Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 22 / Қонун кучга кирди

Акциядорлар учун қонун янгиланди

 

Республика биржа марказида Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан хўжалик бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, фонд биржаси, Марказий депозитарий ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларининг раҳбар ва мутахассислари учун кенгайтирилган семинар ўтказилди. Уни Марказ директорининг ўринбосари Асқар Обидов олиб борди.

 

Cеминар жорий йилнинг 7 май куни кучга кирган «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек «Қим­матли қоғозлар бозори тўғрисида», «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида» ва «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги қо­нун­ларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланди.

Маълумки, мазкур Қонун Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнтининг Oлий Maжлис Қoнунчилик пaлaтaси вa Сeнa­тининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшмa мaжлисидa тақдим этилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамия­тини ривожлантириш концепцияси»дан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.01.2011 йилдаги Ф-3557-сон Фармойиши ва 18.07.2012 йил­даги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги ПФ-4455-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Республикамизда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва ривожлантириш, улар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий база мавжуд бўлса-да, шу вақтгача корпоратив бошқарув тизимининг янада ривожланишига тўсқинлик қилувчи айрим муаммолар мавжуд эди. Ана шу масалани ижобий ҳал этиш, мамлакатда инвестициявий муҳитнинг жозибадорлигини ошириш ва республикамизда корпоратив муносабатларни белгилайдиган қоидаларга аниқлик киритиш мақсадида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга муҳим янгиликлар киритилди. Бу ўзгариш ва янгиликлар қуйидагилардан иборатдир:

– акциядорлик жамиятларини очиқ ва ёпиқ шаклларга бўлиш бекор қилинди;

– акциядорлик жамиятининг уставида акс эттирилиши лозим бўлган мажбурий нормалар рўйхати қисқартирилди;

– акциялар номинал қийматининг энг кўп миқдори белгиланди (5 000 сўм);

– акцияларга очиқ обуна биржа ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари бозорида ўтказиладиган бўлди, шунингдек чиқарилиш амалга оширилган деб тан олиниши учун юқорида кўрсатилган бозорда жойлаштирилиши лозим бўлган акцияларнинг энг кам миқдори камайтирилди (60 дан 30%гача);

– жамиятнинг соф активлари тушунчасига таъриф берилди;

– қимматли қоғозларнинг бозор қий­матига таъриф берилди, бунда агар қимматли қоғозлар фонд биржаси лис­тингига киритилган бўлса, уларнинг биржа котировкаси нархи мазкур қимматли қоғозларнинг бозор қиймати деб эътироф этилади;

– акциядорларнинг умумий йиғилиши кворуми энг кам миқдорига бўлган талаб камайтирилди (60%дан 50%га, такроран чақирилганда эса 40%гача);

– акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмаси тасдиқланадиган бўлди;

– барча овоз берувчи акциялар бир акциядорга тегишли бўлганда акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш бўйича талаб бекор қилинади;

– акциядорларнинг умумий йиғилишига қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати берилди;

– жамиятда ички аудит хизматини ташкил этиш талаби қайта кўриб чиқилди (эндиликда активларининг баланс қиймати ЭКИҲнинг 100 000 баробаридан кўп миқдорда бўлган акциядорлик жамиятларида ички аудит хизмати ташкил этилади);

– акциядорлик жамиятининг кузатув кенгашига нотижорат ташкилотлар иштирокида битимлар имзолаш тўғ­рисида қарор қабул қилиш, шунингдек аудиторлик текшируви ўтказиш бўйича ваколатлар берилди;

– жамият томонидан расмий веб-сайт ва электрон почта яратиладиган бўлди;

– акциядорларнинг умумий йиғи­лиши қарорига асосан миноритар акциядорлар қўмитаси тузиладиган бўл­ди;

– жамият томонидан шуъба ва тобе хўжалик жа­миятлари фақат акциядорлик жамиятлари ёки МЧЖлар шаклида ташкил этилади;

– кузатув кенгаши қа­рор­лари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қили­нади;

– аффилланган шахслар билан тузиладиган битимлар бўйича талаблар ва йирик битим тушунчаси таърифи қайта кўриб чиқи­лади;

– листингга киритилган жамиятлар учун ахборотларни фонд биржаси веб-сайтида ошкор этилиши бўйича талаб белгиланиши ва бошқалар ҳисоб­ланади.

Шунингдек, семинар иштирокчиларининг диққат-эътибори жорий йилнинг 15 май куни кучга кирган Ўзбе­кистон Республикасининг «Айрим қонун қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғ­рисида»ги ЎРҚ-372-сон Қонунига қа­ра­тилди.

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта компаниялари, банклар, фонд ва товар биржалари, инвестиция фондлари ва бошқа молия ташкилотлари ҳар йилги молиявий ҳисоботни унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги аудиторлар томонидан тасдиқлангандан сўнг, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечиктирмай эълон қилиши шарт.

«Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, давлатга тўла ёки умумий мулк ҳуқуқида қисман қарашли баҳолаш объектлари битим тузишга жалб этилган тақдирда баҳолашни ўтказиш мажбурийдир.

«Қимматли қоғозлар бозори тўғ­рисида»ги Қонуннинг 15-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз, электрон шаклда амалга оширилади.

Фуқаролик кодекси 68-моддаси учинчи қисмидан келиб чиқиб, ушбу Қонуннинг 43-моддасида инвестор мустақил равишда ва (ёки) аффилланган шахслар билан биргаликда бир ёки бир нечта битим тузиш натижасида акциядорлик жамияти акцияларининг мазкур акциядорлик жамияти устав фондининг жами 20 фоизи ва ундан ортиқни ташкил этувчи акциялар пакетини олганлиги ҳақидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор қилиши шартлиги белгиланган. Олдин бу талаб акциядорлик жамияти устав фондининг жами 15 фоизи ва ундан ортиқни ташкил этувчи акциялар пакетларига нисбатан қўлланилар эди.

Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу Қо­нунга мазкур чиқарилишдаги қим­матли қоғозларнинг камида 30 фоизи қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида жойлаштирилган тақдирда амалга ошган деб топилиши тўғрисида қоидалар киритилди.

Бундан ташқари, «Қимматли қо­ғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунда «қимматли қоғозларни жойлаштириш», «корпоратив облигациялар» тушунчаларига ва уларни чиқариш тартибига аниқликлар киритилди.

 

Қимматли қоғозлар бозорини муво­фиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан янги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишлаб ўтказилган семинарда гарчанд акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари ва умуман қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари вакиллари кўплаб саволларига атрофлича тушунтиришлар олишган бўлса-да, баъзи масалалар очиқлигича қолди. Шунинг учун Марказ раҳбарияти бу мавзу бўйича яна бир бор кенгроқ доирада йиғилиш ўтказишни мўлжаллаётганини билдирди.

Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази материали асосида тайёрланди.

  

2014 йил 1 май ҳолатига муомаладаги жами акцияларнинг номинал қиймати 11,3 трлн сўмни ташкил этади. 2013 йил давомида акциядорлик жамиятлари томонидан номинал қиймати 3,2 трлн сўмлик бирламчи ва қўшимча акциялар чиқарилди, биргина 2014 йилнинг I чорагида ушбу кўрсаткич 1,4 трлн сўмни ташкил этди.

Қимматли қоғозларнинг биржа ва биржадан ташқари бозори «Тошкент» республика фонд биржаси, «Элсис-савдо» АЖ ва «Банклараро савдо тизими» МЧЖларда амалга оширилади.

Прочитано: 3071 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика