Norma.uz

Уйнинг ораста ва шинам бўлиши ўзимизга боғлиқ

Гули АКБАРОВА, Тошкент шаҳридаги «Азиз Обидов биринчи коммуналчи» ХУМШ бошқаруви аъзоси:

Бизнинг тўққиз қаватли уйимиз тарихи уй-жой ва коммунал хўжалиги тўғрисидаги фильм сценарийси учун муносиб асос бўлиши мумкин деб ўйлаб қоламан баъзан. Бу – одамларни ўзлари яшайдиган уйнинг чинакам соҳиби бўлишга ўргатадиган фильм бўлур эди. Кўп қаватли уйга унда яшайдиган одамларнинг муносабати, психологияси нақадар ўзгариб кетганлигига қаранг. Даставвал бу кўп қаватли уйларнинг шунчаки улкан ҳамжамияти эди. Кейинчалик бошқарувнинг мақбул шаклини излаб, унинг таркибидан бир гуруҳ кўп қаватли уйлар ажралиб чиқди. Сўнгра уйимиз аҳли бизнинг тўққиз қаватли уй негизида ширкат тузди. Квартира мулкдорларининг ХУМШга бирлашуви энг самарали усул эди. Умумий мол-мулкни асраш ва яхши сақлашнинг ҳар хил шаклларини синаб кўриб, охир-оқибат энг мақбул вариантга тўхталдик – профессионал бошқарувчи компания бошқарувига уйни шартнома бўйича топширдик. Ўтган ўша йилларнинг асосий сабоғи шу бўлдики, ХУМШ деганлари аслида бизнинг ўзимиз экан. Уйнинг қандай бўлиши ўзимизга боғлиқ, бинобарин уни қай ҳолатда кўрмоқчи бўлсак, шундай қилиш қўлимизда экан.  

 

БАЛКИ ФОНТАН ҲАМ ҚУРИБ ОЛАРМИЗ!

Ширкатимизни кўкларга кўтармоқчи эмасман. Лекин тўққиз қаватли уйимиз ҳозир ўн йил аввал биз орзу қилган даражага етди. Тўғри, мукаммалликка тўлиқ эришилди, дейиш қийин. Томдан чакки ўтмаётганлиги рост, барча квартираларда иссиқлик рисоладагидек – бизда ҳамма жойда коммуникацияларнинг янги тизимлари ўрнатилган. Йўлакларда – домофонли яп-янги эшиклар. Ҳар бир йўлак тепасида қулинг ўргилсин деса бўладиган соябон, лифтлар ва электр хўжалиги жуда батартиб. Зарурати бўлганда, кредитлар олиб ишлатмоқдамиз, қарзни кўпинча муддатидан олдин узамиз, негаки бизда бадал ва тўловлар тўлашда қарздорлар йўқ. Биринчи навбатдаги таъмирлаш ишларидан қутулганимиз учун ҳам олган кредит пулларини бошқа уйдагилар ҳою-ҳавас деб ҳисоблайдиган ишларга сарфлаймиз. Масалан, йўлаклардаги эски ромларни пластик ромларга алмаштирдик. Кўп ишларни ўз ҳисобимиздан амалга оширамиз. Келгусида қилинадиган ишларни режалаштираётганимизда баъзи оғзи чаққонлар ҳазил тариқасида уйнинг олдида фонтан барпо этишни тавсия қилишди. Ҳадемай болалар ўйин майдончаси ва ХУМШ аъзолари учун автомобиль қўядиган жой барпо этмоқчимиз. Балки шу ҳаракат асносида фонтанли ҳам бўлиб қолармиз...

Кўп қаватли уйни, таъбир жоиз бўлса, тирик организмга ўхшатиш мумкин. Унинг соғлиғини мунтазам кузатиб, текшириб бориш зарур. Профилактика ва текширув ишларини вақтида ўтказиш, уйнинг ҳолатида кўнгилсизликлар бўлмаслиги учун керакли чора-тадбирларни вақтида кўриш зарур. Тўққиз қаватли уйимизни тўлиқ хизмат кўрсатиши учун шартнома бўйича «Берёза коммунал сервис» бошқарувчи компанияга топширганимиз сабабли ҳам кўп ишларнинг уддасидан чиқаётирмиз деб ўйлайман. Бу компания шаҳримиздаги энг яхши бошқарувчи компаниялардан биридир. Компания биз буюртма берган ишларни бажаришдан ташқари, уй аҳлини жипслаштиришга, уларда чинакам соҳиблик туйғусини шакллантиришга ёрдам бермоқда. Бусиз тузукроқ ютуққа эришиш мушкул. Зотан, барча одамлар ўзлари яшаб турган уй ўзлариники эканлигини тушуниб олишлари ва англаб етишлари даркор. Ширкат яхши ишламаётганлиги хусусидаги барча шикоятлар аслида уй аҳлининг ўзи устидан қилаётган шикоятидир. Хўш, нима учун ХУМШ у ёки бу ишни бажара олмайди. Негаки, кўп ширкатларда бунга маблағ етишмайди. Маблағ етишмаслиги боиси, одамлар бадал ва тўловларни тўламайдилар, чунки тўлаётган бадаллари нималардан таркиб топиши ва нималарга сарфланишини билмайдилар.

 

ТЕРГОВНИ... ШИРКАТ ОЛИБ БОРАДИ

Бугунги кунда турар жой мавзеларида кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларнинг санитария ҳолати масаласи кескин бўлиб турибди. Баъзи-баъзида одамларга нима бўлган ўзи, деб ўйлаб қоламан. Ҳовлилар ахлат билан «безанган», одамлар уларни ахлатхонага олиб боришга эринадилар шекилли, ҳар қалай, бу ишни атайлаб қилмасалар керак деб ўйлайман. Фаррошлар келиб ҳовлини супуриб-сидириб, ораста қилиб кетишлари билан уй яқинига, ариқлар ёқасига целлофан пакетларда ахлат ташлаб кетишади. Илгарилари ахир бундай бўлмасди-ку! Озодаликни сақлаш ҳақидаги эълонлар ва даъватларнинг самараси бўлмаяпти. Иш шунгача бориб етдики, ахлат ташлаб кетган бефаросатларни аниқлаш умидида целлофан пакетдаги ахлатларни текшириб кўришга мажбур бўлдик. Ҳаракатимиз зое кетмади – чиқиндилар орасида ғижимланган бир варақда ёзилган аризага қараб уй соҳибасини қидириб топдик. Шу йўсин унга учрашсак, аёл «Бу менинг ишим эмас, ахлатни ўғлим ташлаб келган эди» деб изоҳ берган бўлди. Демак, у ўз фарзандига нима яхшию, нима ёмон эканлигини тушунтирмаган, демак, бола тарбиясида сакталик бор. Бошқа бир ахлат тўла целофан пакетдан касса чеки топилди. Олинган озиқ-овқат маҳсулоти учун тўлов пластик карточка ёрдамида амалга оширилган экан. Карточка эгасининг исми-шарифи чекда мужассам. Хуллас, тарбиявий йўналишдаги ишимиз, изланишларимизни сомонхонада нина қидиришга ўхшатиш мумкин.

Баъзан ахлат солинган целлофан пакетни ойнадан шундоққина пастга итқитиб юборишганлигини кўриб қоласан киши. Ана шу одамлар илгари маҳалладаги уйларда яшаган, ҳовлиларини ҳам, уйларига туташ ҳудудларни ҳам ҳамиша озода ва ораста тутишган. Ўшанда хонадонларнинг супуруқсиз бўлиши айб саналган. Бу нарса халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эди. Шундай анъана руҳида тарбияланган одамлар кўп квартирали уйларга кўчиб ўтгач, нима сабабдан бунчалик ўзгариб қолди экан – сира тушуна олмайман.

Санитария-эпидемиология станцияси ёки санитария милициясига ахлат тўла ўша целлофан пакетни белгиланган жойга ташламаганлик учун уни ташлаб кетган одамни топишдан кўра ширкатга жарима солиб қўя қолиш осон шекилли. Ҳолбуки, қонун ҳужжатларига мувофиқ улар шундай қилишлари лозим, яъни озодалик ва санитария бобида саранжомликни таъминлаш нормалари ва қоидаларини бузганлик учун жарима жазосини фуқароларга нисбатан ҳам, мансабдор шахсларга нисбатан ҳам қўллаш ҳуқуқига эгадир. Ширкатда эса бундай ваколат йўқ.

 

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИШ ВА ҚАЙТА ҚУРИШ ҲАҚИДА

Кўп оилалар янги уйга кўчиб киргач, ўз квартираларини ўйламай-нетмай қайта қуришни бошлаб юборадилар. Квартиралардан бирида умуман барча деворларни олиб ташлашибди – бу аввало қонун ҳужжатларини қўпол тарзда бузиш, қолаверса хавфсизликка таҳдиддир. Квартира эгалари: «Техник инвентаризация бюросига бориб учрашган эдик, улар, квартира мулкдори ўзингиз, бинобарин квартирада нима хоҳласангиз шуни қилишингиз мумкин», – деган баҳонани рўкач қилишди. Улар бундай дейиши мумкин эмас. Қайси турар жойга қараманг, ҳаммасида одамлар хоҳлаган тарзда қайта қуриш ҳаракатига тушишган. Ўзбошимчалик билан қуриш ишларини ким назорат қилмоғи керак? «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин матнда ХУМШ тўғрисидаги Қонун деб юритилади) 15-моддасида назарда тутилишича, ширкат умумий мол-мулкни асрашни таъминлаш мақсадида мулкдорларнинг жойларини белгиланган тартибда қайта қуриш, ўзгартириш, қайта жиҳозлашни келишиб олишни амалга оширади. Аммо бу тартиб қай йўсинда амал қилиши керак? Ҳозирча бу қуруқ гап бўлиб қолмоқда. ХУМШ ўз квартирасида қайта қуриш ишларини олиб бораётганларга нисбатан таъсир кўрсатишнинг ҳеч қандай омилига эга эмас. Квартирасини ўзбошимчалик билан қайта қураётган ёки Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузганлик шу йўналишда иш олиб бораётганлик ҳоллари аниқланган тақдирда ҳокимликка, маҳалла фуқаролар йиғинига ёки туман архитектура ва қурилиш бошқармасига мурожаат қилиш лозим. Улар далолатнома тузишлари ва ишларни тўхтатиш ҳақида тегишли кўрсатма беришлари керак (Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 23.03.2006 йилдаги 20-сон буйруғи билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда биноларнинг мустаҳкамлиги хавфсизлигини таъминловчи хоналарни қайта қуриш, ўзгартириш ва қайта жиҳозлашни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 25-банди (ШНК 1.04.05–06).

Кўп квартирали уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш, уларда капитал таъмирлаш ишларини ўтказиш борасида бугунги кунда ўз ёрдамларини тавсия қилаётган тузилмалар оз эмас. Бу дуруст натижалар бермоқда. Аммо баъзилар ХУМШ ишига асоссиз равишда аралашмоқда, уларга нима қилиш кераклигини баланддан туриб ўргатмоқда. Иш рисоладагидек бормаётган жойларда бошқаларнинг бу йўсин «ақл ўргатиши» ўринли бўлса бордир. Аммо гап иши юришиб турган ширкат ҳақида, уй аҳли нималар қилиш кераклигини, мўлжалланган ишларни қайси маблағлар ҳисобидан амалга ошириш масаласини мустақил тарзда ҳал этаётган ширкатларда бу тарзда маъмурий йўл-йўриқ кўрсатиш фойдадан кўра кўпроқ зиён келтириши турган гап. Мана битта мисол. Бизда умумий йиғилишда тасдиқланган ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси бор, ана шу сметага мувофиқ таъмирлаш ишларини ва умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни амалга оширамиз. Шу мақсадда қарз маблағларидан фойдаланмоқдамиз. Аммо бизни зўр бериб ертўлани оқлашга ундамоқдалар. Бизнинг ертўламиз қуруқ, яхшилаб таъмир қилинган, озода. Унинг баландлиги 6 м. Оқлаш учун тахминан 7,5 млн сўм сарфлашимизга тўғри келар экан. Режалаштирилмаган, сметага киритилмаган, бу иш учун шунча пулни қаердан оламиз? Қолаверса, ертўлани оқлаш ишларини ўтказишга зарурат ҳам йўқ.

 

ПРОПИСКАДА БИР КИШИ БЎЛГАНИ БИЛАН КВАРТИРАДА БЕШ КИШИ ЯШАМОҚДА

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати намунавий уставининг (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон Қарорига 1-илова) 6.2-бандида ширкат аъзосининг ширкатга мулоқот учун ҳамда у ёки унинг вакили билан боғланиш мақсадида маълумотлар бериш ва шу турдаги маълумотлар ўзгарган тақдирда ширкатни дарҳол хабардор қилиш мажбурияти белгилаб қўйилган.

Борди-ю, квартира эгаси турар жойни ижарага берган тақдирда ширкатга бу ҳақда 10 кун муддатда, шунингдек умумий харажатларда иштирок этиш бўйича мажбуриятларини ижара шартномаси асосида ижарачига берган-бермаганлиги тўғрисида хабар бериши лозим. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддасида айни шу нарса назарда тутилган. Квартира сотилган тақдирда эса мулкдор бу ҳақда ширкатга хабар бериши ҳамда янги мулкдор тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши лозим. Аммо ҳозир бундай қилинмаётир. Оқибатда ХУМШ учун муайян квартирада ким яшаётганлигини аниқлаш мураккаб кечмоқда. Ҳозир бизда квартирада ижарада турганлар кўп, баъзилари вақтинча пропискадан ўтган, баъзилари эса бундай қилмаган. Одамлар ХУМШга маълумотнома сўраб мурожаат қиладилар, ширкатдагилар уларни биринчи марта кўриб турганликлари сабабли, ким эканликлари ва қайси квартирада яшаётганликларини билмайдилар. Мажбурий бадаллар ва тўловлар тўлаш, шанбаликка чиқиш масаласи кўтарилганда, улар ижарадор эканликларини пеш қиладилар. Маълумотнома керак бўлиб қолганда эса, квартира эгаси сифатида ширкатга югуриб қоладилар. Аслида бундай бўлмаслиги лозим. Ширкат деганлари уй аҳлининг барчасига яқин бўлиши ва шу кўп қаватли уйда яшаётганларнинг ҳаммасини беш қўлдек билмоғи керак. Уларни ҳисобга қўйиш эса, участка профилактика инспектори ваколати доирасидаги ишдир.

Қонун ҳужжатларида турар жой ижарага (арендага) берилганда нотариал тарзда тасдиқланган шартнома тузилиши шарт эканлиги назарда тутилган. Бундай шартнома тузилмаганлиги эса маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Шартномада ижарага олувчи ва ижарага берувчининг манзили тўлиқ кўрсатилмоғи даркор. Балки шу ўринда ХУМШдан маълумотнома олиш учун ижарачи шундай шартномани кўрсатиши шарт деган талабни киритиш ўринлидир. Илгарилари пропискадан ўтиш учун уй-жойдан фойдаланиш идорасидан маълумотнома талаб этилар эди. Ана шу унутилаёзган таомилни яна тиклаш ва шу йўл билан ХУМШда ҳисобга туриш жоизлигини белгилаб қўйиш, участка профилактика инспектори билан бу борада қўлни қўлга бериб ишлаш балки ўринлидир.

Ҳар ким ҳам шинам, озода ва қулай уйда яшагиси келади, албатта. Уйни ана шундай қилиб қўйиш учун шу уйда яшайдиганлар бир-бири билан келишиб олиши, ўз фикр-мулоҳазаларини қўни-қўшниларнинг фикр-мулоҳазалари ва манфаатлари билан уйғунлаштирмоғи лозим. Хуллас, ўзимиз яшайдиган кўп қаватли уйнинг ободлиги, қулайлиги ва шинамлиги фақат ўзимизгагина боғлиқдир.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 1294 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика