Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 22 / Долзарб мавзу

«Акциядорлар манфаатига қаратилган қонун»

Ойбек РАҲМАНОВ, «ЎЗБЕКЭНЕРГО» ДАК энергосотиш филиали бўлим бошлиғи:

– 2014 йил 6 майда янги таҳ­рирдаги «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғ­рисида»ги Қонун қабул қилиниши билан мамлакатимизда фаолият юритаётган мингдан ортиқ акциядорлик жамиятлари қатори бизни ҳам бу Қонундан кутилаётган янгилик ва ўзгаришлар жиддий қизиқтираётган эди. Рес­публика биржа марказида Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган семинар биз учун айни муддао бўлди. Сабаби биз бу тадбирда иштирок этган Марказ директорининг ўринбосари Асқар Обидовдан янги таҳрирдаги Қонун мазмунидан келиб чиқадиган янгиликлар ҳақида атрофлича хабардор қилиндик, кўплаб саволларимизга батафсил тушунтиришлар олиш имкониятига эга бўлдик.

Янги таҳрирдаги Қонун акциядорларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳимоялашга қаратилган ҳужжат бўлган­лиги шубҳасиз. Сабаби, биринчидан, биздаги акциядорлик жамиятларининг 90 фоиз акциядорлари жисмоний шахс­лар ҳисобланади, қолаверса янги қонун ҳужжати яна миллионлаб ватандошларимизни қимматли қоғозлар бозорида иштирок этиши орқали хусусий секторга жалб этишга йўл очади.

Мазкур Қонуннинг эски таҳ­рир­дагисидан фарқ қиладиган асосий жиҳат­ларидан бири ундан акциядорлик жамиятларининг очиқ ёки ёпиқ шакл­да бўлиш тушунчасининг чи­қа­риб ташланишидир.

Қонуннинг 8-моддасида жамият акциядорлик жамия­ти ёки масъулияти чекланган жамият шаклидаги шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу меъёрнинг киритилиши эндиликда юртимизда фаолият кўрсатаётган акциядорлик жамиятлари айнан икки турдаги мулкчилик шаклида – акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклларидагина шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлишлари мумкинлигини ҳамда амалдаги унитар ва шўъба корхоналар эндиликда акциядорлик жамияти ёки масъулияти чек­ланган жамият шаклларида қайта ташкил этилишини билдиради.

Жамиятнинг уставида келтирилиши лозим бўлган маълумотлар эски Қонуннинг 15-моддасида белгиланган бўлиб, улар 12 банддан иборат эди. Янги таҳрирдаги Қонунда бу меъёр 13-моддада белгиланган бўлиб, энди бундай маълумотлар қуйидаги 5 банддан иборатдир:

жамиятнинг тўлиқ (агар бўлса қисқартирилган) фирма номи, жойлашган ери (поч­та манзили) ва электрон поч­та манзили;

фаолиятининг соҳаси (асосий йўналишлари) ва мақса­ди;

устав фондининг (устав капиталининг) миқдори;

жамият акцияларининг сони, номинал қиймати, турлари (оддий, имтиёзли);

жамият бошқарувининг тузилмаси, жамият кузатув кенгашининг, тафтиш комиссиясининг ва ижроия органининг аъзолари сони, бу органларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколатлари.

Мазкур ўзгартириш акциядорлик жамиятининг уставига қўйиладиган ортиқча талабларни соддалаштириб, жамиятлар ва инвесторларга енгиллик яратиб беради.

Яна бир муҳим янгилик шундаки, авваллари акциялар номинал қийматининг энг паст чегараси белгиланган бўлиб, у 100 сўмдан кам бў­лиши мумкин эмас эди (эски Қо­нуннинг 25-моддаси), эндиликда эса акциялар номинал қийматининг энг паст чегараси эмас, балки юқори чегараси белгилаб берилди – унга кўра акцияларнинг номинал қиймати 5 000 сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмас (янги Қонуннинг 23-моддаси). Ушбу норманинг киритилиши юртимиздаги кўплаб акциядорлик жамиятлари акцияларининг номинал қийматини камайтиришга олиб келади ва шу тариқа ушбу жамият акцияларининг кичик инвесторлар томонидан харид қилинишига имконият яратиб берилади. Бир сўз билан айтганда, оддий аҳолининг қимматли қоғозлар бозорига янада кенг жалб этилишига замин яратилади.

Муқаддам қонунчиликда жамият соф активлари қан­дай аниқланиши белгилаб берилмаган бўлса, янги Қонунга кўра, «жамият соф активларининг қиймати бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича, жамият активлари ва мажбуриятларининг умумий суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади». Ушбу тушунчани аниқлаштириш жамият томонидан йирик битимлар тузилаётганда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Шунингдек, Қонуннинг 83-моддасига асосан жамият томонидан мол-мулкни олиш ёки уни бошқа шахсга бериш ёхуд мол-мулкни бошқа шахс­га бериш эҳтимоли билан боғлиқ битим (шу жумладан қарз, кредит, гаров, кафиллик) ёки ўзаро боғланган бир нечта битим, агар бошқа шахсга берилаётган мол-мулкнинг ёки олинаётган мол-мулкнинг баланс қиймати бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинаётган санада жамият соф активлари миқдорининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этса, йирик битим деб ҳисобланади (кундалик хўжалик фаолиятини юритиш жараёнида тузиладиган битимлар ҳамда акцияларни ва бошқа қимматли қоғозларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлган битимлар бундан мустасно). Олдинги таҳрирда жамият томонидан тузиладиган йирик битимлар жамият соф активлари миқдорининг 25 фоизидан ортиғини ташкил этиши белгиланган эди.

Қонуннинг янги таҳрири­нинг 68-моддасига биноан, агар акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 50 фоизидан кўпроқ (эски таҳрирда 60%) овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатли (кворумга эга) бўлади.

Агар акциядорларнинг ўт­ка­зилмай қолган йиғилиши ўр­нига чақирилган такрорий умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатдан ўт­казиш тугалланган пайтда жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 40 фоизидан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, акциядорларнинг такрорий умумий йиғилиши ваколатли бўлади. Мазкур нормаларнинг киритилиши, сўзсизки, акциядорларнинг умумий йиғи­лишларини ўтказишни соддалаштиришга олиб келади.

Қонуннинг яна бир муҳим янгилигини айтишим мумкин: хусусан, унинг 75-моддасига асосан аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тў­ланадиган ҳақнинг энг кўп миқ­дорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати жамият устави билан кузатув кенгаши ваколатига берилиши мумкин. Буни ҳам хусусий бизнес субъекти сифатида акция­дорлик жамиятларига берилган қулайликлардан бири деб қабул қилса бўлади.

Прочитано: 812 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика