ижарачига шартнома бўйича хизматлар кўрсатилганлиги далилини тасдиқлай олса, у ФКнинг 1023-моддасига асосан хўжалик судига АЖнинг асоссиз бойиганлиги тўғрисида даъво билан мурожаат қилишга ҳақли, чунки Ижарачига ҳақиқатда ижара шартномаси бўйича хизматлар кўрсатилган, шунингдек ундан қарз суммасини ундириш талабини изҳор этишга ҳам ҳақли. 

 

1Давлат божи ставкаларининг (ВМнинг 18.05.2011 йилдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган) 2-бандига изоҳга асосан хўжалик судига амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолияти доирасида мурожаат қилинганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мулкий тусдаги даъво аризаларидан белгиланган ставканинг 50%и миқдорида давлат божи тўлайдилар.

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 1261 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика