Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 29 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Бири дилхуш, бири дилхун...

Бугунги кунда бухгалтерлик жозибали касблардан бири, зеро деярли ҳар қандай ташкилотга бухгалтер керак. Шу боис бундай мутахассисларга талаб тобора ортиб бораётганлигига ажабланмаслик лозим. Бироқ бухгалтерлик жабҳасига дадил кириб бориш ёки бундай мақсаддан воз кечиш учун шу касбнинг афзалликларидан ташқари камчиликларини ҳам билиш зарур. Тажрибали бухгалтер Елена АЛИЕВА мухбиримизга мазкур касбнинг ана шу ҳар иккала жиҳати ҳақида сўзлаб берди.

 

Афзал жиҳатлари:

1. Катта эҳтиёж сезилиши ва барқарорлик. Яхши бухгалтерларнинг ҳамиша «бозори чаққон». Ҳатто кичик корхонанинг ҳам бундай мутахассиссиз иши юрмайди. Бизда йил сайин янги компаниялар сони ортиб бормоқда, уларнинг ҳар бири солиқ тўлаши, бухгалтерия ҳисобини юритиши зарур. Иш берувчи, табиийки, ҳар иккала йўналишдаги ишлар билимдонлик билан олиб борилишини истайди. Борди-ю, мутахассис ўзини яхши кўрсата олса ва корхонага фойда келтирса (одатда малакали бухгалтергина шундай қила олади), бошлиқ бунақа ходимни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилади: ҳурматини жойига қўяди, ҳар тарафлама рағбатлантириб туради.

2. Катта иш ҳақи. Ҳамма  бухгалтерлар ҳам яхши пул топмоқда дейишга журъат этмайман, албатта. Кўпи билан 500 000 сўмга яқин маош олаётган таниш ҳамкасабаларим бор. Лекин маошининг ўзи 2 млн сўмдан ошадиган танишларим ҳам оз эмас. Тўғри, бу иш жойига, бажариладиган вазифалар ҳажмига боғлиқ. Қолаверса, мутахассиснинг ўзи ҳам ўз баҳосини билиши керак. Айтайлик, олий ўқув юртини кечагина битириб чиққан мутахассис катта маош оламан деб ўйлаши ножоиз. Мен мутахассис қанча кўп билса, оладиган маоши шунча кўп бўлиши керак деган оддийгина, аммо синалган қоида тарафдориман.  

3. Хизмат пиллапоясидан кўтарила бориш. Соҳада ҳали янги ҳисобланган, ишни кичикроқ жойдан бошлаган бухгалтерларнинг аксарияти ўсиб ва камолотга эриша бориб, бош бухгалтер, тафтишчи бухгалтер, аудитор ва ҳатто компания раҳбари рутбасига эришишдек реал имкониятга эга. 

4. Қўшимча иш ҳақига эга бўлиш имконияти. Бухгалтер учун ўриндошлик асосида ишлаш одат тусига айланиб қолган амалиёт. Бу уни зўриқтириши, зиммасига катта юк бўлиши турган гап. Лекин кўпларга, хусусан боласини парваришлаш таътилида бўлган аёлларга, қолаверса пенсионерларга бу йўсин ишлаш ҳам фойдали, ҳам қулайдир. Фарзандли бўлганидан кейин бир неча соат ишлаб, кўп вақтини уй юмушлари билан ўтказиш ниятида атайин курсларда ўқиган бир бухгалтерни яхши биламан. 

5. Ижодий салоҳиятни рўёбга чиқариш. Ҳисоб ишининг низоли жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Баъзилар бухгалтерлик касбининг қизиқадиган жойи йўқ деб ҳисоблайдилар. Бошқалар эса аксинча, бу касб ижодий салоҳиятни рўй-рост намоён этиш, тафаккурни ўстириш учун яхши имконият беришига ишонадилар. Масалан, бир дугонам бухгалтерия ҳисобини юритиш унинг учун баайни расм солишдек қизиқарли иш эканлигини айтганди. Тўғри, ҳаммаси ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ, лекин бу касбни зерикарли дейишга асло тилим бормайди. Кимгадир шундай туюлаётган бўлса, унга касбни ўзгартиришни тавсия этган бўлардим.

 

Камчилик жиҳатлари:

1. Жавобгарлиги, масъулияти катта эканлиги. Ҳар қандай иш алоҳида масъулиятни талаб этиши сир эмас. Аммо бухгалтер зиммасида умумэътироф этилган таҳдид-таваккалчиликлардан ташқари ўзи учун қонун ҳужжатлари асосида белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор. Малакаси шунчаки етишмаганлиги оқибатида у мўмайгина жарима тўлаши, ҳатто озодликдан маҳрум бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, бошқа ҳар қандай мутахассисга нисбатан бухгалтернинг хато қилишга умуман ҳаққи йўқ.

2. Ишга «кўмилиб кетиш». Солиқ текширувлари ва ҳисоботлар топшириладиган даврлар арафасида ва бу ишлар амалга оширилаётган кезлари иш роса «қайнайди». Ҳар ойда шундай бўлмаса ҳам, ҳар қалай вақт тиғиз келадиган вазиятлар кўп. Идорада ушланиб қолишга, ишни уйга олиб кетишга, дам олиш кунлари ишлашга тўғри келади. Ҳар бир мутахассис ишнинг уддасидан чиқиш, тиғиз даврларда юк залворига дош бериш учун катта ҳажмдаги билимларга эга бўлиши зарур, бунинг учун эса вақт талаб қилинади. Мен билимини оширишга, ўз устида мунтазам иш олиб боришга рағбати бўлмаган ёки бунинг уддасидан чиқа олмаган талайгина бухгалтерларни биламан. Улар ўз уқувсизликлари ва жон койитишни истамасликларини қийинчиликлар оқибатида келиб чиқадиган катта ҳажмдаги маънавий юк билан ҳас-пўшлаган бўладилар. Кўплари шу туфайли касбларини ҳам ўзгартириб юборишган.

Шак-шубҳа йўқки, билимдон, уқувли бухгалтер бухгалтерия ҳисобини юритиш маҳорати билангина чекланиб қолмаслиги керак. Унга қонун ҳужжатларининг турли тармоқлари бўйича билим, бу борадаги ўзгариш ва янгиликларни кузатиб бориш маҳорати керак. Ҳар қандай тармоқдаги (савдо, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш, қурилиш) корхоналарнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш кўникмаси, шунингдек ишни халқаро стандартларга мувофиқ равишда амалга ошириш кўникмаси ҳар қандай иш берувчига ёқадиган, уни қаноатлантирадиган фазилатдир. Одамлар билан, энг аввало, раҳбар ва қўл остидагилар билан муомала қила билиш маҳорати ҳам жуда муҳимдир. 

3. Ишнинг зерикарли жиҳати. Ҳужжатларни синчковлик билан, бир маромда, ҳар куни олиб бориш алоҳида эътибор ва чидам талаб қилади. Баъзилар учун бу фаолият зерикарли эмас. Бошқалар эса уни ўзлари учун бир жазодек биладилар, шу сабабли бутун ишни ёрдамчилар гарданига юклаб қўя қолишга ҳаракат қиладилар. Аслида ҳар қандай бухгалтер даставвал ана шу «чиғириқ»дан ўтади. Ишнинг зерикарли туюлувчи ҳолатидан ўтиб олиш йўли борми деб сўрашганда, бунақа иш ҳар кимнинг уйида, хонадонида тиқилиб ётибди, ахир ҳар куни идиш-товоқ, кир ювиш, дазмоллаш, уйни озода, саранжом-саришта сақлаш билан шуғулланилади-ку. Бу йўсин ишларни ўз-ўзидан, автомат тарзда қиламиз. Эртага қилсак бўлади деб четга суриб қўймаймиз-ку, ахир! Акс ҳолда уйда тартиб бўлмайди.

4. Стресс ва зўриқишлар хавфи. Бундай хавф ҳар қандай касбда учрайди. Аммо бухгалтернинг иши, юқорида айтиб ўтганимдек, улкан масъулият ва залворли юк жўрлигида кечади. Айни шу боис биз, бухгалтерларнинг ҳар бири шундай вазиятларга тушиб қолиш хавфидан холи эмасмиз.

 

Бухгалтер касбининг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида мухбиримизга амалиётчи ходимлар қуйидагиларни сўзлаб берди.

 

Е.Ковалёва, бош бухгалтер:

– Бухгалтерлик қилаётганимга уч йил бўлди, ҳисоб. Баъзан одамни асабийлаштирадиган вазиятлар ҳам бўлишига қарамай, бу иш менга ёқади. Яхши жиҳати ўз устимда муттасил иш олиб бораман, негаки контрагентлар билан, ёрдамчилар ва раҳбарият билан ҳамиша мулоқотдаман, ҳамкорлик қиламан. Ҳатто турмуш ўртоғим бухгалтер бўлиб ишлаётганингдан буён дипломатларга ўхшаб қолдинг, муроса йўлини тутишга мойиллигинг кучайди деб мақтаган бўлди.

 

М.Раҳматуллаева, бош бухгалтер:

– Бутун аждодимиз – бухгалтер, хусусан ота-онам шу соҳа нонини еб келаётган мутахассислардан. Бу касбнинг кўзга кўринмас, оғир томонларини яхши биламан. Шунга қарамай, касб танлашда сира иккиланмаганман. Иш асносида стресслар ҳам, асабўйнашлар ҳам бўлди, терговчи ҳузурида ҳам бўлишга тўғри келди. Шундай бўлса-да, касбимни ўзгартириш ниятим йўқ. Шунча йил тер тўкканингдан кейин бошқа касбни орзу қилмас экансан киши.

 

А.Садовская, бухгалтер:

– Бухгалтер бўлиб иш бошлаган кезларим кўнгилсиз, салбий жиҳатлар кўп бўлди. Ҳатто касбимни ўзгартирсаммикан деган хаёлга ҳам бордим. Ўшанда маошим оз, зиммамдаги масъулият эса кўп эди. Ҳамма менга буйруқ бериш пайида эди, турли бўлимларнинг бошлиқлари ҳам, бош бухгалтер, унинг ўринбосари, директор ҳам буйруқ бераверарди. Бошлиғим устомон эмасди, муомаласи ҳам чатоқроқ: вақти келганда ўшқириш, бўкиришдан ўзини тия олмасди. Меҳнат фаолиятини эндигина бошлаган мендек ёш қизга осон бўлмаганлигини шундан ҳам билсангиз бўлади. Бироқ касбнинг афзаллик жиҳатлари, хусусан билим ва тажриба етарли даражада бўлса, даромад ҳам дуруст бўлиши тарозу палласини босиб кетди. Ишнинг эркин жадвал асосидалиги ҳам менга ёқди (ўша кезлари бир нечта кичкина фирмада ишлардим). Бу мен учун жуда қулай эди, чунки болаларим ҳали ёш – уларга кўпроқ вақт ажратмасам бўлмасди.

 

У.Турсунова, бош бухгалтер:

– Бухгалтер бўлиб ишлаш осон эмас, масъулияти ҳам, кутилмаган кўнгилсиз оқибатлари ҳам кўп. Тўғри, иш баъзан асабларингни ўйнатиб юборади. Лекин бухгалтерликнинг ижобий жиҳатлари ҳам бор. Шахсан мен учун бу яхши маош ва биз, профессионал мутахассисларга доимий талаб-эҳтиёж борлигидир. Пенсия ёшига етганимда ҳам ишлайвераман деган умиддаман. Яхши бухгалтер йиллар ўтиши билан янада кўпроқ қадр топишига ишонаман.

 

Мухбиримиз

Наталья СПИРИДОНОВА

суҳбатлашди.

Прочитано: 1237 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика