Norma.uz

Биржалар иқтисодий тараққиётга хизмат қилади

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига тақдим этилган.

 

ҚОНУНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАДЛАР

Бугунги кунда бозор иқтисодиёти шароитида биржалар товарларни улгуржи реализация қилиш, тадбиркорлик субъектларини муҳим ресурслар билан таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш механизмларидан бири ва айни пайтда давлат ресурслари тақсимоти функциясини бажарувчи муҳим тизим ҳисобланади. Бошқача айтганда, айнан биржалар бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаларидан биридир. Ушбу тизимни тартибга солишда тадбиркорлар, инвесторлар, биржанинг профессионал иштирокчилари ва давлат манфаатларининг балансига эришиш ҳамда бу борада ҳуқуқий мувозанатни таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади.

«Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам мамлакатимизда «марказлаштиришдан чекинган» ҳолда, биржалар фаолияти иштирокчилари манфаатларининг ҳуқуқий мувозанатини таъминлашга қаратилган бўлиб, у биржалар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг «Ўзбек модели»га асосланади.

Маълумки, қуйидагилар бозорни уюштиришнинг замонавий ташкилий шаклларидан ҳисобланади:

– товарлар биржаси (товарлар бозори);

– фонд биржаси (қимматли қоғозлар бозори);

– валюта биржаси (валюта бозори).

Ҳақиқатан ҳам алоҳида давлатлар иқтисодиётига (яъни иқтисодий ўсиш ёки ЯИМ, бандлик ёки ишсизлик даражасининг ўзгаришига) биржалар, биринчи навбатда, фонд биржалари индекслари ҳамда банклар ва бошқа молия ташкилотлари акциялари курсининг кўтарилиши ёки пасайиши катта таъсир кўрсатади. Шу тариқа, биржа индекслари мамлакатлар иқтисодиётини тартибга солиш дастаги сифатида майдонга тушади.

Республикамизда иқтисодиётни ривожлантиришнинг бо­зор механизми танланганидан кейин мустақилликнинг дастлабки йилларида, яъни 1992 йилда биржалар фаолиятини тартибга солувчи «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва соҳада бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтишни таъминловчи ҳуқуқий меъёрлар белгилаб берилди. 2001 йил 29 августда «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, у мазкур соҳа субъектлари фаолиятини иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш даврига мослаштиришга қаратилди.

«Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 3557-сон Фармойишининг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган ва 2013 йил 6 августда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган эди. Узоқ давом этган ўрганишлар, изланишлар, баҳс-мунозара ва муҳокамалар, таҳлил ва хулосалар натижасида концептуал жиҳатдан янгиланган ва такомиллаштирилган қонун лойиҳаси 2014 йилнинг 24 июлида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатни қабул қилишда, албатта, товар-хом ашё ва молия биржаларини тартибга солишни янада такомиллаштириш, биржа битимлари иштирокчиларининг кафолатларини кучайтириш, хўжалик субъектларининг товар-хом ашё ва молия биржаларидаги кенг иштирокини таъминлаш, харидорлар томонидан товар биржаларида сотиб олинган товарларнинг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш, товар-хом ашё биржаларида нархларнинг спекулятив ошиб кетишининг олдини олувчи механизмларни ўрнатиш мақсадлари кўзда тутилди.

 

РИВОЖЛАНГАН ДАВЛАТЛАР АМАЛИЁТИГА ЯҚИНЛАШИБ...

Миллий биржа тизимларининг ривожланишида барча учун умумий бўлган тамойиллар билан бир қаторда ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятлари муҳим ўрин тутишини кузатиш мумкин. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам биржалар миллий иқтисодиётимизнинг эски тизимдан бозор муносабатларига асосланган янги тизимга ўтишида ўзига хос восита бўлиб хизмат қилди.

Биржалар, хусусан, хусусийлаштирилаётган ёки фаолияти тугатилаётган корхоналар мол-мулкини реализация қилиш, кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқилаётган айрим турдаги маҳсулотларнинг реализацияси, нормалаштири­ладиган давлат ресурслари (бензин, дизель ёқилғиси, ун, шакар, минерал ўғитлар, цемент ва бошқалар)ни тақсимлаш, суд ижросини ҳал қилиш билан боғлиқ масалалар, хусусан жисмоний ва юридик шахслар мулкларини реализация қилиш каби масалалар билан шуғулланган. Шубҳасиз, ушбу вазифаларни бажариш билан биржалар мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнига катта ҳисса қўшдилар ва қўшиб келмоқдалар. Бу вазифалар ҳозирги кунда ҳам мамлакатимиздаги биржалар фаолиятининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.

Биржанинг бирламчи функцияси мол-мулкларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш эмас, балки биржага қўйилаётган товарнинг бозор нархини аниқлаш (котировка)дан иборатдир. Шу нуқтаи назардан ҳам янги таҳрирдаги Қонунда биржа активи ёки биржа товари деган тушунчаларга аниқ таъриф берилади. Чунки барча товарлар ҳам биржа активи бўла олмайди. Қонунда биржа активи тушунчасига таъриф берилиши эса Ўзбекистонда биржа фаолиятига оид қонунчиликни дунёнинг илғор мамлакатлари амалиётига яқинлаштириш учун асос яратади.

Маҳаллий биржаларимиз фаолиятини таҳлил қилиш натижалари кўрсатмоқдаки, амалдаги Қонунда биржа товарининг аниқ тушунчаси бўлмаганлиги сабабли биржалар барча жаҳон биржаларида қабул қилинган асосий функцияларни, яъни базавий биржа активларининг ҳар кунлик нархларини шакллантириш (котировкалаш) функциясини бажармаяпти. Мазкур ҳолат, биржалар томонидан реализацияга олинадиган активларнинг кўплиги ва уларнинг айримлари умуман биржа активи бўла олмаслиги, улар бўйича биржа нархларини шакллантириш мумкин эмаслиги билан боғлангандир. Жумладан, биржа савдоларига кўчмас мулк объектлари, асбоб-ускуналар, халқ истеъмоли моллари ва бошқалар қўйилмоқдаки, мазкур товарлар халқаро биржа амалиётида биржа активи (товари) бўла олмайди. Бу пировард натижада ҳеч қандай тарзда асосланмаган ва ҳеч нарсани акс эттирмайдиган тасодифий нархларнинг пайдо бўлишига олиб келади ҳамда биржаларнинг бозор инфратузилмаси институти сифатидаги ролига путур етказади.

Кўчмас мулк объектлари фақат ўзигагина хос бўлган, индивидуал ва ностандарт хусусиятларга эга бўлгани боис биржада айлана олмайди, чунки у сотилгандан кейин савдолардан чиқиб кетади ва олдиндан кўрикдан ўтказилмасдан улгуржи туркумларда сотила олмайди. Хорижий тажрибанинг кўрсатишича, кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар риэлторлик фаолияти соҳасига киради ҳамда биржа фаолияти тўғрисидаги эмас, балки риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Лекин биржалар фаолиятини ривожлантиришда ҳозирги кунда олдимизда турган вазифалар, қолаверса, бу борада жаҳоннинг етакчи давлатлари тажрибаларини фаол жорий этиш масаласи мамлакатимизда биржалар томонидан шу кунгача амалга ошириб келинаётган фаолият турларини, хусусан юқорида тилга олинган фаолият турларини маълум даражада қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги босқичида биржалар зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни бажариш юклатилган:

● бозор биржа нархини шакллантириш (котировкалаш);

нархларнинг ўзгаришини суғурталаш;

савдо қилинаётган активларнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлаш;

нархларнинг ошкоралигини таъминлаш;

нархларнинг келгуси ўзгаришлари тенденцияларини белгилаш;

талаб ва таклифни мувозанатлаш ва шу кабилар.

Жаҳон амалиётида оммавий талабга эга бўлган активлар, масалан, хом ашё тусидаги товарлар (нефть, газ, пахта, шойи, ғалла, қимматбаҳо ва рангли металлар ва бошқалар), қимматли қоғозлар, валюта, фоиз ставкалари биржа товари ҳисобланади. Шунинг учун бугунги кунда стандарт активлар айланадиган жой биржа деб аталади. Бизда эса биржа деганда товарлар реализацияси юз берадиган жой тушунилади. Товарларнинг айланиши шуни англатадики, мазкур актив ҳар куни ҳеч қандай тўсқинларсиз савдо сессияси давомида қўлдан қўлга кўп марталаб ўтиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаш жараёнида халқаро тажриба, айниқса АҚШ, Буюк Британия, Германия, Европа Иттифоқи, Қимматли қоғозлар бўйича Халқаро комиссия (International organization of securities commissions – IOSCO), Жанубий Корея, Япония, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон тажрибаси ҳамда МДҲ мамлакатларидаги соҳага тааллуқли қонунчилик тўлиқ ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида номи келтирилган 3557-сон Фармойишида белгиланган вазифалар ҳамда халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда биржа фаолиятига оид кўпчилик тушунчалар, масалан «биржа фаолияти», «биржа товари», «биржа листинги», «котировка» ва бошқа тушунчалар аниқлаштирилди ҳамда биржа листингига киритиш тартиби жорий этилди.

 

ЯНГИ ҚОНУН – ЯНГИ ТУШУНЧАЛАР

Янги таҳрирдаги қонунда илгари мавжуд бўлмаган, аммо жаҳон биржалари амалиётида кенг қўлланиб келинаётган қуйидаги тушунчалар киритилди: котировкалаш, трейдер, маркет-мейкер, дилер, брокер, биржада нархларни манипуляция қилиш, биржа товарларига доир ҳосила молиявий воситалар (деривативлар), валюта своплари. Масалан, қонунчиликни бирхиллаштириш мақсадида ҳамда биржалар ва биржа фаолиятини тартибга солиш соҳасида қонунни қўллаш амалиётининг ягоналиги тамойилига риоя этилиши заруратидан келиб чиқиб, амалдаги Қонуннинг 2-моддасидан «Ушбу Қонун валюта биржасига нисбатан татбиқ этилмайди» деган меъёр чиқариб ташланмоқда, биржа турларини аниқлаштириш ва таърифлаш мақсадида 3-модда қуйидаги меъёр билан тўлдирилмоқда: «Биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси тарзида амалга оширади». Бунда, 2-модда, агар халқаро шартномада Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши ҳақидаги меъёр билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, 3-моддага «Биржалар фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилади» деган қўшимча киритилган, чунки ҳозирги пайтда биржалар акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилмоқда. Халқаро амалиётда биржалар акциядорлик жамиятлари шаклида фаолият юритади, чунки акциядорлик шакли биржалар фаолиятининг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлайди.

Қонуннинг 4-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида (янги таҳрирда) баён қилинган уставга қўйиладиган талабларга мувофиқ киритилган.

5-модда «Биржанинг бошқарув органлари» деб янгича номланди.

6-моддада амалдаги таҳрирнинг 13 ва 14-моддалари аниқлаштиришлар ва таҳририй тузатишларни ҳисобга олган ҳолда бирлаштирилган. Чунончи, биржа битимларининг бажарилиши кафолатларини кучайтириш мақ­садида биржа аъзоларини савдо майдончаларида ва секцияларида биржа савдолари ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, клирингни ҳамда улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни назарда тутувчи ­меъёр­лар билан тўлдирилди.

Қонуннинг 13-моддаси: «Биржа битимларини ўз номидан ва ўз ҳисобидан тузувчи биржа аъзоси дилердир. Биржа товарлари нархларининг, талаб ва таклифнинг даражасини сақлаб туриш учун ўз зиммасига биржа битимларини тузиш мажбуриятини олган дилер маркет-мейкердир» деган қисм билан, шунингдек, брокер тушунчасига аниқлик киритиш мақсадида «Мижознинг топшириғига кўра ва унинг ҳисобидан биржа битимларини тузувчи биржа аъзоси брокердир» деган қисм билан тўлдирилди.

 

 

Қонуннинг қабул қилиниши стратегик жиҳатдан етакчи халқаро биржалар даражасидаги замонавий биржа технологияларини ривожлантириш орқали маҳаллий биржаларни АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Россия каби мамлакатларнинг етакчи биржалари даражасига яқинлаштириш ҳамда биржа механизмлари (котировкалаш) ёрдамида ишончли бозор нархини шакллантириш вазифаларини ҳал қилиш, шунингдек нархларнинг ўзгариши, яъни нарх қалтисликлари билан боғлиқ таваккалчиликни суғурталаш имконини беради.

Бундан ташқари, мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан билвосита самаралар ҳам кутилаётган бўлиб, улар молиявий секторни ривожлантиришга, бозор инфратузилмаси сифатини оширишга, умуман макроиқтисодий вазиятни сифат жиҳатдан яхшилашга кўмаклашишдан иборатдир.

 

Насимжон АЛИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Прочитано: 2628 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика