Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 36 / Янги қонун

Акциядорлар электрон шаклда хабардор қилинади

Шу йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

 

Янги таҳрирдаги қонунда акциядорлик жамиятлари расмий веб-сайти ва электрон почта манзилларига эга бўлиши, акциялари фонд биржасининг расмий листингига киритилган жамиятлар ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни фонд биржасининг расмий веб-сайтида ошкор этиши талаблари ҳамда акциядорлик жамиятлари акциядорларга ҳужжатларни электрон шаклда тақдим қилишга ҳақлилиги белгиланган.

Илгарилари акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарни ошкор қилиш матбуотда эълон қилиш билан бирга ҳар бир акциядорга билдиришнома юбориш орқали амалга оширилар эди. Энди ана шундай хабарлар жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва акциядорларнинг электрон манзилига юборилиши белгилаб қўйилди.

Мазкур талабларни янада мустаҳкамлаш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шунингдек, акциядорлик жамиятлари корпоратив веб-сайтлари ва уларга жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотга қўйиладиган талабларни белгилашда Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 2 июлдаги «Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор билан мулкдорлар, инвесторлар ва ишбилармонларга маълумот олишлари учун имконият яратиш мақсадида Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, у 2015 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади.

Қарорда жамиятнинг корпоратив веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотлар рўйхати берилган. Жамиятнинг устави, уни ривожлантириш стратегияси, ташкилий тузилмаси, аффилланган шахслар рўйхати, корпоратив бошқарув кодекси, чорак ва йиллик ҳисоботлар, акциядорларга ҳисобланган ва тўланган дивидендлар ҳақидаги ахборотлар шулар сирасидандир.

Юқорида қайд этилган қарор билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ҳам ўзгартиришлар киритилган. Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга уюшган бозорда қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказишни фақат электрон шаклда амалга оширишни, қимматли қоғозлар билан операцияларга доир чекловларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Эндиликда биржа ва биржадан ташқари савдо ташкилотчиларида қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш электрон шаклда амалга оширилади. Бу қимматли қоғозларга доир битимларни қисқа вақтда амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, низомга киритилган ўзгартиришга биноан инвестор акциядорлик жамияти устав капиталининг 20 ва ундан ортиқ фоиз акцияларини олганлиги ҳақида ахборотни ошкор этиши шартлиги белгиланган.

Фонд биржаси ва бошқа қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари инвесторлардан сотишга қўйиладиган қимматли қоғозларни баҳолашнинг олдиндан ўтказилишини талаб қилишга ҳамда қимматли қоғозларни номинал қийматидан паст нархда сотишни тақиқлашга ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди. Низомда қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйиш жараёнига ҳам аниқликлар киритилди. Жумладан, чеклов қўйиш талабномасида акс эттирилиши керак бўлган маълумотлар аниқ белгиланди. Олдин бундай меъёрнинг йўқлиги чекловни қўйиш муддатининг асоссиз чўзилишига олиб келарди. Депозитарий томонидан қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйилганлиги тўғрисида қимматли қоғозлар эгасини икки иш куни ичида хабардор қилиш шартлиги белгиланди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 2038 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика