Norma.uz

Озода ҳовлида файз бўлади

1. Наврўз байрами арафасида шаҳарликлар бир жону бир тан бўлиб, ҳовли ва кўчаларни тартибга келтириш, ораста қилиш билан шуғулланганликларини кўриш нақадар завқли. Кўп қаватли уй атрофидаги ҳудуд ҳар йили катта байрамлар баҳонасида ҳашар йўли билан тартибга солиниши рост, аммо бошқа пайтларда ҳовлиларни ифлос ҳолда кўрамиз. Энг қизиғи, кечагина жон куйдириб, аҳиллик билан тозалаган кўчаларни... шу одамларнинг ўзи булғатади. Кўп қаватли уйлар атрофи ифлос бўлишига, ҳар ер ҳар ерда ахлат ётишига кўникиб ҳам қолдик.

Кўзлаган манзилга юриб борар экансиз, оёқ остида бўш пластик шиша, сигарета қолдиқлари, музқаймоқ қоғозлари ва шунга ўхшаш нарсалар билан «безалган» – «пойандоз тўшалган» бўлади. Булар ҳам катталарнинг, ҳам кичикларнинг иши. Болалар баъзан йўлга, йўлкага ахлат ташлаш, ифлослантириш ёмон эканлигини ўйламайдилар ҳам. Уларни ёш чоғидан оилада, болалар боғчаларида, мактабларда яхши ишларга, озодагарчиликка, чор атрофни ораста сақлашга ўргатиш, нима яхши-ю нима ёмон эканлигини тушунтириб бориш, тарбия қилиш катталарнинг вазифаси. Ҳовли ва кўчаларимизнинг озода, орасталиги учун тарғибот ишларини олиб боришга маҳалла фуқаролар йиғинлари, оммавий ахборот воситалари ҳам фаолроқ тарзда қўшилмоғи керак. Бу ҳақда вақти-вақти билан гапириб қўйиш, хўжакўрсинга қабилида иш тутиш билан чекланадиган даврлар ўтди – шу йўналишда мунтазам равишда иш олиб бориш лозим.

Оёқ остига ёки бошқа бирон жойга ташланмайдиган бўлса, ахлатни, чиқиндиларни нима қилиш керак деган муҳим масала кўндаланг бўлиб турибди. Кўпинча неварам билан болалар майдончасида сайр қиламан. Болакайлардан биронтаси конфет қоғозини ёки банан пўчоғини ташлаганини кўрсам, дарҳол ердан олишини сўрайман. Шунда улардан бири бўлмаса бошқаси қаёққа ташлай буни деб сўраб қолади. Чор атрофга қарасам, дарҳақиқат, ахлат ташлайдиган жойнинг ўзи йўқ. Болалар майдончасида ҳам, унинг яқин атрофида ҳам ахлат идиши кўринмайди. Турар жой мавзелари ичида ҳам бунақа нарсани кўрмайсиз. Болакай ташламоқчи бўлган нарсасини бир неча соат ёнида, чўнтагида олиб юрмайди-ку, ахир?! Боласини ўйнатиб юрган оналар майдончанинг чеккасига ахлат ташлаш учун қоғоз қути ёки яшик қўйиш фикрига дарҳол эътироз билдиришди: уни албатта ағдар-тўнтар қилиб кетишади, бир иш икки бўлади, ҳаммасини тозалашга тўғри келади дейишди.

Ажабланарли томони шундаки, одамлар ўзлари яшайдиган, ўғил-қизлари, неваралари сайр қилиб юрадиган жойларга ахлатни, чиқинди ва супуриндиларни ташлаб кетишдан сира тортинмаётирлар. Ахлат солинган целлофан қопчаларни уй йўлакларида қолдириб ёки йўл ёқасига ташлаб кетадилар. Ахлат ташлаб келишни болаларга буюришади, улар махсус ахлатхоналарга олиб боришга эриниб қўлидагини йўл ёқасида қолдириб кетаверишади. Қаёққа қараманг, ўз-ўзидан ахлатхоналар пайдо бўлади-қолади. Ахлат-чиқиндилар мушук ва кучукларнинг «ихтиёри»га ўтади: улар титкилаб, нималарнидир топган, емиш излаган бўлади. Вақтида олиб кетилмаган ахлатхоналардан қўланса ҳид анқийди. Хўш, бунга ким жавоб бермоғи керак? Бошқа мамлакатларда белгиланмаган жойга ташланган ҳар бир папирос қолдиғи учун ҳам жарима қиладилар. Бизда эса биронта ҳам одамга бунинг учун жарима солинган бўлмаса керак. Ахлатхоналарда тартиб ўрнатиш учун нима қилиш керак? Озодагарчиликни тарғиб этишни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйиш йўли борми?

Ольга Горбунова.

Тошкент шаҳри.

 

2. Ширкатимизда уйга туташ ҳудуд мунтазам равишда фаррошлар томонидан тозаланади. Бир сафар олиб чиқиб кетиш учун ахлат ва супуринди-чиқиндиларни бир жойга тўпладик, санитария-эпидемиология назорати ходимлари келиб қолиб, уни кўрдилару... шартта менга жарима солишди. Бир неча ой мобайнида ўз иш ҳақимдан жарима тўладим. Энди қутулдим деганда кимдир ахлат солинган қопчиқни ахлатхонага олиб бормай, йўл ёқасида қолдириб кетган экан, яна жаримага дучор бўлдим. Аммо битта қопчиқдаги ахлат бутун ҳудуд дегани эмас-ку? Нима сабабдан санитария назорати ходимлари вазиятни изга солишга вақт беришмайди? Уларнинг қарорлари устидан шикоят бериш мумкинми, умуман жарима жазо чораларини тартибга солувчи қандайдир нормалар борми ўзи?

ХУМШ ижрочи директори.

 

1. ҲАШАРГА ЧИҚМАДИНГМИ, ПУЛ ТЎЛА!

Гапни кўп қаватли уйларимизга туташ ҳудудлар тозалиги ва санитария ҳолатини ким назорат қилиши, кузатиб бориши кераклиги ҳамда бу борада қоидаларни бузганлик учун қонун ҳужжатларида қанақа жавобгарлик назарда тутилганидан бошлайлик. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг1 (бундан буён матнда ХУМШ тўғрисидаги Қонун деб юритилади) 16-моддасига биноан ХУМШ умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаши шарт. Кўпинча ширкатларда фаррош таъминоти учун маблағ бўлмайди, шу сабабли ҳовлилар аҳён-аҳёнда тозаланади. ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан, бюджетни тежаш мақсадида уйга туташ ҳудудни ўз кучлари, ҳашар йўли билан тозалаш ва батартиб тутиш вазифасини ширкатдагилар ўз зиммасига олиши амалиёти ҳам йўқ эмас. Кимдир бирон сабаб билан шанбаликда иштирок эта олмайдиган бўлса, умумий йиғилиш қарори билан белгиланган миқдордаги суммани тўлайди. Ширкат ана шу пулга уй атрофи ҳудудини озода сақлаш ва санитария ҳолати талаб даражасида бўлишини таъминлаш учун у ёки бу ишни бажарадиган одамларни ишга жалб этади.

Кейинги вақтларда кўп қаватли уйга туташ участкаларни сақлаш ва асраш учун жавобгарлик чегарасини фарқлаш, қатъий белгилаб олиш борасида ширкатлар билан ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари ўртасида тез-тез низолар келиб чиқмоқда. Ширкат кадастр ҳужжат­ларида белгилаб қўйилган ер участкаси учун жавоб беради. Ободонлаштириш бошқармаси эса мавзелар орасидаги ҳудудни тозалаш учун жавобгардир.

Пойтахтда Тошкент шаҳар ИИББ­нинг «Экотоз» деб аталмиш озодагарчилик ва экологияни назорат қилиш батальони фаолият кўрсатиб турибди. Унинг зиммасидаги вазифалар орасида атроф муҳитни ифлослантиришга қарши кураш, турар жой даҳаларининг кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларидаги озодагарчилик ва тартибни таъминлаш вазифалари ҳам бор. Халқ орасида кўпроқ «санитария милицияси» деб юритиладиган ана шу бўлинма ўз ишида асосан жамоатчиликка таянади.

 

ҚОИДАБУЗАРЛАРГА НИСБАТАН ЖАЗОЛАР

Маъмурий жавобгарлик тўғри­сидаги кодекснинг 161-модда­сига кўра шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузганлик учун, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя этмаганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақи миқдорининг 1/2 қисмидан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга нисбатан эса 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган. Тўғри, бу нисбатан енгилроқ ёндашув бўлиб, озодагарчиликни бузувчиларга нисбатан самарали таъсир кўрсата олмайди. Лекин мазкур Кодекснинг 53-моддасидан фойдаланиш мумкин. Унга кўра санитария қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахс­ларга нисбатан эса 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бў­лади.

Турар жой биноларини ва уларга туташ ҳудудларни асраш, сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларида2 (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) ҳовлиларда тозаликни ва тартибни сақлаш хусусида нима дейилган? Қоидаларнинг 28-банди рўзғор чиқиндиларини ҳов­лига сочиш, ташлаш, кў­миш ёки ёқишни ман этади. Қоидаларнинг 31-бандида белгиланишича, ижарага берувчи ва жой мулкдори уйга туташ ҳудудни санитария жиҳатидан талаб даражасида озода тутиши шарт. Қоидаларнинг 36-бандида қайд этиб қўйилганидек, турар жойларни ижарага олувчилар, ижарага берувчилар, жой мулкдорлари ва улар билан бирга яшовчи шахслар яшил дов-дарахтларни, хўжалик, спорт ва болалар майдончалари ҳамда уларнинг ускуналарини авайлаб-асрашлари, уйга туташ ҳудудни сақлаш, ораста тутиш қои­да­ларига риоя этишлари, ифлосланишига йўл қўймасликлари керак. Агар улар рўзғор чиқиндилари ва ахлатларни белгиланмаган жойга мунтазам равишда ташлайверса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали уларга таъсир ўт­казилади (Қои­даларнинг 41-бан­ди).

Тўғри, ҳовлилардаги тозалик ва тартибни бузувчиларга нисбатан маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг салмоқли сўзини айтиши мумкин. Зотан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг3 11 ва 12-моддаларида турар жойлар ва ҳовлиларни намунали тарзда сақлашда фуқаролар йиғинлари ХУМШларга ёрдам кўр­сатиши назарда тутилган. Фуқа­ролар йиғинлари турар жойларни, ҳо­влидаги иморатларни, ҳовлилар­ни ва уйга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва намунали сақлаш ишларида, болалар ва спорт майдончаларини жиҳозлаш ҳамда шу сингари ишларда одамларни ихтиёрийлик асосида иштирок этишини уюштиради, бунда туман, шаҳар ҳокимлиги ажратадиган моддий ва бошқа хил воситалардан, ўз маблағидан фойдаланади, ҳашарлар ташкил этади.

Қўни-қўшниларнинг ифлослантириши, ахлат ташлаб кетишига қарши том маънода уруш очган ХУМШлар амалиётида видеокузатув камераларини ўрнатиш ва ҳатто қоидабузарларни аниқлаб, кўпчилик орасида шармандасини чиқариш учун пистирмалар қўйиш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Кўпгина ширкатлар бу ишларга ўргангани ўзига, қилгани бизга фойда қабилида ўсиб келаётган ёш авлодни жалб этмоқда. Масалан, ўсмир ва қизлар болалар майдончаларидаги тартибни назорат қилиб борадилар, шанбаликларга ота-оналари билан биргаликда чиқадилар. «Озода ҳовли» мавзусида болалар расмлари танловлари ўтказиш, байрамлар ташкил этиш сингари тадбирлар ахлатларни ҳар хил жойларга ташлаб кетувчиларни ўйлаб иш тутишга ундамоқда. Болалар боғчалари, мактаблар, академик лицей ва коллежлардаги экологик саводхонлик дарслари озодагарчиликка ўргатишда яхши сабоқ бўлмоқда.

 

2. ҒАРАЗГЎЙЛИК ИЗМИДАГИ НАЗОРАТ

Санитария қоидалари ва нормалари, бошқа ҳужжатлар фуқа­роларни, ширкатларни уй атрофидаги ер участкаларини озода ва батартиб сақлашга ундамоқда. Белгиланган талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Бироқ юқорида ижрочи директор ёзганидек, ахлатни бир жойга тўплаб, олиб чиқиб кетишга тайёр қилиб қўйилган, ҳудуд чиннидек тоза бўлса, айбсизлигингни бемалол исботлаш мумкин. Ширкат ахлат–чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун хусусий корхона билан шартнома тузади. Демак, иш жадвалига қаралса, ойига (ҳафтасига) неча марта ва қайси кунлари чи­қинди олиб чиқиб кетилиши аён бў­лади-қўяди.

Мабодо, ХУМШнинг кўп қаватли уйга туташ ҳудуди ҳамиша батартиб бўлиб, текширув куни иттифоқо бирон бемаъни томонидан кечаси ахлатли қопчиқ ташлаб кетилган бўлса, буни форс-мажор ҳолати деб ҳисоблаш, бунинг учун жарима жазосини қўллашни эса ғаразгўйлик измидаги назорат деб баҳолаш керак. Текширувчиларга ҳудудни тозалайдиган фаррошларнинг иш жадвалини тақдим этинг. Фаррошлар кеча-кундуз ўзларига белгиланган жойда бўлмайдилар-ку, ахир. Одатда бир қараганнинг ўзида ҳудуд мунтазам равишда тозаланадими-йўқми, билиш мумкин. Ахлатли қоп­чиқ масаласига келганда, бу санитария қоидаларига риоя этмаган фуқароларнинг айбини кўрсатувчи далилдир. Лекин ижрочи директорни жазолашга нисбатан, турган гапки, қоидабузар жисмоний шахсни қўлга тушириш анчагина қийин ва машаққатли ишдир.

Санитария нормаларини ва Қои­даларни бузганлик учун жарима жазолари олдинги саволга жавобда кўрсатиб ўтилган эди.

 

ЙЎҚ ЕР УЧАСТКАСИНИ ТОЗАЛАБ БЎЛАДИМИ?

Яна бир гап. Сизнинг ХУМШ ихтиёрида ер участкаси бор-йўқлигини аниқлаш лозим. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 35-моддасига биноан бунақа ер участкалари ширкатга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган бўлади. Кейинги йилларда кўпгина ХУМШлар бундай участкалардан маҳрум бўлиб қолаётганлиги қизиқ. Кўп қаватли турар жойларнинг ер участкалари чегарасини техник инвентаризация бюролари биноларнинг пойпешига қараб белгилайди. Шу сабабли бир қанча ширкатлар уй атрофи ҳудудидан маҳрум бўлиб қолмоқда. Бу эса ХУМШ тўғрисидаги Қонунни бузишдир. Зотан мазкур Қонунда ХУМШ кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир деб айтилган (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 3-моддаси). Ширкатнинг мажбуриятлари сирасига умумий мол-мулк, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулки белгиланган қоидалар, нормалар ҳамда стандартларга мувофиқ асралиши ва сақланишини таъминлаш вазифаси ҳам киради (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 16-моддаси).

Ширкат ихтиёрида ер участкаси бўлмаса, ўз-ўзидан уйга туташ ҳудудни ким тозалаши, тартибга солиши лозим деган масала келиб чиқади. Ер участкаси бўлмагач, уни тозалаш, озода сақлаш ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Борди-ю, уй теграсидаги ҳудуд қараб турилмас, назорат қилинмас экан, ахлатга тўлиб кетиши турган гап. Бу эса ХУМШ аъзоларининг ҳақли равишда норозилигига сабаб бў­лади. Ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари бу ишни секингина ширкатларнинг зиммасига ўтказиб қўймоқдалар. Мабодо, ширкат ишга фаррош ёллагудек бўлса, озми-кўпми саводли текширув қоида бузилганлигини дарров аниқлайди. Бинобарин, ҳудуднинг ўзи бўлмагач, фаррош чикора? Ҳужжат бўйича ширкат эгалик қилмаётган участкада бажарган иши учун фаррошга бюджетдан ҳақ тўлаши ақл бовар қилмайдиган иш. ХУМШларнинг ер участкаси масаласи неча йиллардан бери муаллақ қолиб келмоқда ва ўз ечимини кутмоқда. Агар кадастр ҳужжатларида унинг чегараси бино пешпойи бўйича ўтадиган бўлса, санитария хизматининг қарорини суд тартибида протест келтиришингиз мумкин. Ихтиёрингизда бўлмаган ҳудуд учун, айниқса унда фуқаролар содир этган қонунга хилоф ҳаракат учун сиз жавоб бермайсиз.

 

112.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон.

2ВМнинг 28.06.1994 йилдаги 325-сон Қарорига 3-илова.

32.09.1993 йилдаги 915-XII-сон Қонуннинг 22.04.2013 йилдаги ЎРҚ-353-сон Қонуни асосидаги янги таҳрири.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 904 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика