Norma.uz

Кредит излаб

Кўпчилик ломбард (гаровхона) муҳтожлик ва иложсизлик, зарурат боис охирги мол-мулк гаровга қўйиладиган жой деб ҳисоблайди. Ҳолбуки у микрокредитлаш усуллардан бири бўлиб, ломбардлар бунда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ўзбекистон Ломбардлар уюшмасининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда 48 та ломбард фаолият юритиб, улар зудлик билан нақд пул керак бўлган кишиларга ўз хизматларини таклиф этишга тайёрдир.

 

МАОШ ОЛГУНЧА ОЛИНАДИГАН ПУЛ

Миямга ўрнашиб қолган тасаввур билан мен оддий иш кунида энг оддий ломбардга келдим. Шинам, озода хона, ичкарида одамлар бор, ораларида жуда муҳтож бўлиб кўринганлар йўқ. Ўзига оро берган бир аёл стулда ўтирибди, касса ёнида бир киши қарзини тўлаяпти, яна бир аёл ўз навбатини кутяпти, сақлашга ўз занжирини олиб келибди. «Уни рўпарадаги супермаркетда сотиб олгандим», – зорланди у. – «Ўша ердан бежиримгина узук ҳам сотиб олувдим, брак бўлиб чиқди». «Бу ерга биринчи марта келишингизми?» – сўрайман ундан. – «Йўқ, бундай эмас,  бу ерга серқатнов бўлиб қолганман. Таъмирлашни бошлаганимга қайта-қайта пушаймон бўлдим».

Ўз навбатини кутиб ўтирган иккинчи аёл менга ишонқирамай қаради, бироқ бу ерга нега келганлиги тўғрисидаги саволимга шундай деб жавоб берди: «Шошилинч пул керак бўлиб қолди, қизимнинг ўқишига тўлашим керак, озгина етмаяпти».

Ломбардлар уюшмасининг маълумотларига кўра, ломбардлар кредит портфелининг 70%дан кўпроғи 300 минг сўм миқдоридаги кредитдан ошмайди. Кў­пинча ушбу маблағлар майда таъмирлаш, таълим олиш ва бошқа хўжалик эҳ­тиёжларига сарфланади.

 

ҚАЙСИ БИРИ ФОЙДАЛИРОҚ

Ломбардларнинг фаолияти мол-мулк билан боғлиқ, шу боис кредитга пул олиш учун ана шу мол-мулкни гаровга қўйиш керак. Агар йирик сумма талаб қилинса, кредитни банкдан олиш имкониятини қўллаган маъқул, бироқ озроқ сумма керак бўлганда ломбардга мурожаат қилиш мумкин.

Масалан, сизга кир ювиш машинасини олишга пул етмаяпти. Яқинда оладиган иш ҳақингиздан ҳамма суммани бирданига тўлай олмайсиз. Сизда бир нечта имконият бор: банкдан истеъмол кредити ёки дўконнинг ўзидан кредит олиш, ломбардга бориш, дўстлар ёки танишлардан қарз олиш.

Истеъмол кредити жуда мақбул имконият, у туфайли сиз харид учун бўлиб-бўлиб ҳақ тўлаб, кундалик ҳаётда маблағ жиҳатдан қийналмайсиз, бироқ сиз муддатли шартнома асосида ишлайсиз, у тугагунча эса кредит сўндирилмайди. Агар сизга кичик миқдордаги кредит суммаси талаб қилинса, маълумотномалар йиғиш ва кредит тарихини текшириш кўп вақт олади. Техниканинг ҳақи бўлиб-бўлиб тўланадиган ихтисослашган дўконга мурожаат қилсангиз, товарни фоизсиз сотиб оласиз, бироқ унинг қийматига устама киритилган бўлади, бунинг устига техника бошқа савдо шохобчаларида арзонроқ туради. Кредитни қайд этилган муддат доирасида тўлашга қодир бўлганингиздагина ломбардга мурожаат қилишингиз мумкин. Ломбард билан ишлашнинг мақбул томонларидан бири – иш ҳақини маълумотномалар билан тасдиқлаш заруратининг мавжуд эмаслиги ва микроқарзнинг тезда расмийлаштирилишидадир.

 

ҲАММАСИ ҚОНУНГА КЎРА!

Ломбардлар ва жисмоний шахсларни кредитлаш фаолиятини амалга оширадиган бошқа ташкилотлар «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонун (15.09.2006 йилдаги ЎРҚ-50-сон, бундан кейин – Қонун) ­меъёрларига мувофиқ ишлайдилар.

Агар сиз ломбардга мурожаат қилишга қарор қилсангиз, ёнингизда СТИР ва паспорт бўлиши лозим. Ҳужжатлар мик­роқарз олиш учун буюртманомани, кредит шартномасини ва гаров шартномасини расмийлаштириш учун зарур, улар жойнинг ўзида тузилади. Баҳолаш тарафларнинг келишувига кўра, одатда савдода уларни сақлашга қабул қилиш пайти ва жойида белгиланадиган, ана шундай тур ва сифатдаги ашёлар баҳосига мувофиқ амалга оширилади. Ломбард ҳисобига мол-мулк гаров берувчининг фойдасига суғурта қилинади. Ломбард мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмас ҳамда мол-мулк шикастланган ёки йўқолган тақдирда қонун олдида жавоб беради.

Агар микрокредит ташкилоти, Қонун­нинг 12-моддасига кўра, буюртманомани олганидан сўнг 10 иш куни ичида уни кўриб чиқса (ушбу вақт ичида ариза берувчининг даромадлари етарлилиги, буюртманомада баён этилган қайдлар орасида бир-бирига зид келувчи маълумотларнинг йўқлиги, микромолиявий хизматлар кўрсатадиган ташкилот олдида ариза берувчи томонидан мажбуриятлар ўз вақтида бажарилиши имкониятининг борлиги текширилади), ломбардда маблағлар ўша куниёқ муайян муддатга кредит олиш учун гаровга берилган мол-мулкни баҳолаш асосида берилади. Ўз фаолиятларида ломбардлар Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидаларига1 (бундан кейин – Қоидалар) амал қиладилар.

Марказий банк Ломбардлар уюшмаси билан биргаликда мамлакатимиздаги ломбардлар фаолиятини яхшилаш бўйича иш олиб боряпти. Чунончи, ломбардлар ходимларининг малакаси мунтазам асосда ошириляпти. Ана шу мақсадда Банк-молия академиясида, шунингдек Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузу­ридаги Рес­публика бизнес мактабида курслар ташкил этилган. Ўқитиш давомида ломбард ходимларига Ўзбекистон қонун ҳужжатларининг меъёрлари, мижозлар билан ҳамкорлик қилиш, замонавий IT технологиялари билан ишлаш асослари, ломбард ишини автоматлаштириш, шунингдек иш учун зарур ҳужжатларни тузиш, маълумотлар базасини юритиш ва ваколатли органларга жўнатиш учун ҳисоботларни шакллантириш имконини берадиган махсус дастурдан фойдаланиш қоидалари тушунтирилади. Ломбардларнинг иш жараёнларини автоматлаштириш ва уларни компьютерлаштириш мижозларга хизмат кўрсатиш сервисини яхшилаш ҳамда тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга сарфланадиган вақтни қисқартириш имконини беради.

 

АГАР КРЕДИТ ҚАЙТАРИЛМАСА

Кредит олган шахс уни қайтаришга ва ўзининг мол-мулкини белгиланган муддатда олишга шошилмайдиган ҳоллар ҳам учраб туради. Ушбу ҳолда Қоидаларнинг 16-банди меъёрлари қўлланади, унга кўра ломбард нотариуснинг ижро хатига асосан имтиёзли ой муддати тугаганидан сўнг ушбу мол-мулкни гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш учун белгиланган тартибда сотишга ҳақли бўлади. Тушган сумма ломбард хизматлари суммасидан ошган тақдирда фарқ мулкдорга гаров чиптаси тақдим этилганда 3 йил мобайнида тўланади. Агар ломбард қарздор мол-мулкини унинг хизматлари ва зарур тўловларни қопламайдиган қийматда реа­лизация қилган бўлса, мулкдорнинг мажбурияти сўндирилган деб ҳисобланади.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳара­катларни амалга ошириш тартиби тўғ­рисида йўриқнома2 III бобининг 33-параграфида ижро хатларини ёзиш чоғида нотариуснинг ҳаракатлари батафсил тушунтирилган ва ижро хатини расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлар кўрсатилган бўлишига қарамай, ломбардлар эгалари уларни бир нотариусдан бошқасига юбориш ҳолати билан тўқнашганлар. Кўп жиҳатдан ушбу ҳаракатларга бундай нотариал ҳаракатларни тўғри расмийлаштириш амалиётининг мавжуд эмаслиги сабабчи бўлган. Шу муносабат билан Адлия вазирлиги Ломбардлар уюшмасининг ташаббуси билан 2013 йилда тушунтириш ишлаб чиқиб, уни нотариал идораларга жўнатди, шунингдек ижро хатини расмийлаштириш мисоли юборилиб, бугунги кунда гаровдаги мол-мулк билан иш унга мувофиқ олиб бориляпти.

Нотариуснинг ижро хати олинганидан кейин қарздорнинг мол-мулки Фуқаролик кодексининг 281-«Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш» моддасида белгиланганидек гаровдаги мол-мулкни сотиш учун белгиланган тартибда кимошди савдосида сотилади.

 

1МБ бошқарувининг АВ томонидан 10.12.2003 йилда 1290-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

Бизнинг маълумотнома!

Ўзбекистон Ломбардлар уюшмаси ўз фаолиятини 2012 йилда бошлаган. Рес­публикада рўйхатдан ўтказилган ломбардларнинг кўпчилиги унинг аъзолари ҳисобланади. Уюшманинг асосий вазифаси – ломбардларнинг самарали фаолиятини ривожлантириш, шунингдек Уюшма аъзоларининг умумий профессионал ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини кўтариб чиқиш ҳамда ҳимоя қилиш. Марказий банк билан биргаликда Уюшма Ўзбекистондаги бутун ломбард тизимининг фаолиятини яхшилаш бўйича режали иш олиб боряпти.

 

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 2396 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика