Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 34 / Хўжалик юритиш қоидалари

Қатъиян устав бўйича

Рўйхатдан ўтказиш пайтида ташкилотимиз уставида устав фонди пул маблағлари, мисол учун, 1 млн сўм ва 3 млн сўмлик бошқа мол-мулк ҳисобига шакллантирилади деб кўрсатилган. Амалда у бутунлай пул маблағлари билан шакллантирилган.

Биз таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказишимиз керакми? Ёки муассисларнинг ўзлари устав фондини тўлдириш усулини танлашга ҳақлиларми?

МЧЖ муассиси.

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 43-моддаси бешинчи қисмидан келиб чиқишича, таъсис шартномасида тарафлар (муассислар) юридик шахс ташкил этиш мажбуриятини оладилар, уни ташкил этиш соҳасида биргаликда фаолият кўрсатиш тартибини, унга ўз мол-мулкларини бериш ҳамда унинг фаолиятида иштирок этиш шартларини белгилайдилар.

Сиз корхонангизнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини кўрсатмаганлигингиз боис «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – Қонун) қоидаларидан келиб чиқамиз. Унинг 12-моддасидан кўринадики, МЧЖнинг таъсис шартномасида бошқа шартлар қаторида жамият таъсис этилаётганда унинг устав фондига ҳиссаларни қўшиш тартиби, миқдори, усуллари ва муддатлари ҳам белгиланади. Қонуннинг 9-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ эса, МЧЖ иштирокчилари ушбу Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари шарт1.

Шу тариқа, агар ташкилотингиз уставида унинг устав фонди (4 млн сўм) 1 млн сўм миқдорида пул маблағлари ва 3 млн сўмлик миқдоридаги бошқа мол-мулк билан шакллантирилиши белгиланган, ҳақиқатда эса у фақат пул билан шакллантирилган бўлса, таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиб, кейинчалик уларни давлат рўйхатидан ўтказиш зарурлиги яққол кўринади.

Сизнинг ҳолатда устав ва таъсис шартномасига устав фондини ҳар қандай ҳисса тури – пул, қимматли қоғозлар, бошқа ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга бериладиган ҳуқуқлар ҳисобига шакллантириш мумкин бўлган ўзгартиришларни киритишни тавсия қиламиз.

Шуни назарда тутиш лозимки, кейинчалик ташкилотингиз лицензияланадиган фаолият турлари билан шуғулланишга қарор қилса, тегишли лицензия талаблари ва шартларига риоя этиш керак бўлади. Масалан, улгуржи савдони амалга оширишда ЭКИҲнинг камида 3 500 баравари миқдорида, улардан ЭКИҲнинг камида 1 200 баравари миқдорида пул маблағлари билан шакллантирилган устав фонди мавжуд бўлиши лозим (Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низом2).

 

1Шунингдек ФК 59-моддаси учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида, «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 308-II-сон) 4-моддаси иккинчи қисмининг бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилари ҳамда 7-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги хўжалик ширкатларига, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун (26.04.2012 йилдаги ЎРҚ-327-сон) 9-моддаси иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси ва 11-моддасининг иккинчи қисмидаги оилавий корхоналарга тааллуқли бўлган худди шундай меъёрларга қаранг.

2ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон Қарори.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 793 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика