Norma.uz

Классификаторда қайд этилмаган

Ташкилотларда баъзан кўнгилли асосда ҳақ олмасдан ёрдам кўрсатадиган, бироқ фаолият жараёнида иш тажрибаси орттирадиган волонтёрлар ҳамкорлик қилишга жалб этиладилар. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай машғулотлар тури назарда тутилмаган. Масалан, Россияда волонтёрлик фаолияти тўғрисида шартнома варианти мавжуд, унда аҳдлашувчи иккала тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ёзиб қўйилган.

Бизда шунга ўхшаш шартнома намунаси мавжудми? Мамлакатимизда бундай фаолият тури назарда тутилганми? Агар ана шундай шартнома мавжуд бўлса, биз унинг намунасини қаердан олишимиз мумкин?

В.Малютина, МЧЖ бош бухгалтери.

 

– «Волонтёр» сўзи французча бў­либ, «кўнгилли» деган маънони анг­латади. Мазкур атама Ўзбекистон Рес­публикасининг меҳнат тўғрисидаги қо­нун ҳужжатларида ва бошқа локал ҳуж­жатларда қўлланмайди, шунингдек бундай лавозим Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касб­лари классификаторида (ВМнинг 20.08.2010 йилдаги 181-сон Қарори билан тасдиқланган) қайд этилмаган.

Бироқ ижрочи (волонтёр) томонидан ишлар бажарилиши ёки хизматлар кўрсатилиши фуқаролик қонун ҳужжатлари тартибга соладиган фу­қаролик-ҳуқуқий муносабатлар доирасида, ёзма шаклда амалга оширилиши мумкин (Ўзбекистондаги хорижий иш кучи ёки вақтинча ёхуд доимий пропискасиз ёки Тошкент шаҳрида бўлиш жойида ҳисобга олинмасдан яшаётган шахсларни жалб этганда ва улардан фойдаланганда қонун ҳужжатларининг талаблари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда).

Бунда фуқаролик қонун ҳужжат­ларининг нормаларида фақат ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш ёки ишларни бажариш шартномалари (Фу­қаролик кодексининг (ФК) 38-бо­би) назарда тутилган.

Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шарт­номаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўл­маган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбурия­тини олади (ФКнинг 703-моддаси).

Ушбу бобнинг қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, ауди­торлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади. ФКнинг 37, 39, 40, 43–46, 48, 49 ва 51-бобларида назарда тутилган шартномалар бўйича кўрсатилган хизматлар бундан мустасно.

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз.

_naus исмли меҳмон:

– Қуйидаги саволларга жавоб олишни хоҳ­лардим.

Волонтёр билан шартнома тузиш керакми ёки йўқми?

Агар қонун ҳужжатлари у билан шартнома тузмасликка имкон берса, текширувчиларга ана шу киши ўз хоҳишига кўра ҳақ олмасдан ишлаётганлиги ва бунинг «конвертда» иш ҳақи тўланишига алоқаси йўқлигини қандай қилиб исботлаш мумкин?

Волонтёрлар сони ишловчиларнинг умумий сонига кирадими?

Волонтёрлар меҳнатидан фойдаланувчи корхоналар учун солиқ оқибатлари бўладими?

Корхонага дипломолди амалиётига келадиган ёш мутахассислар қандай расмийлаштирилади?

Ушбу саволларга жавоб олишимиз жуда зарур, чунки амалиётда текшириш натижаларига кўра тегишли оқибатлари билан бирга волонтёрлар расмийлаштирилмаган ходимларга киритилган ҳоллар бўлган...

 

Хўжалик (тадбиркорлик) ҳуқуқи бўйича эксперт, «BIMOM» бизнес ва инвестициялар муаммоларини ўрганиш марказининг раҳбари А.МУҲАММАДБОЕВ:

– Гарчи Лавозимлар классификаторида волонтёр қайд этилмаган бўлсада, биз ихтиёрий асосда у ёки бу мажбуриятларни бажарадиган шахсларни жамоат ташкилотлари фаолиятида кўришимиз мумкин. Улар жамоатчилик асосида ишлайдиган шахслар сифатида қайд этилади. Хусусан, ушбу ташкилотлар рўйхатдан ўтказувчи орган олдида уларнинг сони тўғрисида ҳисоб берадилар.

Албатта, бу – меҳнат муносабатлари эмас. Аслини олганда мазкур ҳолда бу – бир тарафлама, кўпи билан – икки тарафлама битимдир.

Бироқ савол туғилади! МЧЖда (моҳиятига кўра тижорат ташкилотида) кўнгилли волонтёрлар нима билан шуғулланадилар? Тузилма кўнгиллиларнинг фаолиятидан фойда олади, волонтёр эса нима олади? Агар кўнгилли даромад олса, у қандай волонтёр бўлади?! Наҳотки текширувчи органда туғиладиган савол табиий бўлмаса?

Тўғри, моҳиятига кўра шундай. Бизда ушбу фаолият тури назарда тутилган. Айни вақтда жамоатчилик асосида (ҳақ олмасдан) фаолият юритувчи шахсларнинг фаолияти тижорат ташкилотларининг фаолияти билан боғланмайди. Қаердадир волонтёр билан қандайдир намунавий битим мавжуд деб ўйламайман. Фикримча, волонтёрнинг вазифалари муайян (аниқ) тадбирни ўтказиш учун масъул у ёки бу жамоат ташкилоти, тузилмасининг мақсад ва вазифалари билан белгиланиши керак.

_naus исмли меҳмон ўртага қўйган саволларни ўринли деб ҳисоблайман.

Фикримча:

волонтёр билан битим тузиш лозим, чунки у кейинчалик сизнинг ташкилотингиз вакили бўлади;

битимда муносабатларнинг ҳақ олинмай амалга оширилишини кўрсатиш лозим;

волонтёр ишловчиларнинг умумий сонига кирмайди;

иш тўғри ташкил этилганда волонтёр хизматларидан фойдаланувчи шахс учун солиқ оқибатлари юзага келмаслиги керак;

талабаларнинг дипломолди амалиёти корхона билан ўқув юрти ўртасидаги битим асосида амалга оширилади. Ҳолатларга боғлиқ ҳолда бирор-бир тўловлар қайд этилиши мумкин. Бироқ бу волонтёрлик эмас!

 

Меҳмон:

– Саволда волонтёрлар ёрдам кўрсатиши қайд этилган, ушбу ёрдам ҳақ олинадиган тусда бўлсин, ана шунда фуқаролик-ҳуқуқий шартномага эга бўласиз. Ҳақ олинадиган ёрдам нафақат пул эмас, балки бирор-бир нарсани ўргатиш, бирор нарсани (иш тажрибаси ва ҳоказо) кўрсатиш каби муқобил мажбуриятлар ҳамдир. Нормал фаолият юритувчи корхона волонтёрга кўплаб муқобил хизматларни кўрсатиши мумкин.

Бироқ корхона мулкий фойда олиш мақсадида бўлса, волонтёрлар меҳнатини жалб этиш ножоиз.

 

А.РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юрист, айтилган фикрга муносабат билдирди:

– Мақолада кўрсатилганидек, «волонтёр» сўзи Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа локал ҳужжатларда қўлланмайди, шунингдек Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида ҳам бундай лавозим мавжуд эмас. Шу муносабат билан иш берувчи бундай лавозимни штат жадвалига киритиш ва волонтёр билан унинг бирор-бир меҳнат вазифасини текинга (ҳақ олмасдан) бажаришини назарда тутадиган меҳнат шартномасини тузишга ҳақли эмас. Бундай ҳаракатлар Меҳнат кодексининг 16, 72, 73-моддаларига зид.

Бунда фуқаролик қонун ҳужжатларининг нормаларида ҳақ олмасдан хизматлар кўрсатиш ёки ишларни бажариш сингари шартнома турлари тўғридан-тўғри назарда тутилмайди, балки фақат ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш ёки ишлар бажариш шартномалари назарда тутилади (ФКнинг 38-боби).

Меҳнат ва Фуқаролик кодексларида ҳақ олмасдан хизмат кўрсатиш ёки ишлар бажариш шартномаларининг йўқлиги қонунчиликдаги камчилик эмас, балки бу ҳол айтилган шакл меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш предметига зид эканлиги сабабли юзага келган – бундай шаклда мулкий-қиймат элементи мавжуд эмас. Бунда шуни унутмаслик лозимки, корхоналар иштирокчилари ва унинг ёлланган ходимларининг умумий сони (шу жумладан, ўриндошлик, пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги бошқа шартномалар бўйича ишга қабул қилинганлар) қонун ҳужжатлари билан белгиланган кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сонидан ошмаслиги керак (25.05.2000 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 69-II-сон Қонуннинг, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда, 5-моддаси), бу сон корхонага солиқ солиш шартларига таъсир кўрсатади.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат:

– Волонтёр (лот. voluntarius – кўнгилли) ҳақ олмасдан жамоатчилик фаолияти билан кўнгилли равишда шуғулланадиган кишидир. Агар шахс тажрибага эга бўлиш мақсадида корхонада пул олмасдан ишласа, уни волонтёр деб атаб бўлмаса керак.

 

Ленара ХИКМАТОВА, адвокат:

– ФКга кўра тарафлар турли шартномалар элементлари бўлган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин, бундан ташқари, тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартнома ҳам тузишлари мумкин. Шартнома ҳақ тўланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган шартнома бўлиши мумкин. Шартнома ҳақ тўланишини, агар қонун ҳужжатлари, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқа нарса келиб чиқмаса, тақозо этади. Ҳақ тўланмайдиган шартномаларга, хусусан, ҳадя шартномаси (ФКнинг 502-моддаси), текин фойдаланиш шартномаси (ФКнинг 617-моддаси) киради. Масалан, ўзининг таърифига кўра қарз шартномаси (ФКнинг 732-моддаси) ҳақ тўланмайдиган шартномадир. Шу билан бирга қонунда ёки қарз шартномасининг ўзида қарз берувчининг қарз олувчидан фоизлар олиш ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин (ФКнинг 734-моддаси). Қонунга кўра тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмайдиган шахслар ўртасидаги топшириқ шартномаси (ФКнинг 817 ва 818-моддалари), агар қонун ҳужжатлари ёки шарт­номада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳақ тўланмайдиган шартнома ҳисобланади.

 

Шароф РЎЗМЕТОВ:

– Кечирасиз, бироқ бунчалик кескин «кесиш» керак эмас, яъни аввал «етти бор ўлчаш, кейин бир кесиш» керак. Бизда волонтёрлар йўқ деб айтишдан аввал қонунларни ўқиш лозим.

«Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунни (2.05.2007 йилдаги ЎРҚ-96-сон) диққат билан ўрганинг. Бундай лавозим Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касб­лари классификаторида қайд этилмаганлигига келсак, у давлат муассасалари учун чиқарилган.

 

Ленара ХИКМАТОВА:

– Ҳа, масала жуда мураккаб, бунда таваккалига иш тутиш керак эмас. Бу бобда мен жаноб Рўзметовнинг фикрига қўшиламан. Бироқ Классификаторга келсак, бундан аввалги шарҳга қўшилмайман, зеро Классификатор меҳнат дафтарчаларига ёзувлар қайд этиш, лавозимларни ходимларнинг тоифаларига киритиш чоғида хизматчиларнинг лавозимлари ва ишчиларнинг касблари номларидан фойдаланиш борасида нафақат давлат муассасаларида, балки республиканинг барча ташкилотларида қўллаш учун мажбурийдир.

 

А.МУҲАММАДБОЕВ:

– Волонтёр ёлланма ходим эмас ва, тегишинча, Классификатор, шунингдек Меҳнат кодекси волонтёр билан ташкилот ўртасидаги мазкур ўзаро муносабатларга кирмайди. Шунингдек волонтёр хизматлар КЎРСАТМАЙДИ, волонтёрнинг фаолияти ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш мезонига кирмайди.

 

Т.М.ТУРСУНОВ, парламент депутати:

– Материалга доир асосли мулоҳазалар ва шарҳлар берилди.

Ҳолбуки нафақат олис, балки яқин хорижнинг, масалан волонтёрлардан Сочи Олимпиадасида фойдаланиш тажрибасига назар ташлаб, бизнинг шароитимиз учун оптимал, мақбул тажрибани танлаш лозим.

Прочитано: 2466 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2014-12-02 20:35:00, Гость_Тургунов Лазизхўжа:
Ўзбекистон Республикасининг "Ҳомийлик тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддасида кўнгиллилар — ҳомийлик олувчининг ёхуд ҳомийлик ташкилотининг манфаатларини кўзлаб бепул ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклидаги ҳомийликни амалга оширувчи жисмоний шахслардир.
Ушбуни жаноб Шароф Рўзиметовнинг жавобини ўқимасдан ёзиб қўйибман. Аввалги ёзувларни ўқиб тезда жавоб ёзишга киришиб кейин қарасма жаноб Рўзиметов жуда туғри қайд этибди. Жаноб Рўзиметовнинг шошма шошарлик билан ёндошмаслик лозимлиги тўғрисидаги фикрига қўшиламан.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика