Norma.uz

Кўчмас мулк билан боғлиқ битим тузмоқчимисиз? – Қонун сизга ёрдамга келади

Агар сиз квартира сотиб олиш ёки сотиш чоғида воситачининг хизматларидан фойдаланишга қарор қилган бўлсангиз, «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун (22.12.2010 йилдаги ЎРҚ-269-сон, бундан кейин – Қонун) асосларини билишингиз асқотади. Риэлторлик ташкилотларининг бўлғуси мижозлари нималарга эътибор қаратишлари керак?

 

– Риэлторлик фаолияти нималарни ўз ичига олади?

Бу юридик ва жисмоний шахс­ларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир. У ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади (Қонуннинг 3-мод­даси).

Риэлторлик ташкилоти лицензияга эга бўлган тижорат ташкилотидир. Риэлтор малака сертификатига ва лицензияга эга бўлган, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсдир. Риэлторга лицензия кўчмас мулк бозорида фақат ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш учун берилади (Қонуннинг 4-моддаси).

Риэлторлик фаолияти турларидан бири – кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик. У кўчмас мулкнинг олди-сотдиси, ижараси, гарови, айирбошланиши, ҳадя этилиши, рентаси, кўчмас мулкдан текин фойдаланилиши ва умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни (квартирани) бошқа шахсга бериш билан боғлиқ ҳаракатларни, башарти буюртмачи билан тузилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси асосида риэлторлик ташкилоти томонидан амалга оширилса, назарда тутади (Қонуннинг 9, 10-моддалари).

– Риэлторлик фаолиятини амалга оширишга лицензияни ким беради?

– Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органидир (ВМнинг 10.05.2011 йилдаги 129-сон Қарори 1-банди). У риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларга лицензияни беради, қайта расмийлаштиради; улар томонидан лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади; лицензиянинг амал қилишини 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туради, лицензиянинг амал қилишини 10 иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида ёки тугатиш ҳамда лицензияни бекор қи­лиш ҳақида судга мурожаат қилади (Қонуннинг 6-моддаси).

– Риэлторлик хизматлари буюрт­мачиси қандай ҳуқуқларга эга?

– Қонуннинг 16-моддасига кўра ­буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

риэлторлик ташкилоти ёки риэлтордан лицензия, шунингдек малака сертификати кўрсатилишини талаб қи­лиш;

улардан шартнома бажарилишининг бориши ҳақида ахборот олиш;

шартнома шартлари риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор томонидан бажарилмаган тақдирда унинг бекор қилинишини талаб этиш;

хизматлар ижрочисининг айби билан шартноманинг бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қоп­ланишини ва маънавий зиённинг компенсация қилинишини талаб қи­лиш;

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир тузилиши мўлжалланаётган битимнинг хусусияти ҳамда ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида ижрочилардан ёзма шаклда ахборот олиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаат­лари бузилган тақдирда ваколатли давлат органига, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи таш­килотларга, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларнинг бирлашмаларига, шунингдек судга мурожаат қилиш.

– Риэлторлар ва риэлторлик таш­килотларининг вазифаларига ни­малар киради?

– Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ риэлторлик ташкилоти ва риэлтор:

буюртмачининг талабига биноан лицензияни ва малака сертификатини кўрсатиши;

буюртмачига риэлторлик хизматларини фақат шартнома асосида кўрсатиши;

риэлторлик хизматлари кўр­сатиш давомида олинган махфий ахборотни ошкор этмаслиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мус­тасно;

буюртмачидан олинган ҳуж­жатлар­нинг бут сақла­нишини таъминлаши;

буюртмачига кўчмас мулк объектига, унга бўлган ҳуқуқларга тааллуқли ишончли ва тўлиқ ахборотни, шунингдек кўчмас мулк объектининг мулкдори (ҳуқуқ эгаси) ҳақидаги Қонунда назарда тутилган ахборотни тақдим этиши;

буюртмачининг ёзма мурожаатларига ёзма шаклда жавоб бериши шарт ва ҳо­казо.

– Шартнома тузаётганда нималарга эътибор қаратиш керак?

– Риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси, Қонуннинг 20-моддасига кўра, риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор томонидан буюртмачи билан ёзма шаклда тузилади. У қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

риэлторлик хизматларининг мазмуни ва уларни кўрсатиш муддатлари;

кўрсатилган хизматларга тўлана­диган ҳақнинг миқдори, шартлари ва муддатлари;

риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор ҳамда буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тарафларнинг шартнома мажбурият­ларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ҳамда учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлиги учун жавобгарлиги;

шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари;

шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда маблағларни қайтариш тартиби;

риэлторлик ташкилотида ёки риэл­торда лицензиянинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар унинг тартиб (рўйхатдан ўтказилганлик) рақами ва берилган санаси кўрсатилган ҳолда;

уларда ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полисининг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

– Битта кўчмас мулк объекти бў­йича бир нечта буюртмачига риэлторлик хизматлари кўрсатиш мумкинми?

– Риэлторлик ташкилоти ёки риэл­тор айни бир кўчмас мулк объекти ва унга бўлган ҳуқуқлар бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта буюртмачига риэлторлик хизматларини кўрсатишга ҳақли. Бунда риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартлари барча буюртмачилар учун бир хил бўлиши керак. Риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор барча буюртмачиларга кўчмас мулк объекти ва учинчи шахсларнинг унга бўлган ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилиши шарт (Қонуннинг 22-мод­даси).

– Қонунда учинчи шахсларнинг ҳу­қуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилганми?

– Қонуннинг 23-моддасига кўра риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор ва буюрт­мачи битим предмети бўлган кўчмас мулк объектига нисбатан ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг розилигисиз риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасини тузишга ҳақли эмас. Агар шартномани бажариш давомида ёки натижасида учинчи шахсларга мулкий ва (ёки) маънавий зиён етказилган бўлса, риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор ва буюртмачи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ҳамда маънавий зиён учун компенсация тўлайди.

Битим предмети бўлган кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлари бузилган шахслар, шу жумладан, вояга етмаганларнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи қонуний вакиллари судга мурожаат этишга ҳақлилар.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2879 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика