Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 31 / Давр билан ҳамнафас

Статистикада замонавий акт

Юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитининг шаклланганлиги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўсишига, миллий иқтисодиётнинг барқарорлигига салмоқли таъсир кўрсатаётир.  

 

Тадбиркорлик соҳасида ортиқча бюрократик ғовларга чек қўйиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг, статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботлари шаклларининг қисқартирилиши бизнес субъектларига янада эркин фаолият юритиш имконини бераяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4453-сон Фармони бу борадаги ишларни тизимли олиб боришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Иқтисодиётимиз таянчига айланган тадбиркорлик субъектлари яратилаётган имконият ва қонуний шарт-шароитлардан фойдаланиб давлат ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланишмоқда. Статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш бўйича имкониятларнинг яратилгани эса тадбиркорларимиз учун айни муддао бўлаётир.

Ана шу яратилган қулай ишбилармонлик шароити туфайли Сирдарё вилоятида бугунги кунда аҳоли бандлигининг 78,2 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келади.  Жорий йилнинг I ярмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,5 фоизга, хизматлар ҳажми 17,3 фоизга ўсгани эса алоҳида эътирофга моликдир.

Бизнес субъектлари томонидан тақдим этиладиган 65 та давлат статистика ҳисоботи бекор қилиниб, 23 та давлат статистика ҳисоботининг даврийлиги қисқаргани, 2013 йилдан микрофирмаларнинг фақат йиллик ҳисоботни тақдим этиши уларнинг иш фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда барча давлат статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш ҳамда қабул қилиб олиш имконияти мавжудлиги мазкур жараёнда турли сансалорлик ва ноошкораликларнинг олдини олиб, ўзаро муносабатларда шаффофликни таъминлаётир.

Президентимизнинг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4455-сон Фармони доирасида давлат статистика ҳисоботи шаклларини электрон тақдим этиш тизимини ривожлантириш ҳамда статистик маълумотларни қоғозсиз тарқатиш манбаларини такомиллаштиришга эътибор янада кучайди. Бизнесни юритишнинг бундай қулайликлари тадбиркорлик субъектлари ўртасида изчил тушунтириб борилмоқда. Вилоят статистика бошқармаси ва қуйи бўлимларида ҳар ойда икки марта ташкил этилаётган Очиқ эшиклар кунида, Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар кенгашининг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари билан ўтказилаётган ўқув-амалий семинарларда ҳам электрон ҳисобот топширишга доир тадбиркорларнинг билим ва кўникмалари оширилмоқда.

 

Давлат статистика қўмитасининг расмий сайти www.stat.uz дан «eStat 2.0» автоматлаштирилган ахборот тизими дастурий таъминотини юклаб олган хўжалик юритувчи субъектлар ўз ҳисоботларини электрон тарзда узатиб, қимматли вақтларини тежамоқда. Шунингдек, бошқармамизда www.sirstat.uz веб-сайтининг ташкил этилгани тадбиркорларга интерактив хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш ва улар кўламини кенгайтириш имконини бераяпти.

 

Таҳлилларга кўра, Сирдарё вилоятида ўтган йили 15 минг 945 хўжалик юритувчи субъектнинг 85,7 фоизи давлат статистика ҳисоботларини интернет орқали тақдим этган. Жорий йилнинг ўтган даврини ўрганганимизда бу кўрсаткич янада ошиши кутилаётир.  Жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида электрон ҳисобот тақдим этишга интилиш кучайиб бораётгани уларнинг ўз қонуний манфаатларидан, яратилган имконият ва имтиёзлардан хабардорлик даражаси ортаётганини кўрсатади.

Бугун барча соҳа, хусусан, статистика тизимида замонавий ахборот технологиялари тараққиёт омили сифатида муҳим ўрин тутмоқда. Ўз бизнесини равнақ топтириш истагида бўлган ишбилармон борки, илғор технологиялардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпти. Зеро, давр билан ҳамнафаслик тадбиркор фаолиятининг асосий мезонидир. 

 

Бахтиёр МАҲКАМОВ,

Сирдарё вилояти статистика бошқармаси

Турмуш даражаси ва ижтимоий соҳа статистикаси бўлими бошлиғи ўринбосари.

Прочитано: 752 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика