Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 19 / Шахсий манфаат

Сийланган жойида азиздир инсон

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш йўлида камарбасталик қилаётган ташкилотлар кўп. «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (6.05.1994 йилдаги 1064-XII-сон Қонуннинг 13.12.2002 йилдаги 446-II-сон Қонуни таҳрири) 3-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу органлар ана шу мурожаатларни қайд этишлари, уларда кўтарилган масалаларни ўрганиб чиқишлари, вазиятни тузатиш юзасидан чоралар кўришлари, қоидабузарларни жазолашлари ҳамда кўрилган чоралар тўғрисида арзгўйни хабардор этишлари шарт. Назарияда-ку шундай, аммо бу муҳим схема амалиётда қандай ишлаётир?

Мухбиримиз ўз ҳуқуқларини ҳимоя этиш илинжида турли ваколатли органларга мурожаат қилган бир нечта юртдошларимиз билан учрашиб, пировард натижада нималарга эришганликларини аниқлашга ҳаракат қилди.

 

Екатерина Родина (Тошкент шаҳри):

 

– Бу воқеа ўтган йили содир бўлган эди. Отамга электр энергияси, газ ва бошқа коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома олиб келиб бермагунича маошини беришмади. Отам туман газ таъминоти идорасига мурожаат қилса, унга газ ҳисоблагич аппарати маълумотлари асосида газ учун қарзи борлигини айтишибди. Қизиғи шундаки, бизникида ҳеч қа­чон газ ҳисоблагич аппарати бўлмаган, ўрнатилмаган ҳам. Биз кейинги 10 йил мобайнида газ учун тўланган тўловга оид квитанцияларни кўрсатдик. Лекин туман газ идорасидагилар квартирангизга газ ҳисоблагич ўрнатиш тўғрисида биз мутлақо танимайдиган, бегона бир фамилиядаги киши билан қўлларида шартнома борлигини айтиб, маълумотнома бермаймиз деб оёқ тираб олдилар. Биз вазиятни ойдинлаштиришга қанчалик уринмайлик, фойдаси бўлмади. Охир-оқибат отам прокуратурага мурожаат этишга мажбур бўлди. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза этувчи ана шу орган ходими масалани дархол ҳол ҳал этди. Туман газ таъминоти идораси ходими ўша куннинг ўзида маълумотнома ёзиб бериб, англашилмовчилик учун кечирим сўради.

 

Таҳририятдан. Мазкур ҳо­латда иш берувчининг қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома тақдим этиш борасидаги талаби қанчалик қонуний эканлиги ва иш ҳақи тўлашни кечиктирганлиги қанчалик асослилиги ҳақида масалаларни кўтариш мумкин эди.

 

Наталья (Тошкент шаҳ­ри):

– Яшаш жойимдаги полик­линикада мен билан қизиқ бир иш бўлди. Отоларинголог ҳу­зурига маслаҳатга кириб, у ёзиб берган муолажа курсини тўлиқ ўтадим. Бир ойдан сўнг шифокорнинг қабул соати белгиланган вақтда уни жойидан топа олмадим. Эртаси куни поликлиникага барвақтроқ бордим, бироқ яна шифокор жойида йўқ эди. Регистратурада уни бир неча кун бўлмайди дейишди, сабабини ҳам, ишга қачон чиқишини ҳам аниқ айтишмади.

Отоларингологга зудлик билан учрашишим зарур бўлгани сабабли эртаси куни хусусий клиникага бордим. Хуллас, ишдан уч марта жавоб сўрашга, пировард натижада хусусий шифокор қабулида пул харжлашимга тўғри келди.

Вазиятни тушунтириб бериш ўтинчи билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайтига (www.minzdrav.uz) мурожаат қилдим. Орадан бир неча кун ўтгач, поликлиникадан қўнғироқ қилиб қолишди. Бош шифокор ўринбосари отоларинголог малака ошириш учун ўқишга юборилганлигини айтиб, овора қилиб қўйганликлари учун кечирим сўради. Кейинроқ бош шифокор имзоси билан мазкур ахборот тасдиқланган хат ҳам олдим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги портали фуқароларнинг мурожаатлари учун шунчалик имконият яратиб берганлигидан, мурожаатларга тезкорлик билан эътибор қилинганлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди.

 

Тошкентлик аёл:

– Бу воқеага икки йил бўлди. Узоқ муддатли хизмат сафарига кетган эдим. Йўқлигимда туман газ таъминоти идораси ходими келиб, газ ҳисоблагич аппаратини текширувдан ўтказишни талаб қилибди. Синглим ёрдам тариқасида газ ҳисоблагич аппаратини текширтирувга олиб борибди. «Ўзстандарт» идорасида ўтказилган текширув хусусида сертификат олгач, уни газ таъминоти идораси инспекторига кўрсатиб, энди нима қилиш кераклигини сўрабди. Инспектор бунга жавобан ҳаммаси қилинибди, бошқа ҳеч нарса керак эмас деб синглимни ишонтирибди. Хизмат сафаридан қайтгач, газ ҳисоблагич аппаратини вақтида текширувдан ўтказдирмаганим учун менга нисбатан жарима белгиланганлиги ҳақида хабарнома олдим. Тақдим этган далолатномам эътиборсиз қолдирилди. Бу далолатнома рўйхатдан ўтказиш учун туман газ таъминоти идорасига тақдим этилиши керак эди, деб туриб олишди. Мазкур идорадагилар Вазирлар Маҳкамаси Қарорини рўкач қилиб жаримани бекор қилишдан бош тортишди. Ҳолбуки, Қарор билан танишиб чиққач, унда газ ҳисоблагич аппарати текширувдан ўтганлиги ҳақидаги сертификат туман газ таъминоти идорасида рўйхатдан ўтказилиши керак деган кўр­сатмани кўрмадим. Жаримани тўлашга тўладиму, муаммони айтган бир танишимдан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишим мумкинлигини билдим. Барча ҳужжатларни тўплаб, шикоятимни Федерация­га бердим. Икки кундан сўнг, туман газ таъминоти идораси инспектори қўлида шикоятим билан ҳузуримга келиб даъводан воз кечдим деб ёзиб беришимни сўради. Анча чўзилган музокара ва тортишувлардан сўнг, мазкур идоранинг бош мутахассиси мен тўлаган жаримани газ учун бўнак тўлов тариқасида расмийлаштирди (бу ўша йилги тарифларга кўра 100 кубометрдан ортиқ газ ишлатганлик баҳосига тенг эди).

 

Манзура (Тошкент шаҳ­ри):

– Маошимни тўлиғича плас­тик карточкада оламан. Шу сабабли тўловни терминал орқали тўлаш мен учун жуда қулай усул. Биз тушлик қиладиган қаҳвахонада ҳисоб-китобни нақд пул билан амалга оширишни талаб қилишади. Терминал тўғрисидаги сўровла­римга нуқул бугун-эрта олиб келиб ўрнатишади деб қўя қолишади. Вақт ўтаверди, ­аммо қаҳвахонада терминал барибир ўрнатилмади.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Давлат солиқ қўми­тасининг ишонч телефони орқали қўнғироқ қилдим. Мен билан мулоқотда бўлган инспектор ҳамма саволларимга жавоб берди, зарур ахборотларни тақдим этди. Эртаси куни яна қўнғироқ қилиб, мен айтган қаҳвахонада терминал билан боғлиқ ишкаллик тез орада бартараф этилишини маълум қилди.

Ҳозир ҳам тушликни шу қаҳвахонада қиламан, ҳақини эса пластик карточкада тўлаб келмоқдаман.

 

Равшан Абдуллаев (Андижон шаҳри):

– Шу йилнинг январида АИ-80 маркали бензиннинг нархи ошиб 1 645 сўм ўрнига 2 005 сўм бўлди. Эртаси куни ишдан кейин уйимнинг ёнгинасидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига кириб бакни тўлдиришни, яъни 60 литр бензин қуйишларини сўрадим. 126 000 сўм тўлаб уйга қайтдим. Эшик остонасига етганимда, агар ҳар литри 2 005 сўм бўлса, мен 120 300 сўм тўлашим керак эди-ку, ахир деб ўйлаб қолдим. Ҳойнаҳой ёқилғи қуювчи янг­лишган бўлса керак деб қўя қолдим.

Орадан бир ҳафта ўтиб, яна шу шохобчага бордим. АИ-80 маркали бензиннинг бир литри қанча туради, деган саволимга 2 100 сўм деган жавобни эшитиб ҳайратга тушдим. Аммо ҳозирги ҳолатда танлаб ўтиришга имкон бўлмагани сабабли шу нархга рози бўлдим. Чек ёзиб беришларини сўрасам, касса аппарати бузилиб қолди, деб айтишди. Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деган нақл эсга тушиб, вазиятни ойдинлаштириш ҳаракатига тушдим.

Ўша куни кечқурун gov.uz ҳукумат портали орқали «Ўз­бекнефтгаз» идорасига мурожаат қилдим, аммо мурожаатим уларга тегишли эмас экан. «Ўзбекнефтгазинспекция» идорасига қилган мурожаа­тимга ба­ҳо билан шуғулланмасликла­рини айтишди. Ошна-оғайни­ларим Хусусийлаштириш, моно­полиядан чи­қариш ва ра­қо­батни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳамда Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилишимни маслаҳат беришди. Солиқ идорасидагилар ҳамонки қўлимда чек йўқ экан, ортиқча ҳақ тўланганлиги ҳолатини тасдиқлай олмайсиз, шу сабабли қўлингизда далиллар бўлган пайтда бизга мурожаат қилинг деб маслаҳат беришди.

Бироқ эртаси куни Монополиядан чиқариш давлат қўмитасидан менга қўнғироқ бўлди. Бу идора ходими вазиятни муфассал баён этишимни сўради-да, масалани ҳал этишга ваъда қилди.

Орадан икки кун ўтгач, ўзи­ни автомобилларга ёқил­ғи қу­йиш шохобчаси бош­қарувчи­си деб танитган одам телефон қилиб, унга учра­шишимни сўради. Шохобчага борганимда у қи­линган хатти-ҳаракат учун кечирим сўраб, бунақа ҳолат қайтарилмаслигига сўз берди. Эрталаб уларда режадан ташқари текширув ўтка­зилганлигини, касса аппаратини ишлатмаганлик ва чек бермаганлик учун жарима қилинганлигини айтди. Бундан ташқари, унинг айтишича, мурожаатим оқибатида бензинни оширилган нархда сотганлик учун уларни маъмурий ва жиноий жавобгарлик кутаётганлигини ҳам гап орасида қистириб ўтди.

Гапнинг рости, унга ачин­дим. Жариманинг ўзи етиб ортади деган хаёлда Қўмитанинг минтақавий бошқармасига бориб, мазкур шохобчадагиларга нисбатан бошқа даъвоим йўқлиги ҳақида тушунтириш хати ёзиб бердим.

Бу воқеа нима билан тугади билмайман, аммо ҳанузга қадар шу АЁҚШда ҳар литрига 2 005 сўмдан тўлаб бензин оламан. Шу зайил Андижоннинг автомашиналарга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида адолат тикланди.

 

Давлат органларига мурожаатлар натижаларини ўрганиш билан мухбиримиз

Наталья СПИРИДОНОВА шуғулланди.

Прочитано: 922 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика