Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 29 / Тадбиркорликка кўмак

Кичик бизнеснинг ишончли ҳамкори

Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 2004 йил 7 июлда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси иқтисодиётимиз реал секторида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўрнини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

 

Мамлакатимизнинг барча вилоятларида таркибий бўлимларига, хусусан, 14 ҳудудий бошқарма, 127 ахборот-маслаҳат ва бизнес маркази, 14 ҳакамлик суди, учта тренинг-ресурс маркази ва 21 унитар корхонага эга Савдо-саноат палатаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан самарали ҳамкорлик қилмоқда, тадбиркорлар ишончини қозониб, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини тобора мустаҳкамламоқда.

Палата фаолиятининг дастлабки йилида 210 тадбиркорни ўз сафида бирлаштирган бўлса, бугун уларнинг сони 25 мингдан ошди. Улар орасида нафақат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари, балки йирик компаниялар, банк ва суғурта институтлари, лизинг берувчилар ҳам бор.

Корхоналарга замонавий мини-технология ва ускуналар топиш ҳамда харид қилишга кўмаклашиш Савдо-саноат палатаси фаолиятидаги муҳим йўналишдир. Шу мақсадда мамлакатимиз тадбиркорларининг хорижга сафарлари ташкил этилмоқда, улар халқаро кўргазма ва бизнес учрашувларда, шунингдек, мамлакатимизда ўтказилаётган кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда.

Савдо-саноат палатаси хорижий давлатлар савдо-саноат палаталари, тадбиркорлар бирлашмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Тадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишлари бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар бундай ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади. Масалан, Палата ҳузурида фаолият кўрсатаётган Экспертиза ва соф ишлаб чиқариш марказида тадбиркорлар ISO 9000, ISO 14000, «Кайдзен» халқаро стандартлари асосида ўқитилмоқда. Германиянинг GIZ халқаро ҳамкорлик жамияти, Федерал иқтисодиёт ва технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу дастур ўзбекистонлик уч юз нафардан зиёд менежерга Германияда малака ошириш имконини берди. Бундан ташқари, Швейцариянинг «Bernina AG» лойиҳаси ҳам мамлакатимизда хотин-қизлар учун ўқув марказини ташкил этишга ёрдам берди.

Савдо-саноат палатаси томонидан юртимиз ишбилармонларининг чет эллик шериклар билан ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимиз тадбиркорларига экспортга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш имконини бермоқда. 2004 йилда палата 10 корхонага ёрдам кўрсатган бўлса, 2013 йил якунлари бўйича мамлакатимизнинг 98 корхонаси Савдо-саноат палатаси кўмагида қиймати 76 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилди.

2013 йил якунларига кўра, Савдо-саноат палатаси 304 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектига хизмат кўрсатган бўлса, 2004 йилда бу кўрсаткич 27 мингтани ташкил этган.

Савдо-саноат палатаси тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор бермоқда. Палата фаолиятининг дастлабки йилиданоқ хўжалик судларида бизнес манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда. 2004 йилда палата томонидан 37 даъво аризаси тақдим этилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 33 мингдан ошди. Жорий йилда Палата ҳузурида ташкил этилган Тадбиркорлик субъектларини текширишни мониторинг қилиш маркази тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш борасидаги навбатдаги қадам бўлди. Марказ назорат органлари томонидан ўтказилаётган текширишларнинг 50 фоиздан ортиғини мониторинг қилиб бормоқда.

Савдо-саноат палатаси мутахассисларининг таъкидлашича, 2007 йилда палата ҳузурида ҳакамлик судлари ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларидан бирига айланди. Бугун ишбилармонлар баҳсли масалаларни кўриб чиқиш борасида давлат судининг муқобил шаклидан самарали фойдаланмоқда. Негаки, ҳакамлик суди қарори ҳам фуқаролик ёки хўжалик суди қарори сингари ҳуқуқий кучга эга. 2013 йил якунларига кўра, ҳакамлик судлари томонидан 668 иш кўриб чиқилган.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1996 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ташаббус» республика кўрик-танловида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари эришаётган ютуқлар кенг намойиш этилмоқда. Анъанага кўра, Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилаётган ушбу танлов мамлакатимиз «кичик иқтисодиёти» салоҳиятини намойиш этиш учун энг машҳур экспозиция майдонларидан бирига айланди. Тадбир ўтказилганидан буён унда 180 мингдан зиёд фермер, ҳунарманд ва тадбиркор иштирок этди.

Савдо-саноат палатаси мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорларга реал вақт режимида турли хизматлар кўрсатиш жараёнини кучайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига янги компьютер технологиялари ҳамда дастурий таъминотни жорий этмоқда. Палата ташкил этилган пайтдан бошлаб, ўзининг www.chamber.uz корпоратив сайтини ишга туширди ва ушбу сайт йилдан-йилга такомиллаштирилмоқда. Айни пайтда тадбиркорликнинг ҳар қандай субъекти сайтда тақдим этилган интерфаол хизматлардан реал вақт режимида фойдаланиши мумкин. Бу ерда «виртуал кўргазма», «савдо майдони», «ускуналар каталоги» модуллари ишлаб турибди, тадбиркорлар томонидан кўп бериладиган 150 дан ортиқ саволга батафсил жавоблар қайтарилган. Шунингдек, реал вақт режимида палата ҳуқуқшунослари билан мулоқот қилиб, улардан маслаҳат олиш имконияти ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш механизмини жорий этишда ҳам бевосита иштирок этди. Яқин вақт ичида порталнинг тегишли бўлимларида Савдо-саноат палатасининг «SMS-to’lov» тўлов тизими, тадбиркорларга бизнесни ташкил қилиш, ривожлантириш ва ўз маҳсулотини экспорт қилиш бўйича жавоб топишга ёрдам берадиган «Businessinfo.uz» ахборот-маълумотхона портали, «Call-center» ахборот ёрдами, тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳат бериш каби интерактив хизматлар жорий этилади.

Савдо-саноат палатаси «Келажакни биргаликда қурамиз» шиорига риоя этган ҳолда, бундан буён ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди ва манфаатларини ҳимоя қилади. Палатанинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари билан самарали ҳамкорлиги мамлакатимизда бизнес муҳитни янада яхшилаш, ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини ташкил этиш имконини беради.

ЎзА материали асосида.

 

Прочитано: 2069 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика