Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 27 / Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан

Иқтисодий мустақиллигимиз тимсоли

Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм муомалага киритилганига 20 йил тўлди

 

Ўзбекистон мустақиллиги, ўз миллий валютасига эга экани халқимизнинг улкан ютуғидир. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1994 йил 16 июнда қабул қилинган Фармонига мувофиқ муомалага киритилган миллий пулимиз – сўм бизга ана шундай имкониятни ҳадя этган.

1994 йил 1 июль мамлакатимиз солномасида тарихий сана. Шу куни миллий валютамиз – сўм юртимиз ҳудудида ягона тўлов воситаси сифатида муомалага киритилган.

Миллий валютани жорий этиш инқилоб билан тенгдир, деган эди Юртбошимиз. Дарҳақиқат, жаҳон тажрибасидан маълумки, бунга эришиш учун кўплаб давлатлар узоқ ва машаққатли йўл босиб ўтган. Кўп ҳолларда бу иқтисодий инқирозга, нархларнинг ўсиб кетиши ва маҳсулотлар танқислигига сабаб бўлган.

Юртимизда сўмни муомалага киритишда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Миллий тараққиёт тамойилларига мувофиқ бу жараён ҳам босқичма-босқич амалга оширилди.

Аввалига сўм-купон жорий этилиб, четдан кириб келаётган, қадрини йўқотган пулнинг йўли тўсилди. Юртимиздаги арзон маҳсулотларнинг бошқа республикаларга «оқиб кетиши»нинг олди олинди. Энг муҳими, сўм-купон орқали миллий пул бирлигини жорий этиш стратегияси ва ҳисоб-китоблар механизми ўрганилди. Инфляцияга қарши чоралар ишлаб чиқилиб, синаб кўрилди. Жаҳон валюталари билан муомалада пулимизнинг кучи, қадри ва харид қуввати аниқланди.

Миллий пулимизнинг барқарорлигини таъминлаш, тўлов қобилиятини ошириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсати юритилмоқда. Инфляция паст даражада сақланмоқда. Тижорат банкларининг жами капитали ҳажми ортиб бормоқда. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг изчил ўсаётгани, экспорт салоҳияти тобора юксалаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар самарасида саноат тармоқлари кенг ривожланмоқда. Импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтириладиган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўпаймоқда. Қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожи янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётир.

Бугун мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқларимиз ҳақида гапирганда, аввало, иқтисодиётимизнинг изчил ривожланиши, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро мутаносиблиги, инфляция даражасининг пастлиги, аҳоли фаровонлигининг юксалаётганлиги билан бир қаторда миллий валютамизнинг барқарорлашиб, банк тизимининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини ҳам фахр билан тилга оламиз.

Мамлакатимиз банкларининг ресурс базаси кенгайиб, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда. Банк тизимининг ликвидлиги 65 фоиздан зиёд бўлиб, бу жаҳон амалиётида умумий қабул қилинган, «юқори» деб аталадиган кўрсаткичдан 2,2 баробар ортиқдир.

Бу халқаро молия муассасалари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги деярли барча тижорат банклари етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан бериладиган «барқарор» рейтинг даражасига эгадир.

Миллий валютамиз нафақат мамлакатимиз иқтисодий қудратининг, балки халқимиз маънавий, маърифий ва маданий салоҳиятининг кўзгусидир. Унда юртимизнинг бой тарихи ва буюк келажаги ўз аксини топган. Ўзбек сўмини қўлига олган кишининг қадим Самарқанддаги Регистон майдони, Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидалар, Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри, «Истиқлол» санъат саройи, Соҳибқироннинг улуғвор ҳайкали, Олий Мажлис биноси тасвирларига кўзи тушади. Буларнинг барчаси халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод шуурида миллий ғурур туйғуларини шакллантириш, уларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, сўм ҳақидаги илк маълумотлар X-XI асрларга мансуб бўлиб, дунёдаги ҳеч бир валютанинг номи бунчалик қадимий эмасдир. Буюк Ипак йўлида савдо ривожланган ўрта асрларда, айниқса, Амир Темур даврида у халқаро аҳамият касб этган.

Узоқ йиллар давомида муомалада бўлмаган, турли босқинлар оқибатида унут бўлаёзган бу муқаддас сўз истиқлол шарофати билан яна тилимизга қайтди. Иқтисодий мустақиллигимиз асосига, миллий ифтихоримиз рамзига айланди.

Миллий валютамизда мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз намоён. Бу валюта Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, ҳамюртларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, халқаро миқёсда мамлакатимиз ­обрў-­эътиборини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилаверади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2320 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика