Бугун Ўзбекистон улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган. Мустақиллик йилларида тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилиши муносабати билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан мулкчиликнинг илгари кузатилмаган ҳар хил шаклларида минглаб ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар қурилишига имконият туғилди ва бу ҳолат иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Қурилиш соҳасида юзага келаётган муаммолардан бири бу ноқонуний қурилмаларнинг қад ростлаши ҳисобланади. Ана шу масала юзасидан мухбиримиз «Автосаноатинвест» МЧЖ қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Мирқодир ҲИДОЯТОВ билан суҳбатлашди.
– Мирқодир ака, шаҳар қурилиши соҳасига тегишли қонунчилик базаси ва унинг бузилиши ҳолатлари хусусида гапириб берсангиз.
– Албатта, қурилиш соҳасидаги бундай «жонланиш» шаҳарсозлик соҳасидаги эски қонунчилик базасини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этди ва 2002 йилга келиб, Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик кодекси, ундан сўнг бу соҳага тегишли бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. «Шаҳарсозлик.» шаҳар ва қишлоқ манзилгоҳларини режалаштириш ва қуриш ШНК 2.07.01-03* ана шундай ҳужжатлардан биридир.
Қурилиш ишларини бажариш борасида зарур қонунчилик базаси ишлаб чиқилган ва у изчиллик билан такомиллаштириб борилаётганига қарамай, амалиётда унинг талабларига риоя қилинмаётган ҳоллар ҳам учрайди. Бу, айниқса, билиб-билмай, аҳоли пунктларининг бош режасига хилоф равишда бино ва офисларнинг қад ростлашида, ШНК 2.07.01-03* талабларига зид равишда кўп қаватли турар жой массивлари орасида савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш, магистрал йўллар ва кўча бўйларига, қизил чизиқ чегарасидан ташқарига архитектура органлари билан келишилмаган ҳолда, ўзбошимчалик билан қурилишлар қилиш далилларида яққол кўзга ташланади. Бу каби қонунбузарликлар учун қонун ҳужжатларида (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси) тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган.
Бу ўринда муҳим жиҳатлардан бири шуки, кўчмас мулкларни ана шундай қонунбузарликка йўл қўйган ҳолда қуриб олган жисмоний ва юридик шахслар олдида катта муаммо – уларга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш масаласи юзага келади. Бу эса қурилиши тугалланган бино-иншоотларни олди-сотди қилиш, ижарага бериш, ҳадя қилиш, гаровга қўйиш ва бошқа шунга ўхшаш битимларни тузиш имкониятидан маҳрум қилади (Фуқаролик кодексининг 212-моддаси).
Ноқонуний қурилишлар бошқа салбий оқибатларни ҳам юзага келтиради: жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар ўрнатилган тартибда баҳоланиб, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи кафолатланмаган ҳолда солиққа тортилиши мумкинлиги ҳам белгиланган (ВМнинг 29.12.1995 йилдаги 478-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний шахсларнинг мулки бўлган бинолар ва иншоотларни баҳолаш, қайта баҳолаш тўғрисида низом; Солиқ кодекси 95-моддасининг бешинчи қисми).
– Шу ўринда Аҳоли пунктининг бош режаси ва бу ҳужжатнинг вазифаси, унга риоя қилишда нималарга эътибор бериш кераклиги хусусида қисқача тушунча бериб ўтсангиз...
– Аҳоли пунктининг бош режаси – яшаш ва фаолият муҳитини шакллантиришнинг комплекс шартларини, аҳоли пунктлари ҳудудий ривожланишининг асосий йўналишларини белгилайдиган шаҳарсозлик ҳужжати ҳисобланади (Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси 2-моддаси).
Аҳоли пунктининг бош режаси турар-жой, ишлаб чиқариш, рекреацион (оммавий ҳордиқ чиқариш), ижтимоий-амалий, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган, махсус мақсадларга мўлжалланган, ҳарбий режимли, транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси каби қатор функционал зоналардан иборат бўлиб, у узоқ муддатли, стратегик ривожланиш истиқболларини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тамойилларини белгилаб беради.
Бош режа аҳоли пункти ҳудудини комплекс ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади ва у жумладан батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда аҳоли пункти ҳудудининг алоҳида қисмларида иморат солиш лойиҳалари, яқин йилларга мўлжалланган қурилишни жойлаштириш чизмалари ва режалари, шунингдек шаҳар транспорти ва кўчаларининг барча турларини ривожлантириш бўйича комплекс чизмалар ишлаб чиқиш учун бошланғич ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу шаҳарсозлик ҳужжатининг халқ хўжалигини ривожлантиришдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, республикамиз ҳудудларидаги аҳоли пунктлари бош режаларининг ҳолати ҳукуматимизнинг топшириғи билан инвентаризациядан ўтказилиб, унинг натижаси асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 4 декабрдаги «Шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг бош режаларини, қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга татбиқ этиш тўғрисида»ги 286-сон қарори билан 2011–2014 йилларда республикада шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш дастури тасдиқланган. Қарорда ҳокимият органларининг буюртмаси асосида аҳоли пунктлари бош режаси лойиҳасининг ишлаб чиқилиши учун ваколатли бўлган ташкилотлар қуйидаги рўйхати келтирилган: шаҳарлар ва шаҳар посёлкалари бош режа лойиҳаларини ишлаб чиқиш – «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК ва «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК зиммасига юклатилган. Қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш эса «Ўзқишлоққурилишлойиҳа» институти ҳамда танловда ғолиб бўлган тегишли лицензияга эга лойиҳалаш ташкилотлари томонидан таъминланиши белгиланган. Ҳокимият органлари эса ўрнатилган тартибда тасдиқланган бош режага риоя этган ҳолда уни амалга татбиқ этиш жараёнини таъминлайдилар.
Лекин амалда баъзи ҳолларда қурилиш учун ер майдонларини ажратишда бош режалар, Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 25.02.2013 йилдаги 54-сон қарорига 1-илова) талабларига қатъий риоя қилмаслик далиллари учрайди, кўп ҳолларда буюртмачилар бу борада талаб этиладиган юридик ва техник ҳужжатларни тўлиқ ёки тўғри расмийлаштиришмайди.
ШНК 3.01.01-03 «Қурилишда ишларни ташкил қилиш»да ҳам ўрнатилган тартибда лойиҳаланмаган, давлат экспертизасидан ўтказилиб тасдиқланмаган лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилиш ишларини амалга ошириш мумкин эмаслиги белгиланган (Шаҳарсозлик кодексининг 14, 39-моддалари). Шунга қарамасдан, бу талабларни ҳам қисман ёки умуман бажармасдан қурилишлар олиб бораётган жисмоний ва юридик шахслар топилади.
Қурилишларни қонуний амалга оширишнинг муҳим талаби – уларни бошлаш учун албатта давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари органларининг рухсатини олиш ҳисобланади (Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддаси, ВМнинг 29.08.2011 йилдаги 222-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-иловаси). Бироқ ушбу назорат органи томонидан олиб борилаётган текширишларда қурилишларни рухсатномасиз амалга ошираётган тадбиркорлар борлиги аниқланаётир. Бинобарин, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда ҳам ШНК 3.01.04-04 норматив ҳужжатининг талабларини бузиш ҳоллари учрайди.
– Қурилиш амалиётида учраб турадиган бундай ҳолатларга барҳам бериш учун қонунчилик йўли билан қандай таъсир чоралари кўрилмоқда?
– Президентимизнинг 27.12.2011 йилдаги «Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1666-сон қарори мазкур масалаларни мувофиқлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Хусусан, қарорда объектларни лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш, шаҳарлар ва аҳоли пунктларини комплекс ривожлантириш бўйича қабул қилинадиган лойиҳа ечимлари сифатини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик талабларига, тасдиқланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этиш учун инвестиция жараёни қатнашчиларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида ижтимоий-фуқаролик аҳамиятидаги янги объектлар ва уй-жойларни қуриш фақат шаҳарлар ҳамда аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига ва зарур ҳолларда, белгиланган тартибда уларга киритиладиган тузатишларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Қарорда, шунингдек, объектларни белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларисиз ҳамда уларни шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига боғламасдан қуриш ва реконструкция қилиш йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол деб ҳисобланиши таъкидланган.
Бундан ташқари, қарорда қурилиш ишларини олиб боришда қатъиян тақиқланадиган, объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда белгиланган тартибнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладиган ҳоллар белгилаб берилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳолига ишлаб чиқариш, ижтимоий, маданий-маиший хизмат кўрсатувчи муассасалар қурилиши учун ер майдонларини танлашда, қурилишларни бошлашда фақат тасдиқланган бош режага қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш талаб этилади.
– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат.
«CБХ» мухбири Нодир АЛИМОВ суҳбатлашди.