Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 29 / Божхона

Бир талай ҳужжатлар

Бизнинг фирмамиз ишлаб чиқариш мақсадлари учун Хитойдан дастгоҳларга деталлар олиб келди. Бу бизнинг биринчи импорт операциямиз, шу боис божхона талаблари билан таниш эмасмиз. Божхонадан ўтказиш билан шуғулланувчи декларантнинг айтишича, божхоначилар божхона қийматига тузатиш киритишни талаб қилишаётган экан. Уларнинг бунга ҳақлари борми? Агар ҳақлари бўлса, тузатиш қандай киритилади? Биз қандай ҳужжатларни расмийлаштиришимиз керак, божхона эса қандай ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас?

К.Цой, ХФ директорининг ўринбосари.

– «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонунга (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон) кўра, олиб кирилаётган товар юзасидан тузилган битимнинг қийматига қараб баҳолаш товарнинг божхона баҳосини чиқаришнинг асосий усулидир. Уни қўллаш чоғида божхона қиймати битим қийматидан, яъни, олиб кирилаётган товар учун Ўзбекистоннинг божхона чегарасидан ўтиш вақтида амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган баҳодан иборатдир, башарти божхона қийматини эълон қилиш вақтида декларант фойдаланган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган ва тўғри бўлса. Яъни божхона юк декларацияси ва божхона қиймати декларациясида кўрсатилган маълумотлар муайян ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Эҳтимол, декларантингиз божхона баҳосини биринчи усул бўйича белгилаган, божхоначилар эса олиб кирилган товар битимининг қиймати бўйича усулдан қандайдир сабабларга кўра фойдаланиш мумкин эмас деб ҳисоблаганлар. Чамаси улар эълон қилинган маълумотлар ҳужжатлар билан етарлича тасдиқланмаган ёки ишончли эмас, шу туфайли декларацияланаётган қиймат пасайтирилган деб ҳисоблашган.

 

Маълумот учун! Олиб кирилаётган товарнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи божхона органи декларант томонидан божхона қийматининг тўғри белгиланганлиги, шу жумладан у танлаган усулнинг тўғри қўлланганлиги ва уни қўллаш имкониятини, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларнинг (мажбурий ва қўшимча) тўлиқлиги (комплектлилиги) ҳамда уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назоратни амалга оширади.

 

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини эълон қилиш ва назорат қилиш қоидаларида1 (бундан кейин – Қоидалар) белгиланишича, эълон қилинган маълумотларни тасдиқлаш учун, божхона қиймати декларациясидан ташқари, декларант зарур ҳолларда қуйидагиларни тақдим этиши керак: товар олиб ўтувчи шахснинг таъсис ҳужжатлари; шартнома (контракт) ва унга қўшимча битимлар (агар улар назарда тутилган бўлса); ҳисобварақ-фактура (инвойс) ва банк тўлов ҳужжатлари (агар тўлов тўланса) ёки ҳисобварақ-проформа (шартли қийматли битимлар учун), шунингдек товар қийматини тасдиқлайдиган бошқа тўлов ва (ёки) бухгалтерия ҳужжатлари; агар улар мавжуд бўлса, етказиб бериш шартларига боғлиқ ҳолда транспорт ва суғурта ҳужжатлари; улар ҳисобварақ-фактурага киритилмаган ҳолларда ташиш учун тўловнома (счёт) ёки расмий тарзда тасдиқланган транспорт харажатлари калькуляцияси; жўнатиш мамлакатининг божхона декларацияси (агар мавжуд бўлса).

Агар эълон қилинган божхона қийматини тасдиқлаш учун ҳужжатлар етарли бўлмаса, қўшимча маълумотлар сифатида божхона органи қуйидагиларни талаб қилиб олиши мумкин: битимга алоқаси бўлган учинчи шахслар билан контрактлар; сотувчи фойдасига учинчи шахсларга тўловлар учун тўловномалар; баҳоланаётган товар битимига алоқаси бўлган воситачилик, брокерлик хизматлари учун тўловномалар; бухгалтерия ҳужжатлари; лицензия ёки муаллифлик битимлари; экспорт (импорт) лицензиялари; омбор квитанциялари; етказиб беришга буюртмалар; ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг каталоглари, спецификациялари, нарх прейскурантлари (прайс-варақлар); ишлаб чиқарувчи фирма калькуляцияси (агар фирма уни ўзбекистонлик харидорга тақдим этишга рози бўлса); божхона қиймати декларациясида эълон қилинган маълумотларни тасдиқлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ҳужжатлар.

Кўпинча импорт қилувчи санаб ўтилган барча тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишга имкон тополмайди, чунки уларнинг кўплари сотувчи хорижий компаниянинг ички ҳужжатлари ҳисобланади, бунинг устига тижорат сирига эга бўлади. Бироқ агар импорт қилувчи талаб қилинаётган ҳужжатлар ўрнига олиб кирилаётган товар қийматини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни тақдим этса, бу ҳол унга БЮДда кўрсатилган қийматни божхона олдида ҳам, зарурат бўлганда судда ҳам асослашда ёрдам бериши мумкин. Мисол учун, судда товарни битим нархи бўйича кирим қилинганлиги тўғрисидаги бухгалтерия ҳужжатларини тақдим этиб, БЮДда
эълон қилинган божхона қийматининг тўғрилигини исботлаш мумкин.

 

Маълумот учун! Товар жўнатувчи-сотувчи мамлакатда расмийлаштирилган экспорт декларацияси импорт қилувчи учун божхона қийматининг мустаҳкам асоси бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳатто уни тақдим этиш талаб қилинмайдиган ҳолларда ҳам ушбу ҳужжатни расмийлаштириб, уни албатта жўнатиш мамлакатининг божхона органида тасдиқлатишни тавсия қиламиз. Бу ҳол товар муайян мамлакатдан айни БЮДда кўрсатилган нархда олиб чиқилганлигини тасдиқлаш имконини беради. Бундан ташқари, сотувчи мамлакат Савдо-саноат палатасининг тегишли маълумотномасини тақдим этган ҳолда ҳам, эълон қилинган товарнинг бозор қийматини тасдиқлаш мумкин. Олиб кирилаётган товарга нархлар тўғрисидаги биржа маълумотлари, шунингдек декларант айнан БЮДда кўрсатилган суммани тўлаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳам фойдали бўлиши мумкин.

 

Қоидаларга кўра товарларнинг божхона қиймати декларант томонидан божхона органига белгиланган БҚД-1 ва БҚД-2 шакллари бўйича эълон қилинади (декларацияланади). Божхона қиймати декларацияси божхона юк декларацияси ва божхона мақсадлари учун зарур бошқа ҳужжатлар билан бир вақтда тақдим этилади. У божхона ҳужжати ҳисобланади ва унда ҳамда божхона қийматини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган барча маълумотлар учун декларант республикамизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Ўзбекистонга олиб келинадиган товарларга нисбатан божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммаларига тузатиш киритиш тартибини БҚТ-1 ва БҚТ-2 божхона қийматини тузатиш шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома2 белгилайди. Мазкур шакллар БЮДнинг ажралмас қисмидир. Бунинг устига БҚТ-1нинг асосий варағи бир ёки бир неча номланишдаги товарларнинг кўрсаткичларига, агар улар учун биргина божхона режими белгиланган бўлса, тузатишлар тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиш учун фойдаланилади. Товарларнинг бир неча номланишлари кўрсаткичларига тузатиш киритганда БҚТ-2 қўшимча варақлари ишлатилади, уларнинг ҳар бири яна икки товарга тузатиш киритиш имкониятини беради.

 

1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.02.2000 йилда 899-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 20.04.2000 йилда 920-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2179 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика