Norma.uz

Мерос ортиқча ташвиш эмас

Хотиним олти ойлик муддатда меросни қабул қилишга улгурмади, энди нима қилиш керак?

 

– Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эъти­боран 6 ой ўтганидан кейин берилади. Агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахс­лардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин (Фуқаролик кодексининг 1146-моддаси, бундан кейин – ФК).

Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида»ги Қарори (20.07.2011 йилдаги 5-сон) 18-бандидан келиб чиқишича, меросга бўлган ҳу­қуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш мерос­хўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган. Бунинг маъноси шуки, меросхўр, агар бунга ҳақли бўлса, исталган вақтда нотариусга унга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилишини талаб қилиб мурожаат этиши мумкин. Бинобарин, хотинингиз меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Нотариус меросга бўлган ҳуқуқ тўғри­сидаги гувоҳномани беришни рад этган тақдирда меросхўр судга шикоят қилиши мумкин.

 

* * *

Мен 8 йилдан бери ёлғиз яшовчи амаким – отамнинг қариндошига қарайман. У менга ўзининг икки хонали квартирасини васият қилган. Амакимнинг холавачча синглиси бор, у ҳеч қачон амакимни кўргани келмайди, унга юқоридаги қарор ёқмаяпти. У меросни суд орқали олиб қўйиши мумкинми? Муаммолар ва суддан халос бўлишим учун нима қилишим лозим?

 

– Васият қилувчи ўзининг хоҳишига кўра мол-мулкини исталган шахсларга васият қилишга ҳақли. ФКнинг 1142-моддасига мувофиқ васият қилиш эркинлиги фақат меросдаги мажбурий улуш тўғрисидаги қоидалар билангина чекланади. Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шунингдек мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқувидагилар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар. Агар меросни очиш пайтида биринчи нав­батдаги меросхўрлардан бири меҳнатга қобилиятсиз бўлса, у меросдаги мажбурий улушга ҳақли бўлади.

Мерос очилганидан кейин, яъни киши вафот этганидан кейин, агар бунинг учун асослар бўлса, судда васиятномани низолашишга уриниш ҳуқуқи мавжуд. Асосларнинг энг муҳими васиятномани тузиш пайтида жиддий руҳий касаллик ҳисобланади. Агар, албатта, буни исботлашса. Қолган барча важлар, масалан, холаваччасининг васиятнома адолатсиз эканлиги ҳақидаги фикри сингарилар асоссиз бўлади.

Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, ФКнинг 1120-моддаси еттинчи қисмига кўра, мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ёки ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Васиятномадан ташқари, амакингиз ҳадя шартномасини расмийлаштириб, сизга ушбу квартирани совға қилиши мумкин.

Ҳадя шартномасига кўра бир тараф (ҳадя этувчи) бошқа тарафга (ҳадя қи­линувчига) ашёни мулк қилиб текинга беради ёки бериш мажбуриятини олади.

 

* * *

Отам вафот этди. У иккинчи хотинидан ажралган. Синглим билан мен меросхўрлар ҳисобланамиз. Ҳеч кимга васиятнома тузилмаган, бироқ отамнинг туғишган укаси бор. У ногирон эмас. У отамнинг меросидаги улушга даъвогар бўла оладими?

– Васиятнома йўқ бўлган ҳолатда қонун бўйича меросхўрлар ворисликка навбат тартибида чақириладилар (ФКнинг 1134-моддаси).

Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар (ФКнинг 1135-моддаси).

Агар марҳумнинг ота-онаси ҳаёт бўл­маса, синглингиз билан сиз – биринчи навбатдаги меросхўрларсиз ва, моҳиятига кўра, унинг мол-мулкига бирдан-бир даъвогарларсиз.

 

* * *

Мен билан бирга яшаган ва ҳозир ҳам яшаётган қизим номига васиятнома ёздим. Қизим турмушга чиқди, фарзандли бўлди, эри билан ажрашди. Квартирада уч киши қолдик: мен, қизим ва неварам. Мен васиятномани ўзгартира оламанми? Вафотимдан кейин у ўз кучида қоладими? Қизимнинг бир ўзи васиятномага кўра квартиранинг эгаси бўладими ёки бошқа иккита болаларим ҳам квартирадаги майдонга даъво қилишлари мумкинми?

– ФКнинг 1120-моддаси еттинчи қис­мига мувофиқ мерос қолдирувчи васият­нома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ёки ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас. Бунинг учун бирор-бир кишининг, шу жумладан бекор қилинади­ган ёки ўзгартириладиган васиятномада меросхўрлар қилиб тайинланган шахс­ларнинг розилиги талаб қилинмайди.

ФКнинг 1127-моддасига кўра васият қилувчи аввалги васиятномасини тў­лалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Аввалги васиятномани ёки ундаги айрим васият фармойишларини бекор қилиш тўғрисида тўғридан-тўғри кўр­сатмалар бўлмаган кейинги васиятнома мазкур олдин тузилган васиятномани тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисмини бекор қилади.

Васиятноманинг ҳақиқийлиги масаласига келсак, ФКнинг 1130-моддасига кўра васиятнома суд томонидан ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатлари ушбу васиятнома боис бузилган шахснинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ёзувдаги хатолар ва уни тузиш, имзолаш ёки тасдиқлаш тартибининг бошқа арзимас бузилиши, агар суд уларнинг васият қилувчининг хоҳиш-иродасини тушунишга таъсир кўрсатмаслигини белгилаган бўлса, васиятноманинг ҳақиқий эмаслигига асос бўлиб хизмат қила олмайди.

Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги унда меросхўр сифатида кўрсатилган шахсларни қонун бўйича ёки бошқа ҳақиқий васиятнома асосида меросхўр бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, ФКнинг 1142-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шунингдек мерос қолдирувчининг қарамоғидаги меҳнатга қобилиятсиз шахслар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Шу тариқа, агар бошқа икки фарзандингиз меросда мажбурий улуш олишга ҳақли шахслар жумласига кирмаса, васиятнома фуқаролик қонун ҳуж­жатларининг қоидаларига риоя этган ҳолда тузилса, уни низолашиш учун асослар бўлмайди.

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2268 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика