Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 35 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Ўриндошлик асосида ишлашнинг ҳам қоидалари бор

Кейинги пайтларда ўриндошлик асосида ишлаш жуда оммалашиб бормоқда. Меҳнатга оид муносабатларнинг ана шу шакли айниқса бухгалтерия ҳисоби мутахассислари ўртасида кенг тарқалган. Бугунги кунда кўпгина бухгалтерлар иккита, учта ва ундан ҳам кўпроқ корхонада ишлашнинг уддасидан чиқмоқдалар. Бундай шароитда барча дебетлар кредитлар билан учма уч келишини таъминлашга улар қандай улгураётганликлари хусусидаги савол билан мухбиримиз
NBU «
INVESTMENT» ОАЖ бош бухгалтери, сертификатланган аудитор Татьяна АРЕФЬЕВАга мурожаат қилди. Тажрибали бухгалтер билим ва истак бўлса, бирйўла бир неча фирма ишини бемалол олиб бориш мумкин, деб ҳисоблайди. Энг муҳими, мутасаддилик қилинаётган фирмаларнинг фаолияти бир турда бўлишида, мутахассиснинг эса ўз касбига иштиёқи ва меҳри баландлигида экан.

 

– Татьяна Николаевна, ўриндошлик асосидаги ишда, сизнинг фикрингизча, нималар ютуқни таъминлайди?

– Энг аввало, гап бухгалтернинг ўзини ишга қанчалик чоғлаганлигида, ўзига, ўз билимига бўлган ишончидадир. Мабодо мутахассис бир неча фирма ҳисобини олиб боришга бел боғлаган бўлса, ишни пайсалга солмаслик керак. Қолган ишларни ўзининг асосий иши соҳасидан йироқламаган ҳолда олиб боришни тавсия қилган бўлур эдим. Айтайлик, сиз ишлаб чиқариш соҳасидаги бухгалтерия билан машғулсиз, демак ўриндошлик асосидаги ишни саноат корхонасидан излаганингиз маъқул. Бордию, умумий овқатланиш соҳасида ишлаб турган бўлсангиз, бошқа ресторан, қаҳвахона ва шу сингариларда ўзингизни синаб кўринг. Шу йўсин иш тутилса, учта ташкилотда бухгалтерия ишини бемалол олиб бориш мумкин.

Яхши, ишончли, энг муҳими, масъулиятни ҳис этадиган ёрдамчингиз бўлсин. Ўриндошлик асосида ишлаётганда тўловни шошилинч равишда амалга ошириш ёки ҳисобварақ-фактурани тез расмийлаштириш лозим бўладиган, бухгалтер эса бу пайтда бошқа иш жойида ишлаётган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ана шундай кезлари юқорида айтиб ўтилган ёрдамчи нажоткор бўлади.

Табиийки, ўз касбига қизиқиш, меҳр-муҳаббатнинг ўрни бўлак. Агар бухгалтер шунчаки наф кўриш учун ишлаётган, аслида, бундай иш жараёнидан қониқиш ҳосил қилмаётган бўлса, ўзига шунча оғирликни олишга на ҳожат?

– Бир пайтлар «кўпдастгоҳчилик» деб юритилган ҳаракатга ўхшаб кетадиган бу йўсинда ишлашнинг асосий афзалликлари ва камчиликлари, сизнинг назарингизда, нималарда яққол кўзга ташланади?

– Қўшимча иш ҳақи тарзидаги наф, малака ошириш ва янги тажриба орттириш бу хил ишнинг афзаллик жиҳатлари бўлиб, ҳар бир бухгалтер бунақа «бисот»ни бойитиб бормоғи керак. Ёмон жиҳати йўғ-у, лекин мураккаблиги бор бу ишнинг. Зотан, масъулият ошади, вақтни аниқ ва тўғри режалаштириш лозим бўлади. Биргина мисол: қурилишда ҳисобварақ-фактураларни ҳар ойнинг охирида, ишлаб чиқаришда эса товар етказиб берилишига қараб тугаллайдилар. Мижозлар ва контрагентлар бухгалтерия билан ҳар хил вақтда боғланадилар. Агар сиз ишлаётган корхоналар турли солиқ инспекциялари ҳисобида турадиган бўлса-ку, иш янада мураккаб деяверинг, роса бош қотиришга тўғри келади.

– Шундай қилиб асосий муддаога келдик, шекилли. Хуллас, ҳаммасига қандай қилиб улгуриш мумкин?

– Ҳамма-ҳаммасида аниқлик ва пухталик ёрдам беради. Энг аввало, саъй-ҳаракат ва куч-ғайратингизни иш хусусиятидан келиб чиқиб, тўғри тақсимлашни ўйланг. Шахсан мен дуч келган вазиятни олайлик: иккита ташкилотда – ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотда ишлайман. Қурилишда иш жойимда уззу-кун бўлишим унча шарт эмас. Одатда бундай ташкилотларда ишлаб чиқариш-техника бўлимлари бўлади ва улар сметалар, далолатномалар, бошқа бирламчи ҳужжатлар билан шуғулланадилар. Шундай қилиб, вақтимни 60–40% нисбатида белгилаб оламан, бошқача қилиб айтганда, иш вақтимнинг 60%ини ишлаб чиқаришга, 40%ини эса қурилишга бахшида қиламан.

Олдинга қўйилган вазифаларнинг аниқ, пухта бўлиши ҳам муҳим саналади. Кундалик тутиб ҳамма нарсани ён дафтарга ёзиб боринг, махсус компьютер дастурларидан фойдаланинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам вазифаларингизни ва уларнинг устуворлигини албатта қайд этиб боринг.

Иш кунлари ва иш вақтини аниқ белгилаб олишда ҳам гап кўп. Бир иш жойида ҳафтасига уч марта, бошқасида эса, ҳафтасига икки марта бўласиз дейлик. Бунда, энг муҳими иш жадвалингизни мижозлар, субпудратчилар билан бўладиган мулоқот жадвалига мослай билишдир. Баъзан бухгалтер иккала жойда ҳам бир вақтнинг ўзида керак бўлиб қолади. Шундай кезлари мутахассисга унинг тажрибаси, вазиятни тез илғай билиш фазилати, шунингдек мен юқорида айтиб ўтган масъулиятни ҳис этувчи ёрдамчи асқотади.

– Асосий иш жойи йирик ташкилот бўлган тақдирда ҳам яна бир фирмада ўриндошлик асосида ишлаш мумкинми?

– Ташкилотда у, айтайлик, фақат таҳлилий иш олиб бораётган бўлса, шундай қилиш мумкин. Негаки, бунда унинг бўш вақти бўлади, уни эса бошқа муассасада ҳисоб олиб боришга ажратиши мумкин. Лекин бу жуда кам учрайдиган ҳодиса. Одатда йирик компанияларда қанча бухгалтер ишламасин, уларнинг ҳар бири ишга «кўмиб ташланган» бўлади. Бундай вазиятда қўшимча иш олишни тавсия қилмаган бўлур эдим. Зотан, бунда битта ташкилотда, балки ҳар иккаласида иш сифатига раҳна етиши эҳтимоли бор.

– Бухгалтер иккита ва ундан кўпроқ фирмада иш олиб бораётганда қандай таҳдид-таваккалчилик ҳамда таҳликалар келиб чиқиши мумкин?

– Иш жойи сонидан қатъи назар, ҳар қандай бухгалтер зиммасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик келтириб чиқариш эҳтимоли, таҳлика ва таҳдидлари бор. Ўриндошлик асосида ишлаганда эса, улар янада ортади.

– Ўриндошлик асосидаги иш ҳақидаги ёзувни меҳнат дафтарчасига киритишни сиз шарт деб ҳисоблайсизми?

– Бу бухгалтернинг хоҳишига боғлиқ. Шахсан мен буни лозим топмайман. Расмийлаштиришда энг муҳими қўшимча иш ҳақи олинадиган жойга ҳужжатларни, яъни меҳнат дафтарчаси, ШЖБПҲ, СТИР нусхаларини, шунингдек даромад солиғини энг юқори ставкада ушлаб қолиш тўғрисидаги аризани тақдим этишдир. Меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувнинг киритиб қўйилиши ҳам зиён қилмайди. Пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда бу нарса талаб қилиниши мумкин. Зотан ўриндошлик асосидаги иш меҳнат стажига киритилади, шу аснода олинган даромадлар эса пенсияни ҳисоб-китоб қилишда эътиборга олинади. Бунинг учун эса олинган даромадлар юзасидан ижтимоий бадаллар тўланган бўлиши шарт.

– Асосий ёки қўшимча иш жойидаги раҳбарлар бухгалтернинг ўриндошлик асосидаги ишига салбий муносабатда бўладиган ҳоллар ҳам учрайдими?

– Қўшимча иш жойидаги раҳбар билан ҳафтасига икки марта ишда бўлиш ҳақида келишиб олинди, дейлик. Раҳбар дастлаб рози бўлган эса-да, кейинчалик йўқлигингизда излашга тушади, унча зарурати бўлмаса ҳам келиб-кетишингизни сўрайди. Негаки, раҳбар учун бош бухгалтер шунчаки ходим эмас, балки бизнес соҳасига оид масалалар юзасидан маслаҳатчи ҳамдир. Шу сабабли кўпинча раҳбарлар, гарчи мунтазам бўлмаган иш жадвалига розилик билдирган бўлсалар-да, бош бухгалтерларни ҳамиша ўз ёнларида кўришни истайдилар.

– Ўриндошлик асосидаги амалиётингиздан қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бир сафар тасодифан тўловни нотўғри ўтказибман. Ўшанда мен ишлаб чиқариш компаниясидаги иш жойимда эдим: қурилиш фирмаси директори қўнғироқ қилиб, тўловни амалга оширишни сўраб қолди. Мен «Банк-мижоз»ни очиб, керакли операцияни амалга оширдим-у бошимни чангаллаб қолдим – пулни... ишлаб чиқариш компанияси ҳисобварағидан ўтказиб юборибман. Дарҳол банк билан боғланиб вазиятни тушунтирдим.

Ўриндошлик асосида ишлаётган бухгалтерларда бунақа ҳоллар бўлиб туради. Шошма-шошарлик туфайли хато қилиш мумкин. Бундай хатоликлар ёмон оқибат келтириб чиқармаса бас.

– Ўриндошлик асосида ишлашни хоҳласа-да, иккиланиб юрган қанчадан-қанча бухгалтерларни биламан. Бундай вазиятда уларга сиз нималарни маслаҳат берган бўлур эдингиз?

– Энг аввало, қўшимча ишни уддалашга чоғлари келиш-келмаслигини қатъий аниқлаб олсинлар. Тўғри, қўшимча иш ҳақи кимга ёқмайди, дейсиз?! Агар асосий иш кўп вақт ва куч-ғайратингизни олаётган бўлса, ўриндошлик асосидаги иш хаёлини кейинроққа қўйиб турган маъқул. Борди-ю, шундай ҳолда ҳам ишлашга қарор қилган бўлсангиз, шак-шубҳасиз, аввалига анча қийналасиз. Лекин сира бўшашмаслик, чўчимаслик керак. Ўзингизни баайни сувдаги балиқдек ҳис қиладиган фаолият соҳасини танланг. Такрор бўлса ҳам айтаманки, мўлжаллаётган ишингиз соҳаси шу пайтгача ишлаб келаётган соҳага ўхшаш бўлсин. Ҳар қандай қўрқувни агар сабаби билинса, енгиш мумкин. Мавҳумликдан чўчиётган бўлсангиз, тинчланишга ҳаракат қилинг. Бунда бир нечта корхонада ҳисоб ишини қойиллатиб адо этиб келаётган бошқа мутахассислар ибрати, намунаси ёрдам беради.

Куч-ғайрат ва билимингиз борасида шубҳангиз бўлса, у ҳолда сизга, аввало, қўшимча ўқишни маслаҳат берган бўлур эдим. Бухгалтерлар учун таълим доирасини кенгайтириш ва малакани оширишнинг яхши имкониятлари яратиб берилган. Ихтисослаштирилган адабиётлар, муайян мавзуга бағишланган тадбирлар, семинарлар ва курслар борки, уларда ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб олишингиз, ҳамкасбларингизнинг сўзлари, фикр-мулоҳазаларини эшитишингиз мумкин.

Мен жуда-жуда ёқтирадиган norma.uz сайти бу борада сизга зўр кўмакчидир. Бухгалтерия ҳисоби бўйича кўпгина қизиқарли ва фойдали ахборотларни ундан топиш мумкин. Бухгалтерия соҳасида эндигина иш бошлаётганларга, шунингдек ўз малакасини ошириш истагидаги бухгалтерларга ана шу порталдан фойдаланишни, шунингдек ихтисослаштирилган адабиётларни ўқиб боришни, қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муттасил ўқиб-ўрганишни мамнуният билан тавсия этган бўлур эдим.

– Айтганларингиздан маълум бўлдики, иккита фирмада иш олиб бораётган экансиз. Бордию, учинчисида ҳам бухгалтерия ишини олиб боришни таклиф этишса, рози бўлармидингиз?

– Ишлаб чиқариш йўналишида бўлса, яна бир компанияда иш олиб бориш таклифига йўқ демасдим. Биринчидан, бир турдаги қоида асосида иш олиб борилади, иккинчидан, ишлаб чиқариш соҳасини энг қизиқарли ва мароқли соҳалардан бири деб ҳисоблайман.

– Лекин уни энг мураккаб соҳалардан бири деган гаплар ҳам юради...

– Агар одамга қилаётган иши ёқса, мураккаблик унга писанд эмаслигини яхши биламан. Вақтлар ўтиши билан мураккабликни умуман сезмай қолади киши. Мен ўз ишимни жуда яхши кўраман. Тўғри, баъзан шунақа бўл-бўл ҳолатлари ҳам бўладики, ишни уйга ҳам олиб кетиб ишлашга тўғри келади, унча-мунча асаббузарликлар ҳам бўлиб туради. Лекин танлаган касбимдан сира ачинмайман. 16 йиллик тажрибамга асосланиб айта оламанки, касбимни ҳеч қачон ўзгартирмайман.

Мухбиримиз

Наталья СПИРИДОНОВА,

суҳбатлашди.

 

Ўриндошлик асосида ишлаётганда бухгалтер қуйидагиларни ҳамиша ёдда тутмоғи муҳим:

қўшимча ишнинг асосий ишга зарари тегмаслиги керак;

ўриндошлик асосидаги иш асосий ишдан унча фарқ қилмаслиги лозим;

меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосидаги ишга оид ёзув сизнинг хоҳишингиз билан киритилади ва бу мажбурий ҳисобланмайди;

агар ўзингизга ишончингиз бўлмаса, ўриндошлик асосида иш излашдан аввал яхшилаб ўйлаб кўринг. Бу борада кучингизни синаб кўришдан чўчиманг, сиздаги қўрқув туйғуси балки ўринсиздир;

ўриндошлик асосидаги ишда ҳамма нарсанинг аниқ-пухта бўлиши ва ёнингизда ишончли ёрдамчи туриши зўр кўмакчидир;

хато қилишдан чўчиманг. Лекин шу нарса ёдингизда бўлсинки, иккита ва ундан ортиқ ишда ишлаётганда масъулиятингиз янада ошади.

Прочитано: 2704 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика