Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 25-26 / Бизнинг маслаҳатлар

Биз таннархдан паст нархда сотяпмизми?

Бизнинг МЧЖ аҳолига шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича йўловчи ташиш хизматларини кўрсатади.

МЧЖ балансидаги автобуслар сони жамиятимизга бириктирилган йўналишларда фойдаланилиш зарур бўлган автобуслар сонидан кўп бўлганлиги сабабли, ортиқча автобуслар бошқа юридик шахсларга оператив ижарага берилмоқда. Ўз навбатида, ижарадан тушган даромадлар жамиятимизнинг молиявий ҳисоботларида «Бошқа даромадлар» сифатида акс эттирилмоқда. Оператив ижарадан тушаётган бир ойлик тушум ушбу автобусларнинг бир ойлик амортизацияси миқдоридан кам бўлмоқда. Ижара тўловлари МЧЖ даромадларининг 2-3 фоизини ташкил қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқилганда, ижарага берилган автобусларнинг амортизация миқдори билан уларнинг ижара тўлови орасидаги фарққа таннархдан паст нархда сотиш деб қараладими ва бу фарқ суммасига қўшилган қиймат солиғи тўланиши керакми?

Б.Ибрагимов,

«Фарғона автотрансхизмат» МЧЖ директори.

 

Солиқ кодексининг 197-моддасига асосан солиқ солинадиган оборотларга эга бўлган юридик шахслар ҚҚС тўловчиларидир.

Солиқ кодексининг 204-моддасида товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан паст нархларда реализация қилинган тақдирда, солиқ солиш мақсадлари учун солиқ солинадиган база товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) таннархидан келиб чиқиб белгиланиши кўрсатилган.

Таннарх деганда маҳсулот ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланиладиган моддий ресурсларнинг, асосий фондларнинг, меҳнат ресурсларининг, шунингдек товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа турдаги харажатларнинг қиймат баҳоси тушунилади. Таннарх бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлардир.

Мол-мулкни оператив ижарага бериш эса товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 199-моддаси).

Модомики, оператив ижарага берилган мол-мулк товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти экан, мазкур реализация бўйича автотранспортларингиз таннархининг ҳисоблаб чиқилиши ва ижара ҳақининг ушбу таннархдан паст нархда бўлишида ҚҚС таннарх бўйича ҳисобланиши керак. Чунки асосий воситалар амортизацияси маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг таннархига киритиладиган харажатлар ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, автотранспорт воситаларини ижарага беришдан олган даромадингиз жамиятингизнинг жами даромадлари умумий суммасида устунлик қилсагина, яъни асосий воситаларни ижарага бериш асосий фаолиятингиз ҳисобланган тақдирдагина автотранспорт воситаларингиз амортизацияси сизнинг хизматларингиз таннархи бўлиб ҳисобланади. Айнан шу ҳолатда амортизация суммасидан паст нархда ижарага берилган транспорт воситалари учун амортизация суммасидан келиб чиқиб ҚҚС ҳисобланиши ўринли бўлади.

Мол-мулкни оператив ижарага беришдан олинадиган даромадлар Солиқ кодексининг 132-моддасига асосан бошқа даромадлардир.

Демак, сизнинг ҳолатингизда агар мол-мулкни бошқа шахсларга фойдаланишга беришдан олинган даромадларингиз жами хизматларни реализация қилишдан олинган даромадларингизнинг умумий суммасида устунлик қилган тақдирдагина мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар ҳам бошқа даромад эмас, балки хизматларни реализация қилишдан олинган даромадлар деб эътироф этилади.

Аксинча, агар мол-мулкни бошқа шахсларга фойдаланишга беришдан олган даромадларингиз жами хизматларни реализация қилишдан олинган даромадларингиз умумий суммасида устунлик қилмаса, у ҳолда бу даромадлар товарларни хизматларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар таркибига киради ва Солиқ кодексининг 132-моддасига асосан бошқа даромадлар деб эътироф этилади.

Бошқа даромадлар ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланса-да, Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан солиқ солиш мақсадларида автотранспорт воситаларингиз амортизация қийматидан (таннархидан) келиб чиқиб солиқ солинадиган база белгиланадиган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилиш обороти ҳисобланмайди.

Жавобни
«Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳати ташкилоти
солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2669 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика