Norma.uz

Нархни қандай чиқариш мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (8.04.2009 йилдаги 102-сон) бўш ётган давлат мулкидан самарали фойдаланишга йўналтирилган. Фойдаланилмаётган давлат мулки ижарага берилиши тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулки рўйхатини мунтазам равишда даврий нашрларда ҳамда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ССПнинг сайтларида кўриш мумкин. Ҳар бир мулк иккала тарафнинг манфаатлари ҳисобга олинадиган шартномалар асосида ижарага берилади.

 

Бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўлови ставкаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкалари ҳисоб-китоби асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган энг кам ставкалардан кам бўлиши мумкин эмас (Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида низомнинг 10-банди, ВМнинг 8.04.2009 йилдаги 102-сон Қарори билан тасдиқланган).

Пойтахтда 1 кв.м ҳисобида энг кам ставка Тошкент шаҳар ҳокимининг Қарори асосида ҳар йили белгиланади. Қарорга иловада фаолият турларининг рўйхати ва уларнинг ставкалари берилган. Ижарачи ўз фаолиятидан ва ижарага олинган майдондан келиб чиқиб ставкани олдиндан ҳисоблаши мумкин.

Афсуски, ушбу ҳужжатда фойдаланиладиган формулировкаларнинг ҳаммаси ҳам бир хилда талқин этилавермайди. Чунончи, фикримизча, Тошкент шаҳридаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2014 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари (Тошкент шаҳар ҳокимининг 14.01.2014 йилдаги 48-сон Қарорига 1-илова) 96-«Хусусий ташкилотлар учун офис» банди ижарага берувчилар учун ҳам, ижарачилар учун ҳам низолидир.

Биринчидан, бу банд номига тааллуқлидир. «Офис» атамасининг таърифи қонун ҳужжатларида берилмаган. Уни ҳамма турлича талқин қилади ва, табиийки, амалиётда ихтилофлар ва ноаниқлик юзага келади.

Масалан, баъзи давлат ташкилотлари «офис» тушунчасини фирма хизматчилари ишлайдиган ва мижозлар қабул қиладиган, архивлар сақланадиган ва қайта ишланадиган ҳамда шу сингари ишлар амалга ошириладиган жой сифатида талқин қиладилар. Бошқалар «офис» – меҳнат ёки бошқа фаолият амалга ошириладиган жой ёки маъмурий ёхуд бошқарув ходимлари ишлайдиган жой деб ҳисоблайдилар. Баъзилар «офис» деганда нотурар жойдаги ноишлаб чиқариш жойини тушунадилар. Бу нимага олиб келиши тўғрисида кейинроқ сўз юритамиз.

«Хусусий ташкилот» тушунчаси янада ноаниқроқ бўлиб, у меъёрий жиҳатдан мустаҳкамланмаган. Унинг нималиги ва нимадан ташкил топганлиги тушунарсиз. Қонун ҳужжатларида «хусусий корхона» атамаси бор. «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг (11.12.2003 йилдаги 558-II-сон) 3-моддасига кўра мулкдор – ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот хусусий корхона деб эътироф этилади. Хусусий корхона хусусий ташкилот деб ҳисобланадими? Давлат рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий бошқармаси «Тошкент шаҳри давлат мол-мулкини ижарага бериш маркази» давлат корхонасининг мутахассислари бу саволга ҳа деб жавоб берадилар. Бунинг устига, улар хусусий ташкилот деганда барча нодавлат корхоналарини тушунадилар. Уларнинг фикрича, нодавлат корхоналари ўз ходимлари учун жойларни 96-«Хусусий ташкилотлар учун офис» бандида назарда тутилган ставкаларда ижарага олишлари керак.

Натижада биргина ташкилотга турлича ставкаларни қўллаш мумкин. Нодавлат улгуржи савдо корхонаси офиси учун жойни қандай ставкада ижарага бериш керак деган саволга аниқ жавоб беришга уриниб кўринг. Улгуржи савдо ташкилоти сифатида кв.м учун 11 250 сўм ставкаси бўйичами (Энг кам ставкаларнинг 47-банди) ёки хусусий ташкилот офиси сифатида 19 150 сўм ставкасидами (Энг кам ставкаларнинг 96-банди)? Хусусий ташкилотлар офислари учун ижара тўловининг юқорироқ ставкаси белгиланганлиги сабабли, ижарага берувчилар айни ундан фойдаланишга ҳаракат қилишлари тушунарли. Баъзи ижарага берувчилар буни 48-«Маълум миқдорда молларни сотиш (хизмат кўрсатиш) фаолиятини олиб борувчи улгуржи бозорлар» бандига қўлланадиган ставкага (кв.м учун 27 000 сўм) қараганда анча паст ставка эканлиги билан оқлайдилар, истасалар улгуржи савдони ушбу бандга киритишлари мумкин.

Савол туғилади: нима учун бевосита улгуржи савдо жараёнида фаолият юритадиган ходимлар ишлайдиган хонага, гарчи ушбу ходимлар айни улгуржи савдо билан шуғуллансалар-да, хусусий ташкилотлар учун офисларнинг ижара тўлови ставкаси қўлланиши керак?

Банклар, суғурта компаниялари, лойиҳалаш ва аудиторлик ташкилотлари, судларга оид ва юридик хизматлар кўрсатувчи компаниялар, адвокатлар маслаҳатхоналари ва бошқалар худди шундай вазиятга тушиб қолган.

Кўп фаолият турларининг формулировкалари аниқ эмас, бу эса ижара тўловининг у ёки бу ставкасини бир хилда қўллаш имконини бермайди. Масалан, 45-«Қурилиш» банди бор. Мазкур формулировка ижарага бериладиган майдонлардан фойдаланиш мақсадларини акс эттирмайди. У хизмат хонаси, қурувчи ишчилар учун, қурилиш материаллари сақланадиган хона ва бошқалар бўлиши мумкин. Бундай шароитларда тарафлар ўртасидаги низолардан қочиш қийинлиги аён.

Илгари фаолият турлари бўйича ижара тўлови ставкаларини табақалаштириш учун ХХТУТ кодларидан фойдаланилган. Бироқ кейинчалик хонадан фойдаланиш мақсадлари ва ХХТУТнинг аниқ коди ўртасида номувофиқликлар бўлиши мумкинлиги туфайли ушбу амалиётдан воз кечилди. Ҳозиргача муаммо ҳал этилмай келяпти. Хоналардан фойдаланиш мақсадини оғзаки аҳдлашув йўли билан белгилаш эса фақат низоларни кўпайтиради. Муаммога тўқнаш келаётган тарафлар (асосан ижарачилар) ўзларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун аниқ вазиятларни ойдинлаштириш илтимоси билан у ёки бу давлат органларига мунтазам мурожаат қилишга мажбурлар.

Фақат аниқ таърифларни ўз ичига олган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат­лар тадбиркорликни ривожлантириш асоси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Қонуности ҳужжатларидаги юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ижара муносабатлари ҳуқуқий тартибга солинишини анча яхшилайди, давлат мулкини ижарага бериш шартларини танлаш чоғида субъектив ёндашувга йўл қўймаслик имконини беради.

 

Махсуда ТАДЖИБАЕВА,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 2628 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика