Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

СУДЬЯЛАРНИНГ МАЛАКА ҲАЙЪАТЛАРИ ВАКОЛАТЛАРИГА ДОИР

22.04.2014 йилдаги ЎРҚ-368-сон Қонун билан Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга (Олий Мажлиснинг 7.12.2001 йилдаги 323–II-сон Қарори билан тасдиқланган) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тас­диқланди.

Аввало Судьяларнинг олий малака ҳайъати, Хўжалик судлари ­судьяларининг малака ҳайъати ва умумий юрисдикция судлари судьяларининг малака ҳайъатлари кўриб чиқишга ҳақли бўлган масалалар кўлами янги таҳрирда белгилаб олинди. Улар қуйидагилардан иборат:

судьянинг интизомий жавобгарлиги;

судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш;

судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;

судьяга малака даражаси бериш;

халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш ишларини ташкил қилиш;

судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари шунингдек Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашади.

Судьяларнинг малака ҳайъатларининг ваколатларига тузатишлар киритилди. Хусусан, Судьяларнинг олий малака ҳайъати, Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати Олий малака комиссиясига янги ваколат муддатига ёхуд бошқа судьялик лавозимларига кўрсатилаётган номзодлар (судьялар) бўйича тегишли хулосалар тақдим этади; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жи­ноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси ва раис ўринбосарига, шунингдек хўжалик судлари судьяларига нисбатан шикоятлар ва тақдимномаларни кўриб чиқади, хизмат текширувлари ўтказади. Низомда назарда тутилганларидан ташқари, судьяларнинг малака ҳайъати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Бундан ташқари, ҳужжатнинг янги таҳририда судьялар малака ҳайъати раисининг вазифалари белгиланган.

Аниқлаштирилишича, судьялар малака ҳайъатининг раиси бўлмаган тақдирда раиснинг вазифасини унинг ўринбосари амалга оширади, ўринбосар бўлмаган тақдирда эса, судьяларнинг малака ҳайъатига раҳбарлик қилиш судьялар тегишли малака ҳайъатининг қарорига кўра вақтинча ҳайъат аъзоларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Судьялар олий малака ҳайъати, Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъатининг қарорлари ва хулосалари манфаатдор шахс­ларнинг шикоятига ёки тақдимномасига кўра улар томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин (илгари Судьялар олий малака ҳайъати, шунингдек Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъатининг қа­рорлари ва хулосалари устидан шикоят қилинмас эди).

Судьялар малака ҳайъатларининг қарорлари ёки хулосалари ўзига нисбатан қарор қабул қилинган ёки хулоса берилган судьяга, шунингдек Олий малака комиссиясига 3 кунлик муддатда юборилади.

Умумий юрисдикция судлари судьялари малака ҳайъатининг қабул қилинган қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги шикоят ёки тақдимнома тушиши билан судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги иш материаллари манфаатдор шахслар хабардор қилинган ҳолда 5 кунлик муддатда Судьяларнинг олий малака ҳайъатига юборилиши керак (илгари материаллар кечиктирмасдан Олий малака комиссиясига юборилар эди).

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгарти­ришлар киритилди.

Қарор «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган кундан – 2014 йил 23 апрелдан кучга кирди.

 

АКТга – АЛОҲИДА ЭЪТИБОР

Вазирлар Маҳкамасининг 23.04.2014 йилдаги 102-сон қарори билан Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳолатини ўрга­нишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тас­диқланди.

Ахборот-коммуникация технологияларини давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳолатини, шунингдек NIS.UZ тизимига тақдим этиладиган ахборотнинг сифати ва ишончлилигини ўрганиш Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан ўтказилади.

Тасдиқланган Низом талаблари махсус мақсаддаги ахборот-коммуникация тизимларига ва давлат сирларига ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга эга бўлган ахборотлаштириш объектларига татбиқ этилмайди.

АКТни жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳолатини, NIS.UZ тизимига тақдим этиладиган ахборотнинг сифати ва ишончлилигини аниқлаш, шунингдек АКТни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ўрганишни ўтказишнинг мақ­сади ҳи­собланади.

Ўрганишларни ўтказишни ташкил этиш мақсадида Давлат алоқа қўмитаси ҳар уч ойлик давр учун жадвал тузади. Тасдиқланган жадвал Давлат алоқа қўмитаси ва Инспекциянинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг талаби ва таклифларига кўра ўрганишларни ўтказиш жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Ўрганишларни ўтказиш жадвалига риоя этиш юзасидан мониторинг ҳам Давлат алоқа қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Ўрганишни ўтказишда расмий веб-сайтнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги, давлат интерактив хизматлари кўрсатилишининг сифати, ахборот тизимларини, ахборот ресурсларини ва электрон ҳужжатлар айланишини жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалар фаолиятини ташкил этиш даражаси, АКТни жорий этиш ва ривожлантириш учун масъул шахсларнинг мавжудлиги (та­йинланганлиги), шунингдек ўтказилган ўрганишларнинг натижаларини (АКТни жорий этиш ва ривожлантиришнинг жорий ҳолатини) NIS.UZ тизимига тақдим этилган ахборот билан таққослаш йўли орқали NIS.UZ тизимига тақдим этилаётган ахборотнинг сифати ва ишончлилиги масалалари ҳамда Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ унинг ваколатига кирувчи бошқа масалалар кўриб чиқилади.

Ўрганишни ўтказиш давомида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашишга йўл қў­йилмайди.

Ўрганишларни ўтказиш муддатлари уларни ўтказиш жадвалида назарда тутилган муддатларга мувофиқ бўлиши керак. Ўрганиш натижалари ёзма шаклда, маълумотнома тарзида, икки нусхада расмийлаштирилади.

 

ЧАҚИРИЛУВЧИЛАРНИ «ВАТАНПАРВАР» ТАШКИЛОТИ ЎҚИТАДИ

Мудофаа вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшма қарори (АВ томонидан 16.04.2014 йилда 2575-сон билан рўйхатдан ўтка­зилган) билан Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган чақирилувчиларни тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда ҳам, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонундагидек (12.12.2002 йилдаги 436–II-сон) чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида амалга оширилиши белгиланган. Мазкур Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ йўналиши бўйича ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликларга турдош ўрта махсус ва ўрта касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган чақирилувчилар ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича бевосита шу муассасаларда тайёргарликдан ўтадилар.

«Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка 17 ёшга тўлган, саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли ҳамда тайёргарлик тугаганидан кейин ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган чақирилувчилар жалб этилади.

Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган чақирилувчиларнинг сони, шунингдек уларни тайёрлаш дастурлари Мудофаа вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда тасдиқланади.

Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтишга жалб этилган фуқароларнинг машғу­лотларда иштирок этиши мажбурийдир.

Белгиланишича, чақирилувчиларни тайёрлаш режаси ҳар йили 10 декабргача мудофаа вазири томонидан тасдиқланади.

Чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш 2 босқичда амалга оширилади:

1-босқич – ҳар йили 15 мартдан 30 июлгача;

2-босқич – ҳар йили 2 сентябрдан 15 январгача.

Чақирилувчилар биринчи ва иккинчи босқичларда тайёрлаш учун туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими (бундан буён матнда МИБ) бошлиғи буйруғига асосан тузиладиган комиссия томонидан саралаб олинади. Комиссия томонидан «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида тайёрлаш учун тавсия этилган чақирилувчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Куч­ларида тинчлик ва уруш даврида тиббий текширувдан ўтказиш тўғрисидаги низомга (ВМнинг 21.02.2003 йилдаги 95-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ тиббий текширувдан ўтказилади.

Чақирилувчилар тиббий текширув натижаларига кўра ҳарбий хизматга яроқли деб топилганда, улар МИБ бошлиғининг буйруғига мувофиқ «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларига юборилади.

«Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаси томонидан чақирилувчиларни ўқув муассасасига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади, унда ҳарбий-техника мутахассислиги тури, гуруҳ рақами, чақирилувчиларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, тайёргарликнинг бошланиш ва тугалланиш санаси, масъул ўқитувчилар (таълим усталари), гуруҳ ва секция командирлари кўрсатилиши шарт.

Чақирилувчиларни автомототранспорт воситалари ҳайдовчилигига тайёрлаш Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 2.08.2006 йилдаги 156-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ амалга оширилади.

Низом билан «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳудудий кенгашлари ва ўқув муассасаларининг чақирилувчиларни тайёрлаш ишини ташкил этиш бўйича вазифалари белгиланди.

Шунингдек, чақирилувчиларнинг ўқишдан четлаштирилиши учун асослар келтирилган. Улар қуйидаги­лардир:

чақирилувчининг аризаси (ўз хоҳишига кўра);

сабабсиз равишда 74 соатдан ортиқ дарс қолдир­ганда.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжат­лари тўплами»нинг 21.04.2014 йилдаги 16 (620)-со­нида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 1492 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика