Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 27 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ЛИЗИНГ КОМПАНИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Президентнинг 18.06.2014 йилдаги ПҚ-2190-сон Қарорида қурилиш соҳасида лизинг хизматларини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда Республика ихтисослаштирилган лизинг компаниясини (РИЛК) ташкил этиш тўғрисидаги қарор ўрин олди.

«Қурилишмашлизинг» РИЛК акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилмоқда. Унинг таъсисчилари қаторида Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Асакабанк» ДАТБ, «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ, шунингдек манфаатдор акциядорлик компаниялари – «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК, «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзбекэнерго» ДАК ва бошқалар бор.

«Қурилишмашлизинг» РИЛК асосий вазифаларига кўра ўз маблағлари ва бошқа молиявий манбалари ҳисобидан маҳаллий ва хорижий корхоналарда қурилиш техникасини ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича буюртмаларни жойлаштириш; қурилиш техникасини шартнома асосида қурилиш пудрат ташкилотлари Реестрига киритилган корхоналарга лизинг ёки ижарага бериш; қурилиш техникаси харид қилишга мақсадли йўналтириладиган компаниянинг ресурсларини шакллантириш учун маблағларни, шу жумладан хорижий банклар ва бошқа халқаро молия институтларининг кредит линияларини жалб этиш.

Ҳужжатда шунингдек республика ҳудудларида компаниянинг филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.

«Қурилишмашлизинг» РИЛКга Президентнинг «Қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг (3.03.2014 йилдаги ПҚ–2137-сон) 6-бандида назарда тутилган бож тўловлари бўйича имтиёзлар жорий қилинади.

 

РЕАЛ ВАҚТ РЕЖИМИДА

Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2014 йилдаги 155-сон Қарори билан республика Марказий банкининг банк ҳузуридаги «Гаров реестри» давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Корхона ҳимояланган боғланиш протоколини қўллаган ҳолда Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида маълумотларнинг ягона электрон ахборот базаси сифатида гаров реестрини юритади. «Гаров реестри» ДУК сайти TAS-IX зонасида жойлаштирилади ва «garov.uz» домен номига эга бўлади.

Ҳужжат билан Гаров реестрини юритиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, у 2014 йил 1 июлдан, «Гаров реестри тўғрисида»ги Қонун (23.10.2013 йилдаги ЎРҚ-356-сон) билан бир вақтда кучга киради. Ушбу Низом гаров реестрига ёзувларни киритиш, уларни ўзгартириш ва чиқариб ташлаш, шунингдек гаров реестридаги ёзувларни излаш шартлари ва тартибини белгилайди.

Гаров реестридан ёзувларни излашга чекловларсиз барча шахслар ҳақлидир. Бунда гаров реестрининг қолган функцияларига киришга, шу жумладан излаш натижаларига кўра гаров реестридан кўчирма беришга рухсат рўйхатдан ўтказиш ва авторизация тартиботидан ўтган шахсларга берилади.

Гаров реестри давлат тилида юритилади. Шунингдек рус ва инглиз тилларида гаров реестрини юритишга рухсат берилади.

Гаров реестрига кириш гаров реестридаги ёзувни излаш функциясидан ташқари фақат фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Бунда фойдаланувчи фақат битта шахсий кабинетга эга бўлиши мумкин. Шахсий кабинетни яратиш учун фойдаланувчи томонидан гаров реестри сайтига электрон ариза берилади.

Гаров реестрига ёзувларни киритиш ва гаров реестридан излаш натижалари бўйича кўчирмалар олиш қонун ҳужжатларига мувофиқ пулли асосда амалга оширилади.

Жисмоний шахслар бевосита реестрда ёзувни рўйхатдан ўтказиш ёки кўчирмалар беришга қадар ўз тўлов карталари воситасида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган тўловларнинг бошқа турлари орқали тўловларни амалга оширадилар.

Юридик шахслар гаров реестрига ёзув киритилган ва кўчирмалар олинган ой мобайнида ушбу ой тугагандан кейин 10 кун мобайнида тўловларни амалга оширадилар. Юридик шахслар томонидан ўз вақтида тегишли тўловлар амалга оширилмаган тақдирда «Гаров реестри» ДУК улар учун келгусида ёзувлар киритиш ва кўчирмалар олиш учун ҳисоб-китобларнинг олдиндан тўлаш тартибини белгилашга ҳақлидир.

Тергов ва дастлабки тергов органлари, давлат солиқ ва божхона хизмати органлари томонидан гаров реестрига ёзувлар киритиш, шунингдек уларга гаров реестридан кўчирмалар бериш бепул асосда амалга оширилади.

«Гаров реестри» ДУК барча ёзувлар, шу жумладан уларни киритиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисидаги ёзувлар гаров реестридан чиқариб ташлангандан кейин 5 йил мобайнида сақланишини таъминлайди.

 

ЗАРГАРЛАР УЧУН РУХСАТНОМА

Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2014 йилдаги 156-сон Қарори билан Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида қуйидагилар рўйхатдан ўтказилади:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни ишлаб чиқариш, илмий, ҳарбий, ўқув ва ижтимоий-маданий мақсадларда қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ишлов бериш, қўллаш ишларини амалга оширувчи, сотиб олувчи, реализация қилувчи, гаровга қабул қилувчи, савдо қилишда воситачилик хизматлари кўрсатувчи, сақловчи, кўрсатилган қимматликларни, уларни ўз ичига олган турли предметларни кўргазмага қўювчи, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг парчалари ва чиқиндиларини тайёрловчи ва қайта ишловчи, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик шахслар, шу жумладан кейинчалик қайта ишлашга жўнатиш учун таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган узел ва деталларни ажратиб олиш мақсадида ҳарбий-техника воситаларини утилизация қилувчи Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар ва идораларга қарашли бўлган ҳарбий қисмлар, бўлинмалар, ташкилотлар ва муассасалар;

якка тартибдаги буюртма бўйича қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари тайёрловчи, шунингдек заргарлик буюмларини таъмирловчи якка тартибдаги тадбиркорлар.

Агар ишларнинг турлари ташкилотнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бир ёки бир нечта таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилса, тасарруфида ушбу таркибий бўлинмалар бўлган ташкилот рўйхатдан ўтказилади. Бунда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, тегишли бўлинманинг реквизитлари кўрсатилган ҳолда, ташкилотга — юридик шахсга ҳар бир таркибий бўлинма учун алоҳида-алоҳида берилади.

Таҳлил учун азот кислотали кумушдан фойдаланувчи, қимматбаҳо металларни ускуналар, приборлар, электр техникаси, ишга тушириш-тартибга солиш қурилма ва автоматикалар таркибида, бутловчи буюм ва деталларда, таркибида кумуш бўлган, ёруғликка таъсирчан материалларни (кинодан нусха кўчирувчи корхона ва киностудиялардан ташқари) ишлатувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар Асиллик даражасини белгилаш палатасида рўйхатдан ўтказилмайди.

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни амалга оширишга – 5 йил муддатга;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмлари билан чакана савдо қилишга – 1 йил муддатга;

якка тартибдаги буюртма бўйича қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ­тайёрлашга, шунингдек заргарлик буюмларини таъмирлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси якка тартибдаги тадбиркорга давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатига берилади.

Рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун аризанинг кўриб чиқилиши, унинг берилиши, қайта расмийлаштирилиши ва унинг амал қилиш муддати узайтирилиши учун йиғим ундирилмайди.

Амалга оширилиши учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси олинган ишлар, фақат юридик шахс (унинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси) ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси олган якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга оширилиши мумкин. Гувоҳномани ёки унинг бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

 

НЕФТЧИ БЎЛМОҚЧИМАН

Вазирлар Маҳкамасининг 17.06.2014 йилдаги 158-сон Қарори билан Тошкент шаҳридаги И.М.Губкин номидаги Россия нефть ва газ давлат университети филиалида 2014/2015 ўқув йилларига абитуриентларни қабул қилиш квотаси белгиланди.

2013/2014 ўқув йилига нисбатан квота «Газ, газ конденсатлари қазиб олиш ва ерости омборхоналари объектларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш» йўналиши бўйича ўқишга абитуриентлар қабулини камайтириш ҳисобига 140 кишидан 135 кишигача камайтирилди. Қолган йўналишлар бўйича умумий қабул сони олдинги йилдагига мувофиқдир.

Янги ўқув йилида қуйидаги йўналишлар бўйича 135 абитуриентни қабул қилиш режалаштирилмоқда:

«Геологик разведка технологияси» – 25 киши;

«Нефть ва газ скважиналарини бурғулаш» – 25 киши;

«Нефть қазиб олиш объектларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш» – 25 киши;

«Газ, газ конденсатларини қазиб олиш ва ерости омборхоналари объектларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш» – 35 киши (ўтган йилда қабул қилинган 40 та ўрнига);

«Корхоналар ва ташкилотлар иқтисодиёти» – 25 киши.

2013/2014 ўқув йилидан фарқли равишда «Геологик разведка технологияси» йўналиши бўйича қабул амалга оширилади. «Ишлаб чиқариш менежменти» йўналиши бўйича янги ўқув йилида абитуриентларни қабул қилиш режалаштирилмаган.

Ҳужжат билан белгиланишича, «Газ, газ конденсатларини қазиб олиш ва ерости омборхоналари объектларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш» йўналиши бўйича қабул қилинадиган 35 кишидан 10 тасининг (ўтган йилда – 15 та) ўқиши «Лукойл Ўзбекистон Оперейтинг Компани» МЧЖ ҳисобидан молияланади.

 

ИНВЕСТОРЛАРНИ КУТИБ

Вазирлар Маҳкамасининг 19.06.2014 йилдаги 160-сон Қарори билан қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 13 корхонанинг устав жамғармаларидаги «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ улушини танлов асосида реализация қилиш тўғрисидаги қарор тасдиқланди. Корхоналарнинг рўйхати Қарорда келтирилган.

Улушларни савдога қўйишда уларнинг бошланғич баҳоси баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади. Танлов савдоларида улушлар реализация қилинмаган тақдирда «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ мазкур корхоналарни лизингга реализация қилишга ҳақлидир.

Улушларни харид қилиш инвесторларнинг ўз маблағлари ва (ёки) тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига амалга оширилади.

Ҳужжат билан белгиланишича, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг устав жамғармаларидаги «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ улуши харид қилингандан кейин инвесторлар қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва имтиёзли нархларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи пудрат ташкилотларини сифатли пишган ғишт билан узлуксиз таъминлаш бўйича зарурий қувватларга эга бўлиш мажбуриятларини ўз зиммасига оладилар.

Реализация қилинган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарда Президентнинг «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2014 йил дастури тўғрисида»ги Қарори (15.11.2013 йилдаги ПҚ-2068-сон) 6-бандининг тўртинчи хатбошида назарда тутилган имтиёз сақлаб қолинади. Шуни эслатиб ўтамизки, 2015 йил 1 январга қадар қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар барча турдаги солиқлардан, давлатнинг мақсадли жамғармаларига (ягона ижтимоий солиқ бундан мустасно) ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига (ҳозир – Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси) мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз

 Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2203 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика