Norma.uz

Туристнинг ҳиммати синалади

ТУРИСТНИНГ ҲИММАТИ СИНАЛАДИ

Июнь ойидан эътиборан барча хорижий меҳмонлар Миср аэропортларига келиб тушгач, 7 АҚШ доллари миқдорида қўшимча йиғим тўлайдиган бўлди. Бу қоида олти ой амал қилади.

Мамлакат маъмурларининг бу қарори туризмдан келаётган даромадлар кескин пасайганлиги оқибатидир. Чунончи, жорий йилнинг биринчи чорагида туризм индустрияси иқтисодиётга бор-йўғи 1,3 млрд АҚШ доллари миқдорида даромад келтирди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 43 фоиз камроқдир. Ҳукумат бюджетдаги тангликни виза йиғимини ошириш билан қоплашни ҳам мўлжалламоқда.

2013 йилда Миср бўйлаб тартибсизликлар бўлиб ўтди, фавқулодда вазиятлар тартиботи жорий этилди. Бу эса, ўз навбатида, туристлар оқими кескин қисқариши ва шунга монанд равишда даромад камайишига олиб келди.

 

ҚИНҒИР ИШНИНГ БАРИБИР ҚИЙИҒИ ЧИҚАДИ

Еврокомиссия Ирландия, Нидерландия ва Люксембург солиқчиларининг Apple, Starbucks корпорацияларига ҳамда Люксембургдаги Fiat бўлинмасига нисбатан чиқарган қарорлари Европа Иттифоқи қоидаларига мувофиқми-йўқми, аниқлашни режалаштирмоқда. Ана шу корпорациялар учун белгиланган солиқларнинг бағоят паст ставкалари терговга сабаб бўлди. Жумладан, трансферт нарх белгилаш иши ўрганиб чиқилади. Йирик компаниялар ўз бўлинмалари ўртасидаги тижорат битимларида шундан фойдаланадилар, чунки бунда солиқ режимида муайян енгилликлар бор.

– Бюджетлар қисқариб бораётган бир шароитда йирик транскорпорациялар солиқларни адолатли тарзда тўлаши жуда муҳимдир, – деди рақобат масалалари бўйича комиссар Хоакин Альмуния. – Европа Иттифоқига ­аъзо давлатнинг солиқ тўғрисидаги қоидалари адолатли, камситишлардан ҳоли асосда қўлланилган бўлса, миллий ҳокимиятлар баъзи компанияларга тўлаши лозим бўлганидан камроқ солиқ тўлаш имконини берадиган чора-тадбирларни кўришдан тийиладилар.

 

ҚОҒОЗ ПУЛЛАРДАН ВОЗ КЕЧИШ КЕРАК!

Гарвард университетининг профессори, жаҳоннинг йирик иқтисодчиларидан бири Кеннет Рогофф курраи заминимиздан қоғоз пулларни йўқ қилиш ташаббуси билан сўзга чиқди. У жаҳон молия тизимида электрон пуллар билан чекланишни таклиф этди.

Бу билан бугунги кунда марказий банклар ва ҳукуматлар дуч келаётган иккита мураккаб муаммо дарҳол ҳал бўлади, – деди у. – Ҳисоб ставкаси паст эканлиги сабабли давлат назорати доирасидан ташқарида резервлар ҳосил этиш мақсадида молиявий тизимдан нақд пулларни олиб қўйиш, шунингдек солиқлардан қочиш шундай муаммо ҳисобланади.

Бу борадаги ҳаракатнинг салбий жиҳати етакчи эмитент мамлакатларнинг эмиссия билан боғлиқ резерв валюталардан, даромаддан ва фойдадан маҳрум бўлишида намоён бўлади, дейди иқтисодчи. Аммо бу, молия бобидаги қора бозор амалда барҳам топиши ҳамда пул оқимлари устидан назорат кучайиши эътиборга олинса, арзимаган йўқотувдир.

 

ПОЛИЭТИЛЕН ПАКЕТЧАЛАР БАҲРИДАН ЎТИБ

Шотландия маъмурлари полиэтилен пакетлардан фойдаланишни камайтиришга доир чора-тадбирларни маъқулладилар. Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб бундай пакетчалардан фойдаланганлик учун 5 пенни миқдорида солиқ жорий этилмоқда. Шундай солиқдан тушган пуллар хайрия мақсадларига йўналтирилади.

– Шотландияда ҳар йили бир марта фойдаланиладиган қарийб 750 млн дона пакет ишлатилади. Уларнинг сонини қисқартириш учун қатъий чоралар кўриш фурсати келди, – дейди атроф муҳит масалалари бўйича мутахассис Ричард Локхед.

Полиэтилен пакетчалар учун минимал баҳо 2011 йили Уэльсда жорий этилган эди. Ўтган йили бундай чора-тадбирлар Шимолий Ирландияда ҳам маъқулланди.

 

СОЛИҚЛАРДАН БЎЙИН ТОВЛАШНИНГ МАШҲУР УСУЛЛАРИ

Буюк Британия касаба уюшмаларининг конгресси (TUC) Туманли Альбион мамлакатининг машҳур кишилари ва бой-бадавлат фуқаролари томонидан йўл қўйиладиган солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг энг кўп учрайдиган усуллари рўйхатини чоп этди. 

Ана шундай машҳур усуллардан бирида иш берувчи ёки ишга ёлловчи мукофотни жисмоний шахсга эмас, балки оффшор фирмалар ёхуд траст фондларига тўлайди. Лихтенштейн сингари солиқ бандаргоҳлари депозитларидаги маблағлар кейинчалик пасайтирилган фоизларда оптимизаторга қарз кўринишида келиб тушади. «Қарз олувчи» Британияда яшаб ишлашда давом этаверади, шунга қарамай деярли ҳеч қандай солиқларни тўламайди.

Барча мамлакатларнинг ҳукуматлари кино ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун мазкур соҳага солиқлардан бўйин товлашнинг каттагина улуши тўғри келади. Кино ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун қарзларни жалб этган ҳолда солиқ солиш базасини максимал даражада камайтиришмоқда, бунда қарз ва у бўйича фоизларни қайтариш харажатлари чегириб ташланади.

Кўп ҳолларда машҳур шахслар ўз муаллифлик ҳуқуқларини сотадилар. Масалан, автопойгачи Жейсон ўзининг сурати учун ҳуқуқни хорижий компанияга топширди, бу компания бутун дунё бўйлаб бу суратдан даромад топмоқда. Унинг ҳисобида тўпланаётган маблағларга солинаётган солиқ ставкалари иш ҳақи кўринишидаги даромадлардан анчагина камдир.  

Резидентлик қоидаси – оптимизаторнинг энг яқин дўсти. Британияда доимий истиқомат қилар экансиз, сиз барча даромадлардан – мамлакат ичида олинганлардан ҳам, унинг ташқарисида олинганлардан ҳам солиқ тўлайсиз. Йилда 90 кундан кам яшаганларнинг эса ташқаридан олган даромадларига солиқ солинмайди. Кунларни санаб чиқиш мушкул бўлганлиги сабабли кўпчилик Британияда 40 ҳафта мобайнида 4 кундан яшаган ҳолда резидент бўлиб ҳисобланмайди. Албатта, муттасил равишда кўчиб юриш осон иш эмас, лекин кимдир бу билан шуғулланиши керак-ку!

Аксарият ҳолларда солиқларни камайтириш учун хайрия тадбирларини суиистеъмол қиладилар. Бу борадаги маълум ва машҳур йўл-йўриқлардан бири қуйидагича кўринишга эга: активларнинг (масалан, акцияларнинг) қиймати сезиларли даражада оширилади ва улар хайрия тадбирларига йўналтирилади. Кейинчалик «хайриячи» активларнинг дастлабки қийматидан анчагина юқори суммадаги солиқ чегирмасини қўлга киритади.

 

АНА КОДЕКСУ, МАНА КОДЕКС!

АҚШнинг Солиқ кодекси у қабул қилинган 1913 йилда 400 саҳифадан иборат эди, 1939 йилда бу кўрсаткич 536 га етди. 1995 йилда ҳужжатни 40 минг саҳифагача шиширишган эди. Ҳозирда мазкур кодекс 72 536 саҳифадан иборатдир.

 

Интернет тармоғи материаллари асосида.

Прочитано: 321 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика