Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 25-26 / Бизнинг маслаҳатлар

Режадан ташқари текширув: Асословчи сабабларни кўрсатиш шартми?

Газетангизнинг 2013 йилдаги 43, 45, 48 ва 50-сонларида ҳамда 2014 йилдаги 2 ва 8-сонларида чоп этилган режадан ташқари (шу жумладан қисқа муддатли) солиқ текширувлари тўғрисидаги материаллар биз – тадбиркорларга катта мадад бағишлайди, бунинг учун сизга раҳмат айтамиз.

Лекин чоп этилган материалларда иш жараёнида тез-тез учраб турадиган бир саволга жавоб топа олмадим: нима учун қисқа муддатли солиқ текширувини ўтказиш учун келган ходимларнинг бизга тақдим этадиган ҳужжатларида (буйруқларда, қарорларда, текширишни ўтказиш тўғрисидаги дастурларда) текширишни ўтказиш сабаблари ёзилмайди? Текширишни ўтказиш учун келган солиқ хизмати ходимларининг бирортаси бу саволимизга жавоб бера олмайди. «Мана сизга қарор, мана буйруқ» дейишади, холос. Ахир Адлия вазирлиги томонидан 6.05.2006 йилда 1573-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарор билан тасдиқланган Низомнинг 16-бандида режадан ташқари текширишлар (шу жумладан қисқа муддатли текширишлар) назорат қилувчи органлар томонидан «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига биноан уларнинг ўтказилишини асослаб берадиган сабаблар мавжуд бўладиган қуйидаги алоҳида ҳолларда амалга оширилиши мумкин дейилган:

текширишларни ўтказиш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларидан келиб чиққанда;

назорат қилувчи органга тадбиркорлик субъекти томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳоллари тўғрисида қўшимча маълумотлар келиб тушганда (корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролардан келиб тушган, аниқ далилланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўрсатилган ахборот қўшимча маълумот бўлиб хизмат қилиши мумкин);

фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш зарур бўлганда ва ҳоказолар.

Солиқ текшируви ҳужжатларида унинг сабаблари кўрсатилмаса, бу солиқ ходимлари томонидан савдо дўконларини текширишга «хоҳлаган пайтда» йўл қўйилади деган маънони билдирмайдими?

Саволим шуки, текширувга тааллуқли бўлган ҳужжатларда текшириш сабаблари кўрсатилиши керакми? Агар кўрсатилиши керак бўлса, текширилаётган субъект вакили улар билан танишишга ҳақлими ёки йўқми?

Б.Ҳазратқулова,

хусусий корхона бош бухгалтери.

 

– Назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларни текширишга улар «хоҳлаган пайтда» эмас, балки фақатгина қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 12-моддасида назарда тутилганидек, бундай субъектлар фаолиятини режадан ташқари текшириш учун махсус ваколатли органнинг текширилаётган объект номини, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текширув ўтказиш мақсади, муддатлари ҳамда уни ўтказиш сабабларининг асослилигини кўрсатган ҳолда режадан ташқари текшириш ўтказиш тўғрисида чиқарган қарори, шунингдек текширишни амалга оширувчи тегишли мансабдор шахслар таркиби ва текширувни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи асос бўлиб хизмат қилади.

Режадан ташқари текширувлар Қонуннинг 12-моддасида келтирилган ҳолларда (жу жумладан санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда) ўтказилади.

Бироқ, Қонуннинг 2-моддаси учинчи қисмини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак, чунки унга кўра «солиқ текшируви орқали амалга ошириладиган давлат назоратининг ўзига хос хусусиятлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади».

Хусусан, Солиқ кодексининг 14-боби айнан солиқ текширувларига бағишланган бўлиб, улар қуйидаги турларга бўлинади: режали солиқ текшируви; режадан ташқари солиқ текшируви; муқобил текширув (Солиқ кодекси 86-моддасининг биринчи қисми). Солиқ текшируви солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) ва қисқа муддатли текширув шаклида амалга оширилади (Солиқ кодекси 85-моддасининг иккинчи қисми).

Солиқ тўловчи молия-хўжалик фаолиятининг режадан ташқари солиқ текшируви (тафтиши) қуйидаги ҳолларда ўтказиладиган текширувдир:

юридик шахс тугатилаётганда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ҳукуматининг қарорларидан келиб чиқувчи текширувларни ўтказиш зарур бўлганда;

давлат солиқ хизмати органига (кейинги ўринларда – ДСХО) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ тўловчи томонидан бузилганлиги ҳоллари ҳақида қўшимча маълумотлар тушганда (Солиқ кодекси 86-моддасининг учинчи қисми)*.

Айнан шу ҳоллар Солиқ кодекси 88-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи хатбошига мувофиқ режадан ташқари солиқ текширувини асословчи сабаблар сифатида назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги қарорида ўз аксини топмоғи лозим. Лекин Солиқ кодекси 88-моддасининг учинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда ушбу органнинг бундай қарори талаб этилмайди.

СКнинг 86-моддаси олтинчи қисмида белгиланганидек, қисқа муддатли текширувлар режадан ташқари солиқ текшируви тарзида ўтказилади. Демак, қисқа муддатли текширувни ўтказиш тўғрисидаги қарорда ҳам уни асословчи сабаблар кўрсатилиши шарт.

Ушбу қарорнинг кўчирма нусхаси, шунингдек унинг асосида ДСХОнинг чиқарган текширувни ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр кўрсатилган ҳолдаги буйруғи ҳамда текширув ўтказиш дастури нусхалари солиқ тўловчига топширилиши керак (Солиқ кодекси 92-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси).

Солиқ тўловчи бундай ҳужжатларнинг нусхаларини олиб, улар билан танишиб чиқиб, режадан ташқари (шу жумладан қисқа муддатли) текширув ўтказишни асословчи сабаблар кўрсатилган-кўрсатилмаганлигини билиб олиши мумкин.

Масалан, режадан ташқари текширув ўтказишга ДСХОга солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳоллари ҳақида қўшимча маълумотлар тушганлиги сабаб бўлди. Бу сабаб қарорда (бошқа тегишли маълумотлар билан бир қаторда) кўрсатилиши шарт, акс ҳолда уни асосли ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган деб бўлмайди. Бу ҳолда солиқ тўловчи ДСХОнинг мансабдор шахсларини солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўймасликка ҳақлидир (Солиқ кодекси 92-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошиси).

Бундан ташқари, солиқ тўловчи қарорда кўрсатилмаган сабаблар тўғрисида ахборотни (ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдорлиги туфайли) излаш, олиш, текшириш (ўрганиш), тарқатиш ва ундан фойдаланиш мақсадида назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органга ва (ёки) ДСХОга сўровнома билан мурожаат қилишга ҳақли. Бундай ҳуқуқ қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқади:

Солиқ кодекси 31-моддаси биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси;

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрирда) 31-моддасининг биринчи қисми;

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 8-моддасининг иккинчи қисми ва 9-моддаси.

Борди-ю, қарорда текширув ўтказишни асословчи сабаблар кўрсатилмаган бўлса ва ДСХОнинг мансабдор шахслари солиқ тўловчининг ҳудуд ва жойларига кириб, солиқ текширувини мажбурий равишда ўтказишса, у ҳолда текширувга оид ҳужжатлар солиқ тўловчини тегишли ҳуқуқбузарликда айблаш учун юридик кучга эга бўлмайди. Чунки Солиқ кодекси 67-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланишича, қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳужжатлар ёки бошқа ахборот солиқ тўловчини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди.

*Бундан кўриниб турибдики, режадан ташқари солиқ текшируви Қонуннинг 12-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-хатбошиларидаги ҳолларда (фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олди олинаётганда; санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда) ўтказилмайди.

 

Жавобни эксперт-юристимиз Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 3473 раз(а)

Комментарии к статье (3)

2014-08-13 10:31:00, Гость_:
Бизнинг корхонамизда киска солик текшириш утказилган. Бизларга берилган карорда ва бошка хужжатларда Солик кодексининг 86 моддаси 3 кисмида курсатилган асословчи сабаблар умуман курсатилмаган. Кейинчалик ишни куриб чиккан суд бунга эътиборини каратмади хам.
2014-08-13 17:42:29, Гость_M.Jahongir :
Гость_
Кейинчалик ишни куриб чиккан суд бунга эътиборини каратмади хам.
Агар судьялар "Норма" компаниясининг юристларидек синчковлик билан масалага муносабат билдирсайди, солиқчилоарнинг ноқонуний тўпланган ҳужжатларини айблов далил сифатида қабул қилмасдилар.
2014-12-11 14:45:30, Гость_Шохрух:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика