Norma.uz

Ҳар қандай таъсирга акс таъсир топилади

Уйни ХУМШ ташкил этмасдан ҳам бошқарса бўладими?

Баъзи-баъзида Ньютоннинг учинчи қонуни аслида биздаги уй-жой соҳаси учун ёзилгандек туюлади. Зотан кўпинча бу жабҳада таъсир кучи акс таъсир кучига тенг бўлади. Гоҳ у, гоҳ бу ерда тўсиқларга дуч келавериб, энг хайрли, яхши ташаббуслар ҳам бир онда йўққа чиққанлигини кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Ачинарли томони, бу тўсиқлар кўпинча рўкач қилиб кўрсатиладиган важ – аҳолининг сусткашлиги ёки лоқайдлиги оқибатида эмас, балки уй-жой ва коммунал соҳада енг шимариб ислоҳот қилмоқчи бўлаётганларнинг қонун ҳужжатларидан хабарсизлиги, бу ҳужжатларни билмаслиги натижасида келиб чиқади. Ҳолбуки, ўша, енг шимарганлар ана шу қонунларнинг моҳиятини омма эътиборига етказиши, қонунларнинг асосларини тушунтириши, яшаётган уйини яхшилашга ҳаракат қилаётган одамларнинг кўнглини совутмаслиги, аксинча рағбатлантириши лозим. Таассуфки, қонунларни билмаслик, уларни ижро этмасликка олиб келади. Лекин бу ҳол қонунларнинг амал қилишини сира-сира бекор қилмайди, улардан бехабар мансабдор шахсларни жавобгарликдан озод этмайди ҳам.

 

ҲУЖЖАТЛАРНИ СИНЧИКЛАБ ЎҚИНГ

«NORMA» нашриёти томонидан чоп этган «Биз яшайдиган уй» рисоласида мулкдорлар жамоаси ХУМШ тузмасдан туриб уйни бошқариши мумкинлиги ҳақида сўз юритилган, – деб ёзибди тошкентлик газетхон М.В.Черников. – Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган бизнинг кўп қаватли уйимиз (Қодиров кўчасидаги 11-уй) аҳли «Шалола коммуналчи» ширкатидан чиқишга, уйни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бошқаришга қарор қилди. Бу қоида қонун ҳужжатларимизда, хусусан Уй-жой кодексининг 138 ва 139-моддаларида ҳамда Фуқаролик кодексининг 219-моддасида назарда тутилган.

Умумий йиғилиш ўтказиб, унда аввалги ХУМШ таркибидан чиқиш ва бевосита бошқаришга ўтиш таклифини ёқлаб овоз бердик. Бошқарув ва назорат органлари – уй кенгаши ва тафтиш комиссияси шакллантирилди, уларнинг аъзолари сайланди. Уйимиз аҳли «рўзғорни бўлак» қилиб, мустақил иш юритмоқчи эканлигимиздан собиқ ширкатнинг ижрочи директорини хабардор этиб, уй бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзлар юзасидан қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси тайёрлашини сўрашди. Бироқ кутилмаган жойда муаммолар чиқиб қолди.

Ижрочи директор ўзаро ҳисоб-китоб қилишдан бош тортди: бу ишни сизлар тузишингиз лозим бўлган ХУМШ билангина қиламан деб туриб олди. Уй хўжалигини ширкатсиз бошқариш умуман қонунга хилоф иш деганини ҳам эшитдик. Миллий банк вакиллари ҳам худди шундай фикрда экан.

Тошкент шаҳар электр таъминоти ишлаб чиқариш-тақсимлаш идорасидагилар уйнинг умумий эҳтиёжлари учун электр таъминоти юзасидан шартномани умумий йиғилиш ваколат берган уй кенгаши вакили билан тузишни хоҳламадилар. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида жисмоний шахслар билан бундай шартнома тузиш назарда тутилмаган деб ўзларини оқлаган бўлдилар».

Уйнинг умумий мол-мулкини ХУМШ ташкил этмай туриб бошқариш тажрибаси ва амалиётини бир неча бор ўз саҳифаларида ёритган газетамизни кўрсатиш ҳам уларни аҳдидан қайтара олмабди.

Уй кенгаши раиси e-kommunal сайтида шунақа иш усулига ўтиш мумкинлиги ҳақида сўраган экан, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигининг жавоби ҳаммани таажжубга солди. Унда айтилишича, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга (бундан буён матнда – ХУМШ тўғрисидаги Қонун деб юритилади) биноан кўп квартирали уйни юридик шахс ташкил этмай туриб бошқариб бўлмас эмиш. ХУМШлар фаолиятини расамадга солувчи ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг биронта ҳам моддасида юридик шахс ташкил этмай туриб умумий мол-мулкни бошқариш, шу жумладан мулкдорлар жамоаси томонидан бошқариш йўлларига тааллуқли ҳавола ёки тушунтиришлар йўқ. Шундай бўлган тақдирда ҳам бу Фуқаролик кодекси ва Уй-жой кодекси талабларини қўпол тарзда бузиш, уларнинг нормаларини билмаслик мужассам топган қуруқ расмиятчилик билан йўғрилган жавоб эди. Қолаверса унда қонун ҳужжатларига мувофиқ уйнинг умумий мол-мулкини ширкат тузмасдан туриб бевосита бошқаришга тааллуқли ўз ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлаётган мулкдорлар жамоасига босим, тазйиқ ўтказиш иддаоси ҳам кўзга ташланади.

Мамлакатимиз пойтахтидаги талайгина кўп қават­ли уйлардаги жой мулкдорлари жамоалари ўз уй хўжалигини ХУМШ ташкил этмай туриб ҳам қойилмақом қилиб бошқарганлиги амал курсисидагилар учун ёз чилласидаги қордек туюлган бўлса эҳтимол. Шу йўл билан, бинобарин маъмурий тартибда уларнинг баъзилари ортга қайтишга, ширкат тузишга мажбур этилди. Қайсидир амалдорга бу йўсин (ХУМШсиз) иш олиб бориш тушунарсиз эканлиги, унга ёқмаганлиги ёки унга шубҳали туюлганлиги учун шундай қилинди. Баъзи мулкдорлар жамоалари, гарчи улар саноқли қолган бўлса-да, ишни ўша тартибда давом эттирмоқда. Бунга Шайхонтоҳур туманининг Марказ-14 даҳасидаги «Скопле Коммуналчи» уй кенгашини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келди унга. Ҳозир бу Тошкентдаги энг яхши кўп қаватли уйлардан биридир. Унда яшайдиганлар ўз уйига ХУМШсиз хизмат кўрсатмоқдалар, бевосита бошқарув усулини ўзгартирмоқчи эмаслар ҳам.

 

АФЗАЛЛИК НИМАДА?

Биз бу йўлни, бу усулни ҳаммага ибрат қилиб кўрсатишга ҳозирча шошилмаймиз. Зотан уйни мулкдорлар жамоаси ширкат тузмай туриб бевосита бошқариши ҳуқуқий жиҳатдан ҳозирча етарлича ишлаб чиқилмаган. Бу борада саволлар ҳам, кемтикликлар ҳам, таҳдид-таваккалчиликлар ҳам етарли.

Мамлакатимизда уй-жой соҳасини ривожлантиришда асосан ХУМШга таянилади. Бу юридик шахс бўлиб, фаолияти қонун ҳужжатларида муфассал тарзда тартибга солинган. Шунга қарамай, Уй-жой кодексида ҳам, Фуқаролик кодексида ҳам уйни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бошқариш имконияти назарда тутилган. Шу сабабли ҳам бу усул чекланиб қолмаслиги ёки аллакимларнинг ёқтириш-ёқтирмаслигига боғлиқ бўлиб қолмаслиги лозим.

Бу йўлнинг афзаллиги нимада, юридик шахсдан (ХУМШдан) у нимаси билан фарқ қилади? Энг муҳими, нақд пул маблағларини чекловларсиз тасарруф этиш имконияти борлиги билан фарқ қилади. Одатда ХУМШда таъмирлаш ишлари учун ҳамиша пул етишмайди, шу сабабли одамлар бадалларга қўшимча равишда нақд пул йиғишга тушадилар. Авария ёки кутилмаган воқеа содир бўлганда ҳам шундай бўлади. Юзага келган муаммони дарҳол ҳал этиш жоиз бўлган бундай кезларда ҳисоб-китоб варағидан пул олгунча фурсат бой берилиши мумкин. Оқибатда яна пул йиғишга тушишади. Ширкатда бадалларнинг 30 фоизи келгусида бўладиган таъмирлаш ишлари учун депозитга ўтказилади. Бу пулларни олиш мудом муаммо келтириб чиқаради. Пуллар депозитда ётаверади, бунинг устига материаллар нархи, хизматлар баҳоси ошиши билан қадрсизланиб боради. Бу эса ХУМШ учун ғирт зарардир. Бундан ташқари, кўпгина материалларни чакана савдо ёки иккиламчи бозорда нақд пулга арзонроққа сотиб олиш мумкин. Пировард натижада юридик шахс ташкил этмаган ҳолда уйга хизмат кўрсатиш амалиёти арзонга тушади ва мулкдорлар жамоаларига бадаллар миқдорини бир меъёрда сақлаб туриш имконини беради (ХУМШда эса бадал миқдорини тез-тез оширишга мажбур бўладилар). Яна бир жиҳати шуки, банк ўтказилган касса операциялари учун ширкатдан фоиз олади. Бундай қараганда арзимаган гап бу. Лекин ҳар бир тийин қаттиқ ҳисоб қилинадиган жойда бу ҳам барибир чиқим-да!

 

МУРАККАБЛИК НИМАДА?

Ширкатсиз иш олиб бориш йўли амалдорларда иштиёқ уйғотмаслиги турган гап. Ҳуқуқий жиҳатдан етарлича тартибга солинмаганлиги ҳам бунда ўз ролини ўйнайди, албатта. Шу сабабли мулкдорлар жамоасига босим ўтказиб, уни юридик шахс ташкил этиш таомилига қайтишга мажбур қилиш пайида бўладилар. Бунда биттагина йўл бор – ё судга, ёки прокуратурага мурожаат этиш керак. Тўғри, бу анчагина серташвиш иш. Бундай ҳолатларда қонунийликни тиклашнинг бирдан-бир йўли шу бўлгач, на илож?!

Бу схеманинг мураккаблиги шундаки, Уй-жой кодексининг 127 ва Фуқаролик кодексининг 219-моддаси асосида кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка ва унга туташ ер участкасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жой барча мулкдорлари келишувига биноан амалга оширилади. Демак, қарор қабул қилиш учун бунда квартира эгаларининг 100 фоиз розилиги талаб этилади. Бундай натижага эришиш қийин, негаки кўп қаватли уйда яшайдиганларнинг маълумоти, билим даражаси, онг-шуури бир хил эмас. Бундан ташқари, ҳар бир уйда умуман ҳеч ким яшамайдиган бўш квартиралар ёки ижарага берилган квартиралар бор, уларнинг ҳақиқий эгаларини топиш эса осон эмас.

Ҳар қандай уйда ҳаммадан ва ҳар нарсадан кўнгли тўлмай, норози бўладиган одамлар топилади. Улар кўпинча ўзларига ўзлари жабр қилаётганларини ўйлаб ҳам ўтирмай, хайрли, яхши ишларга ҳам қарши овоз бераверадилар. Шу сабабли ҳам юқорида зикр этилган Кодексларнинг моддаларига мувофиқ барча мулкдорларнинг келишувига эришилмаган тақдирда масала суд томонидан белгиланадиган тартибда ечим топади. Гарчи анча оворагарчилик билан боғлиқ бўлса-да, бу йўналишда ижобий тажрибалар ҳам бор.

Ширкатда бундай муаммо келиб чиқмайди. Чунки ширкат аъзоларининг 50 фоизидан кўпроғи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган деб ҳисобланади. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда уйни бевосита бошқариш усулини танлашда жой мулкдорлари учун айни шу нарса жиддий тўсиқ бўлишини инобатга олиб, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бир қанча ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлади. Улар орасида Кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорларининг умумий йиғилиши тўғрисидаги низом ҳам бор. Ишлаб чиқиш асносида қарор қабул қилиш кворуми чегарасини пасайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинган ана шу ҳужжат лойиҳалари ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилмоқда.

 

ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Бирмунча олдин ХУМШдан воз кечиб уй хўжалигини мулкдорлар жамоаси бошқарувига ўтказиш йўлини тутган Чилонзордаги кўп қаватли уйлардан бирида ички ҳужжатларни ҳуқуқий жиҳатдан ишлаб чиқишда эътиборга молик тажриба тўпланган. Мулкдорлар жамоаси уйни батартиб ҳолга келтиргач, орадан бир неча йил ўтиб, бу ерда яна ширкат усулига қайтдилар. Уйдаги квартираларнинг қарийб бешдан бир қисми бўш ётар, уларнинг эгасини топиш имконсиз эди. Шу сабабли ҳам қарорлар қабул қилишда барча мулкдорларнинг 100 фоиз розилигини олиб бўлмасди. Ана шунда бу ерда ҳужжат (келишув) тайёрлаб, унда умумий йиғилиш қарори, агар мулкдорларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади деб белгилаб қўйишди. Ташаббускор гуруҳ мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқариш тартибини белгилаш хусусида даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Суд ҳужжатни қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топди, қарорларни қабул қилишнинг белгиланган тартиби юридик жиҳатдан мустаҳкамланган деб эътироф этди. Шу зайил чилонзорликлар ички ҳужжатларни ишлаб чиқишда яхши ишни бошлаб беришди. Бу ҳужжатлар уйнинг умумий мол-мулкини ХУМШ ташкил этмаган ҳолда бевосита бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда фойдаланилиши мумкин.

«Скопле Коммуналчи» уй кенгашидагилар ўз-ўзини бошқарувни ХУМШдаги айни ўша принципларда амалга оширмоқдалар. Юқори орган умумий йиғилиш, уй қўмитаси эса ижро этувчи органдир. Йиғилиш томонидан қўмита раиси ва аъзолари, тафтиш комиссияси, йўлак қўмиталари сайланади. Муҳим қарорларни қабул қилишда квартирама-квартира айланиб чиқиб 100 фоизли овозга эришадилар. Бошқа ҳолларда эса ишончнома асосида сиртқи овоз бериш усули қўлланмоқда, бунда мулкдорлар қабул қилинган қарорлардан кейинчалик хабардор этилиши шарт қилиб қўйилган.

 

ШТАМПЛАР ОЛИШДИ

Уй кенгаши юридик шахс эмаслиги сабабли унда муҳр бўлмайди. Бунақа ҳолларда, табиийки, умумий мол-мулк таъминотига мўлжалланган бадаллар тўпланганда квитанция бериш нима бўлади, маълумотномалар қай тартибда берилади, юридик шахслар билан ўзаро муносабатлар қай йўсинда кечади деган саволлар чиқиб қолади. Ахир биргина имзо билан иш битмайди-ку, тўғрими?

Чилонзорликлар бу масалани тубдан ҳал этдилар. Улар уй-жой фондини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, ўз-ўзини бошқариш йўли билан бевосита бошқаришга ўтганликларини, уйда ички мақсадларда фойдаланиш учун квартира эгалари кенгашининг штамплари ва уй бошқарувчисининг шахсий штампи кераклигини баён этиб, туман ИИБга ариза билан мурожаат қилдилар. Аризага Келишувни, суднинг ҳал қилув қарори нусхасини илова этилди. Муҳрлар ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга1 мувофиқ уларга штамплар беришди. Уй кенгашининг ҳужжатларига кенгаш штампи, раис имзоси билан кетаётган ҳужжатларга эса унинг шахсий штампи қўйиладиган бўлди. Қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаларга раис имзо қўйиб, уй бошқарувчиси штампини босадиган бўлди.

 

МАБЛАҒЛАР ҚАЕРДА САҚЛАНАДИ?

Уйга ХУМШ ташкил этмаган ҳолда хизмат кўрса­тилганда уй аҳлини ташвишлантирувчи саволлардан бири умумий мол-мулк таъминотига мўлжалланган бадалларни қаерда сақлаш масаласидир. Ҳамонки гап нақд пул ҳақида бораётган экан, суиистеъмолликлар, ўғрилик ва талон-торожликлардан ҳеч кимни ҳоли деб билмаслик лозим. Шу сабабли ҳам одамлар бадал пулларини ҳалол, баобрў қўшнилар сақлаб берадилар деб ишонадилар. «Скопле Коммуналчи» уй қўмитасида бундай пулларни уй қўмитаси раисининг номига очилган шахсий ҳисобварақда сақлайдиган бўлдилар. Аммо у бу пулни тафтиш комиссияси рухсатисиз тасарруф эта олмайди – комиссияга пулни нимага сарфламоқчи эканлигини асослаб бермоғи лозим. Маблағларнинг ҳаракати ҳужжат асосида қатъий қайд этиб ва назорат қилиб борилади.

Чилонзорликлар уйни мулкдорлар жамоасининг бевосита бошқарувига ўтказгач, кўп қаватли уйда улкан ўзгаришларни режа қилдилар. Пуллар – уй бош­қарувчисида. Муттасил ишлатиб турилгани сабабли уларни сақлаш учун шахсий ҳисобварақ очиб ўтиришмади ҳам. Тўғри, пулларнинг бутлиги, сақланиши уй бошқа­рувчисининг шахсига, номуси ва виждонига боғлиқ. Қолаверса, одамларнинг кўнглида ҳамиша қандайдир шубҳа учқунлари сақланиб қолаверади. Айниқса уйда юридик шахс ташкил этилмаган бўлса. У уй бошқарувчиси бунақа шубҳа-гумонларга ўрин қолдирмаслик учун ўз ташаббуси билан мисли кўрилмаган иш қилди: маблағлар бут сақланиши учун ўз мол-мулки (квартираси) билан жавоб беражаги ҳақида мажбурият ёзиб-имзолаб берди. Шундай қилиб, мулкдорларнинг бу жамоасида молиявий суиистеъмолликлар батамом барҳам топди.

Чилонзорликлар пулларни тўплаб, уй кенгаши раисига топширадилар. Бадаллар топширилганда одамларга уй кенгашининг штампи ва мулкдорнинг шахсий имзоси қўйилган квитанция бериларди. Квартира эгаси бадаллар ҳисоби олиб бориладиган дафтарга ҳам имзо қўйиши шарт. Дафтарнинг варақлари рақамлаб чиқилган, штамп босилган, уй кенгаши раиси имзоси қўйилган бўлади.

«Скопле Коммуналчи»дагилар ҳам бадал тўлаганда ҳисобга олиш дафтарига имзо қўйишади. Уларга ҳам уй қўмитаси раиси имзолаган квитанция берилади. Илгари бундай квитанция маҳалла фуқаролар йиғинига бориб тасдиқлатилар эди. Муайян жой эгасида қарз йўқлигига оид, уй қўмитаси раиси ёзиб берган маълумотнома маҳалла фуқаролар йиғини муҳри билан тасдиқлатилади.

 

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН ТЎЛОВ

Умумий фойдаланишдаги жойлар, айтайлик, йўлаклардаги, лифтлардаги чироқларда ишлатилган электр энергияси ҳақи қандай тўланади? «Скопле Коммуналчи»дагилар умумий мол-мулкни ХУМШсиз бош­қара бориб, тўловни умумий уй электр ҳисоблагичи кўр­саткичлари асосида амалга оширадилар. Лекин бунга одамларнинг бадаллари сақланадиган ҳисобварақдаги пулларни эмас, қўшнилардан бирининг пластик карточкасидаги пулларни ишлатишади. Охирида бу қўшнига ана шу сумма мажбурий бадаллар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиниб қўя қолинади.

 

УЙНИ МУЛКДОР ЖАМОАСИ ТОМОНИДАН, ХУМШ ТАШКИЛ ЭТМАГАН ҲОЛДА БОШҚАРИШ

НОҚУЛАЙ ЖИҲАТЛАРИ

Бу йўл қонунчилик ўзанида етарлича тартибга солинмаган. Умумий мол-мулкни бошқариш Фу­қаролик кодекси ва Уй-жой кодекси моддалари асосида, айнан ХУМШдагига ўхшаш усулда, бошқа мулкдорлар жамоасининг тажрибаси ва амалиёти натижасида амалга оширилади.

Қарор қабул қилишда қарор юзасидан уйдаги квартира мулкдорлари 100 фоиз овоз бериши лозим, бунга эришиш эса жуда мушкул.

100 фоизли келишувга эришилмаган тақдирда, масала суд тартибида ҳал этилиши мумкин.

Бу вариант ҳамма қўни-қўшни аҳил яшайдиган, қа­рор­лар қабул қилишда жой мулкдорларининг барчаси розилигини олиш осон бўлган чоғроқ уйларга кўп жиҳатдан мосдир.

Муҳр йўқлиги ва шу муносабат билан умумий мол-мулк таъминоти учун бадаллар тўплашда, пул маблағларини сақлашда, турли ташкилотлар билан муносабатларда, маълумотномалар беришда муаммолар келиб чиқиши.

Бадалларни сақлашда таҳдид-таваккалчилик­лар эҳтимоли юқорироқ эканлиги.

Аҳолининг ишончини қозониш учун ҳар бир қадам­ни синчковлик билан, эринмай қайд этиб бориш, маблағларнинг ҳаракатини ҳужжат билан тасдиқлаш зарур эканлиги.

 

ЯХШИ ЖИҲАТЛАРИ

Нақд пул маблағларини тасарруф этиш мумкинлиги.

Умумий мол-мулк таъминоти сарф-харажатлари 1,5–2 баравар арзон тушиши.

Уй таъминоти билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, аварияли вазиятларни тезгина бартараф этиш мумкинлиги.

Турли инстанцияларга топшириладиган ҳисо­ботлар миқдори камайганлиги.

Маблағлар жисмоний шахснинг шахсий ҳи­собва­рағида сақланган тақдирда, банк касса операцияларини амалга оширганлик учун фоиз ололмаслиги эвазига маблағлар тежалиши.

Мулкдорларнинг бадаллари депозит ҳисоб­варақда қадрсизланиб ётмай, фаол тарзда ҳар куни «ишлаши».

ХУМШларда бот-бот содир бўладиган ҳолатдан холи эканлиги, яъни мажбурий бадаллар миқдори оширилмаслиги.

Умумий мол-мулкни бошқариш жараёнига маъмурий аралашувлар камайиши.

 

1Ички ишлар вазирининг АВ томонидан 27.10.2001 йилда 1047-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқ­ланган.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 741 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика