Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 34 / Ким эдигу ким бўлдик?

«Made in Uzbekistan» белгиси дунёга ёйилмоқда

Мамлакатимиз ўта мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазиятда мустақилликка эришди. Шу йиллари аҳоли эҳтиёжи учун зарур нарсалар четдан келтириларди.  

 

Ўша пайтларда Ўзбекистон барча товарлар билан ўзини ўзи таъминлайди, ҳали ҳамма нарса мўл-кўл бўлади, деса биров ишонмасди. Бугун бу айни ҳақиқат. Бозору супермаркетларда барча озиқ-овқат маҳсулотлари, истеъмол товарлари муҳайё. Ҳамма ўзига маъқулини танлаб, саралаб олади.

Мамлакатимиз нафақат ўз эҳтиёжини ўзи қондирмоқда, балки «Made in Uzbekistan» ёрлиғи туширилган маҳсулотларимиз дунёга ёйилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида юртимизнинг экспорт салоҳияти юксалмоқда. Ўзбекистон маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги ўрни кенгайиб бораётир. Корхоналаримиз жаҳон бозорига қарийб барча турдаги товарларни – озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материаллари, замонавий техникаларгача таклиф этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон умумий қиймати қарийб беш миллиард долларлик озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Сўнгги уч йилда ташқи бозорга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч баробардан зиёд ошди. Мамлакатимиз дунёнинг 80 давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилаётир. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради.

Юртимизда енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилиш кўлами ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда. «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, бугун компания таркибида уч юзта корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур корхоналар 2013 йилда умумий қиймати 2 триллион сўмдан ортиқ миқдорда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарди. Экспорт қилинган маҳсулотлар қиймати қарийб 830 миллион долларни ташкил этди.

Ҳар қандай корхонанинг рақобатбардошлиги маҳсулот сифатига қараб белгиланади. Шу боис мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини оширишда халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимиз корхоналарида бундай тизимларни жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш ва уларни ўз вақтида сертификатлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июнда қабул қилинган «Республика корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Сифат бошқаруви тизимида амалга ошириладиган янги бозор механизми сифатли маҳсулот тайёрлашни таъминлайди ва ўзаро шартномаларнинг тўлиқ бажарилишида истеъмолчилар ишончини янада оширади.

Хорижда сафарда бўлган ҳамюртларимиз турли шаҳарларнинг кўчаларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳам тез-тез кўзга ташланиши одамнинг кўнглига фахр ва ифтихор туйғуларини бахш этиши ҳақида тўлқинланиб сўзлайди.

Ҳозирги кунда автомобилларимиз ўндан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда. Хорижий давлатларда Ўзбекистон автомобиль саноатининг 250 дан ортиқ дилери фаолият кўрсатмоқда. Замонавий дизайн ва юқори техник имкониятларга эга ўзбек автомобиллари истеъмолчилар ишончини қозониб, мамлакатимиз иқтисодиёти салоҳиятини бутун дунёга намойиш этмоқда.

Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорлик, қулай ишбилармонлик муҳити, бу борада пухта шаклланган механизм хорижий сармоядорларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Юртимизда чет эллик инвесторлар билан тузилган қўшма корхоналар сонининг йил сайин ошиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Жумладан, «East Butterfly», «Novopharma Plus», «Global Komsco Daewoo», «Uztex-Tаshkent», «Аgromir» каби қатор қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган юксак сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар дунёнинг турли мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ушбу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш, мамлакатимиз корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтириш, миллий маҳсулотлар экспорти салоҳиятини юксалтиришда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўз филиалларига эга бўлган мазкур жамғарма тадбиркорларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда, бизнес-форум ва кооперацион биржаларда иштирок этиши, чет эллик ҳамкорлар топиши ва шартномалар тузиши, хорижий давлатлар қонунчилигига мувофиқ лицензия ва сертификатлар, бошқа рухсатномалар олишида ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатмоқда. Жамғарма томонидан олтмишга яқин хорижий ташкилот билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ўз маҳсулотларини экспорт қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Жорий йилнинг биринчи ярмида жамғарма томонидан жами қарийб олти юзта тадбиркорлик субъектларига қурилиш, тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, сайёҳлик, транспорт, маркетинг, консалтинг хизматларини хорижга экспорт қилишда амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада умумий қиймати 472,8 миллион АҚШ долларига тенг товар ва хизматлар экспорт қилишга эришилди. Жамғарма ўз фаолияти давомида ўзаро манфаатли ва серқирра халқаро савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, хусусий секторнинг ташқи бозордаги фаолиятини кенгайтириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтириш йўлида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Мамлакатимизда барпо этилган «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» иқтисодий индустриал зоналари бу борада улкан ютуқларга эришиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари ташкил этиш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароит ва кенг имкониятлар яратишга катта ҳисса қўшаётир.

Яна бир гап. «Moody’s» халқаро рейтинг агентлиги томонидан шу йилнинг апрель ойида нашр қилинган ҳисоботда Ўзбекистонда охирги 10 йил мобайнида юқори иқтисодий ўсиш даражаси таъминланганлиги ҳамда мамлакатимиз экспорти таркибининг МДҲдаги бошқа давлатларга нисбатан диверсификацияланганлиги ҳисобига иқтисодий ўсиш суръатлари ўзгарувчанлигининг сезиларли даражада паст бўлгани таъкидланган.

Булар Президентимиз раҳнамолигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқимиз фидокорона меҳнатлари, юртимиздаги тинчлик-осойишталик самаралари бўлиб, ҳар биримизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

 

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 765 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика