Norma.uz

Профилактика – ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда муҳим омил

2014 йил 15 майда ўзбекистон республикасининг «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуни матбуотда эълон қилинди

 

«Биз инсон улғайиб, фаол турмушга киришиб, жиноят қилганда ёки қонунни буза бошлагандагина у содир этган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан «муваффақиятли» кураша бошлаймиз. Келинг, азиз дўстлар, бир ўйлаб кўрайлик. Вақт ўтгач, бундай салбий ҳолатларга қарши курашгандан кўра, аввалбошдан бундай қонун бузилишларининг олдини олган яхши эмасми? Ҳуқуқбузарлик қилган инсон ҳали ёш, дунёқараши ва ҳуқуқий онги эндигина шаклланаётган, қонунларга итоат қилувчи киши қилиб тарбиялаш мумкин бўлган пайтда аниқ мақсадни кўзлаб, унинг тарбияси билан шуғулланган яхши эмасмиди? Бу масаланинг ҳал этилиши прокуратура идоралари, бутун ҳуқуқий тизимимиз ва умуман, жамиятимиз учун асосий фаолият йўналиши бўлмоғи керак».

И.А.Каримов.

 

2014 йил 15 майда ўзбекистон республикасининг «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуни матбуотда эълон қилинди.

 

Касални даволагандан кўра...

Ўзбекистон The World Justice Project индексида 3-ўринни эгаллади

Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси. Бу қандай тушунча?

 

Халқимизда «Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал» деган пурҳикмат нақл бор. Албатта, болага ёки бўлғуси ҳуқуқбузар-жиноятчига унинг муайян хатти-ҳаракати ғайриижтимоий хулқ-атвор ёхуд ҳуқуқбузарлик эканлиги, унинг оқибатлари тушунтирилса, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсизликнинг олди олинган бўлади. Жорий йилнинг 15 августидан кучга кирадиган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Ўз­бе­кистон Республикаси Қонунининг мақсади ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Профилактика нафақат ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олишда, балки ўз навбатида, шахсни жамият учун фойдали киши этиб шакллантиришда, айниқса ёшларни юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етказишда ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этади. Зеро, халқимизнинг «Дарахтдан мева оламан десанг, ниҳоллигидан парвариш қил», «Эгри бутоқни ниҳолида тобини ол» деган ҳикматли сўзлари бежиз айтилмаган.

Мамлакатимиз қонунчилигида ҳу­қуқ­бузарликлар профилактикаси ту­шунчаси бугун пайдо бўлган эмас. Масалан, 1994 йилда қабул қи­линган Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларимизда ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларни Конституция ва қонунларга риоя этиш руҳида тарбиялаш белгиланди. Ҳу­қуқбузарликларнинг олдини олиш­да ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг ўрни беқиёслигидан келиб чиқиб, 1997 йилда «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури» тасдиқланди. 2010 йилда «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар ол­дини олишнинг институционал асос­лари шакллантирилди. Масалан, «Прокуратура тўғрисида»ги Қо­нуннинг 2-моддасида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари қа­торида ҳуқуқбузарликларнинг ол­дини олиш ва профилактика қилиш мустаҳкамланган. Ички ишлар вазирлигининг ҳам асосий вазифаларидан бири ҳуқуқбузарликнинг олдини олишдир. Айниқса жойлардаги милиция таянч пунктларидаги ички ишлар органларининг ҳудудий профилактика инспекторлари ва фуқаролар йиғинларининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси, яраштириш комиссиялари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг ҳамкорликдаги фаолияти ҳуқуқбузарликлар олдини олишда самарали механизм вазифасини бажармоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар ҳамда улар ижросини таъминловчи органлар фаолияти самарадорлигининг яққол тасдиғи ўлароқ, яқинда «The World Justice Project» халқаро ташкилотининг жаҳон миқёсида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича эълон қилинган навбатдаги Индексида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади.

Бироқ, эришилгaн бу ютуқлaр биз ўз oлдимизгa қўйгaн юксaк мaқсaдгa қaрaтилгaн узoқ вa мурaккaб йўлнинг бир қисми, xoлoс. Тoбoрa oшиб бoрaётгaн ҳaёт тaлaблaригa жaвoб бeриш, кeчaётгaн дaвр би­лaн ҳaмқaдaм бўлиш, эртaнги кун тaлaблaридaн кeлиб чиққaн ҳoлдa суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўлидaги изчил ҳaрaкaтлaримизни кучaйтириш зарурати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштиришни тақозо қилди. Хусусан, турли даражадаги қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид нормаларни унификациялаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси яхлит тизимини ташкил этишда ягона ёндашувни таъминлаш, тизимга кирувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро ҳам­корликнинг ҳуқуқий механизмларини қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаш, мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш зарурияти шулар жумласидандир.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун мазкур масалаларни ҳал қилиш мақсадини кўзлайди. Қонуннинг энг муҳим ва асосий ғояларидан бири бу – ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга тегишли ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдириш, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш ҳисобланади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари Қонуннинг 4-мод­дасида белгиланиб, уларга шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш кабилар кириши мустаҳкамланган.

Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлайдиган идораларнинг рўйхати кенгайтирилди. Улар қаторига, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан анъанавий тарзда шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари киритилди. Чунки у ёки бу шахснинг ҳуқуқбузар бўлиб етишишига таълим-тарбиянинг яхши йўлга қўйилмаганлиги, таълим олувчилар бўш вақтининг мақсадли ташкил қилинмаганлиги, шунингдек таълим муассасасини битиргандан сўнг иш билан таъминланмаслик каби омиллар таъсир ўтказади.

Бундай камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида Қонунда таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларининг ички ишлар органлари билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги ҳамкорлигининг аниқ механизмлари белгилаб берилган. Хусусан, ҳужжатнинг 17-моддасига кўра, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ички ишлар органларига ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида, таълим олувчи шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги мустаҳкамланган.

Қонуннинг 18-моддасида эса соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари ички ишлар органларига ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида, баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этганлиги ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида, вояга етмаган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Қонунда ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси деган тушунча келтирилади. Унга кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасанинг муайян шахснинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтиришга қаратилган профилактика чора-тадбирларини қўллашга доир фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси ҳисобланади (Қонуннинг 43-моддаси)

Бундай турдаги профилактика чора-тадбирларига ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларга нисбатан шахснинг индивидуал ва ижтимоий-психологик хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда профилактика тадбирларини ўтказиш, аҳолига, шу жумладан ҳуқуқбузарликдан жабрланганларга шахслар ўртасидаги низоларни ҳал этиш усулларини ўргатиш, ҳуқуқбузарликдан жабрланганларни аниқлаш ва ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўриш кабилар киради.

Мазкур Қонун фуқароларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, турли тажовуз ва таҳдидлардан муҳофаза қилинган ҳолда тинч-осойишта ҳаёт кечиришга, иш билан таъминланиш кафолатларини кучайтиришга, таълим олувчи шахсларнинг бандлиги ва бўш вақтини мароқли ўтказилишини таъминлашга, соғлом турмуш тарзини кечиришларига кўмаклашишга хизмат қилади.

 

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари

мониторинги институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 8233 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика