Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 36 / Солиқ солиш амалиёти

Устав капиталига кўчмас мулк берилса

Ташкилот ўзига тегишли бинони бошқа ташкилотнинг (масъулияти чекланган жамият) устав капиталига ҳисса сифатида беряпти. Кўчмас мулк берилишини қандай қилиб ҳужжат асосида расмийлаштириш керак, бунда қўшилган қиймат солиғи бўйича қандай мажбуриятлар юзага келиши мумкин?

 

БИНО БЕРИЛИШИНИ ҲУЖЖАТ АСОСИДА РАСМИЙЛАШТИРИШ

Ҳар бир иштирокчининг устав капиталига ҳиссаларни киритиш муддатлари, ҳажмлари, тартиби ва уларнинг баҳолари таъсис ҳужжатларида ва (ёки) зарурат бўлганда муассисларнинг алоҳида қарорларида назарда тутилади. Жамият иштирокчилари томонидан устав капиталига ҳисса сифатида киритилаётган мол-мулкнинг қиймати улар ўртасидаги аҳдлашув бўйича белгиланади.

5-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС) «Асосий воситалар»нинг1 10-бандига кўра, асосий воситалар бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинади. Шунингдек мазкур Стандартнинг 14-бандида кўрсатилишича, корхона устав капиталига улуш ҳисобидан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати деб, агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, корхона муассислари (иштирокчилари) томонидан келишилган уларнинг пулдаги баҳоси тан олинади.

Жамият иштирокчилари томонидан киритиладиган ва жамиятга учинчи шахслар томонидан қабул қилинадиган жамият устав капиталига пул кўринишида бўлмаган ҳиссаларнинг пулдаги баҳоси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланади, қарорни жамиятнинг барча иштирокчилари бир овоздан қабул қилишлари керак. Бунда профессионал баҳоловчи ташкилотнинг мустақил баҳоси талаб қилинмайди, бино тўлиқ ёки қисман давлатга тегишли бўлган ҳоллар бундан мустасно. Муассислар (иштирокчилар) мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, кейинчалик низолар юзага келишига йўл қўймаслик учун мол-мулкни мустақил баҳолашга ҳақлилар.

Юқорида баён этилганлар муносабати билан масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) кўчмас мулкни (бинони) жамият иштирокчилари қабул қилган қарорда қайд этилган ва (ёки) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган қиймат бўйича балансга қабул қила олмайди.

Шунингдек, Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг2 37-бандига кўра, асосий воситалар уларни улуш сифатида устав капиталига берадиган корхона ва ташкилот балансидан баланс қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади. Бунда корхона ва ташкилотлар асосий воситаларни бошқа корхоналарнинг устав капиталига улуш сифатида қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибга мувофиқ баланс қийматидан фарқ қиладиган бошқа қийматда беришлари мумкин.

Бино қабул қилувчи томонга топширилганда Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби билан белгиланган шакл бўйича ҳисобварақ-фактура ёзилади. Тартиб Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига3 илова билан тартибга солинган.

Бундан ташқари, мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш мақсадга мувофиқдир, у мол-мулкнинг бир шахсдан бошқасига амалда берилганлигини тасдиқлайди. Амалий тавсия сифатида унинг ҳолати ва фойдаланиш тавсифлари хусусида эҳтимолий низоларни тартибга солиш учун берилаётган мол-мулкнинг ҳолатини (нуқсонлари, камчиликлари ва ҳоказо) далолатномада қайд этишни таклиф қиламиз.

Бунда шуни эътиборга олиш муҳимки, Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг4 40-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган бинолар ва иншоотлар улар томонидан янги яратилган юридик шахсларнинг устав фондига киритилган тақдирда, ушбу бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи янги яратилган юридик шахслар номига рўйхатдан ўтказилади.

Амалиётда баъзи корхоналар қабул қилиш-топшириш далолатномасини ҳисобварақ-фактура ёзмасдан расмийлаштиришни афзал кўрадилар, бунда улар «агар ҳужжатда ҳисобварақ-фактуранинг барча реквизитлари ва ахбороти бўлса, уни ёзиш керак эмас» деб ўйлайдилар. Бироқ шунга эътибор бериш лозимки, Солиқ кодекси (СК) 222-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра ҳисобварақ-фактура учун белгиланган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ишларни (хизматларни) ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштиришга рухсат берилган.

Шу тариқа, устав фондига киритиладиган асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган қурилиш бўйича хатарлар СКнинг 218-моддасига кўра ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мол-мулкка қараганда камроқ бўлади. Чунки тўғри расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурасиз, фақат «ҳисобварақ-фактура реквизитлари» билан қабул қилиш-топшириш далолатномаси мавжуд бўлганда бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси камайтирилиши хусусида низолашиш мумкин.

 

ҚҚС БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАР

Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари бўлиб, тегишинча, солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги корхоналар ва ҚҚСни ихтиёрий равишда тўлайдиган ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланадилар.

СКнинг 199-моддаси биринчи қисмида белгиланишича, устав капиталига қўшилган ҳисса СКнинг 200-моддасига мувофиқ ҚҚС солинадиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотидир.

Ташкилот устав капиталига ҳисса сифатида кўчмас мулк (бино) бераётганлиги сабабли мазкур операция қўшилган қиймат солиғи солинадиган объект ҳисобланади. Бунда шуни ҳисобга олиш муҳимки, кўчмас мулк бошқа ташкилотнинг устав капиталига берилганда ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш мажбурияти берувчи ташкилотда юзага келади. Яъни кўчмас мулк (бино)ни МЧЖнинг устав капиталига киритган ташкилот қўшилган қиймат солиғи тўловчисидир.

Мазкур ҳолда масъулияти чекланган жамиятда, ҳатто бинонинг келишилган қиймати муассисда (иштирокчида) ҳисобга олинган қолдиқ қийматдан ошган тақдирда ҳам, ҳеч қандай солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.

ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база СКнинг 204-моддасига мувофиқ белгиланади. Мазкур ҳолда устав капиталига ҳисса сифатида бино, яъни асосий восита берилаётганлиги сабабли, солиқ солинадиган база жамият иштирокчилари келишиб олган қиймат билан қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳам ўз ичига оладиган қолдиқ қиймат ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади.

ҚҚСни ҳисоблаш тартибини мисолларда кўриб чиқамиз.

 

1. Ўтказилган қайта баҳолашларни ҳисобга олганда бинонинг дастлабки (тиклаш) қиймати 40 000,0 минг сўмни, ҳисоблаб ёзилган амортизация 20 000,0 минг сўмни, бинонинг қолдиқ қиймати 20 000,0 минг сўмни (40 000,0 – 20 000,0) ташкил этади. Агар бинонинг жамият иштирокчилари келишган қиймати 32 000,0 минг сўмни ташкил этса, солиқ солинадиган оборот миқдори 12 000,0 минг сўмга (32  000,0 – 20 000,0) тенг бўлади. Бюджетга 2 000,0 минг сўм (12 000,0 х 20 / 120) ҚҚС суммаси тўланади.

2. Агар бинонинг қолдиқ қиймати 20 000,0 минг сўмни ва бинонинг жамият иштирокчилари келишган қиймати 20 000,0 минг сўмни ташкил этса, солиқ солинадиган оборот миқдори 0,0 сўмни (20 000,0 – 20 000,0) ташкил этади. ҚҚС суммаси ҳам 0,0 сўмни (0,0 х 20 / 120) ташкил этади, яъни солиқ солинадиган оборот мавжуд эмас.

3. Агар бинонинг қолдиқ қиймати 20 000,0 минг сўмни ва бинонинг жамият иштирокчилари келишган қиймати 15 000,0 минг сўмни ташкил этса, ушбу мисолда ҳам солиқ солинадиган оборот мавжуд эмас, чунки келишилган қиймат қолдиқ қийматдан кам.

 

МЧЖ бинони корхона балансига иштирокчилар келишган қиймат бўйича қабул қилади. Агар муассисда ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият вужудга келса, мазкур солиқ суммаси ҳиссанинг (бинонинг) иштирокчилар келишган қийматига ҳеч ҳам таъсир кўрсатмайди. Муассис (иштирокчи) ҳисоблаб ёзган ҚҚСни олувчи томон – МЧЖ СКнинг 219-моддасига кўра ҳисобга қабул қила олмайди.

 

БИНО БЕРИЛИШИНИ ИККАЛА ТАШКИЛОТНИНГ БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИДА АКС ЭТТИРИШ

Ташкилот томонидан бинони ҳисса сифатида бошқа ташкилотнинг устав капиталига бериш бухгалтерия ҳисобида қуйида келтирилган тартибда акс эттирилади.

Мазкур бинони бераётган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида операцияларни акс эттириш

Операциянинг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Бино устав капиталига ҳисса сифатида таъсис ҳужжатларига мувофиқ белгиланган қиймат бўйича берилган

 

0600-«Узоқ муддатли инвестицияларни

ҳисобга олиш»

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

ҚҚС ҳисоблаб ёзилган (агар солиқ солинадиган база мавжуд бўлса)

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Бинонинг дастлабки қиймати ҳисобдан чиқарилган

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

0120-«Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар»

 

Бинонинг жамғарилган эскириши ҳисобдан чиқарилган

 

0220-«Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Бино бериш бўйича харажатлар қилинган

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Материалларни ҳисобга олувчи счётлар (1000), меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишларни ҳисобга олувчи счётлар (6700), суғурта ва мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (6500) ва бошқа тегишли счётлар

 

Резерв капиталини ҳисобга олувчи счётда ҳисобга олинадиган бинони қайта баҳолаш сальдоси ҳисобга олинган

 

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Бинони устав капиталига ҳисса сифатида беришдан фойда акс эттирилган

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»

 

Бинони устав капиталига ҳисса сифатида беришдан зарар акс эттирилган

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

 

Мазкур бинони балансга қабул қилаётган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида операцияларни акс эттириш

Операциянинг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Муассиснинг устав капиталидаги улушни тўлаш бўйича қарзи акс эттирилган

 

4610-«Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи»

 

8330-«Пай ва улушлар»

 

Устав капиталига ҳисса сифатида олинган бино ҳисобга қабул қилинган*

 

0820-«Асосий воситаларни харид қилиш»

 

4610-«Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи»

 

Бинони фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш бўйича харажатлар қилинган

 

0820-«Асосий воситаларни харид қилиш»

 

Материалларни ҳисобга олувчи счётлар (1000), меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишларни ҳисобга олувчи счётлар (6700), мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар (6500) ва бошқа тегишли счётлар

 

Бино фойдаланишга топширилди

 

0120-«Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар»

 

0820-«Асосий воситаларни харид қилиш»

 

 

*Шуни қайд этиш лозимки, баъзи корхоналар Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича йўриқномада5 келтирилган проводкага амал қиладилар, унда Кт – 4610, Дт – 0100 проводкаси таклиф этилади. Муаллифнинг фикрича, бино ва амалда фойдаланилмайдиган ёки мукаммал таъмир ёхуд реконструкцияни талаб қиладиган бошқа асосий воситалар билан боғлиқ вазиятда мазкур проводкадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки амортизацияни асоссиз ҳисоблаб ёзиш хатарлари ва бошқа хатолар юзага келиши мумкин.

 

P.S.

Муаллиф мазкур масалани тадқиқ қилиш давомида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганганлигига эътибор қаратиш лозим. Жавоб муаллифнинг саволда баён этилган вазиятни тушунишидан келиб чиқиб билдирган профессионал фикрини ифодалайди.

Ушбу материалда баён этилган фикр масалаларни қўшимча ўрганиш ва чуқурроқ муҳокама этиш учун имконият қолдиради. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муайян вазиятда қўллашдан олдин уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш ва вазиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ мақбул тарзда ҳал этиш учун профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова.

4ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарорига 1-илова.

521-сон БҲМСга 2-илова (молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).

 

Бобур АРТУКМЕТОВ,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN» компаниялар гуруҳининг
солиқ амалиёти бўйича мутахассиси.

 

Давоми бор.

Прочитано: 2690 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика