Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 34 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

БОЖХОНАДА «БИР ОЙНА» ТИЗИМИ

«Ўзбекистон Республикасида унификациялаштирилган «Бир ойна» божхона ахборот тизимини жорий этиш йўли билан божхона хизматини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукумати томонидан ажратиб берилаётган грантдан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш мақсадида Президентнинг 18.08.2014 йилдаги ПҚ-2224-сонли Қарори қабул қилинди.

Давлат божхона қўмитаси ажратилаётган грантдан мақсадли фойдаланиш ва мазкур лойиҳани самарали амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Ҳужжат билан белгиланишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида:

грант маблағлари ҳисобидан олиб кирилаётган ва сотиб олинаётган товар (иш, хизмат)лар божхона тўловларидан, шунингдек қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади;

лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган Корея Республикаси фуқаролари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинадилар;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари юридик шахсларнинг фойда солиғидан озод қилинади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТКга мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида олиб келинаётган товарларни тегишли равишда Ўзбекистон аэропортлари ва темир йўл станцияларида ортиш-тушириш ва сақлаш ишларини ҳақ ундирмасдан ўтказишни таъминлаш топширилди.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган юқори малакали хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимларни ундирмай расмийлаштирилади. Бундан ташқари, улар кўп марталик визалар берилганлиги ва муддати узайтирилганлиги, шунингдек яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилганлиги ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилганлиги учун давлат божлари тўлашдан озод қилинадилар.

 

ХАРАЖАТЛАР КОМПЕНСАЦИЯ ҚИЛИНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 9.08.2014 йилдаги 221-сон Қарори билан Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг 2014 йил ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштириш учун дизель ёқилғиси сотиб олишда нархларнинг унификация қилиниши ҳамда уларнинг бензин, дизель ёқилғиси ва транспорт воситалари учун газ истеъмолига солиқ жорий қилиниши билан боғлиқ бўлган қўшимча харажатларини компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат билан қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашини бекор қилиш ҳисобига ҳосил бўладиган уларнинг ўз манбаларини ҳисобга олган ҳолда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштириш учун сотиб олинган 1 тонна дизель ёқилғисига 200,0 минг сўм миқдорида компенсация суммаси нормативи белгиланди.

Компенсация суммаси истеъмол қилинадиган дизель ёқилғисининг ва 2014 йил ҳосилидан хўжаликларга ажратилган дизель ёқилғиси лимитининг 1 тоннасига компенсациянинг белгиланган нормативидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.

Компенсация суммаси белгиланган тартибда тузиладиган комиссиянинг қарори билан белгиланади. Компенсация суммаси белгиланишининг тўғрилиги учун жавобгарлик комиссияга юкланади.

Хўжаликлар компенсация суммасини олиш учун компенсация суммасини тўлаш тўғрисидаги аризани ҳамда дизель ёқилғиси сотиб олишга тузилган шартномалар ва «Ўзпахтасаноат» уюшмаси корхоналари билан тузилган контрактация шартномалари нусхаларини тақдим этадилар.

Компенсация суммаларини белгилашнинг тўғрилигини ва ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилганлигини текшириш Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Низом билан тегишли компенсация суммаларини аниқлаш, ажратиш, фойдаланиш ва уларнинг тўланишини назорат қилиш тўлиқ тартибга солинади.

 

ХАВФСИЗЛИК ЗОНАСИ

Вазирлар Маҳкамасининг 11.08.2014 йилдаги 226-сон Қарори билан Парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширишга рухсатнома олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қуйидагиларни лойиҳалаштириш, қуриш, кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлашда рухсатнома олиш лозим:

қўниш полосаларининг чегараларида, шунингдек уларнинг чегараларидан ташқарида, аэродромнинг назорат нуқтасидан 15 км радиусда жойлашган, қушлар ва ёввойи ҳайвонлар (кемирувчилар)нинг кўплаб тўпланишига олиб келадиган бинолар ва иншоотлар, объектларни;

баландлиги аэродром баландлигига нисбатан 50 м ва ундан ортиқ бўлган, аэродромнинг назорат нуқтасидан 30 км радиусда жойлашган объектларни;

аэродромга туташ ҳудудлар доирасида жойлашган радиоалоқа линиялари ва электр узатиш линиялари (шу жумладан юқори вольтлилари), радио– ва электр магнит нурланишнинг бошқа объектлари, шунингдек ёритиш техник объектларини;

аэродромга туташ ҳудудлар доирасида жойлашган портлаш хавфи бўлган объектларни;

аэродромга туташ ҳудудлар доирасида жойлашган, ер сатҳидан 50 м ва ундан ортиқ баландликда бўлган (олов алангаланишининг энг юқори баландлигини ҳисобга олган ҳолда) чиқинди газларни авария ҳолатида ёқиш учун машъала қурилмаларини;

парвоз пайтида кўришнинг ва аэродромлардаги учиш майдонлари ҳолатининг ёмонлашувига сабаб бўлувчи саноат ҳамда бошқа корхоналар ва иншоотлар, объектларни.

Рухсатнома «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан келишган ҳолда берилади. Объектлар аэродром ҳудудидан ташқарида жойлаштирилганда, агар уларнинг баландлиги 50 м ва ундан юқори бўлса, шунингдек объектлар давлат авиацияси аэродромларига қарашли ҳудудда жойлаштирилганда қўшимча тарзда Мудофаа вазирлиги билан ҳам келишилади.

Берилган рухсатноманинг амал қилиш муддати, қоида тариқасида, чекланмайди. Бироқ, агар ариза берувчи рухсатнома берилган кундан бошлаб 3 йил мобайнида объектларни жойлаштиришга киришмаган бўлса, унинг амал қилиш муддати тугайди.

 

ҲУДУДЛАР КАДАСТРИ РЕСУРС САЛОҲИЯТИНИ ҲИСОБГА ОЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2014 йилдаги 231-сон Қарори билан Ҳудудларнинг давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳудудларнинг давлат кадастри ҳудудларнинг табиий-ресурс ва хўжалик салоҳияти, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва экологик ҳолатини ҳисобга олиш ҳамда баҳолаш мақсадларида тузилади ва юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси («Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси) ҳудудлар давлат кадастрини ташкил этиш ва юритиш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) уларга нисбатан ҳудудларнинг давлат кадастри юритиладиган ҳудудлар ҳисобланади.

Айрим ҳолларда уларга нисбатан ҳудудларнинг давлат кадастри юритиладиган ҳудудлар иқтисодий минтақа ёки эркин иқтисодий зона ва бошқалар бўлиши мумкин.

Давлат кадастрлари ягона тизимига кирувчи барча давлат кадастрларининг объектлари, муайян ҳудудда жойлашган саноат, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ижтимоий соҳа, маъмурий ва бошқа аҳамиятга эга бўлган объектлар, шунингдек ушбу объектлар тўғрисидаги геофазовий, статистик ва бошқа зарур маълумотлар ҳамда улар жойлашган ҳудудлар ҳудудларнинг давлат кадастри объектлари ҳисобланади.

Ҳудудларнинг давлат кадастрини тузиш ва юритиш ишлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

 

ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИ ДАСТУРЛАРИ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2014 йилдаги 230-сон Қарори билан «Ўзбекнефтгаз» МХК бўйича геология-қидирув ишлари дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бўйича углеводородларга доир геология-қидирув ишларининг (ГҚИ) узоқ муддатли (5 йилдан 15 йилгача даврга), ўрта муддатли (5 йилгача) ва ҳар йилги дастурларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.

Геология-қидирув ишларининг узоқ муддатли, ўрта муддатли ва ҳар йилги дастурлари «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан ишлаб чиқилади.

ГҚИ узоқ муддатли дастури концептуал тусда бўлиб, жаҳон бозори конъюнктурасини, ер қаърини геологик ўрганиш, углеводород хом ашёсини қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги илғор илмий-техник ечимларни ҳисобга олган ҳолда республика углеводород хом ашёси базасини кенгайтиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиқиб, геологик тармоқни истиқболда ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

ГҚИнинг ўрта муддатли дастури мамлакатни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига мувофиқ ГҚИ узоқ муддатли дастури йўналишларида белгиланган параметрлар ва мезонларни аниқлаштиради.

Ҳар йилги ГҚИ дастурида ҳар бир лойиҳа бўйича ва уларни амалга оширишнинг кутилаётган муддатлари бўйича мақсадли параметрлар (геологик қидирув ишларининг йўналиши, босқичлари, турлари ва ҳажмлари, кутилаётган натижалар, молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда режалаштирилаётган маблағлар миқдорлари) белгиланганлигини ҳисобга олган ҳолда нефть ва газ конларини қидириш мақсадида ер қаърини геологик ўрганиш ишлари мажмуи назарда тутилади.

Узоқ муддатли ва ўрта муддатли ГҚИ дастурлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади, ҳар йилги ГҚИ дастурларини эса «Ўзбекнефтгаз» МХК Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлайди.

 

ЭКИН МАЙДОНЛАРИНИНГ НОРМАТИВ ҚИЙМАТИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАНАДИ?

Вазирлар Маҳкамасининг 18.08.2014 йилдаги 235-сон Қарори билан Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг қишлоқ хўжалиги экин майдонлари норматив қийматни аниқлаш объекти ҳисобланади. Ушбу Низомнинг амал қилиши деҳқон хўжаликлари, боғдорчилик-узумчилик ва полизчилик ширкатларининг қишлоқ хўжалиги экин майдонларига жорий этилмайди.

Низомга мувофиқ қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қиймати ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқиш учун ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларда аниқланади.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматига ер билан бевосита боғлиқ бўлган объектлар (суғориш ва коллектор-дренаж тармоғи, йўллар) қиймати киритилмайди.

Норматив қийматни аниқлаш норматив кўрсаткичларни, ер кадастри ва статистик ҳисобга олиш маълумотларини ҳисобга олган ҳолда фойдани капиталлаштириш асосидаги даромадли ёндашувдан фойдаланиб бажарилади. Норматив қийматни аниқлаш натижалари давлат ер кадастрига киритилади.

Норматив қийматни аниқлаш даври (Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди қамраб олинган ҳолда ягона кўрсаткичлар бўйича ерларни баҳолаш ишлари ўтказиладиган давр) ҳар йили ўтказилади. Норматив қийматни аниқлаш даврлари оралиғида норматив қийматни аниқлаш бўйича ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Қарор билан мазкур Низомни амалга ошириш учун тегишли Вазирликлар ва идораларга вазифалар топширилди.

Тасдиқланган Низомга мувофиқ аниқланган қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш 2016 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 1435 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика