Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 30 / Хўжалик юритиш қоидалари

Асосийси рўйхатдан ўтказиш

Норезидент Ўзбекистонда солиқ органларида доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилган қурилиш майдончасига эга. Фаолиятни у орқали амалга ошириш учун норезидент ЎзР банкларида валюта ва сўмда ҳисобварақлар очди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ушбу доимий муассасанинг фаолияти тугатиляпти. Бинобарин, норезидент ташкил этилаётган юридик шахс – шуъба корхона (ШК)нинг устав фондида иштирок этиш йўли билан республикадаги инвестиция фаолиятини давом эттирмоқчи. У доимий муассасанинг солиқ мажбуриятларини бажарганидан кейин ЎзР банкидаги ҳисобварақда қолган сўмларни ташкил этилаётган ШКнинг устав фондига ўз ҳиссаси сифатида ўтказиши мумкинми?

Норезидентнинг ишончли шахси.

 

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ:

а) фаолиятини доимий муассаса (бундан кейин – ДМ) орқали амалга ошириш учун очилган ҳисобварақнинг эгаси норезидент ҳисобланади (Ваколатли банклар томонидан норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварақларини юритиш тартиби1, 1.2 ва 5.1-бандлари, бундан кейин – 510-сон Тартиб);

б) ҳисобварақларида ҳисобда турган маблағлар ҳисобварақ эгасининг ЎзРнинг бошқа банкларида очилган ҳисобварақларига ўтказилиши мумкин (510-сон Тартибнинг 5.3-банди).

Саволингизга жавоб бериш учун юридик шахснинг устав фондига ҳисса сифатида киритиш учун мўлжалланган маблағлар ўтказиладиган ҳисобварақ кимга тегишли эканлигини аниқлаш етарлидир. Агар маблағлар ташкил этиб бўлинган (давлат рўйхатидан ўтказилган) юридик шахснинг асосий ҳисобварағига ўтказилса, фаолиятини ДМ орқали амалга ошириш учун очилган норезидентнинг сўмдаги ҳисобварағидан маблағларни олиб фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолда асосий ҳисобварақнинг эгаси норезидент эмас, балки у ташкил этган юридик шахс бўлади (Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқнома2 12-банди, бундан кейин – 1948-сон Йўриқнома ва Фуқаролик кодекси (ФК) 771-моддаси маъносидан келиб чиқилса). Бунда мазкур юридик шахс норезидентнинг 100 фоиз шуъба ташкилоти ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги муҳим эмас. Айтилганларни норезидент ўз ҳиссасини фаолият юритаётган юридик шахснинг устав фондига киритган ҳолларга ҳам қўллаш мумкин, шу муносабат билан фонд кўпаяди.

Кўрсатилган ҳолларда миллий сўмларни барпо этилаётган ташкилот ҳисобварағига ўтказиш мумкин, бунда норезидентнинг Ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги «лоро» корреспондентлик ҳисобварақлари ёки иккиламчи депозит ҳисобварақларидан фойдаланилади (Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси тўғрисида низомнинг3 13.2-банди тўртинчи хатбошиси).

Агар юридик шахс ҳали рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, ДМ ҳисобварағидан маблағларни норезидентнинг унинг устав фондидаги ҳиссасини шакллантиришга йўналтириш мумкин. Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) билан хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказишга қадар устав фондининг бир қисмини тўлаш мажбурияти (бундан кредит ташкилотлари мустасно) муассислардан олиб ташланган. Бироқ 1948-сон Йўриқноманинг 15-бандига мувофиқ ўз фаолиятини юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга оширмоқчи бўлган хўжалик юритувчи субъектларга устав капиталини шакллантириш учун давлат рўйхатидан ўтгунларига қадар муассисларнинг (иштирокчиларнинг) дастлабки бадалларини киритиш учун миллий ва/ёки чет эл валютасида вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) ҳисобварақ очилиши мумкин. Мазкур меъёр маъносидан келиб чиқилса, кейинчалик ташкил этиладиган юридик шахснинг устав фондидаги ҳиссаларни тўлашга йўналтириладиган маблағларни дастлабки шакллантириш ҳуқуқи сақланиб қолган.

Вақтинчалик ҳисобварақ очиш учун банкка муассис номидан (кўрилаётган вазиятда – норезидент номидан) ихтиёрий шаклда ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза тақдим қилинади (1948-сон Йўриқнома 15-бандининг иккинчи хатбошиси). Унга асосан банк билан муассис ўртасида банк ҳисобварағи шартномаси тузилади (ФК 774-моддаси ва 1948-сон Йўриқнома 1-банди иккинчи хатбошисининг маъносидан келиб чиқилса). Амалиётда у одатда алоҳида тузилмайди: агар шартнома (кўрилаётган вазиятда – вақтинчалик ҳисобварақни очишга ариза) тузиш таклифи қабул қилинган, яъни унда кўрсатилган шартларни бажариш бўйича ҳаракатлар содир этилган тақдирда ҳам шартноманинг ёзма шаклига риоя этилган ҳисобланади (ФК 366-моддасининг бешинчи қисми). Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келиши сабабли ташкил этилаётган шуъба ташкилот тузилган банк ҳисобварағи шартномасига кўра банк мижози бўлиб чиқишга, тегишинча, вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) ҳисобварақ эгаси бўлишга ҳақли эмас (ФК 41-моддасининг иккинчи қисми, 44-моддасининг тўртинчи қисми). Шу боис унинг эгаси муассис – ЎзР норезиденти бўлади.

Юридик шахс давлат рўйхатдан ўтказилганидан кейин унга 1948-сон Йўриқноманинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этиш далили бўйича, тарафлар (рўйхатдан ўтказилган юридик шахс ва банк) имзолаган банк ҳисобварағи шартномасига асосан асосий ҳисобварақ очилади ва унга муассиснинг вақтинчалик ҳисобварағида бўлган маблағлар ўтказилади. Шундан кейин вақтинчалик ҳисобварақ ёпилади.

Шу тариқа, ЎзР норезиденти ДМ орқали фаолиятни амалга ошириш учун ЎзР банкида очилган ҳисобварақдан маблағларни у ташкил этаётган юридик шахснинг устав фондига киритиладиган маблағларни шакллантириш учун мўлжалланган ўз ҳисобварағига ўтказишга ҳақли. Ўтказилган маблағлар мазкур юридик шахс устав фондига ҳисса (ҳиссанинг бир қисми) миқдоридан ошиши мумкин эмас.

Айтилганлар, фикримизча, юридик шахс икки ёки ундан кўп шахслар томонидан таъсис этиладиган ва банкда очиладиган вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) ҳисобвараққа нафақат норезидент муассиснинг, балки бошқа муассисларнинг ҳам ҳиссалари киритиладиган ҳолларга ҳам татбиқ этилиши мумкин. Бунда норезидент – банк мижози (вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) ҳисобварақ эгаси) ташкил этилаётган юридик шахс барча муассисларининг ишончли шахси бўлиши керак4. Шуни эътиборга олиш лозимки, вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) ҳисобварақдаги маблағлардан фақат устав фондини шакллантириш учун фойдаланиш мумкин (ФКнинг 5-моддаси ва Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартиби (АВ томонидан 22.10.1998 йилдаги 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2.2-банди иккинчи хатбошиси маъносидан келиб чиқилса).

«Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.08.2004 йилдаги 660-II–сон) 7 ва 12-моддаларига мувофиқ банклар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар сирасига киради. Шу сабабли улар зиммасига мижозни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар кўриш мажбурияти юкланган. Шу муносабат билан норезидент ДМ учун очган ҳисобварақдан ЎзР банкларидаги унинг бошқа ҳисобварақларига маблағларни бундай ўтказишларни амалга оширишда пул ўтказиш режалаштирилаётган ҳисобварақнинг эгаси ўша норезидент эканлигини, бундай операциядан мақсад эса юридик шахс – ЎзР норезиденти таъсис этаётган устав фондини шакллантириш эканлигини ҳужжат билан тасдиқлатиш керак.

 

Шунга эътибор қаратиш лозимки, масалани тадқиқ қилиш давомида эксперт меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганган. Шунга қарамай, чоп этилаётган жавоб расмий профессионал маслаҳат ҳисобланмайди, балки уни ўрганган экспертнинг саволда баён этилган вазиятни тушунишидан келиб чиқиб билдирган фикрини ифодалайди.

Тақдим этилган фикр масалани қўшимча муҳокама этиш учун имконият қолдиради. Бу фикр-мулоҳазани қўллашдан олдин расмий профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир, у муаммони қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда самарали ҳал этиш мақсадида муайян вазиятларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш имконини беради.

 

1МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3«ЎзРТХБ» ОАЖ бошқарувининг 16.06.2004 йилдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган.

4Маблағларни мазкур ҳисобвараққа бошқа муассисларнинг ҳисобварақларидан ўтказиш механизми амалдаги қонун ҳужжатларида тартибга солинмаган. Фикримизча, улардан бирининг номидан тузиладиган банк ҳисобварағи шартномасида унга мувофиқ мазкур ҳисобвараққа банк нафақат унинг эгаси, балки шартномада кўрсатилган бошқа муассислардан ҳам пул маблағларини қабул қилиши мажбур бўлган шарт қайд этилиши керак. Юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда мазкур вақтинчалик (маблағ йиғиш учун) ҳисобварақда турган пул маблағлари уларни киритувчиларга (ҳисобварақ эгаси ҳам, банк ҳисобварағи шартномасида кўрсатилган, устав фондига ҳисса киритган ташкил этилаётган юридик шахс муассислари ҳам шуларга киритилади) қайтарилиши керак (ФК 5-моддасининг ва Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш тартибининг, АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 22-банди иккинчи хатбошиси маъносидан келиб чиқилса).

 

Екатерина АДЕЕВА,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN»

аудиторлик-консалтинг компаниялари гуруҳи
юридик амалиёти раҳбарининг

ўринбосари.

Прочитано: 2151 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика