Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 19 / Ташқи иқтисодий фаолият

Оламга ўз дарчасини очиб

Шарқий Осиё мамлакатлари қисқа вақт ичида халқаро савдода салмоқли ўрин эгаллаши мумкинлигини анча ишончли тарзда кўрсатяптилар. Экспортга йўналтирилган иқтисодиёт ушбу минтақадаги бир қатор давлатлар ривожланишининг олға борувчи динамикасини белгилаб берган эволюция моделига айланди.

 

Урушдан кейинги Япония ўзини ўзи рўёбга чиқаришнинг бундай ўзанида мамлакат қан­дай юксакликларга эришиши мумкинлигини биринчи бўлиб кўрсатди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Жанубий Корея ва Тайвань унинг йўлидан борди. Чорак асрдан кейин Хитой, кейинроқ эса Вьетнам ҳам худди шу йўналишдан борди.

Жанубий Корея ва Тайванда енгил саноатга – малакасиз ишчи кучидан фойдаланиш мумкин бўлган тармоққа асосий эътибор қаратилди. Қишлоқлардан келган қизлар костюмлар, париклар, юмшоқ ўйинчоқлар тикиб, кунига уч тақсимча ҳақиқий мазали оқ гуруч эвазига 14 соатлаб, бунинг устига томи ёпилган иситиладиган хоналарда ишладилар. Қишлоқда қолган дугоналари уларга ҳавас қилишарди. Энди эса ЯИМ киши бошига Жанубий Кореяда $18 350, Тайванда $19 860 ни ташкил этади.

Қитъанинг бошқа бурчаги, Европада эса энг муваффақият билан ривожланган иқтисодиёт немис иқтисодиёти бўлди. У ҳам экспортга йўналтирилган, бироқ бошқа андозалар бўйича ривожланди.

Миллий иқтисодиётимизда азалдан экспортга йўналтирилган ўз тармоқлари мавжуд. Ҳам­мага маълумки, Ўзбекис­тон дунёдаги пахта экспортчиларининг дастлабки бешлигига киради. Бироқ мустақиллик йилларида респуб­лика ташқи иқтисодий фаолия­тининг устуворликлари анча ўзгарди. Бозор иқтисодиёти ва ТИФни эркинлаштириш рес­публиканинг экспорт салоҳияти ва мамлакат хориж бозорларига етказиб бериши мумкин бўлган товарлар номенклатурасини анча кенгайтирди.

Мазкур соҳадаги давлат сиёсати ТИФда урғу бериладиган устуворликларни шакл­лантирди. Ушбу борада республика умумжаҳон амалиётига эргашмоқда. Мамлакат хорижий капитал учун очиқ, хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб этиш, замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналар келтирилишидан манфаатдор, улар иқтисодиётимизнинг рақо­батбардошлиги ва экспорт салоҳиятини юксалтириши, импортга қарамликни камайтириши керак.

Охирги вазифа қанчалик долзарблигини миллий валюталарнинг девальвациясига қараб баҳолаш мумкин, йил бошида Туркия, Аргентина, Индонезия, Россия, Қозоғистон ана шундай ҳолатни бошидан кечирди. Ушбу мамлакатлар пул белгилари курсининг кескин пасайиб кетиши маҳаллий иқтисодиётларнинг хориждан мол етказиб беришларга қарамлиги юқори эканлигини яна бир марта тасдиқлади. Ўзбекистон ташқи савдосидаги ижобий сальдо республика олти йил аввалги глобал молиявий инқироздан сабоқ олганлигидан далолат беради. У жаҳон бозорларида нархларнинг кутилмаганда ўзгаришларига анча тайёрдир.

 

«КЕЛИН» ва «КУЁВ»ни ИЗЛАБ

Бироқ мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш вазифаси ўзининг долзарблигини йўқотмаяпти. Бунда аввалгидек қайта ишлашнинг улуши юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва унинг экспортини кўпайтириш асосий мақсад бўлиб қоляпти. Бунинг учун яхшигина имкониятлар яратилган.

Экспортчи корхоналарга турли имтиёзлар маҳаллий тадбиркорларнинг қизиқишини ва хорижий истеъмолчилар учун маҳсулот ишлаб чиқаришга хусусий инвестициялар оқи­мини ўзига тортиши керак. Ушбу вазифани ҳал этиш йўлларидан бири – хорижий бозорларни ўзлаштиришни хоҳлайдиган ва бунга тайёр ишлаб чиқарувчилар доирасини кенгайтириш.

Тўғри, хорижий бозорларга талабгир ва рақобатбардош маҳсулотларни олиб чиқиш ишнинг ярми холос. Мамлакатимиздаги ишлаб чиқарув­чининг уларни пировард хорижий истеъмолчига етказиб беришга доир ташвишлари бундан кўп. Анъанавий ўзбек товарларининг экспортчилари ушбу муаммоларни аллақачон ҳал қилганлар. Бунинг учун уларда вақт бўлган, тажриба, ресурслар ҳамда зарур расмиятчиликларга риоя этиш ва хорижий истеъмолчилар билан алоқаларни йўлга қўйишга қодир хизматлар мавжуд.

Бироқ кичик бизнес субъектларининг кўпчилиги учун хорижий бозорларга чиқиш – номаълум жиҳатлари кўп бўлган муаммо. Ушбу камчиликни товар ишлаб чиқарувчиларга ташқи иқтисодий фаолиятни йўлга қўйишда ёрдам бера оладиган ихтисослашган консалтинг фирмалари бартараф этиши керак. Бироқ улар ҳозирга қадар кўнгилдагидек ишламади, буни уларнинг хизматларига тегишли талабнинг йўқлиги, кичик бизнеснинг хатарларни ўз зиммасига олишни ва ишончли йўлбошловчисиз юрилмаган сўқмоқлардан юра бошлашни хоҳламаслиги тасдиқлайди.

Кичик бизнесни чексиз хорижий бозорларга нигоҳ ташлашга ва экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга давлат ундай олади. Аслида ҳам нима учун давлат аралашиши ва тадбиркорларга ушбу соҳада мадад кўрсатиши кераклиги тушунарли. Миллий иқтисодиётни ва унинг ташқи шокларга барқарорлигини диверсификациялаш вазифалари мамлакатда кичик бизнес ривожланган бўлиши ва унинг миллий маҳсулот ишлаб чиқаришдаги аҳамияти ошишини тақозо этади. Ушбу мақсад изчиллик билан амалга оширил­япти, ЯИМ ишлаб чиқаришда кичик бизнеснинг улуши биринчи чоракда 41%ни ташкил қилди. Эришилган суръатларни сақлаш ва янада жўшқин ривожланиш учун кичик бизнес мамлакатдан ташқарига чиқиши ва хорижий бозорларни ўзлаштириши керак.

Давлат ўз елкасини тутди. Давлат раҳбарининг 24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон Фармони билан Ташқи иқ­тисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузурида кичик бизнеснинг маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича «Ўзтад­биркорэкспорт» ташқи савдо компанияси ташкил этилди. Ушбу соҳадаги охирги янгилик – Президентнинг 8.08.2013 йилдаги ПҚ-2022-сон Қарорига асосан Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасини (ЭҚЖ) ташкил этиш бўлди. Ушбу лойиҳани ишга туширишга давлат ЭҚЖ бюджетига 2,5 млрд сўм киритди.

Ихтисослаштирилган компания ва ЭҚЖнинг вазифалари бир қатор позициялар бўйича кесишади.

Компания, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига:

улар маҳсулотини тўғридан-тўғри экспорт контрактлари бўйича, шунингдек хорижда ташкил этиладиган савдо уйлари орқали реализация қилишда кўмак бериши;

экспорт маҳсулотини сертификатлаштириш, реклама тадбирларини ўтказиш, халқаро ярмаркалар ва кўргазмаларни ташкил этиш ҳамда уларда иштирок этиш, ахборот ва маслаҳат билан таъминлашда ёрдам бериши керак.

ЭҚЖ уларга қуйидаги хизматларни кўрсатади:

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда;

эҳтимол тутилган харидорларни излашда, шартномаларни тайёрлаш ва тузишда, экспорт операцияларини амалга оширишда, экспорт қилувчиларни эҳтимол тутилган хавф-хатар­лардан ишончли ҳимоя қи­лишда, шунингдек хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги бўйича талаб этиладиган зарур лицензиялар, сертификатлар ҳамда бошқа рухсатнома ва йиғимларни олиш ва тўлашда юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатиш;

чет эллардаги тендер савдоларида иштирок этишга, ярмаркалар, давра суҳбатлари ва бошқаларни ташкил этиш орқали хорижий харидорлар билан мулоқотларни ташкил этишга кўмаклашиш.

Компания ва ЭҚЖнинг вазифалари қанчалик ўхшаш бўлмасин, улар бир-бирини тўлиқ такрорламайди. Экспортчиларнинг ушбу ваколатли «ҳомий-ёрдамчилари» турли дастаклардан фойдаланадилар. «Ўзтадбиркорэкспорт» ўзига хос воситачи бўлиб, Россия, Қозоғистон, Латвияда савдо уйларига эга бўлган кичик корхоналарнинг маҳсулотини чет элга сотиш у орқали ўтади. Истеъмолчиларнинг талаб-эҳтиёжларини яхши билган компания вакиллари минта­қаларда маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг нарх ва сифати бўйича хорижий харидорларни қониқтирадиган маҳсулотини излайдилар. Битим тузилганидан кейин у контракт­ни кузатиб, тарафлар шартнома мажбуриятларига риоя этишини назорат қилади. Битимнинг савдо уйи орқали ўтиши уни бажариш кафолатини оширади. Компания ўзининг воситачилик ҳақини фақат битим ёпилганидан кейингина олади.

Мен Интернет орқали Навоий вилоятининг кичик корхоналари маҳсулоти қизиқтириши мумкин бўлган хорижий харидорларни қидириб, компьютер олдида ҳар куни камида уч соат ўтираман, – деб ҳикоя қилади компаниянинг минтақавий вакили Баҳодир Каримов. – Маҳсулоти хорижда талабгир бўла оладиган маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларни излаб тез-тез туманларга чиқаман. Туман маъмуриятларини жалб этамиз, улар бўлғуси экспортчиларни топишда ёрдам берибгина қолмай, тадбиркорларни экспортга маҳсулот ишлаб чиқаришнинг афзалликлари, улар олиши мумкин бўлган кўмак ва имтиёзлар тўғрисида хабардор қилади.

ЭҚЖ, образли қилиб айтганда, «келин» (маҳаллий товар ишлаб чиқарувчи) ва «куёв» (хорижий харидор)ни топишга киришган ҳамда «ни­коҳ шартномаси»ни тузишга доир барча расмият­чиликларни бажармоқчи бўл­ган «совчи»дир. Бизнинг «совчи»миз «келин»нинг қў­лидан тутиб, у билан бирга барча инстанцияларни айланиб чиқиш, барча рухсатномаларни расмийлаштириш, барча лицензиялар ва тасдиқларни олишга тайёр. Фақат «куёв» ва «келин» «узук»ларни бир-бирларига таққанларидан – контракт бўйича мажбуриятни бажарганларидан кейин «совчи» ўз хизматлари учун ҳақ олишга даъво қила олади.

 

«ЎТИРИБ ҚОЛМАЙ» ДЕСАНГИЗ

Бироқ бундай оталарча ғам­хўрликка қарамай, мин­тақадаги кичик бизнес экспортчилар сафини тўлдиришга шошилмаяпти. Расмий маълумотларга кўра, Навоий вилояти ҳар йили қарийб $1,7 млрд лик маҳсулотни экспорт қилади. Бироқ булар тармоқ корхоналари – НКМК, «Навоийазот» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖ экспортидир.

Ушбу суммада кичик бизнеснинг улуши шу қадар озки, уни алоҳида сатрда беришга арзимайди. ЭҚЖ Навоий филиали директори Илҳом Темировнинг айтишича, биринчи чоракда экспортчи кичик корхоналар $8 млн ишлаган. «Ўзтадбиркорэкспорт» компанияси минтақавий ваколатхонаси кўмагида дастлабки тўрт ойда улар хорижий харидорлар билан $3 млн га контрактлар имзолаганлар. ЭҚЖ филиали портфелида маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий истеъмолчилар билан 13 битими жамланган, уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун яхши истиқболлар мавжуд.

Минтақада қанча экспортчи корхоналар фаолият юритаётганлигини тушуниш қи­йин. Минтақавий Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра улар – 11 та, ЭҚЖ вилоят бўлинмалари маълумотларига кўра – 43 та, «Ўзтадбиркорэкспорт» маълумотларига кўра – 80 та. Бироқ барча суҳбатдошларимиз, ушбу хилма-хилликка қарамай, Навоий вилояти мамлакатнинг бошқа минтақаларидан ортда қолаётганлиги, маҳаллий кичик бизнес субъектлари хорижий бозорларга чиқишга унчалик иштиёқманд эмасликларини бир овоздан эътироф этдилар.

Пойтахт ва пойтахт вилояти тадбиркорларининг экспорт маҳсулоти намойиш этилаётган Тошкентдаги бир кўргазмада пишиқ-пухта трикотажнинг кенг ассортиментдалиги эътиборимни тортди, – деб ҳикоя қилади Б.Каримов. – Бироқ узлуксиз ишлаб чиқаришнинг даражаси ҳаммадан кўп ҳайратга солди. Бундай қараганда ип газлама майкалар, футболкалар, кўйлаклар ишлаб чиқаришда ҳеч қандай мураккаблик йўқ. Бироқ кўргазма иштирокчилари хорижий буюртмачининг маҳсулот сифати ва миқдорига, етказиб бериш муддатларига бўлган талабларини қондириш учун бутун ишлаб чиқариш занжири бўйича жараён йўлга қўйилган бўлиши зарурлигини айтишди. Бунда ҳар бир тикув машинаси ойига камида 100 минг бирлик маҳсулот тайёрлаши керак. Тошкент вилоятида аллақачон шундай ишлашади.

Навоий вилоятининг кичик бизнеси ҳозирча камтарона иш юритади. Бунинг устига, баъзан ҳатто ғоятда жозибадор бизнесни ташкил этиш мумкин бўлган соҳани қўлдан бой бераяпмиз. Самарқандлик тадбиркорлар нуроталик тикувчилардан гиламларни 100 минг сўмдан сотиб олишди ва уларни чет элликларга донасини $100 дан қайта сотишди, – деб сўзини якунлади Каримов.

Бироқ навоийлик тадбиркорларда хорижий бозорларни ўзлаштиришга катта иштиёқнинг йўқлиги маҳаллий бизнес қонида тадбиркорликка мойиллик йўқлигини билдирмайди. Минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўзига хос жиҳатлари шуни тақозо этади. Ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва Навоий вилоятини ижобий ривожлантиришнинг барқарор динамикаси катта бизнеснинг муваффақиятли юритилишига боғлиқ, бундай бизнесни стратегик аҳамиятга эга корхоналар – НКМК, «Навоийазот» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖ, Навоий ИЭС белгилайди. Уларда шаҳар ва яқин-атрофдаги қишлоқлардаги меҳнатга қобил аҳолининг катта қисми ишлайди. Табиийки, кўпчилик навоийликлар ихтисосликка эга бўлишни ва барқарор фаолият юритаётган саноат гигантлари билан тақдирларини боғлашни афзал кўрадилар, зеро уларда иш ҳақи кўнгилдагидек (ўртача иш ҳақи бўйича вилоят респуб­ликада иккинчи ўринни банд этган), улар ташвиш ва хатарлар тадбиркорликнинг доимий ҳамроҳлари эканлигини яхши билишади.

Катта, шаҳар ҳосил қилув­чи корхоналар бўлмаган минта­қаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий ташаббус му­ҳим мавқега эга. Масалан, мин­тақанинг ялпи маҳсулотини ишлаб чиқаришда Навоий вилоятидаги кичик бизнеснинг улуши 36%дан ошмайди, Наманган вилоятида эса унинг салмоғи 84%га етган.

Ҳатто бундай орқада қола­ётганда ҳам Навоий кичик бизнеси ўзини яхши ҳис қилаяпти. Минтақадаги ривожланган саноат инфратузилмаси бизнес лойиҳаларини амалга оширишда унинг учун яхши таянч бўлаяпти. Шу ўринда барчага маълум инқирозга қарши чоралар дастурини эсга оламиз, унга кўра оммавий талаб қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат товарларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга солиқ таътиллари берилган, маҳаллий ҳокимият органлари эса уларга ҳар томонлама ёрдам кўрcатишлари керак эди. Ушбу дастур тадбиркорларни чинакамига оёққа турғизди. Иссиқхоналар, паррандачилик фермалари, сут, гўштни қайта ишлайдиган, қандолат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган ва металлга ишлов берадиган цехлар очила бошлади. Чунончи, 2009 йилда минтақада фақат қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 19 та янги кичик корхона очилди. Бироқ тадбиркорлик учун тўловга қобил талабнинг мавжудлиги асосий омил ҳисобланади. Зеро саноат гигантларининг кўп минг сонли меҳнат жамоалари истеъмолчилардир, уларга товарлар ва хизматлар керак. Бу эса кичик бизнес субъектлари «майдони» бўлиб, унда нафақат навоийликлар, балки Бухоро ва Самарқанд вилоятлари қўшни туманларининг тадбиркорлари ҳам ўз ризқини териб олмоқда.

Кўринадики, минтақанинг кичик бизнеси ташқи иқти­содий фаолиятдан ўзини тортишига сабаб номаълум йўна­лишда қадам босишдан қўр­қишда эмас, балки ундовчи омилларнинг, муносиб инновация ечимларининг йўқлиги ва эҳтимолий муаммоларнинг борлигидадир. Илҳом Темировнинг айтишича, вилоятдаги 560 дан ортиқ кичик корхона бир марта бўлса ҳам хорижий ҳамкорлар билан битим тузган. Бироқ ана шу бир марталик ҳамкорлик билан ҳаммасига якун ясалган. Ишбилармонликка асосланган ҳамкорлик оддий сабаб туфайли давом этмаган. Гап шундаки, экспортчи кичик корхоналар хорижий бозорларга маҳаллий ресурслардан ишлаб чиқарилган маҳсулот билан чиқишлари керак.

«Ҳамма харажатлар – сўмда, тушум эса ЭАВда» чизмаси ғоятда жозибали. Бироқ шундай масала бор: маҳаллий ресурс базаси экспортга кенг ассортиментдаги товарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қанчалик имкон яратади? Айни шу сабабли ўз маҳсулотини хорижий бозорларга етказиб берадиган навоийлик кичик бизнес субъектларининг кўпчилиги қурилиш материаллари – оҳак, мармар, гипсокартон, пишган ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашмаяптими... Бир марталик битим билан чекланганлар эса хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотни хориждан сотиб олиб, уни қайта ишлашни ва тайёр маҳсулотни хорижий ҳамкорларга реализация қилишни афзал кўрганлар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда бу дунёда бизнесни ташкил этишнинг энг талабгир чизмаси. Мустақил, ўзини ўзи таъминлайдиган ривожланиш мафкураси ХХ асрга шунчаки қайтишгина эмас, балки унинг боши берк ғояларига мурожаат қилиш ҳамдир. Ҳозир маҳсулот Америка ёки Европада ишлаб чиқилганлиги, «темири» Хитойда, ўрови Малайзияда қилиниши билан ҳеч кимни ҳайратга сололмайсиз. Иш якунида яхши ишлаётган модель – инклюзивлик1 модели юзага келади. Қўшилган қиймат ҳалқачалари асосида айни у ётади. Айни ушбу модель ғоятда қаттиқ рақобат шароитида win-win – ўзаро ютуқ стратегиясини амалга ошириш имконини беради. Дарвоқе, у бизда ҳам қўлланяпти. «Навоий» МИИЗда гаждетларни ишлаб чиқариш айни шундай йўлга қўйилган. Хориждан бутловчи буюмлар келиб тушади, бизда ўраб-йиғилади, натижада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мобил телефон ва моделлар ҳосил бўлади.

Минтақанинг иссиқхона хў­жаликлари 200 минг тоннага қадар полиз маҳсулоти етиштиради. «Ўзтадбиркорэкспорт» компанияси янги узилган помидор ва бодрингларимизни сотиб олишга тайёр хорижий харидорларни топди. Энди унинг минтақа бўйича вакили Баҳодир Каримов олдида иссиқхоналар эгаларини ўзига хос уюшмага бирлашишга, витаминли товарларнинг логистикаси ва хорижий истеъмолчиларга етказиб берилишини йўлга қўйишга ишонтириш вазифаси турибди.

Иш ҳаммамизга етади. Асосийси – уни ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча иштирокчилари учун қизиқарли ва жозибали бўлишини кўзлаб ташкил этиш керак.

 

1Инклюзив (фр. inclusif – ўз ичига оладиган, ўзида таркиб топган) предметларнинг янада кенг доирасига татбиқ этиладиган.

 

Амир МАҲМУДОВ,
ўз махсус мухбиримиз.
Навоий шаҳри.

Прочитано: 2834 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика