Norma.uz

Уй аҳли ҳуқуқини ҳимоя этар экан

Қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжал, уй-рўзғордаги кўнгилсизликлар ҳаётни нақ дўзахга айлантириб юборади, дейишганича бор. Юқоридаги қўшнингиз кўп квартирали уйдаги деразангизнинг нақд остида гараж қуриш ҳаракатига тушиб қолди, дейлик. Шу ерда яшайман, шундай қилишга, гараж қуришга ҳуқуқим бор, деб у ўзиникини маъқул қилаверади. Бундай қаралса, унинг гапи жўяли, қандайдир даражада мантиқли кўринади. Ана шу ҳаракат бошлангач, қўни-қўшнининг тинчи бузилади, алламаҳалгача тақир-туқур, мотор овози, сигнал бериш, баланд мусиқа таралиб тургач, кўзга уйқу келармиди?! Ён атрофдагиларнинг фикри билан ҳисоблашмай қўйган, уларга беписандлик билан қарайдиган, ҳамманинг тинчини олган кимсаларни тартибга чақириб, жиловини тортиш эса осон эмас.

Борди-ю, ташқарига ланг очиладиган деразангиз остида қаҳвахона қад ростлаган бўлса, у ҳам озмунча ноқулайликлар келтириб чиқармайди-ку! Тошкентлик Нина Ермакова ўз бошидан кечирган воқеалар асосида, ўз тажрибасига таяниб, бу борада қўлланиш учун йўриқнома бериши мумкин. Н.Ермакова ташаббускор гуруҳга бошчилик қилиб келмоқда – бу гуруҳ ҳеч кимни писанд қилмайдиган, димоғдор қўшнининг бедодлиги, ғайриқонуний ҳаракатларидан уй аҳлининг манфаатларини ҳимоя этишга муваффақ бўлди, кўпчиликнинг тинчини бузиб, ҳамманинг жонига теккан, умумий овқатланиш корхонаси ходимларини одамларни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳуқуқларига риоя этишга мажбурлай олди. Қуйида Ермакова бунга қандай муваффақ бўлинганлиги ҳақида сўзлаб беради.

 

ГАРАЖ – БАҲС САБАБЧИСИ

Баъзан машинани кўп қаватли уй ҳовлисига қонунга хилоф тарзда қўйиш ёки гараж қуриб олиш теварагида роса тортишув, гап-сўзлар келиб чиқиши мумкин. Кунларнинг бирида кўп қаватли уй деразаларининг остида бир қўшни гараж қуришга киришди. Гаражи автомашиналар саройини эслатарди, унга бемалол иккита машина жойлашиши мумкин. Гараж унинг ўзига ва қўшни даҳада яшовчи синглисига мўлжалланган экан. Одамлар рухсатномаси борми, гаражнинг уйимизга тиркаб солиниши нимаси, биз сира рози эмасмиз, деб нолишди.

Қўшни сира ташвишланманглар, ҳамма-ҳаммаси жойида деб тинчлантирган бўлди. Гараж қуриш учун ҳокимлик рухсат берибди, уй аҳли эса розилигини билдирибди. Синглиси ҳуқуқшунос экан, демак, нима мумкину, нима мумкин эмаслигини яхши билади. Ортиқча ғалва қилишнинг ҳожати йўқ, бу билан фақат ғалва кўтарган одам ўзига жабр қилади деб қўшиб ҳам қўйди.

Кўп қаватли уйда яшайдиганлар ҳам анойи эмасди. Қўшнининг таҳдидларидан чўчишмади, унинг гаплари қатъият билан ҳаракат қилиш истагини мустаҳкамлади, холос. Шунчаки гапириб қўяқолишмади: қонун ҳужжатлари асосида иш кўришга аҳд қилишди, ҳаммасини бирма-бир тагига ета бошлашди. Маълум бўлишича, бу ўзбошимчалик билан қилинаётган қурилишга қўшнилардан ҳеч бири розилик бермаган, ширкатнинг ҳам, ХУМШ аъзоларининг ҳам розилиги йўқ. Бошқача қилиб айтганда, у ўзининг шахсий манфаатларини бутун уй аҳли манфаатларига қарама-қарши қўйган, уларнинг фикрларини бир чақага ҳам олмаган. Унинг ўзбошимчалиги жабрини нима сабабдан биз тортишимиз керак? – дарғазаб бўлди кўпчилик. Умумий йиғилиш ўтказиб, бу воқеага нисбатан улар ўз муносабатларини якдиллик билан белгилаб олдилар.

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон Қонун) белгиланишича, қўшни ўз гаражини бунёд этиш учун ёқтириб қолган ҳудуд уйдаги квартира эгаларининг умумий фойдаланишидадир. Бинобарин, уй аҳли уйга туташ ҳудудни биргаликда асраши ва сақлаши керак. Мазкур ҳудуднинг бир қисмини автомашина соҳиби ўзлаштириб олиб, гараж қурган, шу мақсадда пул харжлаган экан, демак уйдаги бошқа квартира эгаларининг фикрини у албатта инобатга олмоғи лозим.

Тўғри, энг аввало, қўшнилар ўзаро умумий тил топишга ҳаракат қилмоқлари керак. Борди-ю, бунга муваффақ бўлинмаса, низони ҳал этишда туташ ҳудуддаги тартиб учун жавоб берувчи ширкат, участка профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини, ҳокимлик ёрдам бериши мумкин.

Ширкат бу масалани ҳал этишдан ўзини четга олганлиги сабабли, одамларнинг ўзи қўшнига қарши иш олиб боришга мажбур бўлди. Улар ҳужжатларни ўрганиб чиққач, белгиланмаган жойда қурилган ва низога сабаб бўлган гараж рухсат этувчи ҳужжатларсиз, Турар жойлар ва уй атрофидаги ерларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини (ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон Қарорининг 3-иловаси), қурилиш нормалари ва қоидаларини қўпол тарзда бузган ҳолда бунёд этилганлигига ишонч ҳосил қилдилар.

Низо қизиб, доираси кенгая борди. Қўшни ўзиникини маъқул қилаверди, даъво-дағдағалари кучаяверди, таҳдидлари ҳис-ҳаяжонга чулғанаверди, ўжарлик билан ишини давом эттираверди.

Одамлар ариза ёзиб, туман ҳокимлигига бордилар – ҳоким ўринбосарининг қабулхонасида бўлдилар. Маълум бўлдики, бу ерда гараж қуриш учун қўшнига ҳеч ким рухсатнома бермаган. Ариза кўриб чиқилиб чоралар кўрилгунига қадар одамлар қўл қовуштириб, кутиб ўтирмадилар, қўнғироқ устига қўнғироқ қилавердилар. Ҳокимликнинг юристига мурожаат қилдилар. У мурожаатни ўрганиб чиққач, гараж эгаси тарафидан қоидабузарлик содир этилган деган хулосага келди ва уй аҳли номидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Оқибатда уй аҳли даъвода ютиб чиқди. Суднинг ҳал қилув қарори асосида қонунга хилоф тарзда қурган гаражни қўшни бузиб ташлашга мажбур бўлди.

 

БУЮРМАСИН

Қачонлардир кўп квартирали уйнинг ён биқинига яшашга мўлжалланмаган жой қуришди ва бу иморатга дўкон жойлашди. Бундай қараганда, дўкон одамларни ташвишга солмади. Аксинча, уларга қулайлик яратилди, ҳамма нарса – ёнгинада. Орт тарафида тўрт қаватли омбори бор, машиналар пайдар-пай келиб туради. Маҳсулотлар ортиқча шовқин-суронсиз бўшатиб олинади, ҳеч кимга халақит берилмайди.

Беш йил муқаддам дўконнинг ўрнига қаҳвахона кўчиб келди. У уй аҳли учун талайгина муаммолар келтирди. Биринчидан, тайёрланган таомнинг ҳиди, ёғ доғ қилинаётгандаги ачимсиқ ҳид барча квартираларни тутадиган бўлди. Иккинчидан, маҳсулот олиб келган машиналар тўғри уйнинг ҳовлисига кириб бориб, юкни шовқин-сурон билан бўшатадиган бўлди. Одамлар норозилик билдира бошладилар. Учинчидан, янги мулкдорлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қўпол тарзда буздилар: улар иморатни қайта қурдилар, қурилманинг томини уйнинг иккинчи қавати ойналарига шундоққина тиркаб қўйдилар. Ёз кезлари тунука чўғдай қизиб, бутун иккинчи қаватни оташхонага айлантирарди. Намгарчилик кезлари – баҳор ва кузда ёмғир том тунукасини тарақлатиб, одамларга тинчлик бермай қўйди. Буларнинг ҳаммаси яшаш шароитини, санитария-гигиена нормаларини ёмонлаштирди. Уй аҳлининг қаҳвахона маъмурияти билан келишиб олиш ҳақидаги ҳаракатлари фойда бермади.

Ана шунда улар турли жойларга, хусусан ҳокимликка, санитария-эпидемиология станциясига, прокуратурага, Давархитектқурилишқўмга мурожаат этдилар. Бу идоралар комиссиялар тузиб, текширув ўтказдилар. Аммо асосан бир қолипдаги, «Қоидабузарлик аниқланмади, қаҳвахона лицензия асосида ишламоқда. Муаммоларингизни ўз ширкатингиз билан ҳал этинг. Судга даъво аризаси билан мурожаат этишга ҳақлисиз» қабилидаги жавоблар олинди. Ширкат бу масалада кузатувчиликка ўтиб олди, аниқроғи умумий овқатланиш корхонаси билан муносабатни бузишни истамади. Шунда одамларнинг ўзи шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ўрганиб чиқиб, қатор қоидабузарликларни аниқладилар. Баъзи ўринларда белгилаб қўйилган нормативлар доирасидан четга чиқилган экан.

Барча далолатномалар ва баённомаларни тўплаб, яна бир бор қаҳвахона раҳбарияти билан учрашиб кўришди. Ўз нуқтаи назарларини аниқ ва кескин белгилаб, келгуси ниятлари мазкур ҳужжатлар туркумини юқори турувчи органларга ва судга бериш эканлигини ҳам рўй-рост айтишди. Тадбиркорлар муроса келишуви тузишни таклиф этдилар, қоидабузарликларни бартараф этадиган, умумий овқатланиш корхонаси фаолиятидан жабр чекаётганларга стеклопакет ўрнатиб берадиган бўлдилар. Бундан ташқари улар уйга туташ ҳудудни батартиб сақлайдиган, ҳовлини озода тутадиган бўлдилар. Маҳсулотни аҳолига оғир тушмайдиган тарзда, эҳтиёткорлик билан бўшатиб оладиган бўлдилар. Қаҳвахона раҳбарияти уйнинг ички муҳандислик коммуникацияларидан бир қисмини ўз ҳисобидан алмаштириб беришни ҳам зиммасига олди.

Нина Ермакова кўп қаватли уйдаги ҳар қандай низони бартараф этиш мумкин деб ҳисоблайди. Биргина шарти – ҳис-ҳаяжонга берилмаслик, ўз ҳақ-ҳуқуқини билиш, қонун ҳужжатларига таяниш ва мақсад йўлида ишонч ва собитқадамлик билан бориш керак, холос.

 

Мамлакатимиз пойтахтидаги бир уйдан ташкил топган ширкатнинг кўп қаватли уйдаги автомашина эгалари учун машина қўядиган стационар жой қуриш билан боғлиқ бир тажрибаси эътиборни тортади. Бунинг учун ХУМШ аъзолари масалани умумий йиғилишда муҳокама этдилар. Кўпчилик овоз билан ижобий қарор қабул қилинди. Шундан кейин туман ҳокимлигига мурожаат қилишди. Аризага кадастр ҳужжатларини ҳам илова этишди. Машина турадиган жой қуришга рухсат олгач, лойиҳага қўшилиш истагидаги машина эгаларини аниқлаб олишди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларидан келиб чиққан ҳолда машина қўйиладиган жой лойиҳасини тайёрлашди. Харажатларни чамалаб кўришди, смета тузиб, уни машина эгалари муҳокамасига ҳавола қилишди. Сўнгра қурилиш учун танлов асосида пудратчиларни танлашди, машина турадиган жой атрофига девор олишди. Автомобилларни ёғин-сочиндан ҳимоя қиладиган бостирма бунёд этишга қарор этишди.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК олиб борди.

Прочитано: 670 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика