Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 21 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Сейфни ким гум қилди?

Ҳайратомуз куч-қувватга эга, полвон кишилар кўп эмас. Тажрибали терговчи Пётр Павлович ана шундай ҳожимуқонлардан бири ҳақида қуйидагиларни гапириб берган эди.

 

Бир пайтлар у ёш терговчи сифатида иш бошлаган чоғроқ саноат шаҳрида қизиқ, ғайриодатий ўғирлик содир этилган. Йирик корхоналардан бирининг бухгалтериясидаги оғирлиги 200 кг ли сейф йўқолган. Табиийки, сейф бўш бўлмаган: ичида ҳужжатлар, шунингдек яқинда олиб келинган ва иш куни охиригача тарқатиб улгурилмаган маош – катта миқдорда пул бўлган. Кекса қоровулни омборхонадан қўллари боғлиқ ҳолда топилди. У очиғини тан олди – тун ярмидан оғганда уйқу зўрлик қилиб мудраб қолган экан. Қандайдир шовқиндан уйғониб кетибди-ю, ўша заҳоти бошига тушган қаттиқ зарбадан кейин ҳушини йўқотибди. Ўзига келса, шу алфозда, қўл-оёғи боғлиқ ётибди. Ҳеч кимни кўрмаган.

Воқеа содир бўлган жой кўздан кечирилганда шу нарса маълум бўлдики, бухгалтериянинг эшиги бузиб очилган, сейф қаергадир йўқолган. Дастлабки тусмолга кўра, бундай оғирликдаги сейфни фақат машинада олиб кетиш мумкин деган фикрга борилди. Бироқ чор-атроф синчковлик билан кўздан кечирилганда, бухгалтерия биноси атрофидаги асфальтда ҳам, ўт-ўланларда ҳам ғилдирак излари кўринмади. Ҳолбуки, ўша кечаси ёмғир ёғиб ўтганлиги сабабли нам тупроқда албатта из қолиши керак эди. Демак, бу ишга машина аралашмаган. Кўздан кечирувчилар жиноятчилар камида иккита ва ҳатто учта бўлганлигига шубҳа қилмасди. Зотан бундай сейфни кўтариш учун уч киши ҳам камлик қиларди.

Ниҳоят, криминалист эксперт кўпгина излар орасидаги (таассуфки, милиция етиб келгунига қадар йиғилган одамлар бухгалтерия биноси атрофини босиб ташлашган эди) катта пойабзалнинг чуқур изларига эътибор қаратди.

Изларига қараганда бу одамнинг ё вазни ниҳоятда катта, ёки у оғир юк кўтариб олган бўлса керак. Ўшанда криминалист жиноятчи икки юз килограммли сейфни елкасида кўтариб олиб кетган деган тусмолни айтганда, ҳамма истеҳзо билан кулган эди. Аммо терговнинг кейинги босқичи бу ажабтовур тахмин рост эканлигини тасдиқлади.

Корхона яқинида бута ва дов-дарахтлар билан қопланган жарлик бор эди. Сейфни ана шу жарликдан топишди. Эшигини газ ёрдамида кесувчи аппарат билан кесишган, чор атрофда қоғозлар ер билан битта бўлиб ётар эди. Пуллар эса, табиийки, ғойиб бўлган. Шу атрофдан бир кишига тегишли катта пойабзал излари топилди. Бу излар сейф ўғирлаб кетилган бухгалтерия яқинидаги излар билан бир хил эди. Лекин бу ердаги излар унча чуқур эмасди.

Кейинчалик ҳар икки жойдаги излардан олинган гипс қолиплар бўйича ўтказилган трассологик экспертиза бухгалтерия биноси яқинидаги ва сейф топилган жойдаги излар битта пойабзалдан қолдирилганлигини аниқлаб берди. Излар 45-46 размерли кирза этикларига тегишли эди. Сейф ташлаб кетилган жойни кўздан кечириш натижалари забардаст бир ўғри ҳақидаги тусмолга ишончсизлик билан қараганлар ҳақ эмаслигини кўрсатди. Бинобарин сейф яқинидан бошқа одамнинг изи топилмади. Демак, ўғирликни содир этган полвонни топиш лозим.

Шаҳарда бунақа келбатли одамлар кўп бўлмаганлиги сабабли, тезда жиноятчининг изига тушилди. У бўйи мўлжал қилинган даражада баланд бўлмаган лўли экан. Уни ушлашганда оёғида ўша сейфни ўмарганида кийган этик эди. Иккинчи трассологик экспертиза пойабзал излари айни гумон қилинаётган лўлининг этиклари қолдирган из эканлиги ҳақида хулоса берди.

Ўз айбини тан олишдан бош тортаётган жиноятчи эксперт­нинг хулосасини ўқиб чиққач ва хулосани ифодаловчи фотосуратларни кўздан кечиргач: «Тамом, таслимман, ҳақиқатан ўша ишни қилган мен эдим», – деди қўлини бир силтаб. Терговчининг сейф бир кишига оғирлик қилади-ку, битта-яримта ёрдам бермадими, деган саволига у қатъиян ҳаммасини бир ўзи қи­лганлигини айтди. У газ ёрдамида кесадиган аппаратни жарликка олдинроқ олиб келиб қўйган, металлни қирқишда керак бўладиган бошқа нарсаларни ҳам ҳозирлаб қўйган экан. Бундай аппаратни ишлатишни ўрганиб олиш учун у атайин заводга ишга кириб бир неча ой ишлаган ҳам экан. Хуллас, сейфни шундоққина жарликка олиб келгану, ҳалиги нарсалар ёрдамида очиб, пулни олгач, дарров жуфтакни ростлаган.

Терговчи бунақа оғирликни бир киши кўтара олмайди деб шубҳа қилди. Кучи, имкониятига ишончсизликдан ўзини ўк­ситилган деб ҳисоблаган лўли тергов эксперименти ўтказиб кўришни таклиф қилди. У милиция ходимлари ва корхона ишчиларидан иборат кўпгина томошабинлар кўз ўн­гида кучини намойиш этди: сейфнинг олдида чўққайиб ўтир­ди-да, бир ҳаракат билан уни орқалаб олди ва 40-50 метрлар нарига зинғиллатиб олиб кетди. Йиғилганларнинг аксарияти оғзи очилиб қолди, бу томошадан.

Лўли ушлангунга қадар ўғир­ланган пулларни сарф қилиб улгурмаган экан, анча миқдордаги сумма қайтарилди. Давлат мулкини ўғирлагани учун унга белгиланган жазо муддати берилди. Бу унга яхши сабоқ бўлган бўлса керак. Ҳар қалай ўшандан ке­йин бундай жиноятлар ҳақида ҳеч нарса эшитилмади.

 

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 750 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика