Norma.uz

Аудиторлик хизмати: малака, нарх, сифат

Собир Сафоевнинг «Демпинг: воқелик ва унга қарши қандай курашмоқ керак» деган мақоласи («Норма маслаҳатчи»нинг 24.06.2014 йилдаги 26 (467)-сони) аудитор ҳамкасблар ўртасида турли фикр-мулоҳазалар келтириб чиқарди. Улар ана шу мавзу юзасидан ўз нуқтаи назарларини ўртоқлашишни хоҳлаб қолдилар. Таҳририятимиз барча манфаатдорларни norma.uz сайтида (Газета-online, сонлари архиви) мулоқот олиб боришга чақиради. Ана шу мақола юзасидан олинган фикр-мулоҳаза ва таклифлар шу сайтда эълон қилиб борилади.

 

Мақола муаллифи мамлакатимизда аудиторлик ташкилотларининг 2007–2013 йиллардаги ялпи тушумининг ўсиш жадвалини келтирар экан, 2008 йилда бўлгани каби баҳоларнинг кескин ўсиши содир бўлмаганлигини айтади.

Эътироф этиш лозимки, 2007 йилда аудиторлик ташкилотларига ва амалдаги аудиторларнинг профессионал тайёргарлигига бўлган талаблар ошганлиги замиридаги туб ўзгаришлар қонунчилик даражасида содир бўлди. Шунинг оқибатида барча собиқ тафтишчилар ва малакаси етарли даражада бўлмаган аудиторлар сертификатларининг амал қилишини узайтиришга муваффақ бўлмадилар – аудиторлар хизматлари бозорларида малакалироқ мутахассислар қолди. ­Аудиторлик ташкилотлари устав фондининг энг кам миқдорига тааллуқли талаблар ҳам етарлича моддий базага эга бўлмаган барча майда аудиторлик фирмаларини «майдонни тарк этиш»га мажбур қилди. Соҳани ислоҳ қилиш билан боғлиқ ана шу теран чора-тадбирлар аудиторлик хизматлари нархларини жуда ошириб юборди, текширувлар ўтказишга бўлган ёндашувни кескин ўзгартирди.

Аудитга бўлган баҳо кейинги вақтларда нима сабабдан унча тезлик билан ошиб бормаётганлигида тажассум топган вазиятга истеъмолчининг нуқтаи назаридан қараш керак. Мамлакатимизда катта айланма сармояга эга бўлган йирик корхоналар қатори кичик бизнес корхоналари ҳам бор. Ҳозирги вақтда корхоналарнинг аксарияти аудиторлик ташкилотини танлашда масаланинг молиявий жиҳатига кўпроқ эътибор қиладилар. Таассуфки, баҳо (нарх) сифатни белгилаб бермайди. Тўғри, шундай текширувлар жуда паст баҳо асосида ўтказиладиган ҳоллар ҳам бўлади. Лекин булар кейинги пайтларда барҳам топиб бормоқда. Зотан малакали мутахассис қилган иши учун белгиланган ставкадан кам иш ҳақи оладиган бўлса, бундай текширувга яқин йўламайди.

Мақола муаллифи юқори баҳодаги ­аудитни ёқлаётган кўринади. Аудиторлик текширувлари мавсумида аудиторларни кутганидан зиёда таъминлайдиган ва иш етарлича ҳажмда бўлмаган кезлари ҳам яхши дивидендлар келтирадиган тарзда фойда тўплашга чорлаётган кўринади, муаллиф. Сир эмаски, аудиторларда шундай пайтлар ҳам бўладики, бундай кезларда уларнинг хизматларига бўлган эҳтиёж камаяди ва аудиторларнинг аксарияти фаолиятнинг бошқа тури билан, айтайлик, бухгалтерия ҳисоби юритиш, ички аудит билан шуғулланиш ҳақида ўйлаб қолади. Бу кўпроқ фирма раҳбари бош қотириши керак бўлган муаммо, бинобарин у ўз ходимларини керакли ҳажмдаги иш билан таъминламоғи лозим. Акциядорлик корхоналарининг ­аудит бўйича ташқи аудит хизматларига ҳақ тўлашдан бўлак сарф-харажати ҳам бор. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон Қонуннинг Ўзбекистон Республикасининг 6.05.2014 йилдаги 370-сон Қонунидаги таҳрири) «Жамиятнинг ички аудит хизмати» деб номланган 108-моддасига биноан активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг 100 000 бараваридан ортиқроқ бўлган жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Аудитга ёндош хизматлар ҳам муҳим аҳамиятга эга, бинобарин амалиёт, шу жумладан бошқа мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, мазкур йўналишдаги хизматлар аудиторлик ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ишлар ва хизматларнинг умумий ҳажмида миқдор ва қиймат жиҳатидан етакчи мавқени эгаллаб келмоқда. ­Аудиторлик хизматлари бозори ҳолатига тааллуқли маълумотлар ёндош хизматлар кўрсатиш кейинги йилларда кўпгина фирмаларнинг, хусусан қонун ҳужжатлари билан бунга рухсат этилган мамлакатлардаги (Буюк Британия) фирмаларнинг, ҳатто аудит томонидан бунақа хизмат кўрсатиш назарда тутилмаган мамлакатлардаги (Франция) фирмаларининг фаолиятида етакчи бўлиб қолаётганлигидан далолат бермоқда. Кўриниб турибдики, фирмалар фаолиятни турли йўналишда олиб бориш имкониятларини қидирмоқдалар.

Ҳар қандай хизматларнинг ўз таннархи, фойдасининг муайян фоизи бўлади. Ҳеч бир аудиторлик ташкилоти ўз хизматини таннархдан кам бўлган баҳода бажармайди. Хизматлар кўрсатишдан зарар бўлмаслиги ҳам шундан. Иш йўқ ёки жуда кам бўладиган пайтларда зарар билан бақамти бўлишни истамаётган раҳбар иш ҳажми етарли бўлиши ҳаракатини қилади.

Энди атамалар масаласига келсак. Демпинг (ингл. dumping «тушириш» деган маънони англатади) товарларни сунъий равишда пасайтирилган, арзонлаштирилган баҳо билан сотишдир. Демпинг баҳолари бозор баҳосидан, баъзан ҳатто товар ёки хизмат таннархидан кам бўлади. Бозорларимиздаги нарх жаҳон бозорларидаги нархдан арзонроқ эканлиги мақола муаллифининг дидига жилла ўтиришмаётган кўринади. Улар тенг бўлишини истаётгандир балки. Унинг талқинида бу демпингдир. Муаллиф мавжуд – амалда бўлган баҳо бозор баҳоси эканлигини тан олгиси келмайди.

Мустақил равишда ишлаётган аудиторларга келганда шуни айтиш жоизки, жаҳондаги бир қанча мамлакатларда бундай амалиёт ўз самарасини бермоқда. Чет эллардаги мустақил аудиторлар якка тартибда ишлаш ҳуқуқига эга. Шундай бўлса-да улар, одатда, айрим ташкилотлар ёки фирмаларга бирлашиб оладилар. Чунки шуниси самаралироқдир. Бундай бирлашмаларга Буюк Британиядаги ҳакамлик бухгалтерларининг машҳур фирмалари, АҚШдаги дипломли жамоат бухгалтерлари фирмалари ва бошқалар амалий жиҳатдан мисол бўла олади.

Аудиторларнинг энг кам миқдори 3, 6, 12 нафар малакали мутахассисдан иборат бўлиши керак деган талаб қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилган тақдирда ҳам хизмат сифати яхшиланармикан? Сертификатланган мутахассисларда на камайиш, кўпайиш содир бўлади, улар бошқача бўлиб қолмайдилар ҳам. Мутахассислар пешқадам фирмалардан бошқа фирмаларга ўтадилар, айрим фирмалар бирлашиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам аудитни ўша мутахассисларнинг ўзи амалга оширади, аммо энди уларнинг хизмати корхона учун янада қимматроққа тушади. Аудиторлар иш ҳақи борасида ўзгариш бўлмайди, улар илгари қанча олган бўлса, шунча маош олади. Фойда фирма муассислари учун ортиб боради.

Аудиторлик хизматлари сифатини яхшилаш муаммоларини ҳал этиш битта ташкилот таркибидаги аудиторлар сонини кўпайтиришда эмас. Сифатни яхшилаш учун, хорижий мамлакатларда бўлганидек, аудиторларнинг малакасига бўлган талабларни ошириш зарур. Масалан, АҚШда аудиторлар учта ихтисослашув (ҳакамлик бухгалтери, ички аудитор, ахборот тизимлари аудитори) бўйича сертификатланади. Аудит амалиётини олиб боришга лицензия олиш учун анча мураккаб имтиҳон топширишга тўғри келади. Бунда эътибор кўпроқ мустақил аудит сифат кўрсаткичлари назоратига қаратилади. Синов бир неча даражада, хусусан давлат-жамоат, корпоратив ва жамоат босқичида олиб борилади.

Аудитор ўз сертификатини беш йилдан кейин мажбурий узайтиради. Аудиторлар ҳар йили малака ошириш курсларидан, лицензия талабларига риоя этиш нуқтаи назаридан Молия вазирлиги томонидан текширувдан ўтиши, шунингдек аудиторлик текширувлари сифати назоратидан ўтиши лозимки, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги аудиторлик хизматлари замонавий бозори учун ҳам зўр воситалардир. Аудиторлик хизматлари сифатини бозорни монополлаштириш учун қулай шарт-шароит яратиш орқали эмас, балки айни ана шундай механизмлар ёрдамида яхшилаш мумкин.

 

Лилия ИСҲОҚОВА,

«Trans-Audit-A» МЧЖ аудиторлик ташкилотининг аудитори, CIPA.

Прочитано: 2762 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика