Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 19 / Ҳуқуқ майдонида

Ҳуқуққа эга бўлмоқчимисиз – кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказинг

Таҳририятимиз почтасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш билан боғлиқ саволлар кўп учрайди. Уларга эксперт-юристимиз Улуғбек АЮБОВ жавоб беради.

 

– Кўчмас мулк деганда нима тушунилади ва унга мол-мулкнинг қандай турлари киради?

– Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 83-моддасига мувофиқ мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади. Кўчмас мулк деганда бир жойдан бошқа жойга унинг яхлитлиги ва мақсадли вазифасига зарар етказмасдан олиб ўтиб бўлмайдиган мол-мулк тушунилади. Унинг хусусиятларидан бири кўчмас мулкнинг албатта ер билан боғлиқлиги ҳисобланади: у ер юзасида (бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар) ёки унинг қаърида (фойдали қазилмалар, сув ресурслари ва ҳоказо) жойлашади. Ер участкаларининг ўзи ҳам кўчмас мулк объектидир.

ФКнинг 83-моддаси иккинчи қис­мида қуйидагилар кўчмас мулк жумласига киритилади: ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар. Мазкур модданинг учинчи қисмига мувофиқ эса бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин. Хусусан, корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланади (ФКнинг 85-моддаси).

– Кўчмас мулкка ҳуқуқларнинг юзага келиши ва бекор қилиниши хусусиятлари мавжудми?

– Қонун ҳужжатлари кўчмас мулкка ҳуқуқларнинг олиниши ва бекор қилиниши хусусиятларини белгилайди. Улар кўчар мулкка нисбатан кўчмас мулк объектларининг чекланганлиги, уларни барпо этиш (пайдо бўлиш) шартлари, улардан фойдаланиш муддати қанча вақт давом этишидан келиб чиқади. Масалан, ер участкаларидан фойдаланганда ландшафтни бирлаштириш, бўлиш, ўзгартириш, тупроқ унумдорлигини ошириш ёки камайтириш мумкин, бироқ улар ер участкалари бўлиб қолаверади.

Шу сабабли қонун чиқарувчи кўчмас мулк билан битимларни расмийлаштириш, унга бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши ва бекор қилинишига қўшимча талабларни белгилайди. Чунончи, битимларнинг аксарияти, бундан баъзи истиснолар мавжуд (масалан, нотурар жой ҳисобланган бино ва иншоотлар олди-сотдиси (ФКнинг 480-моддаси), нотариал тасдиқланиши керак.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Ушбу қоидадан айрим истиснолар мавжуд. Чунончи, ФКнинг 574-моддаси учинчи қисмига мувофиқ камида бир йил муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши керак ва у ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Бинобарин, бундан кам муддатга тузилган бу хил шарт­номаларни рўйхатдан ўтказмаса ҳам бўлади.

– Кўчмас мулкни ва унга бўлган ҳу­қуқларни рўйхатдан ўтказиш таомили қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

– Кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказишни Фуқаролик ва Ер кодекс­лари, «Давлат кадастрлари тўғри­сида»ги Қонун1, «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Қонун2, Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида низом3, Давлат ер кадастрини юритиш тартиби тўғрисида низом4, яқиндагина тасдиқланган Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом5 (бундан кейин – 1-сон Низом) тартибга солади.

– Кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқ­ларни давлат рўйхатидан ўтказиш­нинг моҳияти нимадан иборат?

– ФКнинг 84-моддасига кўра кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Бундай рўйхатдан ўтказиш пайтидан бошлаб кўчмас мулкка ҳуқуқлар юзага келади, тегишли битимлар кучга киради. Ушбу талабга риоя қилмаслик кўчмас мулк билан битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради (ФКнинг 112-моддаси биринчи қисми). Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланади.

Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқ­ларини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтка­зиш юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқларини ҳимоялаш, кўчмас мулк объектларини ҳисобга олиш, белгиланган тартибда улар билан боғлиқ битимларни тузиш мақсадида амалга оширилади. Юридик ва жисмоний шахсларнинг жумладан битимлар асосида юзага келадиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларининг вужудга келганлигини, бошқа шахсга ўтганлигини, чекланишини (юкланишини), бекор бўлишини тан оладиган ҳамда тасдиқлайдиган ушбу ҳуқуқий ҳаракатни «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари амалга оширадилар.

Жорий йилда тасдиқланган 1-сон Низом, илгари амал қилган меъёрий ҳужжатлардан фарқ қилиб, юридик ва жисмоний шахсларга кадастр ва рўйхатга олиш хизматларини тўлиқ ҳажмда кўрсатиш учун ҳужжатларни «бир ойна»га топширишни назарда тутади.

– Кўчмас мулкни ва унга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш масаласини олиб бориш мажбурияти кимга юкланган?

– Кўчмас мулкнинг мулкдорлари ёхуд унга ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахс­лар ёки уларнинг ваколатли шахслари кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқага ўтган, чекланган ва бекор бўлган ёхуд кўчмас мулкнинг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда кўчмас мулк жойлашган жойдаги давлат рўйхатидан ўтказувчи органга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилишлари мажбурийдир.

Белгиланган шаклда тўлдирилган аризага кўчмас мулкка кадастр йиғма­жилди ва тегишли ҳуқуқ белгилаш ҳужжатлари (1-сон Низомнинг 22, 23, 41–46, 71-бандлари) ҳамда рўйхатга олиш йиғими тўланганлиги тўғрисида квитанция илова қилинади. Юридик ва жисмоний шахслар электрон ҳужжатни «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали ва ахборот ресурси орқали юбориб, ўз ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишга ҳақлилар.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан ке­йин уни амалга оширувчи орган уларни рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини расмийлаштиради ва уни буюртма хат билан аризачига юборади.

– Кўчмас мулк ва унга бўлган ҳу­қуқларни давлат рўйхатидан ўтка­зишни рад этиш учун нималар асос бўлади?

– Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бў­лади:

давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу кўчмас мулк объектининг мансублиги масаласида низо борлиги ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;

давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонун ҳуж­жатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги;

ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўхтатиб турилган ҳолларда тақдим этилган материаллардаги камчиликларнинг рўйхатдан ўтказувчи томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилмаганлиги;

натурада текшириш давомида ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ҳамда бино ва иншоотлар қурилганлиги, шунингдек бино ва иншоотлар қонун ҳуж­жатларининг талабларини бузган ҳолда реконструкция қилинганлиги далилларининг аниқланиши;

ҳуқуқларнинг вужудга келишини белгиламайдиган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;

тақдим этилган ҳужжатларда но­тўғри ёки бузилган маълумотларнинг аниқланиши;

кўчмас мулк объектига бўлган ҳу­қуқларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинганлиги.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун так­роран мурожаат этилган тақдирда, рад этиш ҳақидаги хатда илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

 

115.12.2000 йилдаги 171-II-сон.

228.08.1998 йилдаги 666-I-сон.

3ВМнинг 2.06.1997 йилдаги 278-сон Қарорига 1-илова.

4ВМнинг 31.12.1998 йилдаги 543-сон Қарорига 1-илова.

5ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарорига 1-илова.

Прочитано: 2481 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика