Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 31 / Сўраган эдингиз – жавоб берамиз

Ўқиш учун ким ҳақ тўлайди?

Мен бошқа мамлакат фуқаросиман, Тошкентда доимо прописка қилинган ҳолда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эгаман (ҳаворанг паспорт Тошкент шаҳридаги туман визалар ва рухсатномалар бериш бўлими томонидан берилган). Ҳар доим ўзимни Ўзбекистон резиденти деб ҳисоблаганман, чунки доимо Тошкентда яшайман ва ишлайман, МҲТФдан барча солиқларни, шу жумладан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ҳам тўлайман. Фарзандим Тошкентда туғилди ва ўрта мактабда ўқиди, бироқ мен каби у ҳам бошқа мамлакат фуқароси бўлиб, Тошкентда доимий прописка қилинган ҳолда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга. Жорий йилда у 9-синфни тугатди, Ўзбекистонда 12 йиллик ўрта маълумот мажбурий ҳисобланиши боис у коллежга ўқишга киради. Бироқ, менга мактабда ва коллежнинг қабул комиссиясида айтишларича, мен ва ўғлим бошқа мамлакат фуқароси эканлигимиз сабабли у контракт асосида, яъни йилига 1 000 АҚШ доллари тўлаб ўқир экан. Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган ҳолда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга ёки эга эмаслигимиз муҳим эмас экан.

Бундай талаб қонунийми? Агар қонуний бўлмаса, коллежда бунинг аксини қандай исботлашимиз мумкин? Бунда қандай ҳужжатни тақдим этиш керак?

 

– Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш ва расмийлаштиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 7.06.2010 йилдаги 109-сон Қарорига 2-илова) 28-банди мазкур масалани тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг меъёрларига ҳавола қилади.

Хорижий фуқароларни Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 4.08.2008 йилдаги 169-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 169-сон Низом) билан белгиланади. Хусусан, 169-сон Низомнинг 6-бандига мувофиқ Ўзбекистонда хорижий фуқароларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, шунингдек Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда дастлабки экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиладиган жамоавий ва шахсий шартномалар, контрактлар (шу жумладан, келиш мақсадларидан қатъи назар республикага ҳақиқий визалар бўйича келган хорижий фуқаролар билан тузилган) асосида амалга оширилади.

169-сон Низомнинг 8-бандига кўра хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Ўқиш қиймати Молия вазирлиги ҳамда таълим муассасаларига эга бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифи асосида таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Шу сабабли, агар ўғлингиз республикада яшайдиган чет эл фуқароси ҳисобланса, коллеж раҳбарияти ундан ўқиш ҳақини талаб қилишга ҳақлидир.

 

* * *

Мен фуқаролиги бўлмаган шахсман, Тошкентда яшайман, қизим бор. У ҳам фуқаролиги бўлмаган шахс, коллежда ўқийди.

Коллеж раҳбариятининг хорижий фуқаро сифатида унинг ўқиш учун ҳақ тўлашини талаб қилиши қонунийми? Менинг ўзим кичик корхонада ишлайман, иш ҳақим оз, боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа оламан. Агар қизимнинг бюджет асосида таълим олишини рад этишса, унинг бундан кейинги ўқишига ҳақ тўлай олмайман.

 

– «Таълим тўғрисида»ги Қонун (29.08.1997 йилдаги 464-I-сон) 4-моддасининг тўртинчи қисмига кўра республикада истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билим олишда Ўзбекистон фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга, тегишинча, уларни ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби ҳам мамлакатимиз фуқаролари учун белгиланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Хорижий фуқаролар республика таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинади (169-сон Низомнинг 8-банди).

Шу боис қизингиз республикада яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланса, коллеж раҳбарияти ундан ўқиш учун хорижий фуқаро сингари ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас.

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 844 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика