Norma.uz

Чиқиндиларни янги қоидалар бўйича йиғамиз

Ўзбекистонда янги Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари* (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 2-илова) амал қила бошлади. Ҳужжат хизматлар кўрсатиш тартибини ўз ичига олади, ушбу жараёнга янги талабларни, шу жумладан истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни бир маротаба ишлатиладиган пакетларга алоҳида-алоҳида жойлаб, дастлабки саралашни амалга оширишлари шартлиги талабини белгилайди. Шуниси муҳимки, унда кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби, истеъмолчи ва ижрочининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги батафсил белгиланган. Қоидалар истеъмолчилар тез-тез берадиган саволларга жавоб беради.

– Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёрлари қандай белгиланади ва бир кишига уларнинг қанча миқдори тўғри келади?

– Улар тасдиқланган меъёрлар бўйича белгиланади. Тўпланиш меъёри ўзгарувчан катталик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятларга, хизмат кўрсатилаётган объектлар демографик хусусиятларининг ҳамда ободлик даражаси ўзгариши билан боғлиқ бўлган ҳолатларда вақти-вақти билан, камида 5 йилда 1 маротаба қайта кўриб чиқилиши керак (Қоидаларнинг 9-банди).

Кўп квартирали ва хусусий турар жой уйлари бўйича қаттиқ маиший чиқиндиларнинг (ҚМЧ) тўпланиш меъёри – уйнинг ободлик даражасига (иссиқлик, газ таъминоти, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация мавжудлигига) қараб бир кеча-кундузда 1 киши ҳисобига белгиланади (Қоидаларнинг 10-банди).

Санитария қоидалари ва меъёрлари «Ўзбекистон Республикаси шаҳарларида маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) тўплаш, сақлаш, ташиш, зарарсизлантириш ва утиллаштириш санитария қоидалари»нинг (бош санитар шифокор томонидан 4.11.1996 йилда 0068-96-сон билан тасдиқланган) 3.2-бандида белгиланишича, 1 киши ҳисобига ҚМЧнинг тўпланиш меъёрлари бир суткада ўртача 1,2 кг ёки бир йилда 453 кг ни ташкил этади.

– Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги қандай, уни ким белгилайди?

– У аҳоли яшаш пунктлари, шаҳарнинг санитария ҳолати таъминланишини ва касаллик пайдо қилувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, жойлардаги иқлим шароитларидан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади, бунда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ҚМЧни сақлашнинг охирги муддати ўтиб кетмаслиги лозим. Уларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги: чиқинди йиғиш пунктларидан – ҳар куни, хусусий сектордан «сигнал» усулида – 3 кунда 1 маротаба (Қоидаларнинг 12-банди).

– «Сигнал» усули нима?

– «Сигнал» усули – хусусий сектордаги шохобчани чиқинди йиғувчи автомашинада айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш (Қоидаларнинг 2-банди).

– Кўпинча куз вақтида аҳоли ёки ХУМШ вакиллари тўкилган баргларни ёқадилар. Уларнинг тутуни соғлиқ учун хавфлидир. Баргларни ким олиб чиқиб кетиши керак?

– Кузги ялпи хазонрезги мавсумида дарахтлардан тўкилган баргларни ёқиш қатъиян тақиқланади. Улар махсус ажратилган жойлардан кўчадаги, уйлар олдидаги уюмлар билан бирга олиб чиқиб кетилади (Қоидаларнинг 16-банди).

– Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш қандай амалга оширилади?

– Ижрочи қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш бўйича истеъмолчи билан шартнома тузиши шарт. Ижрочи тушунарли тарзда, шу жумладан Интернет тармоғи (коммунал тармоқнинг ихтисослаштирилган сайтлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари сайтлари) орқали истеъмолчини мазкур Қоидалар, кўрсатилаётган хизматлар, улар учун белгиланган тарифлар, тўлаш шартлари, хизматлар кўрсатиш режими тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаши шарт (Қоидаларнинг 17–18-бандлари).

– Истеъмолчиларнинг ҚМЧни тўплаши ва саралашига қандай талаблар қўйилади?

– Истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни бир маротаба ишлатиладиган пакетларга алоҳида-алоҳида жойлаб дастлабки саралашни уларни 4 турга ажратган ҳолда амалга оширишлари шарт (Қоидаларнинг 24-банди). Бу ҳақда биз «Норма маслаҳатчи»нинг 26.08.2014 йилдаги 34 (475)-сонида батафсил ёзганмиз.

– ҚМЧни олиб чиқиб кетишга қандай талаблар қўйилади?

– Ижрочилар ҳудудларга махсус автотранспорт воситаларини бириктириб, ишлаб чиқилган кундалик жадвалга биноан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишган ҳолда, чиқиндиларни олиб кетиш муддатларини белгилайдилар (Қоидаларнинг 30-банди).

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҚМЧни олиб чиқиб кетиш жадвалининг бажарилишини, махсус автотранспорт воситасининг муайян ҳудудга ўз вақтида етиб боришини ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ҳисобини олиб борадилар ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатадилар (Қоидаларнинг 31-банди).

ҚМЧни олиб чиқиб кетиш жадвали бажарилмаган ҳолда, истеъмолчи ижрочининг диспетчерлик хизматига (нозимхонасига) буюртманома беришга ҳақлидир, у эса тезкор тартибда чоралар кўриши лозим (Қоидаларнинг 32-банди).

– Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерлар кимга тегишли?

– Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерлар уларнинг сақланишини, коммунал тўловлар тўланишини, жорий ва мукаммал таъмирлашнинг бажарилишини таъминлайдиган ижрочига тегишли бўлиши лозим (Қоидаларнинг 39-банди).

– Чиқинди тўплаш шохобчаларини жойлаштириш масалалари қандай ҳал қилинади?

– Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида ХУМШ (профессионал бошқарув ташкилоти)нинг мурожаати бўйича уларни жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар (Қоидаларнинг 35-банди). Бунинг учун белгиланган тартибда ижрочининг иштирокида комиссия тузилади (Қоидаларнинг 36-банди).

– Кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?

– Жисмоний шахслар маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни, тасдиқланган тарифлар ва чипталарнинг белгиланган намуналарига асосан, тугаган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай амалга оширадилар. Улар мажбурий тўловларни бўнак тариқасида тўлаганларида, ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда қўшимча тўловлардан тўлов амалга оширилган санадан 12 ойдан ошмайдиган даврга озод этиладилар. ҚМЧни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун тўловни ҳисоблаш тегишли даврларда амалда бўлган тарифлар бўйича амалга оширилади. Тўлов чекланмаган ҳолда ўз хоҳиши бўйича, ҳар қандай тўловларни қабул қилувчи банк муассасаси ва кассалари орқали нақд ва пул ўтказиш шаклида, шу жумладан пластик карточкадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади (Қоидаларнинг 42-банди).

– Қандай ҳолларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларига ҳақ тўлаш миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш мумкин?

– Ижрочи тўловларнинг қайта ҳисоб-китобини ҳисоб-китоб қилиш вақтида арифметик хатога йўл қўйилганда; истеъмолчига зарур даражадаги ёки тегишли сифатда бўлмаган хизматлар кўрсатилганда тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолларда амалга оширади (Қоидаларнинг 44-банди).

– Агар ижрочи чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя этмаса, тўлов қандай тартибга солинади?

– ҚМЧни олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги ёки белгиланган муддатлардан ортиқ узилишлар билан хизматлар кўрсатилганда, ушбу даврда хизматлар учун тўловлар миқдори камайтирилади (Қоидаларнинг 45-банди).

– Истеъмолчи хизматлар кўрсатилмаганлиги далилини қандай қилиб исботлаши керак?

– Бунинг учун истеъмолчи, ижрочининг вакили, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ХУМШ вакили томонидан имзоланадиган, хизматлар кўрсатилмаганлигини ёки лозим даражада бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганини тасдиқловчи факт бўйича далолатнома тузилади. Далолатнома маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек ўз мажбуриятларини бузгани сабабли ижрочининг жарима (неустойка) тўлаши учун асос ҳисобланади. Ижрочи томонидан истеъмолчининг ҳаёти, саломатлиги ва мулкига зиён етказилган ҳолатларда етказилган зарар факти қайд этилган далолатнома тузилади, у ижрочи ва истеъмолчиларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Истеъмолчи, ижрочининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ХУМШ вакилларининг имзолари бўлгандагина далолатнома ҳақиқий ҳисобланади (Қоидаларнинг 46-банди).

– Агар ижрочи далолатномани тузиш учун келмаса ёки уни имзолашдан бош тортса, нима қилиш керак?

– Ижрочининг вакили келмаган тақдирда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ХУМШ вакилининг имзоси етарли бўлади. Ижрочининг вакили далолатномани имзолашдан бош тортса, бош тортганлик сабабларини ёзма равишда асослаши шарт. Акс ҳолда, истеъмолчи ҚМЧни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни суд қарори қабул қилингунгача тўхтатишга ҳақлидир (Қоидаларнинг 46-банди).

– Квартирага 5 киши прописка қилинган, чиқиндини олиб чиқиб кетиш учун бир киши номидан тўлашади. Ушбу масалани Қоидалар қандай тартибга солади?

– Истеъмолчи билан бирга рўйхатда бошқа шахслар ҳам бўлса ва улар ҳақида ижрочи ўз вақтида огоҳлантирилмагани аниқланганда, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган, ҳақиқатда яшаб келаётган даврдан бошлаб ҚМЧни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматларнинг тўлиқ ҳисоб-китоби амалга оширилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда – ўтган 3 ой учун ҳисоб-китоб қилинади (Қоидаларнинг 47-банди).

 

*Мазкур Қоидалар «СБХ» газетасининг 16.09.2014 йилдаги 37 (1049)-сонидаги ҳужжатлар пакетида эълон қилинган.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2875 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика