Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 21 / Шахсий тажриба

Бухгалтерия салтанатида уч ой

«NORMA» профессионал ривожланиш маркази томонидан ташкил этилган «Бухгалтерия ҳисоби асослари» курсида масофавий таълим тизими (МТТ) бўйича менга ўқишни таклиф этишганида ўзимни бир бора синаб кўрай деган хаёлда рози бўлдим. Иқтисодий йўналишдаги нашрда ишлайман, молиявий мавзуда мақолалар тайёрлаш асносида бухгалтерия ҳисоби сир-синоатлари билан ҳам анча танишман. Қолаверса, «NORMA»дан олинадиган сертификат жуда-жуда қадрли-ку!

 

БОШЛАНИШИ ОСОН БЎЛМАДИ

Марказ мутахассислари мени 7-МТТ гуруҳига киритишибди. Бир суткадан кейин бухгалтерия мактабига қабул қилинганим ҳақида электрон хабар келди. Икки кундан кейин кириш лекцияси бўлади, унда иштирок этиш зарур деб огоҳлантиришди ҳам. Иштирок этишга муваффақ бўлмаганлар учун «Масофавий таълим тизимидаги ишнинг асослари» деган кириш лекцияси так­рорланар экан. Лекцияга ҳозир бўлганларга курс ўқитувчиси Игорь Аипкин таълимнинг ўзига хос хусусиятлари, таълимни ўташ тартиби тўғрисида, олдинда бизни қандай синовлар кутаётгани хусусида гапириб берди, бошқа талайгина фойдали ахборотларни ўртоқлашди.

Курс «Бухгалтерия ҳисобига кириш» ва «Амалиётчи бухгалтер» деган иккита модулдан иборат бўлиб, асосан компьютер борасида саводхонликни эгаллаганларга мўлжалланган экан. Ҳисоб-китобларни ҳаммасидан ҳам Exceellда қилиш қулай. Ҳисобни калькулятор ёрдамида, қоғозга ёзиб, яъни эскича усулда чиқариш ҳам ман этилмайди, албатта. Масофавий таълим курси муайян миқдордаги мавзулардан ташкил топган: улардан баҳраманд бўлишнинг ўзига яраша қоидаси бор. Айтайлик, ке­йинги мавзуга ўтиш учун аввалги мавзу якунламасида тест топшириқларини ба­жариш ва муайян миқдорда балл тўплаш зарур. Акс ҳолда кейинги мавзу сизга «ўз чиройини очмайди». Айтмоқчи, уриниб кўриш миқдори чекланмаган. Ўқитувчи кириш лекциясининг охирида бу йўсин ўқиш унча осон эмаслигини айтиб, ҳатто амалиётчи бухгалтерлар ҳам тестларни биринчи дафъада топшира олмаган ҳоллар оз эмас деб қўрқитиб ҳам қўйди.

Тизимга қизиқишим кучайиб, ўша куни кечқурун бошқалардан ажралиб турадиган нарсаси йўқ-ку унинг деган фикрга бордим. Биринчи ва иккинчи мавзу пировардидаги тест топшириқларини биринчи дафъада бўлмаса-да ҳарқалай уддаладим, лекин анави таассурот ўзгармай қолаверди.

«Бухгалтерия ҳисобига кириш» деган биринчи модуль 15 мавзудан иборат бўлиб, уларни ўрганишга бир ой муддат берилади. Аввалига бу муддат кўп туюлди менга. Бироқ 4-бўлимдан эътиборан тест топшириқлари юзасидан имтиҳон топширишда кейинги мавзуга ўтиш ҳуқуқини берадиган 90 балл тўплаш учун лекцияларни қайта-қайта ўқишга тўғри келди. Умуман олганда, МТТ бўйича таҳсил олаётганда кўп нарсаларни такроран ўқишга мажбур бўлдим. Бири иккинчисига боғланиб кетгани учун ҳам аввалги ўтилганларга қайтиш лозим эди. Яхшиямки лекциялар тушунарли қилиб ёзилган. Бир ўқиганингда гап нима ҳақида бораётганлигини билиб оласан. Биринчи модулдан кейин оилавий ва шахсий бюджетни билимдонларча олиб бориш, ойнинг молиявий якунларини чиқариш мумкин.

7-мавзуга борганда баланс тузиш талаб этилди. Аввалги олти мавзуни ўрганиш асносида биз назарий тайёргарликдан ўт­гандик. Шунга қарамай, амалиётда роса бош қотиришга, терлашга тўғри келди. Баланс тузиш курснинг асоси, ўзаги эканлиги боис имтиҳонларнинг ҳар бирида у вазифа тариқасида келтирилган. Дебетни кредит билан тенглаштириб, ҳисобни тўғрилаш жуда муҳим масала. Тайёргарлик асносида ўқитувчига саволлар бериш мумкин. У очиқ жавоб бермаган тақдирда ҳам тўғри йўлга солиб юборади. Курс доирасида ташкил этилган анжуманда тест топшириқларини муҳокама этиб бўлмайди. Лекин у ёки бу кўрсаткични қандай ҳисоблаш мумкинлигини сўраса бўлади. Форумда ўқитувчидан ташқари талабаларнинг ўзлари ҳам саволларга жавоб берадилар, масалаларни шарҳлайдилар. Шу сабабли ўзингни қийнаётган муаммо ҳақида ёзишдан аввал компьютер «бисоти»га бир назар ташлаб қўйиш фойдадан холи эмас, зеро сизгача кимдир шундай савол билан мурожаат қилган ва у ерда бунга тайёр жавоб ҳам бордир. Менга товарларнинг таннархини шакллантириш ва уларнинг ҳисобини юритишни чуқурроқ тушуниб олишимга ёрдам беришди.

15 кунлик таълимдан кейин дастлабки очиқ тест синови ўтказилади. Бу синов кимлар ўқишни давом эттиради-ю, кимлар курсни яна бошидан бошлаши лозимлигини аниқлаб беради. Имтиҳонларда катта миқдордаги баллар топшириқларни бажарганлик учун берилади. Биринчи босқичда баланс тузиш лозим. Тайёргарликнинг индивидуал даражасини аниқлаб, вазифаларни ҳал этиш борасида машқ қилиш имкониятини бериш мақсадида Skype бўйича ўқитувчи билан маслаҳатлашув ўтказилади. Бунда топшириқ синчковлик билан кўриб чиқилади, истаган одам ўтилган мавзулар бўйича саволлар бериши мумкин.

Оралиқ очиқ имтиҳонда камида 75 балл тўплаш лозим. Баланс туза олмаганлар таълимнинг кейинги босқичига қўйилмайди. Синовдан ўтганлар эса таълимни бошқа бўлимлар бўйича давом эттириб, якуний тест синовларига тайёргарлик кўра бошлайдилар. Якуний синов 2 ҳафтадан ке­йин ўтказилади. 50 баллдан кўпроқ, аммо 75 баллдан камроқ тўплаган талабаларга бошқа куни қайта имтиҳон топширишга имконият берилади. Камина ҳам шулар қаторига тушиб қолди.

Имтиҳондан кейинги икки ҳафта сезилмай ўтиб кетди. Мавзулар мураккаблашиб борди. Шу сабабли назарий материал­ларга тинмай мурожаат қилишга тўғри келди. Ҳисоб-китоблар ҳам катталашиб борди. Зотан таълимнинг охирларида топшириқлар орасида молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот ҳам бор. Skype бўйича бўлиб ўтган маслаҳатлашув имтиҳонни топширишни анчагина енгиллаштирди. Гапнинг рости, имтиҳонни топширишда қийналдим, тўплаган баллар етарли миқдорда бўлмаганлиги сабабли қайта имтиҳон топшириш ҳуқуқидан фойдаландим.

Биринчи модуль бухгалтерия ҳисоби принциплари ҳақида ёдаки эмас, тўла тушунган ҳолдаги тасаввурга эга бўлиш имкониятини берди. Бу жуда-жуда муҳимдир. Бошқа курсларда, энг аввало, пул маблағларининг бир ҳисобварақдан иккинчисига ҳаракати тушунтирилади, улар бўйича бухгалтерия ўтказмаларини «сув қилиб ичиб юбориш»га мажбур қилишади. Масофавий таълимнинг биринчи модулида бухгалтерия ўтказмалари кўринмайди ҳисоб, аммо уларни тўла тушуниб олишга замин тайёрланади. Таълимнинг одатдаги шаклларидан тафовут ҳам ана шунда.

 

ОХИРИ ХАЙРЛИ ВА ҚИЗИҚАРЛИ БЎЛДИ

Масофавий курснинг иккинчи модули кўпроқ анъанавийликка асосланган, бинобарин бунда бухгалтерия ўтказмалари, бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш сингарилар бор. Айтмоқчи, бу модуль «Амалиётчи бухгалтер» деб бежиз номланмаган. Уни Ольга Шабанова бошқариб борди. Модуль Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, ҳисобварақларнинг тас­диқланган режаси асосида тузилган. Бу модуль бўйича таълим олиш принципи «Бухгалтерия ҳисобига кириш» модулига ўхшаш. Бунда 30 та бўлим бор. Олдинги мавзу бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтганидан кейингина навбатдаги бўлимларга юзланиш қоидасига бунда ҳам тўла амал қилинади. Форум ҳам ишлаб турибди, зарурати бўлганда ўқитувчига ёзма мурожаат қилиш ёки чатдаги реал вақт режимида у билан маслаҳатлашиб олиш мумкин. Бундан ташқари, ҳаммага зарур норматив-ҳуқуқий базаси бўлган «NORMA» – Ўзбекистон Рес­публикаси қонун ҳужжатлари» дастурий машғулоти ёзилган диск берилади. 1UZ тренажёрини ўрнатиш ҳам мумкин.

Курсда таълимга 1,5 ой берилади. Дастлабки 15 бўлимни ўтишга 2 ҳафта ажратилган, шу сабабли таҳсилни пайсалга солмай, дарҳол бошлаш керак. Тестларнинг биринчи қисми нисбатан осон: бу ерда биринчи модулда ўзлаштирилган тушунчалар ва қоидаларга асосланиб жавоб бериш мумкин. Бухгалтерия ўтказмалари секин-аста киритила боради, маблағларнинг ҳисобварақлардаги ҳаракатини ўрганиш бошланади.

Гарчи ҳар иккала модулда бир нарса ҳақида гапирилса ҳам улар бир-биридан анчагина фарқ қилади. Таълимнинг биринчи қисмида ҳаммаси бошловчи фойдаланувчи даражасида борса, иккинчи қисм ё тажриба, ёки қунт ва сабр-матонат талаб қилади. Бизга ҳисобварақларни ёдда сақлаб қолиш шарт эмас дейишган эди, лекин ҳамма вақт уларга қарашга тўғри келганлиги боис ҳисобварақларнинг тартиб рақамини ёдда сақлаб қолиш керак деган фикрга борасан киши. Айниқса тест синовини қайта топширишга тўғри келганда шу нарса хаёлдан ўтади.

Ҳамсабоқлар билан суҳбатлашув асносида биринчи модуль бухгалтерия билан таниш бўлмаганларга қулай ва осон эканлигини аниқладим. Амалиётчи бухгалтер менга шундай деб тушунтирди: – Амалиётда ҳаммаси бошқача. «Бухгалтерия ҳисобига кириш» асосий тушунчалар ҳақида тушунча беради. Биринчи модулдан имтиҳонни муваффақиятли топшириш учун ўз тажрибангдан йироқлашиб, бухгалтерия ҳисобидан бехабар одамдек фикр юрита бошлашинг керак. Иккинчи модулда ҳаммаси амалиётдагидек – бухгалтерия ўтказмалари билан расмийлаштирилади. Шу сабабли ҳам бу модуль мазкур соҳада тажрибаси бор кишиларга анча жўн туюлади.

Менга биринчи қисм осон кўринди – бухгалтерия ҳисобини юритиш принцип­ларини ортиқча қийинчиликсиз билиб олдим. Иккинчи қисм мени бир мунча қийнади. Бухгалтерия ўтказмалари ва ҳи­соб­варақлар бўйича билимим етишмаслиги сезилиб қолди. Шу сабабли уларни ўзлаштириш, қайсилари пассив эканини ва кредит бўйича ошиб боришини, қайсилари актив ҳисобланиши ва дебет бўйича кўпайиб боришини тушуниб олиш йўлида тузуккина тер тўкишга тўғри келди. Бухгалтерияга ноаниқлик деган нарса тамомила ётдир. Барча ҳужжатларни кўриб чиқишимиз ва корхонанинг бухгалтерия ҳисоби нима эканлигини билиб олишимиз учун махсус 1UZ компьютер тренажёри ишлаб чиқилган. Биз унда хўжалик юритувчи виртуал субъект бухгалтерияси ҳисобини олиб бордик, унинг ҳужжатлари билан ишладик, даромадлари ва харажатлари ҳисобини чиқардик, айланма ва сальдо ведомостларини туздик. Амалиётдан, тажрибадан ҳам зўрроқ муаллим йўқ деганларича бор. Тренажёр операцияларни амалга ошираётганда хатоликларни қайд этиб, ёритгич билан кўрсатиб туради.

Курс анжуманида ўқитувчи бухгалтерия ўтказмаларида, амортизацияни ҳисоблаб чиқишда ва бухгалтерия ҳисобига доир бошқа операцияларни амалга оширишда, чатдаги маслаҳатлашувларда, тренажёр билан ишлашда ва асосий мавзуларни ўтишда юзага келган савол ва масалалар кўриб чиқилди. Курс анча мураккаб бўлганлиги сабабли икки марта очиқ маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Умуман олганда, менга таълим учун бир ярим ой камлик қилди. Баъзи мавзуларни бўл, ҳа бўл қабилида ўзлаштиришга тўғри келди. Кундузи ўз ишингни адо этишинг зарурлиги инобатга олинса, тест саволлари билан ярим тунгача шуғулланиб ўтиришга тўғри келганлиги маълум бўлади-қўяди. Ҳамсабоқлар билан гаплашганимда бу борада ёлғиз эмаслигим маълум бўлди. Лекин таълим муддатини узайтириш таклифини маъқулламайман. Негаки, бунда курс самарадорлиги пасаяди деган таҳлика бор. Зотан кўпчилик ҳамма ишни энг охирги дамда қилишга одатланиб қолган.

 

...Бухгалтерлик сертификати ҳамда «NORMA»дан бир қанча совғалар олдим, ­аммо бош бухгалтер лавозимига даъвогарлик қилмоқчи эмасман, талабгор ҳам эмасман. Бухгалтериядан билими бор менежер ёки бухгалтерия ёрдамчиси вазифасини эса бемалол уддалайман деб ўйлайман. Бизни Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхонада ҳисобни юритишга ўргатишмади, солиқ режалаштирувини қай тартибда амалга оширишни тушунтириб беришмади ҳам. Лекин курсда таҳсилни тугаллаганимдан ке­йин ходимнинг иш ҳақини, иш стажини эътиборга олган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблаб беришим, даромад солиғини, суғурта бадалларини ва ягона ижтимоий тўловни ҳисоблашим, кредит бўйича тўловлар фоизи суммасини аниқлашим, тўлов топшириқномасини тузишим ва маҳсулот етказиб берувчига товар жўнатишим, маҳсулотнинг таннархини аниқлашим ва асосий восита амортизациясини ҳисоблаб чиқаришим, шунингдек коэффициентларни инобатга олган ҳолда уни қайта баҳолашдан ўтказишим мумкин. Бу, гарчи тўлиқ рўйхат бўлмаса-да, бухгалтерия ҳисобида мўлжални тўғри олиш учун етарли бўлса керак.

 

Бухгалтерия ҳисоби синовидан ўтувчи

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 1927 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика