Norma.uz

Электрон тижорат: вақт, маблағ, масофа қисқаради, самарадорлик ошади

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари хизматлари жамиятимизнинг барча жабҳаларига шиддат билан кириб келмоқда. Уларнинг жорий этилиши туфайли иш юритиш маданиятининг электрон кўриниши шаклланмоқда, масофалар қисқариб, вақт тежалмоқда, ишимизда иқтисодий самара ошмоқда. Мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари асосида янги турдаги банк хизматларини кўрсатиш, электрон тижорат, электрон тўловлар тизими ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар самарадорлигини ошириш учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда.

 

Хусусан, 100 дан зиёд савдо майдончалари ва 700 дан ортиқ брокерлик идоралари мижозларга биржа хизматларини кўр­сатмоқда. Электрон савдолар Интернет орқали реал вақт режимида олиб борилиб, 20 мингдан ортиқ бюджет ташкилотлари давлат харидлари бўйича, 2 мингдан зиёд табиий монополиялар субъектлари фаолият юритмоқда.

Ўтган давр мобайнида мамлакат парламенти томонидан ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, жамиятни ахборотлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон банк тизимига ахборот-коммуника­ция технологияларини жорий этиш­ни тартибга солувчи «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Те­лекоммуникациялар тўғ­ри­сида»ги қонунлар, ахборотнинг электрон шакли ривожига кенг йўл очиб берувчи «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги, «Электрон тижорат тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғри­сида»ги, «Электрон тўлов­лар тўғрисида»ги, «Автоматлашти­рилган банк тизимида ахборот ҳимояси тўғрисида»ги ва «Ахборотлаштириш ва маълу­мотларни узатиш соҳасида со­дир этилган қонунга хилоф ҳа­ракатлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қо­нун ҳуж­жатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонунлар, Президентимиз ва ҳукуматнинг бир қатор қарорлари бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишнинг пойдевори бўлиб келмоқда.

Бугун дунёда банк пластик карточкалари орқали нақдсиз электрон тўловлар замонавий пул айланмасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Пул айланмасида пластик карточкалардан фойдаланиш нақд пулга бўлган талабни камайтиради, улар айланишини тезлаштиради, шунингдек пул массаси назорат қи­линишини соддалаштиради. Бугун рес­публика аҳолиси электрон тўлов ва тижорат тизимининг афзалликлари ҳақида етарлича тасаввурга эга. Унинг ёрдамида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги тў­лов операциялари тезкор бажарилади, буюртмачи ва маҳ­сулот етказиб берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик сифатли амалга оширилади. Қолаверса, тадбиркорларимиз замонавий ахборот технологиялари хизматларига эга бўлиб, сайёрамизнинг исталган давлатидан ўзларига ҳам­корлар топиши, маҳсулот ва хизматларини жаҳон бозорига олиб чиқишлари учун янги уфқлар очилади.

Парламент томонидан қа­бул қилинган «Электрон тў­лов­лар тўғрисида»ги Қо­нун­нинг қабул қилиниши электрон тўловлар тизимини янги босқичга кў­тар­ди: бугунги кунга келиб тўловлар бир неча сония­ларда амалга оширилмоқда, электрон тўлов­лар тизими ор­қали бир кунда бир неча миллиард сўм миқ­доридаги 50 мингга яқин тўлов ҳужжатлари ўтмоқда.

Шу билан бир қаторда плас­тик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилишни жорий этиш нақд пулнинг банкдан ташқари муомаласини қисқартиришга, нақд пул эмиссиясини камайтириш ва аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини иқтисоди­ётга жалб этишга имкон бер­моқда.

«Электрон тижорат тўғриси­да»ги Қонуннинг қабул қилини­ши мазкур соҳанинг миллий иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллашига сабаб бўлди. Натижада мамлакатимизда ах­бо­рот-коммуникация технологиялари юқори даражада ра­қам­лаштирилди, Интернетга уланиш тезлиги муттасил равишда ўсиб борди ва улардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратилди.

2013 йилда электрон савдолардаги давлат харидлари ҳажми 417 млрд сўмни ташкил этди ва савдо якунлари бў­йича 83 млрд сўмлик бюджет маблағлари тежаб қолинди. Бунда давлат харидлари доирасида сотувга қўйилган товар ва хизматларнинг 83 фоиздан зиёди кичик бизнес субъектлари улушига тўғри келади.

«Электрон тижорат тўғри­сида»ги Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 10 млн дан зиёд пластик карталар (шундан 2,5 млн онлайн-карталар) муомалага чи­қарилган. Тадбиркорлик субъ­ектларига масофадан туриб ҳисобрақамларини бошқа­риш бўйича Mpul, Click, Uyali Pul, Интернет-банкинг, Мо­бил-банкинг, SMS-банкинг каби хизматлар кўрсатилмоқда. Электрон тижорат иштирокчилари Интернет-дўконлар орқали товарларни сотиш ва сотиб олиш имконига эга бўлишмоқда.

Эътибор берайлик, элект­рон харидлар давлат бюдже­ти харажатла­рини 20-40 фоиз­га, тадбиркорлик субъектлари учун иш­лаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини 5-10 фоизга камайтириш имконини беради. Тежалган молиявий ресурслардан эса ишлаб чиқаришни кенг кўлам­ли ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида фойдаланиш имконияти вужудга келади.

«Электрон тижоратни амал­га оширишда тўловларни ўт­кази­шни янада такомиллаштириш чо­ра-тадбирлари тўғ­рисида»ги ҳукумат қарори­нинг (12.06.2007 йилдаги 120-сон) қабул қилини­ши банк мижозларига масофадан туриб хизмат кўрсатишни ривожлантиришни ҳам кўзда ту­тади. Айниқса, мамлакатимизда уяли алоқа абонентларининг сони муттасил ошиши бунга асос бўлиб хизмат қилади, чунки телефон нафақат алоқа, балки тў­лов воситаси вазифасини ҳам бажармоқда. Ушбу турдаги хизматларнинг қулайлиги шундаки, мижозлар коммунал хизматлар, мобил алоқа ва Интернет хизматлари ҳамда уй-рўзғор молларини Интернетдан фойдаланган ҳолда сотиб олишлари мумкин. Шу боис Интернет тармоғи орқали интерфаол хизматлар кўрсатишни ривожлантиришда нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олиниши лозим. Бундан ташқари, электрон тўлов тизими самарадорлигини оширишда инновацион дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ҳар бир оилани компьютерлаштиришга эришиш зарур.

Таъкидлаш жоиз, соҳа им­кониятларини тобора кенгай­тиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Шунинг учун маҳаллий маҳ­су­лотларнинг электрон кўр­газмасини таш­кил этиш, электрон тўлов ти­зимини такомиллаштириш мақ­садида ахборот-тўлов терминаллари (инфо-киоскалар)ни жорий этиш, ахборот тизимларини яратиш ишларини жадаллаштириш бугунги кун­нинг устувор вазифаларидандир. Зо­тан, бу аҳолини замонавий қу­лайликлардан баҳ­раманд этиш ва глобал майдонда илғор давлатлардан бирига айланишнинг му­ҳим омилларидан биридир. Шунинг учун тегишли ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, қонунларнинг сўзсиз ижроси самарадор­лигини ошириш ол­димизда турган долзарб ва­зифадир. Бу, ўз навбатида, кичик биз­нес ва хусусий тадбиркорлик су­бъектларига электрон тўловлар ва элект­рон тижорат тизимини янада кенгроқ қўллаш имкониятини беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик па­ла­тасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига ти­жорат банклари томонидан замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда кўрсатилаётган банк хизматлари, электрон тижорат ва электрон тў­лов тизимини янада ривожлантиришга қаратилган норма­тив-ҳуқуқий базани та­ко­мил­лаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари, ахборотлаштириш ҳамда банк-мо­лия соҳаси мутахассислари иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари таш­кил этилиб, банк-молия тизимига ахборот технологияларининг ил­ғор ютуқларини жорий этиш ҳолати ва истиқбол­лари му­ҳокама марказида бўлмоқ­да.

Мухтасар айтганда, соҳа қо­нунчилигини такомиллаштириш асносида замонавий ахборот коммуникация технологиялари жамиятнинг барча со­ҳа­ларига фаол жорий этилиб, Интернет тармоғи орқали турли интерактив хизматларни кўр­сатиш ривожланмоқда. Бу эса аҳолининг барча қатлам­лари манфаатларига ҳамо­ҳангдир.

 

Раъно ГАИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ахборот
ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.

Прочитано: 4510 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика