Norma.uz

Банк карточкалари — замонавий тўлов воситаси

Қисқача тарих

Дастлабки банк тўлов карточкалари бир асрлик тарихга эга. Шу давр мобайнида уларнинг кўриниши ва улар бажараётган функциялар кенгайди ва сифати ошди.

1914 йилда пластик карточкалар «Mobil Oil» (General Petroleum Corporation of California) фирмаси томонидан картон кўринишида жорий этилган бўлиб, уларнинг мақсади савдо жараёнларида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва пулга бўлган ички талабни қондириш бўлди.

1950-йилларга келиб тўлов карталари бошқа соҳаларда, жумладан умумий овқатланиш шохобчаларида ҳам қўлланила бошлади. Биринчи банк тўлов карточкалари 1958 йили Bank of America томонидан умумий фойдаланиш учун чиқарилди. Бу карточкалар пул муомаласидаги иқтисодий самарани яққол кўрсатиб берди ва уларнинг оммалашувига олиб келди.

 

ЎЗБЕКИСТОНГА ПЛАСТИК КАРТОЧКАЛАРНИНГ КИРИБ КЕЛИШ АСОСЛАРИ ВА ЗАРУРИЯТИ

Ўзбекистон Республикасида пластик карточкалар Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 майдаги «VISА» дебет ва кредит карточкаларини муомалага чиқаришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 268-сон Қарорига мувофиқ ТИФ Миллий банки томонидан муомалага чиқарила бошланди. Шу тариқа даставвал ТИФ Миллий банки ва Асака банки ўртасида ягона пластик карточкалар тизими яратилди.

1996 йилнинг охирида Банклар ассоциацияси пластик карточкаларнинг миллий тизими лойиҳасини BGS Smartcard Systems AG халқаро компаниясининг (Австрия) DUET тўлов тизими асосида ташкил эта бошлади. BGS Smartcard Systems AG тўлов тизимларини микропроцессорли пластик карточкалар асосида яратиш ва жорий этиш билан шуғулланувчи халқаро компания ҳисобланади.

Банк пластик карточкаларни республика амалиётига киритишдан мақсад нақд пул маблағларини ва банкдан таш­қари пул айланмасини қисқартириш, пул муомаласини юқори савияда ташкил этиш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб этиш ва халқаро талабларга мос равишда банк хизматларини аҳоли, корхона ва ташкилотларга тақдим этиш ҳисобланади.

Маълумки, давлатнинг мо­нетар сиёсатини юритиш ва инфляция даражасини жи­ловлашда Марказий банк олдида турган мураккаб масалалардан бири чакана ҳисоб-китоб жараёнларидаги нақд пул маблағларининг банк тизимига ёки молия секторига тўлиқ (100 фоиз) даражада қайтиб келишини таъминлаш ҳисобланади.

Ўзбекистон илк мустақилликка эришгандан сўнг пул айланиши тизимида, шу билан бирга тўлов жараёнларини ташкил қилиш ва тартибга солиш соҳасида катта муаммоларга дуч келганлигини кўриш мумкин. Шу даврда Марказий банк томонидан пухта ишлаб чиқилган монетар сиёсат ва у томондан қўлланилган монетар инструментлар объектив сабабларга кўра кутилган натижани бериши қийин эди. Бу пул айланиши тизимининг ҳали яхши йўлга қўйилмаганлигидан, жумладан чакана ҳисоб-китоб жараёнларининг оддий усуллар асосида олиб борилиши ушбу даражадаги пул айланмасининг устидан мониторинг олиб бориш имкони жуда пастлигидан далолат берар эди.

Пластик карточкалар айнан чакана савдо соҳасида ташкил қилинаётган тўлов жараёнларининг замонавий тарзда, қулай ва тез амалга оширилишини таъминлаш би­лан бирга давлатнинг монетар сиёсати самарасини рўёбга чиқариш воситаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Пластик карточкалар ёрдамида ташкил қилинаётган пул айланмасининг ҳолатига объектив баҳо бериш ва шу билан бирга унинг келажак ҳолатини аниқ прогнозлаштириш ҳамда ушбу тўлов воситалари орқали макроиқтисодий жараёнларга таъсир этиш ҳолатини кузатиш мумкин.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, банкдан ташқари пул айланмасини қисқартиришда тўлов карточкаларидан самарали фойдаланилади ва шу орқали пул айланмасининг устидан мониторинг ўрнатишга эришилади.

 

КАРТОЧКАЛАР БОЗОРИНИНГ БУГУНГИ ҲОЛАТИ

Банк пластик карточкалари бозорининг ривожланиш тамойиллари шуни кўрсатмоқдаки, давлат томонидан қабул қилинган бир қатор меъёрий ҳужжатлар ушбу тўлов воситасининг сони кўпайиши, тўлов айланмасининг ҳажми ошиши ҳамда мазкур тизим инфратузилмаси ривожланишига замин яратди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 445-сон Қарори, Президентимизнинг 2006 йил 3 августдаги «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 433-сон, 2010 йил 19 апрелдаги «Банк пластик карточкаларидан фойдалан­ган ҳолда ҳисоб-китоб ти­зимини ривожлантиришни рағ­батлантириш бўйича қў­шимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги 1325-сон, 2010 йил 26 ноябрдаги «2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори ҳалқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги 1438-сон қарорлари республикада пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш бўйича босқичма-бос­қич чора-тадбирларни амалга оширишга ҳуқуқий асос яратди. Ана шу ҳуқуқий асос туфайли юртимизда пластик карточкалар бозорида юқори даражадаги силжиш кузатилди: 2004 йил ҳолатига уларнинг сони 406 мингта бўлган бўлса, 2014 йил 1 январь ҳолатига келиб 11 068 мингтани ташкил қилди, яъни 27,3 маротаба ўсиш кузатилди. Шунингдек, ушбу карточкалар асосида амалга оширилган транзакцияларнинг ҳажми 2004 йилда 0,1 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 2014 йил 1 январь ҳолатига 16 307,5 млрд сўмга етди, бу эса таҳлил этилаётган даврда транзакцияларнинг 163 075 маротаба ошганлигидан далолат беради.

Карточкали тўлов тизимларининг инфратузилмасига келсак, савдо ва ҳисоб-китоб шохобчаларининг терминаллар билан таъминланганлик даражаси 2004 йилда 2 782 тани, 2014 йил 1 январь ҳолатига 129 679 тани ташкил қилди (46,6 маротаба ошган), банкомат ва инфокиоскаларнинг сони эса тегишли тарзда 151 тадан 1 733 тага етди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 апрелдаги ПҚ-1325-сон Қарорига асосан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим:

● авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари;

● автовокзал ва автостанциялар кассалари;

● автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари;

● меҳмонхоналар;

● кредит ташкилотлари (микро­кредит ташкилотлари, лом­бардлар), суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;

● турғун савдо шохобчалари, шу жумладан, дорихоналар (эгаллаб турган майдони ўлчамидан қатъи назар);

● умумий овқатланиш объектлари;

● уй-жой-коммунал, шунинг­дек телефон алоқа хизматлари, шу жумладан, уяли ало­қа телефонлари хизматлари учун аҳолидан тўловларни қа­бул қилиш шохобчалари;

● автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

● алоқа бўлимлари;

● маиший хизмат кўрсатиш ҳамда маданий-оммавий ва томоша тадбирлари ўтказиладиган объектлар;

● аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар.

Марказий банк томонидан 2012 йил 21 апрелда «Ўзкарт» банклараро чакана тўлов тизими фаолияти тўғрисида алоҳида низом ишлаб чиқилди ва бу ўз навбатида, банклараро пластик карточкалар орқали бўладиган ҳар бир тўловнинг ўз вақтида ўтишини, хавфсизлигини таъминлаш ва мижозларга янада қулай шароит яратиб беришни таъминлади.

 

МИЖОЗЛАР ЭЪТИБОРГА ОЛИШИ ЗАРУР БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР

Ўзбекистон Республикасида тақдим этилаётган карточкалар шахсий, корпоратив ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мўлжаллангандир. Пластик карточкалар билан операцияларни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва бошқа барча масалалар юзасидан унга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилинади, шунингдек банк ва мижоз ўртасида юзага келадиган низолар улар ўртасида банк ҳисобварағини очиш ва юритиш бўйича имзоланган шартнома асосида ҳал этилади.

Тижорат банкларининг плас­тик карточкалари икки хил – «On-line» ва «Off-line» режимида ишлайди. «Off-line» режимидаги пластик карточкалар электрон ҳамён вазифасини бажарса, «On-line» режимидагилар мижознинг тўғридан-тўғри банкдаги ҳисобварағига кириши ва маблағларни тўсиқсиз ишлатишига имконият яратади.

«On-line» режимида ишлайдиган карточкалар ислоҳотли ҳисобланади, чунки улар фойдаланишда қуйидаги бир қатор афзалликларга эга:

● карточкаларга пул маблағларини тушириш ва уни авторизация қилиш зарурияти йўқ;

● карточкалар орқали амалга оширилган молиявий операциялар ҳақида маълумотларни реал вақт ичида SMS ёрдамида олиш мумкин;

«Интернет банкинг», «Мобил банкинг» ва бошқа янги турдаги хизматлардан фойдаланиш имконияти мавжуд;

пластик карточкалардаги пулларни электрон пулларга айлантириш ва электрон тижоратда пул мажбуриятларининг ҳисоб-китобини амалга оширишда фойдаланиш учун имкониятни юзага келтиради.

 

Ҳавохон РАҲИМОВА,

Нурбек РИЗАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси
Банк-молия академияси
ходимлари.

Прочитано: 4318 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика